Қадим замонларда Хивада бир хон ўтган экан. Бу хон Шовот ёпидан Хивага бир ариқ қаздирадиган бўлибди. Ўз қўл остидаги барча одамларни ана шу ариқни қазишга ҳайдабди.
Хон кўп золим экан, пошшопларига:
— Кимда-ким ишга бир дақиқа кеч қолса, қирқ тозий урилсин, агар бир соат кеч қолса, дорга осилсин, борди-ю, бир кун ишга келмаса, бола-чақаси билан ўлдирилсин, — деб буйруқ берибди.
Хоннинг пошшоплари ҳам хонга ўхшаган кўп бераҳм, золим кишилар экан. Кўп бечораларни бўлар-бўлмасга ўлдириб, қумнинг остига кўмиб юришар экан. Ер қазиш жуда қийин экан, минг-минглаб одамларнинг бугун қазиган ариғини эртаси қум босиб қолаверар экан. “Қазув қазган — худо ёзган” деган гапни бекорга айтмаганлар-да!
Шовот ёпининг бўйидаги қишлоқлардан биридаги Зуҳра деган жуда чиройли бир қиз Чўлпон деган бир йигитни яхши кўрар экан. Йигит ҳам қизни жон-дилидан севар экан. Йигит куни билан оғир меҳнат қилиб, кечалари қизни кўриш учун шу қишлоққа келар экан. Зуҳра эса кундузлари китоб ўқир, гилам тўқир экан. Кечалари Зуҳра билан Чўлпон соз-суҳбат қуришиб, бир-бирларига тикилишиб, сув бўйида ўтиришиб, қўшиқ-лапар айтишар экан.
Кунлардан бир куни тонг пайтида йигитнинг уйқуси келиб, ухлаб қолибди. Уйқудан бош кўтариб қараса, қуёш анча кўтарилиб қолган эмиш. Чўлпон нима қилишини билмай, кўп хафа бўлибди. Қазувга борай деса, — дорга осилади, бормай деса барибир хоннинг жаллодлари ўзини, қавм-қариндошларини ҳам ўлдирадилар. Йигитнинг боши қотиб, Зуҳра қизга:
— Энди менинг бошим балога қолди. Хоннинг пошшоплари мени, албатта, ўлдиради. Ҳей аттанг, ёш умрим зое бўлди, сендан ҳам айрилдим! — деб, йиғлайверибди. Зуҳра унга тасалли бериб:
— Жоним, сен хафа бўлаверма, мен сени ўлимдан қутқараман, — дебди-да, йигитни уйга киритиб ётқизибди.
Отхонадан бир оқ отни олиб чиқиб эгарлабди, отнинг бир ёнини қорага, бир ёнини қизилга бўябди. Сўнг эркакча кийиниб, қилич-қалқонларни олиб, бошига жиға тақиб, отга минибди-да, савлат билан йўлга тушибди. Қиз анҳор қазувчиларга яқинлашганда, отига қамчи босибди. Ариқнинг бир томонидан от чоптириб борибди-да, қамчисини силкитиб:
— Ҳой, ҳой катта-кичик одамлар, эшитмадим деманглар! Золим пошшопларни, бераҳм миробларни тутиб олиб, ўлдиринглар, хоннинг буйруғи шу, — деб қичқириб ўтаверибди. Сўнг ариқнинг бошқа томонидан от чоптириб бориб, яна ҳалигидай деб жар солибди. Пошшоп ва миробларнинг зулми жонларидан ўтиб кетган одамлар ҳай-ҳайлашиб, ярамас пошшопларни, аблаҳ миробларни тутиб олиб, дўппослайверибдилар. Ҳамма ёқ ур-сур, тўполон бўлиб кетибди. Бир қанча золимлар ўлдирилибди, битта-яримтаси қутулиб қочибди. Иш ҳам тўхтабди.
Бу хабарни эшитган хон дарғазаб бўлиб, дарров отланибди-да, аскарлари билан етиб келибди. Кейин пишқириб:
— Бундай буйруқни сизларга ким айтди? — деб сўрабди. Қазувчиларнинг бир қисми:
— Қора от минган одам келиб айтди, — деса, иккинчи қисми:
— Қизил от минган, қилич-қалқон таққан, шоҳона кийинган бир йигит айтди, — деб хабар беришибди,
Аҳмоқ подшо гап нимада эканлигига ақли етмай, ноилож орқасига қайтибди. Шундай қилиб, Зуҳра қиз ўз севган йигитини ўлимдан сақлаб қолган экан.