Нўхатвой

Қадим замонда бир бой бор экан. Бу бойнинг бир корандаси бор экан. Унинг боласи йўқ экан. Бойнинг зулмидан коранда уйига ҳам боролмас экан. Коранда қўш ҳайдаётганида хотини овқат пишириб олиб борар экан. Бир куни хотин овқат пишириб турганда нўхатдай бола туғибди, анча кучидан кетибди. Хотин болага қараб: “Сен нўхатдай ўлгурни туғиб дармоним кетиб қолди, қандай қилиб отангга овқат олиб бораман?” деб ўйлаб турса, ҳалиги туғилган бола қозоннинг ёнига келиб:
— Овқатни мен ўзим олиб бораман,— дебди. Онаси:
— Ҳў, худо олсин сени, ўзинг нўхатдайсан-у қандай қилиб овқатни кўтарасан,— дебди.
Онасининг бу сўзига Нўхатвойнинг аччиғи келибди-да, хурмачанинг тагига кириб кўтарибди, пилдираб кетаверибди. Буни онаси кўриб ҳайрон қолибди.
Отасининг қўш ҳайдаб турган жойига бирдан хурмачада овқат бориб қолибди. Отаси ҳам ҳайрон бўлиб турса, хурмачанинг тагидан биров:
— Ота-ота, мен сизга овқат олиб келдим,— дебди.
Отаси хурмачани олса, ҳеч ким йўқ эмиш. Овқатни олиб ея бошлабди; Нўхатвой қўшнинг олдига бориб, қўшни ҳайдайверибди. Коранда қараса, қўш ўзидан ўзи ҳайдалиб кетаётган эмиш. Нўхатвой ҳеч кимга кўринмас экан. Отаси овқатни еб бўлиб, қўшнинг олдига борибди. Нўхатвой дарров қўшни қўйиб, хурмачани кўтариб, онасининг олдига олиб келибди. Отаси: “Бу нима воқеа бўлди экан?”— деб саросимага тушиб, кечқурун уйига келибди. Келгандан кейин хотинидан сўрабди:
— Э хотин, бугун овқатни менга ким олиб борди?
Хотин эрининг сўзини эшитиб, хандон ташлаб кулибди-да:
— Овқатни олиб борган сизнинг ўғлингиз бўлади, — дебди. Коранданинг жаҳли чиқиб:
— Қаёқдаги бўлмаган гапларни гапирасан, менинг ўғлим қаёқда-ю, овқат олиб бориш қаёқда. Менинг ўғлим бўлса, кўзга кўринмайдими?— дебди.
Хотини эридан бу сўзни эшитиб, “хафа бўлмасинлар тағин” деб:
— Нўхатвой, Нўхатвой, — деб чақирибди. Эри:
— Хотин, сен қаёқдаги гапларни гапирасан? Нўхатвой деб кимни чақиряпсан. Шундай ҳам от бўладими?— деб кулибди. Хотини:
— Вой ўлай, бой бўлгур, қаёқдаги гапларни гапирасан эмиш-а! Ахир, кеча бир ўғил туғдим. Ўзингиз бошим қоронғилигини билган эдингиз, тўғрими? Боламиз худди нўхатдай; кўзга кўринмайди,— деб кулибди. Бунга эри ажабланиб турган экан, Нўхатвой:
— Ассалому алайкум, дада,— деб салом бериб келибди.
Отаси бундай қараса, ерда битта нўхатдай нарса пилдираб кетаётган эмиш. Шунда хотини айтибди:
— Ана шу Нўхатвой бўлади. Буни эри кўриб, ҳайрон бўлибди.
“Баракалла, болам” — деб кўришибди. Боласининг гапига қараса, маъноли гаплар эмиш. Коранда суюнганидан Нўхатвойни дарҳол хўжайини — бойнинг олдига олиб чиқибди. Бой Нўхатвойни кўриб олдин кулибди, кейин жаҳли чиқиб:
— Йўқот буни, бу қандай қилиб одам бўлади? Буни Қурдим дарёнинг нариги ёғига олиб бориб ташланглар,— дебди. Бу гапни эшитиб коранда билан хотини хафа бўлиб йиғлашса ҳам, бойнинг хизматчилари Нўхатвойни чинқиртириб Қурдим дарёнинг нарёғига олиб бориб таш-лашибди. Нўхатвой дарёнинг нариги ёғида беш-олти кун юрибди. Унда ажойиб одамлар яшар экан. Нўхатвой улар билан оғайни бўлиб олибди. Улар Нўхатвойни ўзларига бошлиқ қилибдилар.