Мушук

Бир кампир шокосага ош қуйиб, «ўғлим келса ичади», деб токчага қўйган экан. Унинг бир мушуги бор экан, у ошни ичиб турган экан. Кампир мушукни “пишт”, дебди. Мушукнинг тумшуғи шокосага тегиб, ағдарилиб синибди. Кампир эшикни бекитиб олиб, мушукни ураверибди, эшикни очибди, мушук қочибди. Мушук «одам бор жойда турмайман», деб кетиб қолибди. У тоғнинг тепасига етиб қолган экан, узоқда икки каклик бир-бирини тепиб уришиб турганига кўзи тушибди. Улар:
— Иккаламиз бир-биримизни чўқиб ўлдириб қўймайлик, бировдан сўрайлик. “Шу уйда сен тур деса, мен турайин”, — деб мушукка рўпара бўлишди.
— А, мушуквой нима дейсан? — дебди. Мушуквой:
— Ҳо, гапинг бўлса бу ёққа келиб гапир, қулоғим гаранг, — дебди. Каклик:
— Олдингга боргани қўрқамиз, еб қўясан, — дебди. Мушук:
— Мен мушукларнинг ичида эшониман, сўфисиман, тақводориман, емайман, — дебди. Иккала каклик келиб:
— Ҳув анави тоғнинг канори меники. Ўша уйда мен туриб эдим. Бошқа тоғларга чиқиб, айланиб келсам, менинг турган жойимда бу турибди. Бу жой меники. Кетгин десам, жойимни бермайман, дейди. Энди гапим шу, турганнинг ўзи турсинми, мен кетаверайинми ёки бу кетиб, мен турайинми? Шунга нима дейсан, — дебди. Мушук:
— Мен эшонман, сўфиман, тақводорман, — деганимга ишониб келганингга икковингни ҳам еб қўя қолай, деб икковини ҳам ушлаб олибди.