Бир бор экан, бир йўқ экан. Ўтган замонда Бухоро шаҳрида бир золим подшоҳ бор экан. Унинг бир чиройли қизи бор экан. Унинг номи Меҳринигор экан. Юзининг нури ойни хира қилар экан.
Меҳринигор чиройли, кучли ва ғайратли қиз экан. Юзига ниқоб тортиб, худди йигитлар сингари, ёнида қилич-қалқон осиб, кўп вақтини овда ўтказар экан. Меҳринигор бир куни саккиз юз йигит билан овга чиқибди, юра-юра, бир тоғга етибди. Тоғ жуда баланд экан, бир томони тўқай экан. Тоғнинг бир чеккасидан бир чиройли кийик чиқиб қолибди. Меҳринигор йигитларга қараб: “Мана шу кийикни ўртага олинглар, уни тириклигича тутишимиз керак, кийик кимнинг ёнидан ўтиб кетса, шу одамга жазо бераман”, дебди. Саккиз юз одам ҳар тарафдан давра олиб кийикка камон ташлабди. Кийик чаққонлик қилиб маликанинг ёнидан ўтиб кетибди. Малика жуда ғазабланиб, кийикнинг кетидан от қўйибди. Етиб олиб ўқ отибди, тегмабди. Малика от қўйиб кетаётганида тоғнинг бир чеккасидан бир йўлбарс чиқиб, маликага югурибди. От йўлбарсдан ҳуркиб орқага тисланган экан, малика отдан йиқилиб тушибди. Йўлбарс маликага етишига икки қадам қолганда, яқинда турган чўпон тош билан йўлбарснинг манглайига бир урибди. Йўлбарснинг боши тарс ёрилиб, ерга чўзилибди. Чўпон югуриб келиб маликани ўрнидан турғазибди. Малика уялиб ҳеч нарса деёлмабди.
Шу вақт саккиз юз йигит етиб келибди, маликани бу аҳволда кўриб ҳайрон бўлишибди. Чўпон бечора нима қилишини билмабди. Малика дарҳол отга миниб, қўлидаги узугини чўпонга узатибди.
Малика саройга қайтгандан кейин бир неча вақтгача овга чиқмабди. Энди гапни чўпондан эшитинг.
Бечора чўпон маликадан ажраб қолгандан кейин уйига базўр етиб келибди. Қаттиқ касал бўлиб ётиб қолибди. Чўпон тоғ халқининг энг яхши кўрган фарзанди экан, унинг исм-лақаби Муқбил тошотар экан. Муқбилнинг тўсатдан касал бўлиб қолганига тоғ халқи ҳайрон бўлибди.
Муқбил тоғ халқининг подасини боқиб, уни йиртқич ҳайвонлардан сақлар экан. Чўпон ҳар қандай йиртқич ҳайвонни битта тош билан уриб йиқитар экан. Йиртқичлар Муқбилдан қўрқиб, тоғ халқининг яқинига, пода боқиладиган яйловларга йўламас экан. Муқбил касал бўлгандан кейин, йиртқичлар тоғ халқининг мол-жонига ҳужум қила бошлабди.
Муқбил тошотарнинг қартайиб қолган отаси билан онаси бор экан. Улар Муқбилнинг касалига куйиб йиғлашар экан. Тоғ одамлари Муқбилни ҳар куни кўргани келишар экан. Улар ичида бир донишманд чол бор экан. У бир куни Муқбилдан сўрабди:
— Ўғлим, сенинг касалинг унақа-бунақа касал эмас, ишқ касали бўлса керак. Ростини айт, болам, бу дард сенга қайдин келди? Кимга ошиқ бўлиб қолдинг?
Чўпон ётган жойида кўз ёши қилиб:
— Эй, ота, нимасини сўрайсиз. Менинг дардим тузалмайдиган дардга ўхшайди, — дебди.
Шунда чол яна:
— Жон болам, юрагингдаги дард-ҳасратингни айт. Агар сен яхши кўрган қиз осмондаги ой бўлса ҳам олиб берамиз, — дебди.
Чўпон маликани кўрганини, унинг узук берганини бирма-бир айтибди.
Чол йигитнинг дарди ишқдан эканлигини билиб, бу сирни тоғ халқига айтибди:
— Бизнинг Муқбил тошотаримиз подшоҳ қизи Меҳринигорга ошиқ бўлибди. Энди бунга биз илож топишимиз керак, бўлмаса Муқбилнинг дарди яна оғирлашади, — дебди.
Тоғ одамлари ўйлашиб туриб:
— Подшоҳ қизини Муқбилга бермайди, — дейишибди. Кейин улардан бири:
— Шундай бўлса ҳам киши юбориб кўрамиз, берса бергани, бермаса бошқа бирор чора кўрармиз. Муқбилни ё тилагига етказамиз, ё подшоҳнинг ғазабига учраймиз, — дебди.
Донишманд чол бир қанча кишини эргаштириб, подшоҳ қизига совчи бўлиб борибди. Подшоҳ уларга қараб:
— Хўш, нима арзларинг бор? — деб сўрабди.
Донишманд чол ҳамма воқеани баён қилиб, кейин:
— Шоҳим, биз сизга қулчиликка келдик, — дебди. Подшоҳ тутоқиб кетиб:
— Э, нодонлар, менинг қизимга сенлар совчи бўлиб келдиларингми? Бу қандай номус, ё мени менсимайсанларми? — деб совчиларни зиндонга солдирибди. Кейин лашкарларига қараб:
— Ҳаммангиз бориб саҳройиларнинг мол-мулкини олиб келинг. Муқбилни тириклайин тутиб келтиринг! — дебди.
Лашкарлар тоғ одамларининг мол-ҳолларини оч бўридай талаб, кўп жабр-зулм қилибдилар. Муқбилнинг отаси ҳамма воқеани ўғлига айтиб берибди. Шунда Муқбил:
— Ҳали мени деб бечора халқ шу аҳволга тушдими, — дебди-ю, палахмонини елкасига осиб, жанг бўлаётган жойга от чоптириб кетибди. Бориб қараса, подшоҳ лашкарлари ҳали ҳам халқни эзиб-янчиб талаётган экан. Муқбил дарҳол уларга қарши жанг бошлабди. Лашкарларнинг аллақанчасини қириб ташлабди. Қолганлари ўрдага қараб қочишибди. Бориб подшоҳга арз қилишибди:
— Э, шоҳи олам, Муқбил тошотар жуда зўр йигит экан. Ҳар қандай одамни бир мушт урса, тил тортқизмай ўлдирар экан. Бир қанча лашкар ўлди, биз даргоҳингизга қочиб қутулдик.
Подшоҳ бўғилиб, бутун лашкарини йиғдирибди, ўзи бош бўлиб, жангга кирибди.
Муқбил узоқдан туриб тош билан лашкарларнинг бошларини учираверибди.
Подшоҳ Муқбилга баравар келолмаслигига кўзи етиб, унга мана шу хатни юборибди:
“Э, паҳлавон йигит! Қизимни сенга беришга розиман. Лекин бир шартим бор: икки қўлингда тўрттадан саккизта йўлбарсни етаклаб келасан. Агар шу шартимни бажо келтирсанг, қизим сеники”.
Муқбил бу шартни қабул қилибди, аммо подшоҳдан зиндонда ётган бегуноҳларни чиқариб юборишни талаб қилибди. Подшоҳ бу талабни қабул қилибди, зиндондагиларни бўшатиб юборибди.
Муқбил тоғ халқидан розилик олиб, якка ўзи йўлбарс қидириб кетибди. Юра-юра бир тўқайзорга етибди. Қамишзорда ухлаб ётган бир йўлбарсни кўриб қолибди. Вақтни қўлдан бермай, бора солиб уни бўғибди. Йўлбарс ўрнидан туриб Муқбил билан олиша кетибди. Муқбил йўлбарсни маҳкам бўғиб олиб, мушук боладай қўлида ўйнатиб, бир-икки марта ерга урибди. Йўлбарс гангиб қолгандан кейин, тумшуғига беҳуш қиладиган дори тутиб, уни ҳушидан кеткизибди, бурнидан буроз солиб, йўғон занжир билан дарахтга боғлаб, яна йўлга тушибди.
Юриб-юриб бир тоғга чиқибди, унда яна бир йўлбарсга дуч келибди. У билан олишиб, уни ҳам енгибди: занжир билан бир катта дарахтга боғлабди. Шу йўсинда саккизта йўлбарсни тутиб боғлабди. Кейин уларнинг ҳаммасини бир жойга йиғиб, бирин-кетин ҳушига келтириб, тепиб-тепиб қўрқитиб қўйибди. Йўлбарслар қўрққанидан бошларини қуйи солиб, дир-дир титрар эмиш. Муқбил саккиз йўлбарсни етаклаб йўлга тушибди, еттинчи куни кечқурун қишлоғига етиб келибди. Муқбилнинг ўлжа билан омон-есон келганини кўрган қишлоқ халқи жуда севинибди.
Муқбил эрта билан қўлида тўрттадан саккизта йўлбарсни етаклаб, подшоҳ саройига борибди.
“Муқбил тошотар шартни бажариб, саккизта йўлбарсни етаклаб келаётир”, деб ҳамманинг юрагига ғулғула тушибди. Одамлар уни кўришлари билан тўс-тўс бўлиб қоча бошлабдилар. Ясовуллар бу хабарни подшоҳга етказибдилар. Подшоҳни ваҳима босиб: “Мен уни ўлиб кетар деб ўйлаган эдим, аттанг, тирик қолибди”, деб бир қанча лашкар билан Муқбилни кутиб олишга чиқибди. У ноилож бундай дебди:
— Балли, ўғлим, балли! Шартимни бажарибсан. Энди қўлингдаги йўлбарсларни тоғга элтиб, ўша ерда териларини шил. Бу ишни қилиб келганингдан кейин сенга яна бир шартим бор. Бу шартим шуки, Ҳотамтойнинг бошини кесиб келтирасан. Унинг битта яхши оти бор, шуни ҳам олиб келасан. Ана шундан сўнг сенга қизимни бераман.
Шоҳнинг ваъдасида турмаганлиги Муқбил тошотарга ёқмабди. Муқбил ўзича ўйлабди: “Балки Ҳотам қароқчи, халққа жабр қилувчи кишидир. Бўлмаса унинг боши подшоҳга нима учун керак бўлади. Хўп, майли, шундай экан, иккинчи шартни ҳам ўрнига қўяй. Шоядки халқ зулмдан қутулса”.
Сўнгра Муқбил қишлоқдаги ёр-дўстлари билан хайрлашиб, Ҳотамнинг боши билан отини олиб келишга жўнаб кетибди. Муқбил бир қаландар суратига кириб сафарга чиқибди, тўрт ой деганда Ҳотамтойнинг шаҳрига етибди. “Шу кеча бирон жойда қўнай”, деб ўйлаб бораётган экан, катта анҳор бўйида қирқ ёшлар чамасидаги бир одам отини ювиб турганини кўрибди. Муқбил ундан:
— Ҳотам шаҳардами ё бирор ёққа кетганми? — деб сўрабди. От эгаси жавоб берибди:
— Ҳотамтой шаҳарда. Йўл бўлсин, йигит. Мусофирга ўхшайсиз. Бугун бизникида меҳмон бўлинг, Ҳотамтой олдига эртага борарсиз.
Муқбил ўзича: “Айни муддао бўлди” деб севиниб, ҳалиги одамнинг уйига борибди. Уй эгаси Муқбилни яхшилаб меҳмон қилибди. Вақт ярим кечадан оғганда уй эгаси Муқбилдан сўрабди:
— Яхши йигит, Ҳотамтойда нима ишингиз бор эди?
— Ҳа, зарур ишим бор эди. Сиз уни танийсизми? Ўзи қандай одам?
— Ҳа, Ҳотамни танийман, у шу шаҳарнинг каттаси бўлади. Шундай бўлса ҳам бошқа шоҳлар сингари тахтда ўтирмайди, фақир сингари халқ орасида юради. У кишида қандай ишингиз бор эди? — деб яна сўрабди уй эгаси. Шунда Муқбил анча ноқулай аҳволга тушиб, бироз жим қолибди. Ўзича: “Ҳотамтой халқ орасида юрса, фуқарога ёмонлик қилмаса, ёмон одам эмас экан-да”, деб ўйлабди, кейин бундай дебди:
— Мен жуда ҳайрон бўлиб қолдим. Юртимиз подшосининг амри билан Ҳотамнинг бошини олиб кетгани келган эдим. Гапингизга қараганда Ҳотам жуда баҳодир йигит кўринади. Мен энди у билан майдонда қандай олишар эканман?
Уй эгаси Муқбилдан:
— Ҳотам сизга нима ёмонлик қилган эди? — деб сўрабди.
— Ҳотам-ку менга ёмонлик қилган эмас, — дебди Муқбил. Сўнгра Ҳотамни нима учун ўлдиргани келганини бирма-бир айтиб берибди.
— Сиз бу кеча яхшилаб дам олинг, — дебди уй эгаси, — эрта билан сизни Ҳотамга олиб борай.
Муқбил уй эгасидан миннатдор бўлиб, уйқуга кетибди. Тонг отибди. Эрталаб нонуштадан кейин Муқбил:
— Қани, Ҳотамнинг уйини менга кўрсатиб қўйинг, — дебди. Уй эгаси:
— Ҳотам мен бўламан. Подшоҳ айтган отни бисотимда бошқа нарса бўлмаганидан, кеча сўйиб, сизга овқат қилдим. Сиз ошиқ йигит экансиз, сиз учун битта бош эмас, мингтаси ҳам қурбон бўлсин, — деб Муқбил олдига тиз чўкиб, бошини тутибди. Муқбил Ҳотамнинг мардлигини кўриб, йиғлаб юборибди.
Сўнгра бундай дебди:
— Йўқ! Сизнинг бошингизни кесадиган қўлим қирқилсин! Подшоҳ қизини бермаса, бермай қўя қолсин. Мен сиздек сахийнинг қурбони бўлай!
Ҳотамнинг бир ўғли бор экан, отасига қараб дебди:
— Меҳмон тўғри айтадилар. Барибир, сиз бошингизни берганингиз билан: “Бу бош Ҳотамники эмас”, деб учинчи шарт қўйишдан тоймайди.
Сўнгра Муқбилга қараб:
— Отам сиз билан бирга борсинлар, агар отамнинг боши билан сиздек муҳтож кишининг ҳожати чиқадиган бўлса, мен мингдан мингга розиман, — дебди.
Ўғлининг сўзини Ҳотам маъқуллаб дебди:
— Мен биронта муҳтож одам ҳатто бошимни сўраб келганда ҳам аямайман, деб аҳд қилган эдим. Энди муродимга етдим.
Муқбил нима қиларини билмай, ноилож Ҳотам билан йўлга тушибди. Улар бир қанча кундан кейин Бухоро шаҳрига етиб келибдилар. Муқбил Ҳотамни ташқарига қўйиб, ўзи подшоҳ саройига кирибди. Подшоҳ Муқбилни кўриши билан дарҳол:
— Қани, Ҳотамнинг боши билан отини олиб келдингми? — деб сўрабди.
— Ҳотам сахий йигит экан, билмасдан мен унинг уйига бориб, меҳмон бўлиб қолибман. Бисотида бошқа нарсаси бўлмаганидан отини сўйиб, мендек бир мусофирни меҳмон қилди. Менинг аҳволимни билиб, бошини қиличга тутиб берди. Лекин мен шундай мард, сахий кишининг бошини эмас, ўзини тириклайин олиб келдим, — дебди. Подшоҳ:
— Қани Ҳотамнинг ўзи! — деб қичқирибди. Муқбил подшоҳдан Ҳотамни бошлаб келишга ижозат сўрабди.
Подшоҳ бош қимирлатиб ижозат берибди. Муқбил Ҳотамни подшоҳга рўпара қилибди. Ҳотам подшоҳга салом берибди. Подшоҳнинг ранги қочиб, баданига титроқ турибди. Кейин Ҳотам подшоҳга қараб:
— Сиз йўқлаган Ҳотам мен бўламан, —дебди.
Подшоҳ Муқбилга қараб:
— Мен сенга “Ҳотамнинг бошини келтир”, деган эдим. Сен буни тириклайин олиб келибсан, — деган экан, Ҳотам:
— Мен ўз юртимда бошимни бу йигитга тортиқ қилган эдим, унамади. Ноилож ўзим бирга келдим. Мана, марҳамат, бошимни кестиринг, шу бечорани муродига етказинг, — дебди.
Подшоҳ Ҳотамни ўлимга буюрибди. Жаллод Ҳотамни олиб кетаётганда Муқбил чидолмабди: бир мушт уриб жаллоднинг юзини тескари қилиб қўйибди, кейин подшоҳга ғазаб билан:
— Сен қандай номардсан! Шундай бегуноҳ, мард, олийжаноб йигитни ўлдирадиган бўлсанг, қизингни бермай қўя қол! Агар ўйлаганинг одам ўлдириш бўлса, Ҳотам ўрнига мени ўлдир, — дебди. Подшоҳ тутоқиб бўғилибди ва Муқбилга қараб:
— Ўлдирсам сендан қўрқаманми! — деб жаллодни чақирибди, Муқбилни ўлимга буюрибди:
Шу пайт ичкаридан Меҳринигор югуриб чиқиб, ўзини Муқбилга ташлабди. Подшоҳ ғазаб билан:
— Уни ҳам ўлдиринг! — деб буюрибди. Шунда Ҳотам:
— Эй, хоин подшоҳ, сенда раҳм-шафқатдан асар ҳам йўқ экан, ҳар қандай йиртқич ҳайвондан ҳам баттар экансан! — деб югурганича бориб, подшоҳга ҳужум қилибди. Бунга қарши подшоҳ қилич ўқталган экан, Ҳотам подшоҳнинг қиличли қўлини маҳкам ушлаб, юзига бир тарсаки урибди. Подшоҳ тахтдан ағдарилиб тушибди. Ҳотам Муқбилга қараб:
— Тахтга чиқиб ўтиринг, йигит, — дебди. Халқ золим подшоҳни уриб ўлдирибди, эл-юрт сўрашни Муқбилга топширибди. Сўнгра Ҳотамнинг ўзи бош бўлиб Меҳринигорни тўй-томошалар билан Муқбилга олиб берибди. Эл-юрт тинч ва фаровон умр кечира бошлабди.
Шундай қилиб, Муқбил тошотар билан Меҳринигор иккиси мурод-мақсадига етибди.