Моҳистара

Бағдод шаҳрида шоҳи Одил деган подшоҳ ўтган эди. Шоҳи Одил ўз замонасида ўзини кўп Одил подшоҳ деб танитган эди. Одил шоҳнинг учта хотини бўлган. Хотинлари узоқ вақт туғмади. Охири кичик хотини Дилоройим бир ўғил туғди. Унга Шавкат деб от қўйдилар. Шавкатни атлас, кимхобга ўрадилар, неча энага уни тарбия қила бошлади.
Шавкат кўп чиройли, худди осмондаги чўлпон юлдуздай гўзал эди. Шоҳ Одил ёши бир жойга бориб ўғилли бўлгани учун кўп хурсанд бўлди, мамлакат халқини чақириб, бирқанча кун тўй-томоша қилиб, элга ош-нон берди, жами камбағалга инъомлар улашди.
Ойдан ой, йилдан йил ўтди. Шаҳзода Шавкатнинг ёши етти-саккизга етди. Отаси Бағдод шаҳрининг барча уламоларини тўплаб олиб, шаҳзодани ўқита бошлади. Шаҳзода Шавкат кўп бийрон ва ақлли, тетик бола эди. Муаллим-лари берган дарсларини тез ва осон ўқир ва берилиб ўрганар эди. У ўн беш ёшларга етгунча отасининг ўрдасида тўпланган пешқадам муаллимлар-да ўқиб, мулла бўлди. Дунёда у билмаган илм кам қолди. Шавкат турли илмлар-дан ташқари созандалик, ашулачилик ва охирида уруш илмини ҳам ўрганди. Отаси Шавкатдан кўп миннатдор бўлиб, унга бино қўяр эди.
Шавкатнинг ёши ўн етти-ўн саккизларга борди. Бу вақт Шавкат уруш илмидан яхши хабардор бўлиб, ўз ёнига аскар тўплаб, икки-уч минг хос аскарга бош бўлди.
Кунлардан бир куни Шавкат аскарлари билан шикорга чиқди. Бир тоғнинг водийсида қўнди. Бу водий сердарахт, серсув, гулзор, чаманзор, обод ер, турли илвасинларга ва бошқа ов ҳайвонларига бой эди.
Шаҳзода аскарлари билан чодир чаманини қуриб, ов овлаб, овдан тушган илвасинларини кабоб қилиб ва турли хил овқатлар билан ўзларини парваришлаб, кайф қилиб ёта берди. Орадан уч кун ўтди. Тўртинчи кун Шавкат ўз мерганлари билан тоғ дарасида ғоз овлаб юрган эди, бирдан унинг қаршисидан ажойиб бир кийик чиқиб келди. Бу кийикнинг тўрттала оёғидаги туёғи садафдан, ҳар қайси оёғида иккитадан саккизта олтин ҳалқаси бор; икки шохига олтиндан, кумушдан, марвариддан, гавҳардан нақшлар ўйилган. Кийикнинг жунлари оқ, қора, кўк, қизил, сариқ, пушти, нопармон, қўйингки, ўттиз икки хил бўлиб товланади. Бу кийик шаҳзодага ўзини кўрсатиб, неча ғамза ва жилвалар қилиб, турли мақомда ўйинлар кўрсатади. Ўйнаганида оёқларидаги олтин ҳалқалардан турли хил овозлар чиқади. Шаҳзода бу кийикни кўриб кўп ҳайрон қолди:
— Мен бутун умримда бундай кийикни энди кўришим! — деди ва аскарларига: “Шу кийикни тирик ушланглар!” — деб буйруқ берди. Аскарлар кийикни қувлаб-қувлаб ушлаёлмадилар. Шаҳзода аччиқланиб, ўзи ушламоқчи бўлди. Ўзи ҳам қувлаб ушлай олмади. Охири кийикнинг атрофини қуршаб, ўртага олиб ушламоқчи бўлдилар. Шавкат аскарларига: “Кийикни ўртадан чиқармангиз, кимки орадан чиқариб юборса, ўлдираман!” деб ғазаб қилди. Аскарлар кийикнинг атрофини қуршаб, секин-секин доирани торайтиб, кийикка яқинлаша бордилар. Кийик бўлса ўртада, ҳеч нарсани писанд қилмай, дикиллаб турли ғамза ва турли ўйинларни кўрсатиб юра берди. Охири доира торайиб, неча аскар олдинги сафга сиғмай, иккинчи сафда қолиб кела бердилар. Булар кийикка яқин келиб қолган эдиларки, кийик бир ирғишда шаҳзода Шавкатнинг оти сағрисига тушди, ундан бир ирғиб, сафдан ташқарига тушди-да, тоғга қараб қочиб кета берди. Шаҳзода кийикни ўзи орадан чиқариб юборгани учун бошқаларни айблай олмади ва улардан уялганидан, кийикни ушлаб келиш учун якка ўзи от қўйиб кетди.
Кийик чопиб кета берди, шаҳзоданинг оти кучли ва югурик эди, йўлни терсига солиб, кийикнинг олдидан чиқди. Лекин шаҳзода ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам кийикни ушлай олмади.
Шаҳзода кийикни ушлай олмаслигига ақли етди ва отиб, ўлигини бўлса ҳам олиб кетишга қарор қилди ва отдан тушди. Бир тошга суяниб, ёй билан кийикни мўлжаллаб отди. Бироқ ўқ кийикка тегмади. Яна отди, кийик бир томонга қийшайиб ўқни бир ёнидан ўтказиб юборди. Тағин отса, у ёнидан ўтказиб юборди. Шундай қилиб, шаҳзода ота берди, кийик уни писанд қилмай, турли қиёфада ўйнаб, шаҳзоданинг кўзини куйдириб, отган ўқини у ёнидан-бу ёнидан ўтказиб юбора берди. Шаҳзоданинг беш юз ўқи бор эди, ҳаммасини отди-ю, лекин кийикни уролмади.
Кийик тоғга қараб қочди. Шаҳзода унинг кетидан қувлади. Кийик тоғга етиб, тошнинг устига чиқиб кетди. Кетидан шаҳзода ҳам оти билан чиқиб кетди. Кийик тоғнинг устига чиқиб, шаҳзодага қараб яна бир жилва берди-да, тоғнинг нариги томонига тушиб кетди. Тоғ жуда ҳам баланд эди. Шаҳзоданинг оти бақувват эди. Тоғнинг паст-баландлиги билан ўрлаб, у ҳам тоғнинг учига чиқди. Шавкатнинг фикри-ёди кийикда, ишқилиб шу кийикни ё тириклайин, ёки ўлдириб бўлса ҳам ушласам дер эди. Шавкат тоғнинг нариги томонига қараса, у ёғи кенг диёр экан. Бир томони кенгдан кенг кўкаламзор ерлар, бир томони дарахтзор. Кийик шу майдонда турли мақомда ўйинлар кўрсатиб, шаҳзоданинг кўзини куйдира берди.
Шаҳзода эгарга маҳкам ёпишиб, отини пастга ҳайдади, отига ҳордиқ бермай, кийикнинг кетидан қувлади. Кийик ўрмонзорга кириб, шаҳзоданинг кўзидан ғойиб бўлди.
Шаҳзода кийикнинг орқасидан от қўйиб ўрмонзорга кирди. Бу ўрмонзор турли-туман дарахтлар, гуллар билан тўла эди. Шундай ажойиб ва хушқомат дарахтлар бор эдики, буни шаҳзода илгари сира кўрмаган эди. Ўрмонзорда турли-туман хушовоз қушлар, булбуллар сайраб ётибди. Шаҳзода ўрмонзорни қидира-қидира кийикни тополмади. Шу куни кеч бўлди. Шаҳзода қуруқ қайтишни ўзига эп кўрмади ва бугун шу ерда тунаб, эртаси куни ҳам кийикни қидиришга қарор қилди. Шавкат ўрмоннинг бир очиқ жойига чиқди. Отига дам берди, терларини қуритиб, устидан эгар, тўқимини олди ва отига:
— Эй жонивор, бу яхши ўтларни еб, қорнингни тўқлагин! — деб бошидан юганини олиб, бошвоғини бўйнига боғлаб, ҳайдаб юборди ва ўзи тўқим, терликни остига солиб, бошига эгарни қўйиб ухлашга ётди. Шаҳзоданинг кўзи эндигина илинган эди, қулоғига қаттиқ бир овоз эшитилиб, чўчиб уйғонди. Уйғониб қараса, ҳар тарафдан ҳар хил қўрқинчли овозлар келди; бу ўрмонзорда ҳар турли йиртқич ҳайвонлар бор эди, улар кечалари ҳар тарафни овлаб, бақириб-чақириб юрар эди. Шавкатнинг қулоғига эшитилган айиқ, шер, йўлбарс, бўриларнинг овозлари ҳамма ёққа даҳшат солар эди. Шунда Шавкатнинг кўзидан уйқу қочди ва “балодан ҳазар” деганларидек, катта бир дарахтнинг тепасига чиқиб кетди, оти пастда қола берди. Орадан бироз вақт ўтгач, бу ерга йўлбарслар, арслонлар, қоплонлар, айиқлар, бўрилар ва ҳар турли ваҳшийлар, илонлар келиб-кетишди. Шавкат дарахтнинг устида эрталабгача ухлай олмади. Эрта билан дарахтдан тушди. ”Энди отим эсон қолдими, ваҳшийларга ем бўлдими?” деб хабар олди. Хабар олса, оти бир жойда дам олиб ётибди. Бундан хурсанд бўлди-да, отини етаклаб келиб, қашлаб, силаб, эгарлаб, миниб, кийикни излагани кетди.
Шу куни шаҳзода пешингача ўрмонни айланиб, кийикни тополмай, катта бир тўқайзордан чиқди. Шавкат шу тўқайзорни ҳам қараб кўриш учун уни оралаб кетди. Тўқайни намозгаргача оралаб юрди, кийикни тополмади. “Энди қайтиб кетсаммикан?” деб ўйлади. Лекин ўзининг қайдан келгани ва қайси томондан чиқиб кетишини билмасди. Шу сабабли, бугун ҳам шу тўқайда қолди. Кечаси оти пастда, ўзи дарахтнинг тепасида бўлди. Бу кеча ўтган кечагидан ҳам ваҳимали бўлиб ўтди.
Тонг отди. Шаҳзода дарахтдан тушди, қараса, оти омон экан. Отини эгарлаб минди-да, таваккал қилиб шу тўқайни ёқалаб кетаверди. Тахминан, тўрт соатча юрган эди, бир бўшлиқ ердан чиқди. Бўшлиқнинг бир томонида — адирликда кичкина бир қўрғон кўринди. Шавкат, шу қўрғонда одам бўлса керак, шундан бориб йўл сўрайин деб, қўрғонга қараб от қўйди. Юриб-юриб адирликка етди ва адирнинг устига чиқди. Қараса, адирнинг нарёғи пастлик, бир томонда катта бир сой оқяпти, икки томони сердарахт, бояги қўрғонча шу сойнинг ёқасида. Шавкат сой ёқалаб юрди, охирида қўрғонга етди. Бу қўрғон тўртбурчак шаклида тушган, чор атрофидаги деворлари баланд, ҳаммаси ҳаворанг мармардан ишланган. Устидаги кунгураси олтиндан, қўр-ғоннинг дарвозаси олтин, кумуш ва садафдан ишланган, икки қаноти ҳам очиқ.
Шавкат дарвозадан кирди. Қўрғоннинг ичкарисида катта бир ҳовли бор. Бир томони қўрғон девори бўлса, уч томони қатор кетган уй, бу уйларнинг бири яшил, бири қизил, бири сариқ, бири пушти, бири зангори ва турли хилдаги чиннилардан ишланган экан. Ҳовлининг ўртасида катта мармар ҳовуз, ҳовузнинг суви худди шишадек тиниқ. Ҳовузнинг тўрт бурчагида тўртта дарахт бор. Бундай дарахтни Шавкат илгари кўрмаган эди. Бир томонда отхона; охурлари мармардан, бирида беда, бирида майиз, бирида ем. Охурлар жуда кўп, бироқ бу ҳовлида бирорта ҳам одам йўқ. Шавкат ҳайрон бўлди ва:
— Шу ерда бир дам олайин, одами бўлса чиқар, бирор жойга кетган бўлса келар, одами йўқ бўлса, чиқиб кетарман, — деди ва отдан тушиб: “Бор, жонивор, беда ва емлардан еб, қорнингни тўқлаб олгин!” деб отни охурга ҳайдади ва ўзи кўп чарчаган эди, ҳовуз бўйидаги дарахт тагига келиб ётиб ухлади. Бир товуш қулоғига кириб уйғонди. Қараса, бояги уйлардан бирисининг эшиги очилиб, ундан ёши ўн саккизларга борган, бўй-басти ўзига келишган, зағча кўз, қундуз қош, оқ бадан, иракка ўралган, нозанин бир қиз, қўлида олтин кўза кўтариб секин-секин оёқ босиб ҳовузнинг бўйига келди ва кўзани тўлдириб яна бояги эшикка кирди. Бироқ у Шавкатга гапирмади, лоақал бир боқиб ҳам қўймади. Шавкат:
— Ийи, бу нима деган гап бўлди. Бу қиз чиқиб, менга гапирмай, қарамай, яна кириб кетди! — деди. Қиз жуда ҳам нозанин, барно эди. Уни кўриб Шавкатнинг юраги ўйнаб кетди. Орадан бироз вақт ўтган эди, бояги эшик яна очилди. Бу сафар эшикдан ёши эллик бешларга борган, соқоли мошгуруч, жуда чиройли, икки юзидан нур томиб турган бир киши чиқиб келиб, Шавкатга қараб:
— Ҳа, меҳмон, келинг! — деб қўл узатди. Шавкат тавозеъ билан салом қилиб, келиб сўрашди. Бу одам:
— Нима хизмат, меҳмон? — деди. Шавкат:
— Мен йўлда кетаётиб, чарчадим, жойингиз салқин экан, бир дам олай деб кирган эдим, сиздан изнсиз бу боғга кирдим, гуноҳимни кечиринг! — деди.
— Туринг ўрнингиздан! Марҳамат қилиб менинг кетимдан юринг! — деди у киши. Шавкат турли хаёлларга бориб:
— Қаёққа борамиз?— деб сўради.
— Менинг орқамдан юра беринг, отингиздан хавотир бўлманг, отингизга қарайдиган одамлар бор, — деди ва ўзи бояги чиққан эшикка қараб юрди. Кетидан Шавкат ҳам юрди. Шавкат бу одамнинг кетидан юриб, бояги эшикдан ичкарига кирди ва яна бир бошқа ҳовлидан чиқди. Лекин бу ҳовли ундан аллақанча обод. Ҳовлининг чор томони қатор уйлар. Бу уйлар шу қадар чиройлики, бундай уйлар Шавкат отасининг ўрдасида ҳам йўқ. Ҳовлининг ичи гулзор, турли хил мевалар пишиб турибди. Шавкатнинг меваларга кўп ҳаваси келди, бирини узиб олиш учун қўл узатган эди, мева тош сингари қаттиқ ва сира узилмайдиган даражада маҳкам эканини кўрди. Бу дарахтнинг мевалари ҳақиқий мевалар бўлмай, балки ҳаммаси қимматли тошлардан эди. Ҳовлининг бир томонида мармар супа. Панжаралари олтиндан ишланган. Супада қип-қизил ирак гилам, унинг устига атлас, шоҳи кимхоб кўрпачалар тўшалган. Ҳалиги киши Шавкатни супага таклиф қилди. Супанинг чиқа беришида икки қўлини кўксига қўйиб, бир хотин таъзим билан Шавкатни кутиб олди. Меҳмон ва мезбон супадан жой олишгач, ҳалиги хотин Шавкат билан саломлашди. Бу хотиннинг ёши йигирма беш-йигирма саккиз ўрталарида, икки юзи нақш олмадек, бадани оппоқ дурдай. Ўзи тўладан келган, икки қоши худди ёйдай қайрилган, қараган кишига гўё ўқ отадигандай, бўйни илон бўйин, икки кўзи шаҳло, икки лаби пиёзнинг пўстидай юпқа ва қип-қизил, лабининг бир четида қоп-қора холи бор, бақ-бақаси кумушдай. Соч деган қоп-қора, гўё икки илондек қилиб орқасига ташланган, учи бориб тўпиғига тегади. Бу хотин келиб чолнинг ёнига ўтирди, бироздан кейин бояги сувга чиққан қиз ҳам келди ва Шавкатга неча мартадан эгилиб салом қилиб:
— Хуш келибсиз, қадрли меҳмон! — деди. Шунда ҳалиги хотин:
— Меҳмоннинг олдига дастурхон келтиринг! — деди. Қиз, “қуллуқ” қилиб уйга кириб кетди. Бироздан сўнг шу қизга ўхшаган, балки ундан ҳам гўзал ва латиф бир қиз юз ғамза ва ноз билан ишвали боқиш қилиб, Шавкатнинг қошида қаддини букди ва:
— Келинг, азиз меҳмон! —деди. Шавкат ҳам ўрнидан туриб, “қуллуқ” қилди. Қиз орқасига қайтиб бояги уйга кирди ва бир дастурхон кўтариб чиқиб, буларнинг олдиларига ёзди. Дастурхон кимхобдан (ўриши ипак, арқоғи зардан тўқилган), ҳошияларидаги зарпопукларининг ҳар бирига биттадан олтин тақилган эди. Шу пайт яна бир қиз чиқиб келиб салом берди ва алик жавоби олгандан кейин, у ҳам қайтиб кириб кетди. Сўнгра қизлар турли идишларда турли-туман овқатлар кўтариб чиқиб, дастурхонга қўя бошладилар. Идишлар қимматбаҳо тошлардан ясалган эди. Идишларда сут ва ёғ солиб пиширилган оппоқ нон, қатлама, варақи, бўғирсоқ, қанд, асал, новвот, қиём, писта-бодом, товуқ гўшти каби овқатлар бор эди. Чолнинг ёнидаги бояги нозанин хотин нонларни синдирди ва меҳмонни овқат ейишга таклиф қилди.
Шу пайт биринчи қиз бир олтин самоварни қайнатиб чиқди ва жонон пиёлалар келтириб, чой қуйиб: олдин Шавкатга, кейин мезбонларга узатди; ўзи ҳам ўтириб, булар билан ҳамтомоқ бўлди. Чой ичилиб бўлгач, у ёқ-бу ёқдан гаплар бўлиб ўтди. Шунда чол қизларга: “Меҳмон чарчаб келган, жой тайёрланглар! Бир ухлаб олсин!” деди. Қизлар ҳовуз бўйидаги дарахт тагига олтин каравотни қўйиб, устига қават-қават кўрпачалар ва шоҳи кўрпалар ёзиб, пар ёстиқлар қўйдилар. Шавкат ухлади.
Шавкат уйғониб икки қизнинг навбатма-навбат уни елпиб турганини кўрди. Шавкат уйғониши билан қизлар олтин офтобада сув келтирдилар. Шавкат юз-қўлларини ювди ва оппоқ ирак сочиқларга артинди.
Шунда кеч ҳам кирган эди. Чол билан хотини Шавкатнинг ёнига келиб:
— Меҳмон, яхши ухлаб турдингизми? — дедилар. Шунда қизлардан бири келиб, кечки овқат тайёр бўлганидан хабар берди. Дастурхонлар ёзилиб, кечки овқат келтирилди. Бу овқатлар турли илвасинларнинг гўштидан тайёрланган. Овқатлар келтириб қўйилгач, қизлардан бири олтин кўзада май келтирди ва олтин пиёлаларга қуйиб, ўтирганларга бирин-кетин узатди; ўзи ўрнидан туриб: “Қўлингиздаги майни келган азиз меҳмоннинг шарафига ичишингизни сўрар эдим!” деди. Майлар ичилди, овқатлар ейилди. Ўтирганлар ширакайф бўлганда бояги уйдан бўй-бастлари бирдек, ёшлари ўн етти-ўн саккизларда, бўйинларига марварид ва гавҳарлар, қулоқларига олтин исирғалар таққан, нозик, ҳарир кўйлаклар кийган, қаламқош, қора кўз, нозик бадан қизлардан бир тўдаси чиқиб келдилар ва Шавкат билан эсон-омонлик сўрашгач, ўтирдилар. Буларнинг қўлларига соз келтириб бердилар. Бири уд, бири танбур, бири ғижжак, бири дутор, бири най, бири чанг, бири чилдирма олиб майин бир мақомга чалдилар, ашулалар айтдилар ва турли-туман ўйинлар қилдилар. Шу куни саҳаргача базм бўлди, охири ҳамма чарчаб, ўтирган жойида ётиб ухлади.
Эртаси эрта билан ҳамма уйғонди. Шавкатнинг атрофида қизлар парвона бўлиб, унга хизмат қилардилар: бири олтин офтобада юз-қўлига сув келтириб берди, бири оппоқ сочиқ келтириб тутди. Сўнгра нонуштага ўтирдилар. Нонуштага ҳам турли-туман овқатлар тортилди. Шавкатнинг ҳузурида шўх, барно қизлар бирга ўтириб, ҳамтомоқ бўлганидан, ҳар сафарги овқат унинг учун жуда ҳам кўнгилли ўтар эди. Нонуштадан сўнг шаҳзодани боғ сайрига таклиф қилдилар, ҳаммалари бирга шу ҳовлининг орқасидаги боғга ўтдилар. Бу боғ жуда обод ва кишининг баҳридилини очадиган жой экан. Унда ранг-баранг гуллар очилган, ҳидлари ҳаммаёққа сочилган, гул ишқида булбуллар сайраган. Улар шаҳзодани боғда узоқ сайр қилдирдилар. Сайр-томошадан сўнг тушлик овқатни едилар, майларни ичдилар. Кечгача айш-ишрат, ўйин-кулги билан ўтирдилар ва кундузги хурсандлик кечки овқатга, ундан сўнг тунги хурсандчиликка уланиб кетди. То саҳаргача шундай айш-ишрат, базм, ўйин-кулгилар бўлди, созанда қизларнинг созлари ва ёқимли овоз билан айтган ашула товушлари кўкларга етди. Базмдан сўнг ҳамма ўз ўрнида донг қотиб ухлади.
Эрталаб тонг отди. Нонуштадан сўнг чол қизларнинг ҳар бирини ҳар ишга буюрди ва бу ерда чол, хотини ва Шавкат учаласи қолдилар. Шунда чол:
— Кечирасиз, меҳмон! Келганингизга икки кеча бўлди. Келган кунингизда сизнинг ким эканлигингизни сўраш одобдан эмас эди. Мана, анча ҳордиқ чиқардингиз. Энди ўзингизнинг ким эканингиз ва қандай қилиб бу жойларга келиб қолганингизни бизга айтсангиз! — деди. Шунда Шавкат сўз бошлади:
— Мен шу тоғ орқасидаги Бағдод шоҳининг шаҳзодасиман. Отамни шоҳи Одил дейдилар. Мен кунлардан бир кун аскарларим билан овга чиқдим. Тоғнинг дарасида ов овлаб юрсам, қаршимдан бир кийик чиқди: у кийикнинг тўртала оёғи оппоқ садафдан, икки шохи олтин, кумуш, марварид ва гавҳардан нақшланган. Ҳар қайси оёғида иккитадан саккизта олтин ҳалқаси бор, устидаги юнглари ўттиз икки хил товланади. Бу кийик юз ғамза ва ноз билан турли мақомда ўйинлар кўрсатди. Мен аскарларимга шу кийикни тириклай ушлашни буюрдим, тирик ушлаб бўлмади, уни отиб олишга қарор бердим. Отдан ўзимни ташлаб беш юзта ўқ отсам ҳам тегмади. Шундан кейин тоғга қараб югурди, унинг кетидан от қўйдим, кийик тоғга улашди. Мен ҳам улашдим.
— Кийик тоғнинг бу томонига ўтганда ўрмонзорга кириб йўқолди, мен ҳам уни излаб ўрмонзорга кирдим, — деди.
Шу пайтда қаршимдаги уйлардан бирининг эшиги очилди. Эшик очилиши билан уй ичидан бир шуъла чиқиб, бутун ҳовлини ёритгандай бўлди. Ундан ёши ўн олтига борган, икки кўзи чаросдек, икки қалам қоши қулоғига етган, қоп-қора сочлари бурам-бурам бўлиб орқасини тутиб кетган, хипча бел, лаблари пиёзнинг қобиғидек, илон бўйин, лабининг устида қоп-қора холи, оппоқ юзи анордек, бақбақаси момиқдай, тишлари дурдек, ўзи мисоли жаннатдаги ҳурдек, сарви қад, шўх бир қиз қаҳ-қаҳ уриб югуриб чиқди, шаҳзодага бир намойиш бериб, яна кулганича орқасига қайтиб кириб, эшикни беркитди, ғойиб бўлиб кетди. Чол эса унга қўлини булғаб “Ҳа, шумтака!” деганича қолди.
Ҳикоя қилаётган шаҳзода бу қизни кўргач, хаёли тамоман унга оғган эди. Ҳикоясини ҳам унутиб, бошидан ақли, оғзидан гапи қочди ва сўздан тўхтади. Чол:
— Гапни давом эттира веринг, Шавкатбек! — деди.
Шавкат чолнинг гапидан кейин ақл-ҳушини тўплади ва чол билан хотинидан изза тортиб, гапни давом эттирди:
— Мен кийикни ўрмонга қувлаб кирдим, кечгача қидириб тополмадим. Шу куни ўрмонда қолдим, эртаси яна излаб, тополмай, охири бир тўқайзорга чиқдим. Бу жойда кийикни тутолмасликка ақлим етгач, қайтиб кетмоқчи бўлдим, бироқ йўлдан адашдим, қаёққа кетишни билмай, таваккал қилиб бир томонга қараб юра бердим. Охирида сизнинг жойингизга келдим, — деди. Шунда ҳалиги эшик яна очилиб, бояги шўх қиз яна бир чиқиб кўриниш берди ва чолнинг “Ҳа, шум!” деган сўзини эшитиб, қаҳ-қаҳ уриб кулиб, яна қайтиб кириб кетди.
Шаҳзода яна ҳушидан кетди. Бироздан сўнг шаҳзода ҳушини тўплаб:
— Мен ўзимнинг кимлигимни айтдим, энди гап навбати сизга келди, —деди. Чол:
— Бизнинг ҳикоямиз ҳар вақт бўла веради. Олдин ўйин-кулги қилиб олиш керак, — деди ва қизларни чақириб, ҳаммалари яна боғ сайрига кетдилар. Орадан уч-тўрт кун ўтди. Боғ сайридаги ўйин-кулгилар вақтида шаҳзода жуда шодланиб, чеҳраси очилар эди. Бироқ шу куни у қовоғини очмади, қизлар бундан ташвишланиб, “Меҳмон нимадан хафаланди экан?” деб уни хурсанд қилиш учун тобора яхши гаплар ва яхши ўйинлар кўрсатар эдилар.
Бироқ шаҳзода очилмас эди, овқат вақтларида ва базмларда ҳам у жилмайиб кулмади. Қаҳ-қаҳ уриб кулиб қочган қиз уни мафтун қилган эди. Бир куни шаҳзода чолдан:
— Сиз ҳам ким эканлигингизни ва бу кимсасиз жойларда бир ўзингиз макон тутиб ўлтирганингизнинг сабабини айтинг! — деб яна сўради. Чол сўзни бошқа ёққа бурса ҳам, шаҳзода унамади, шунда чол ўзининг ким эканини айтишга киришди:
— Мен Ҳирот шаҳридан бўламан. Отам катта савдогар эди. Отамнинг бир қанча минг туяси бўлиб, у Ҳиротдан бошқа шаҳарларга ва турли жойлардан Ҳиротга мол келтириб сотар эди. Отам кексайди, мен ўсиб йигит бўлдим. Бир куни отам мени ўз қошига чақириб айтди:
— Ўғлим Содиқ! — энди йигит бўлдинг, ақлинг тўла. Ҳар ишни буюрсам удда қила оласан. Мен бўлсам қаридим, бундан буён карвон билан, шаҳарма-шаҳар юриш қўлимдан келмайди. Энди мен савдо ишларимни сенга топшираман, сен шаҳарма-шаҳар юриб менинг савдо ишларимни ўзинг олиб боргин! — деди. Шунда мен отамнинг иззатини жойига келтириб:
— Хўп, отажон! Агар сиз буюрсангиз, йўл-йўриқ кўрсатсангиз жон-дилим билан қиламан! — дедим.
Орадан кўп вақт ўтмай, шаҳримиздан бир карвон Ҳиндистонга жўнамоқчи бўлди. Отам юз туяга мол ортиб бердилар. Мен юз туя молни олиб, қанча туячиларим билан Ҳиндистонга жўнадим. Туяларга Ҳиндистон аҳолиси суядиган турли-туман моллар ортилган, олди зарлар, ираклар билан ясатилган эди.
Туяларнинг бўйнидаги қўнғироқларнинг жаранг-журунги ҳамма ёқни бузиб юборгудай бўларди.
Биз шаҳардан шаҳар, қишлоқдан қишлоқ ошиб, охири кенг саҳрога чиқдик. Сувсиз, ўт-ўлансиз даштларда бир қанча кунлар йўл юрдик. Йўл азобини кўп кўрдик. Охири Ҳиндистонга бордик. Бир шаҳарга етиб, ҳар қайси карвон биттадан карвонсаройни эгаллаб тушдик.
Шул куни карвонга дам бердик. Ўзим саройда бир ҳужрада турдим. Эртаси куни бу шаҳар савдогарлари молларимизга харидор бўла бошладилар. Келтирилган молларни сотишга киришдик. Шу куни кеч бўлди, ухладик. Саҳар ўрнимдан турдим, ювиниб, намоз ўқигани мачитга кирдим. Намозни ўқиб бўлгач, одамлар шошилган ҳолда ташқарига чиқа бошладилар. Мен ҳам уларнинг орасида ташқарига чиқдим. Кўчада шу қадар одам кўпки, бўш жой йўқ. Бу одамлар орасида ёш болалар, йигитлар, ўрта яшарлар, қарилар, қизлар, келинлар, хотинлар, кампирлар — ҳамма бор. Улар бир томонга қараб оқиб борадилар. Мачитдан чиққан кишилар ҳам ўз уйларига қайтмай, шу оломонга қўшилиб кета бердилар. Мен: “Одамлар қаерга борар экан?” деб, шуларга аралашиб кета бердим. Оломон юриб-юриб шаҳарнинг чеккасига чиқди. Олдинда қандайдир ҳайбатли бир дарвоза кўринди. Кишилар шу дарвозага кирдилар, мен ҳам кирдим.
Дарвозанинг икки биқинида мурти шопдай, дарғазаб, яроқ тақинган кишилар турибди. Ичкарига кирганда қарасам, жуда кенг бир майдон: бир томони узун ва баланд девор. Уч томони дарахтзор. Майдоннинг бир томонида қатор от минган кишилар турибди. Серёл, сердум, кўкракдор, гажак бўйин, новча ва семиз кўк отларда бир-биридан чиройли бир хил кийимли ёш йигитчалар, отлиқлар олдида қир-қизил иракда камзул ва шим кийган, белига тилла камар боғлаб, бошига тож ўрнатган, ўн саккиз яшар бир йигит турибди. Бу йигит шу қадар ҳушқомат, қора кўз, қора қош, қизил юз йигитки, мисоли икки юзидан қон томгандай кўринади.
Бу майдонга кирган одамлар майдоннинг бўш жойига кириб жойлана бердилар. Одамлар кириб бўлди. Мен умримда ҳали бу қадар кўп одамни кўрган эмас эдим. Одамлар отлиқларга, уларнинг олдидаги қизил кийимли йигитга қараб:
— Ҳай, аттанг! Жуда ҳам яхши йигит экан-да! —дедилар. Бунда турганларнинг чеҳраси ғамгин, хафа. Ҳаммасининг оғзида “Ҳай, аттанг, шундай йигит нобуд бўладими?!” — деган сўз.
Баъзи қари кишилар ва кампирлар йигитга қараб йиғлайдилар. Бу фурсат менга жуда қўрқинчли туюлди. Орадан бир қанча вақт ўтгандан кейин, отлиқлар олдидаги қора отдаги қизил кийимли йигит илгарига қараб юрди ва бир жойга бориб отдан тушди. Шу жойда икки устунга катта бир ноғора ўрнатилган экан, бола устунга осилган ноғора чўпни олиб, ноғорани уч-тўрт урди. Шу пайтда одамлар майдоннинг бир томонидаги деворга кўз ташладилар. Бу деворнинг икки жойида дарвоза бор. Дарвозалардан бирининг деворларига одам каллалари осиб қўйилибди. Ноғора товуши чиққандан кейин, дарвоза очилди ва ичкаридан ўн нафар ёши ўн тўққиз-йигирмаларга борган, қора соч, қора қош, қора кўз, оқ бадан ва оқ ҳарирларга ўралган нозанин қизлар, юзларида табассум билан югургилаб чиқдилар ва йигитни ўртага олиб ичкарига олиб кириб кетдилар. Булар киргандан кейин дарвоза ҳам ёпилди. Шу пайт оломон жуда ҳам безовталанди. Орадан икки соатча ўтди. Ичкаридан карнай-сурнайнинг мунгли товуши эшитилди, дарвоза тезда очилди. Шунда олдига шапалоқ-шапалоқ қизил доғлар теккан, оқ ола ёпқич тутган, башараси буришган, афти хунук бир киши, ўнг қўлида пичоқ, чап қўлида бояги йигитнинг калласини қулоғидан ушлаб, қонини оқизиб чиқди ва девордаги каллалар ёнига олиб бориб михлади. Бу жаллод кўриниши билан оломон орасида бирдан қий-чув кўтарилди. Неча киши: “Дод!” деб ўзини ерга ташлади-да, ҳамма бирдан “Вой аттанг, шундай ёш йигит ўлиб кетди-я!”—дейишди. Баъзи хотинлар: — “Вой сени онанг туғмай ўлсин, сени жаллоднинг қўлига ем бўлиш учун туғган экан-да!” деб йиғлар ва бақирар эдилар. Жаллод каллани деворга қоқиб, ичкарига кирди. Дарвоза ёпилди. Шунда одамлар кўз ёшларини артиб, яна келган томонларига тарқалдилар. Мен ҳам карвонсаройга бориб, ҳужрамга кирдим. Бироқ шу вақт ичида бўлиб ўтган даҳшатли воқеанинг сабабини англамадим. Бирор кимсадан гап сўраш менга жуда ўнғайсиз туюлган эди. Шу пайт кўча томондан:
— Иллоллоҳ! Ё дўст! — деган товуш эшитилди, шошилиб ташқарига чиқдим. Қарасам, ҳассали бир мўйсафид кўча томондан “Ҳай аттанг, эй дариғ!” деб келаётир. Бу киши сарой ҳужраларидан бирининг қулфини очиб кириб кетди.
Мен чолнинг ҳужрасини чертдим. Чол келиб ҳужранинг эшигини очди ва: “Марҳамат, болам, марҳамат!” деди. Мен ичкарига кирдим ва чол билан кўришдим. Чол ўрин кўрсатди. Ўтирдим. Чол менинг кирганимдан ажабланиб:
— Бу ғариб отангизнинг ҳужрасига қандай шамол учириб кирди, меҳмон болам! — деди. Мен ҳам бунга яраша жавоб қилдим ва бирга сўзлашиб ўтирдим. Чол мени чой-нон билан сийлади. Шунда мен бу чолга ўзимнинг мусофирлигимни билдириб, эрта билан бўлиб ўтган фожианинг сабабини сўрадим. Чол:
— Ўғлим, сиз мусофир экансиз. Бу воқеанинг тагини билмас экансиз. Шу сабабли билмаганингизча кета беринг, мен буни сизга айтмай ҳам қўя қолай, — деди.
Чолнинг сўзини қайтариб “Айтсанг ҳам айтасан!” деб туриб олиш ўнғайсиз кўриниб, бироз ўйландим ва ўйимга келган нарсани чолга:
— Эй, ота! Мен шаҳрингизга келиб шу воқеани кўрдим. Шаҳримга қайтиб бориб ота-оналаримга, танишларимга сўзласам, улар бунинг сабабини сўраб қолсалар, “Мен билмайман” деб жавоб берсам яхши бўлмас, — дедим.
Чол менинг сўзимни чамалаб кўрди, маъқул тушди, шекилли:
— Бўлмаса, айтсам айтайин! — деб сўз бошлади:
— Бизнинг подшоҳимизни шоҳ Салом дейдилар. Шоҳ Саломнинг бир қизи бор. Унинг оти Моҳистара. Бу қиз, билмадим, одамдан туғилганми, паридан туғилганми, гўзалликда бутун мамлакатда ягона. Ҳеч қаерда бу қиздан ўзадиган ҳусндор қиз ҳали оламга келган эмас. Бу гўзал Моҳистаранинг таъриф-тавсифи бутун оламга кетган. Бунга хуштор бўлмаган шоҳлар, шаҳзодалар, бойлар ва бойваччалар қолмаган. Моҳистарага хуштор бўлган йигитлар унинг саройига келиб кирадилар. Унга кўриниш бериб, арз-ҳолларини айтадилар. Моҳистара йигитнинг олдига шарт қўяди ва: “Шу шартни бажарсангиз сизга хотин бўламан. Агар бажара олмасангиз ўлдиртираман!” дейди. Йигит Моҳистаранинг ишқида куйиб-ёниб, ўзини шамга урган парвонадай, кўзига оқ-қора кўринмай, шартни бажаришга кўнади ва бажара олмагандан кейин, жаллодлар йигитнинг калласини кесиб, деворга қоқади. Моҳистаранинг номи кетгандан бери жуда кўп каллалар кесилди. Каллалар кесила берганидан кейин, шоҳ Салом мамлакат аҳли шу воқеани ўз кўзи билан кўриб, ибрат олсин деб, қизига совчи келган куни бутун шаҳарга хабар берадиган бўлди. Одамлар унинг ўрдасига бориб тўпланади ва фожиани ўз кўзлари билан кўриб, диллари вайрон бўлиб қайтади. Мана, бугун ҳам шундай фожиа бўлиб ўтди. Бугун калласи кесилган йигит Басра мамлакатининг шаҳзодаси экан, — деди.
Мен чолдан воқеани англаб, чолга раҳмат айтиб, ўз ҳужрамга чиқдим.
Одамларим молларни сотиб ҳам бўлдилар. Шаҳримизга олиб кетиш учун мол олишимиз керак эди. Мен бозорда юрсам бир жойда бир кампир тугунни ерга қўйиб:
— Шу тугунни ким ўн минг тиллага сотиб олади?— деб, харидор чақиряпти. Мен кампирдан:
— Она, тугунда нима бор? — деб сўрадим. Кампир:
— Ичида нима борлиги айтилмайди. Баҳоси ўн минг тилла. Уйингизга бориб очасиз. Нима чиқса, бахтингиздан! — деди.
Мен қизиқиб, шу тугунни ўн минг тиллага сотиб олдим ва шошилганимча ҳужрага олиб бориб очдим. Очсам, ичидан бир кўйлак чиқди. Кўйлак нуқул зардан ва олтиндан ишланган, тангачалар тикилган хотинлар кўйлаги экан. У шу қадар чиройли тикилганки, мен оламда шу қадар чевар тикувчилар борлигига ҳайрон қолдим. Кўйлакнинг у ёқ-бу ёғини кўрдим. Кўйлакнинг олд томонида, кўкрагида бир қизнинг сурати бор. Остига “Маликаи Моҳистара” деб ёзиб қўйилибди. Суратга қараб, бу қизнинг чиройини кўриб, ҳуснига маст бўлиб, ҳушимдан кетиб йиқилибман.
Бир вақт ҳушимга келиб, кўзимни очиб қарасам, тепамда одамларимдан ва бирга келган карвонбошилардан бир тўдаси туришибди. Улар менинг кўз очганимни кўриб:
— Ана кўзини очди. Хайрият тирик экан! — дейишди. Улар мени олдин ухлаяпти деб гумон қилиб, индамабдилар. Кейин уйғотибдилар, турмаганимдан кейин юзимга сув сочибдилар, кўзимни очмабман. Мен уч кеча-кундуз деганда ҳушимга келибман. Кўзимни очгандан сўнг, улар мендан ҳол сўрашди. Мен:
— Кўчада иссиқда юриб келиб, шу аҳволга тушдим, — дедим ва сир билдирмадим. Улар хурсанд бўлиб, ҳужрадан тарқалишди. Улар кетгач, Моҳистаранинг суратини яна бир кўриш юрагимга орзу бўлиб тушди. Кўйлакни қўлга олиб, суратга қараб, яна ҳушимдан кетибман. Бу сафар ҳам уч кеча-уч кундуз деганда ҳушимга келибман. Ҳушимга келсам, яна тепамда шерикларим, бу сафар ҳам сирни уларга билдирмадим.
Мен билан бирга келган карвонлар молларини сотиб бўлиб, кетишга ҳозирландилар. Улар тез-тез ҳузуримга келиб, менинг ҳам тезроқ ҳозирланишим кераклигини айтар эдилар. Бироқ менга мол-дунёнинг кераги йўқ, фақат эс-у ҳушим маликаи Моҳистарада эди. Орадан бир қанча кунлар ўтди. Шерикларим йўл ҳозирлигини кўриб, саҳарда жўнаш учун менинг олдимга келдилар. Бунда мен Моҳистара ойимнинг хаёлини суриб, ҳужрамда туз тотмай, рангларим сарғайиб ётган эдим. Улар мени бу аҳволда кўриб ҳайрон бўлдилар ва менга “Қачон кетамиз?” деб савол бердилар. Мен уларга:
— Сизлар кета берингиз, мен кетмайман! — дедим. Шерикларим менинг сўзимдан ажабландилар ва ҳолимнинг оғирлигини кўриб, кетмаслигимнинг сабабини сўрай бошладилар. Мен айтмадим, улардан бири бошқа шерикларни кетказиб, мендан астойдил ҳол сўради. Мен воқеани унга баён қилдим ва Моҳистаранинг саройига боришимни, унинг шартини бажаришга аҳд қилганимни айтдим. Шунда у одам:
— Эй биродар! Сиз билан биз мусофирмиз, савдо иши билан келганмиз. Эсон-омон ўз жойимизга етиб олайлик, қўйинг бундай ишларни. Моҳистаранинг таъриф-тавсифини биз ҳам эшитдик. Унга хуштор бўлган кишилар унинг шартини бажара олмай ўлар экан, сиз ҳам ўлиб кетманг, — деди.
— Бир Моҳистара учун юзта каллам бўлса ҳам тикканман. Моҳистаранинг шартини бажара олмасам, бир марта унинг жамолини кўриб ўлсам, армоним йўқ! — дедим.
Шеригим кўп насиҳатлардан сўнг:
— Ахир сиз Моҳистарага хуштор бўлсангиз, одамларингизни, бундаги мол, туяларингизни сарсон қилиб қўйманг. Сиз керакли молларни олинг, биргалашиб жўнайлик. Отангизнинг омонатларини ўзига олиб бориб топширинг. Кейин бир ўзингиз келиб, Моҳистарага ошиқлигингизни қила беринг! — деди.
Шеригимнинг гапи менга маъқул тушди ва жўнашга сўз бердим. Шунда бу одам менга ёрдамлашиб, йўл ҳозирлигимга киришди. Орадан икки кун ўтгач, биз бу шаҳар билан вақтинча хайрлашиб шаҳримизга жўнадик. Бир қанча кун йўл юриб, бояги поёнсиз қум саҳросига бориб етдик. Чарчаган ерларда тўхтаб, дам олиб, қумлар ичида борар эдик. Бир куни кечаси ҳаво айниди ва аста шамол келди. Шамол тобора кучайиб, саҳронинг қумларини учириб, ҳамма ёқни чанг-тўзон билан қоплади. Шамолнинг шиддати ва чангнинг зўридан туячилар ва туялар юришдан тўхтади. Туяларни тўхтатдик ва чўктириб, устларидан юкларни туширдик. Шамол зўрайиб, чўлнинг қумларини бошқа томонларга кўчириб олиб кетмоқда. Бу йўлларда илгари ҳам юриб кўрган туячилар ваҳимага тушдилар, улар агар шамол зўрайиб кетса, ҳаммамиз қумнинг остида қоламиз деб хавфланар эдилар. Ҳаммамиз аллақандай қўрқинчли хаёлларга чўмиб ўтирар эдик. Шу пайт узоқдан бир қум қуюни пайдо бўлди. Бу қуюн ердан кўкка тегар, гўё ер билан осмон ўртасидаги йўғон бир устунга ўхшар ва илондек буралиб, камоннинг ўқидек шитоб билан келар эди. Бу қуюн йўлини биз томонга қараб бурди ва келди-да, мени ўраб, ўзи билан бирга олиб кетди. Мен қуюннинг ичида учиб кетаётиб, ўзимдан кетибман. Бир замон ўзимга келиб кўзимни очиб қарасам, шу боғдаги шу супада ётибман, тепамда бир қанча нозанин қизлар бор. Мен бу аҳволдан “Ажиналар орасига тушиб қолдим шекилли”, деб жуда қўрқиб кетдим. Бироқ қизлар:
— Қўрқманг, энди ўрнингиздан туринг, ювининг! — дедилар. Мен қўрқа-писа ўрнимдан турдим. Қизлар мени ювинтирдилар. Оппоқ уст-бошлар кийгиздилар ва жуда ҳам гўзал, нозанин бир қизнинг ёнига олиб кетдилар. Қиз мени яхши қарши олди ва кулиб боқиб, олдимга келди-да, қўлимдан етаклаб бориб, олтин курсига ўтқазди, ўзи ҳам олтин курсига ўтириб, менинг кўнглимни олиш учун ноз-у истиғно билан ҳар хил ёқимли сўзлар айта бошлади. Мен нима воқеа бўлганини билмас эдим, қўрқиб, ҳадеганда гапира олмадим ва қизнинг саволларига қарши:
— Мен қаердаман? —деб сўрадим.
Қиз қаҳ-қаҳ уриб кулди ва келиб қўлимдан ушлади-да, турғизиб, бошимни кўксига қўйди, юзимни аста силай бошлади, яна жойимга ўтқазиб гап бошлади:
— Эй гўзал йигит, мен парилар мамлакатида пари маликаларидан бири бўламан. Отим Санобар. Парилар мамлакатида бир гуноҳ иш қилиб қўйганим учун маликалар маликаси мени шу жойга кўчириб юборди. Мен бу жойга олтмиш йилга келганман. Бу жойларни маликамиз қуриб берган. Бу қизлар менинг хизматимда. Мен маликамдан бирорта одамзодни топиб, эрга тегишга рухсат олганман. Келганимдан бери кўп жойларни қидириб, кўнглимга тўғри келган йигитни учратмадим. Бу кун чўлда каптар бўлиб учиб юрганда сизни кўрдик ва қуюн бўлиб бориб олиб келдик. Сиз чўлда қолган мол-дунёларингиздан қайғурманг. Улар эсон-омон отангизнинг қўлига бориб тегади. Бизда отангизникидан ҳам кўп мол-дунёлар бор. Энди гап шулки, сиз мени никоҳингизга олинг. Иккимиз шу жойда роҳатда яшайлик, — деди. Мен қизнинг гапидан сўнг воқеани англадим ва анча дадилландим. Энди нима қилмоқ керак? — деб ўйландим. Қиз эса, менинг атрофимда пар-вона бўлиб, қандай қилиб бўлса ҳам мени кўндириш ҳаракатида эди. Мен ўйлана-ўйлана ўз-ўзимга дедим:
— Мен Моҳистара ойимни яхши кўрдим. Менинг фикр-ёдим унда эди. Унга етишим хатарли, бахтим йўл бериб етишсам етишаман, етишмасам ўлиб кетаман. Бу қиз пари бўлса, бунинг ҳусни ҳам ўн тўрт кунлик ойдай, бир мамлакатга бергисиз қиз экан.
Шу куни мен бунда меҳмон бўлдим. Мени жуда ҳам сийлаб, яхшилаб зиёфат қилишди. Эртаси Санобар ойимга никоҳладилар. Мен у билан бунда роҳатда яшай бошладим. Шундан бери орадан қирқ йил ўтди. Унда ёшим ўн саккизда эди, ҳозир эллик саккизга кирдим. Ўша Санобар ойим мана бу киши, — деб ёнидаги бояги нозанин хотинни кўрсатди, хотин кулимсираб ерга қаради ва чол сўзини давом этиб: — Бундан бир қиз туғилди! — деди.
Шул пайт бояги эшик очилиб, яна илгари чиқиб жилва бериб қочиб кириб кетган гўзал қиз чиқди-да, яна кириб кетди.
Чол шу қизни кўрсатиб, “Ўша менинг қизим. Бу қиз шу қадар шўх бўлдики, гоҳо гул бўлиб очилиб, тепасида булбул бўлиб сайрайди, гоҳо каптар бўлиб учади, гоҳо балиқ бўлиб сувда сузади. Гоҳо кийик бўлиб тоғларга чиқиб кетади. Сиз ов қилиб юрганда, сизга кўринган кийик ҳам шу менинг қизим. У сизни яхши кўриб, сизни бу ерга эргаштириб келган. Сиз турган ер билан бу ернинг оралиғи бир ярим ойлик йўл”, деди.
Шунда Шавкат уялинқираб ерга қаради. Қиз яна кўринди, отаси уни: “Ҳа, шум! Акангни бу қадар қийнамасдан, тўғри бошлаб кела берсанг бўлмасмиди?” — деди.
— Энди, ўғлим, сиз бу жойга келибсиз. Бизнинг қизимиз сизга бўлсин. Сиз бизга куёв бўлинг, бирга шу жойда яшайлик! — деди.
Шавкат чолнинг бошидан ўтказганларини эшитиб, ичида унга таҳсинлар айтди ва кийик қиёфасида ўзини эргаштириб келган қизга янада меҳр қўя бошлади. Лекин у чолнинг таклифига бирор жавоб айтмади.
Шу пайт қизлар тушлик овқат тайёр бўлганини айтдилар. Шаҳзода, чол, унинг хотини Санобар ойим ва ҳамма қизлар келиб ўтирдилар. Чол қизлардан бирига:
— Сайёрага айтингиз, акасидан уялмай чиқа берсин! — деди. Санобар ойим эса: “Қўйинг, уялади!” деди.
Чолнинг гапига қарши айтилган бу гапга шаҳзода ичида жуда ҳам норози бўлди. Шу пайт у қизларга қараб: “Киринг, олиб чиқинг!” дегиси келди-ю, бироқ бундай дейиш мумкин эмасди.
Санобар ойим “уялади” дегандан кейин қизлардан бири: — Уялса бизнинг ёнимизда ўтирар-да, олиб чиқайлик! — деди ва уйга кириб кетди.
Катта ҳовлидан ўтиб кириладиган шинамгина боғчада чолнинг “кийик” қизи Сайёра ойим ўз канизаклари билан ўйин-кулгига машғул эди. Қиз бориб Сайёра ойимни шаҳзода билан бирга овқатланишга таклиф қилди. “Кийик” қиз уялишини айтса ҳам, қизларнинг қистови билан чиқишга мажбур бўлди. Ташқаридагиларнинг шаҳзодадан бошқаси бепарво, ҳар қайсиси ўз гапи билан, бироқ шаҳзоданинг фикри ёди “кийик” қизда ва кўзи ўшал эшикда эди. Қизнинг уйдан чиқиши субҳ содиқ бўлиб, тоғнинг нариги ёғидан аста-секин қуёш зарралари бутун оламга намоён бўлаётгандай туюлар эди. Кун ҳам чиқиб, бутун олам мунаввар бўлди. Унинг атрофидаги сайёралар қуёшни олқишлаб келдилар. Ўлтирганлар уларга кулиб боқдилар. Қуёш — Сайёра уялган, қизарган ва ерга қараган ҳолда, гоҳо орқага қараб кулиб, қочмоқчи, гоҳо каптар бўлиб учиб кетмоқчи бўлиб, қадамини шиддат билан босиб келди, мармар супага чиқиб, шаҳзодага: “Келинг, меҳмон!”— деди-да, қизларнинг орасига бориб ўтирди. Ўлтирганлар овқатланишга бошладилар, бу шундай бир завқли пайт бўлдики, шаҳзоданинг назарида бутун табиат табассум билан унга “қайлиқ муборак!” деяётгандай; булбуллар, тўти ва қумриларнинг сайраган овозлари ёр-ёр куйини куйлаётгандай туюлди. Сайёра билан шаҳзоданинг кўзлари тез-тез бир-бири билан учрашишда давом этди. Овқатдан сўнг Сайёра шаҳзодага кўз қирида “хайр” деди, яна ўз равзасига кириб кетди.
Шаҳзода билан Сайёранинг бу нозик муомалаларини пайқаган Санобар пари кўнглида жуда ҳам шодланди. Чол билан суҳбатлашиб ўтирган шаҳзода:
— Ўша кўйлакни нима қилдингиз? —деб сўради.
— Ул кўйлакни йўқотганим йўқ, уйда турибди, — деб жавоб берди чол.
Шунда шаҳзода чолдан ўша кўйлакни кўрсатишни сўради. Чол Санобар ойимнинг лаб ва қовоғи билан: “бўлмайди!” деган ишорасидан кейин:
— Болам, қўйинг, кўрмай қўя қолинг! — деди.
Шаҳзода яна бу жойда бир қанча кун турди. Ҳар куни қизлар билан суҳбатлашди. Сайёра билан доим бирга бўлди. Сайёранинг ойдек жамоли ва ўтдек сўзлари шаҳзодани жуда ҳам мафтун қилди, унинг Сайёрадан ҳеч ажралгиси келмас эди. Чол билан хотини эса, энди Сайёра билан шаҳзодани никоҳлаш фикрига тушган эдилар. Санобар ойим бир куни қизлар билан каптар бўлиб, атрофни томоша қилиб келмак учун учиб кетдилар. Чол якка қолди. Шаҳзода шу пайтдан фойдаланиб, бояги кўйлакни кўрсатишни чолдан сўради. Чол қанча қайтарса ҳамки, шаҳзода қистай берди. Охири чол тугунчани олиб чиқиб шаҳзоданинг олдида ечди. Тугундан бир кўйлак чиқди. Чол кўйлакни шаҳзодага кўрсатди. Шаҳзода кўрса, кўйлак ҳақиқатан қимматбаҳо ва жуда ҳам яхши тикилган. У шу кўйлакни Сайёрага кийгизиб, унинг жамолини ва қаддини томоша қилишни хотиридан ўтказди. Шаҳзода кўйлакнинг у ёқ-бу ёғини томоша қилаётиб, олд томонда, кўкрагидаги Моҳистаранинг суратига кўзи тушди. Шаҳзода суратга қараса, шундай гўзал бир қизки, бу ҳусннинг олдида Сайёранинг ҳусни ҳеч нарса эмас. Моҳистара катта бир уйни ёритиб турган равшан чироқ бўлса, Сайёранинг чиройи унинг олдида хира чироқдек кўринди, унинг ҳуснига маст-аласт бўлиб, ҳушидан кетиб йиқилди. Орадан бир қанча вақт ўтиб, шаҳзода ҳушига келди. Қараса, тепасида чол, унинг хотини ва қизлар жуда хомуш бўлиб турибдилар. Санобар пари чолга: “Мен сизга кўйлакни кўрсатманг, деб кўп тайинладим. Нега кўрсатдингиз! Мана энди нима бўлди!” — деб ғазаб қилиб турибди. Чол хафа. Сайёра эса икки кўзига ёш олиб, йиғлаяпти.
Шаҳзода ҳушига келгандан сўнг, ҳаммалари суюндилар. Бироқ шаҳзоданинг муҳаббатини Моҳистара ўзига тамом тортган эди. Шу сабабли у Сайёрага назар ҳам солмади ва яна бир марта кўйлакни кўрсатишни сўради. Лекин кўйлакни кўрсатмадилар. Шу пайтдан бошлаб, шаҳзоданинг важоҳати ўзгарди. У илгаригидек лаб очиб гапирмади, қовоқ очиб кулмади, унинг бу аҳволидан ҳаммалари ташвишда эдилар. Айниқса, Сайёра жуда ҳам безовта бўлди. Эртаси шаҳзода чолга:
— Отимни берингиз! Мен кетаман, — деди. Бироқ чол отини бермади ва қандай қилиб бўлса ҳам уни овутмоқ ҳаракатига тушди. Санобар ойим хафа бўлиб, тез-тез чолдан ўпкалар, кўйлакни кўрсатгани учун танбеҳ берар эди.
Орадан яна икки-уч кун ўтди. Бу орада шаҳзоданинг хафачилиги ёзилмади. Сайёра унга қанчалик ялинган, ёлворгансимон муомалада бўлса ҳам шаҳзода бунга парво қилмади. Шаҳзоданинг фикри-ёди тамоман маликаи Моҳистарага кетди. Бир куни шаҳзода кетишга астойдил ҳаракат қилиб, отини талаб қилди. Отини бермаганларидан сўнг “Бўлмаса пиёда кетаман” деди. Шунда чол отни беришга мажбур бўлди ва отни келтириб, шаҳзодага тўғри қилди, шаҳзода хайрлашиш олдида чолга:
— Ота, сиз менга кўйлакни кўрсатдингиз, мен кўйлакдаги суратни кўриб, маликаи Моҳистарага ғойибона ошиқ бўлдим. Энди мен Моҳистарани излаб бораман. Сиз менга Моҳистаранинг юртига бориш йўлларини айтиб беринг! — деди. Чол айтди:
— Эй, болам, сиз у ерларга якка ўзингиз боролмайсиз. У кўп узоқ шаҳар, йўллари жуда хатарли. Шунинг учун мен у ерга боришни сизга маслаҳат бермайман. Шаҳзода айтди:
— Агар сизга йўлни айтиб бериш малол келса, майли, таваккал қилиб кета бераман! — деди.
Чол кўрдики, шаҳзода йўлдан қайтмайди. Энди бунга йўлни тайинлаб бермасам, ёш йигит бирор жойда нобуд бўлмасин, деб Ҳиндистонга борадиган йўлларни тушунтирди. Шунда шаҳзода чолдан, Санобар ойимдан берган тузларига рози бўлишни, қизлардан эса қилган яхшиликларига рози бўлишларини сўради. Бироқ Санобар ойимнинг розилиги бўлмади. Шундай қилиб шаҳзода булар билан хайрлашиб жўнади. Сайёра эса суйган ёридан ажраб, оғзида оши, кўзида ёши билан қолди.
Шаҳзода отини ўйнатиб, сўлуғини чайнатиб, йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди. Орадан олти кун ўтганда бир тоғга етиб борди. Тоғ жуда азим экан. Шаҳзода тоғнинг у ёқ-бу ёғига боқиб, қорайган бир нарсани кўрди. У шу қорайган томонга етиб борди. Борса, тоғнинг пастида ўн-ўн беш туп дарахт бор, дарахтларнинг тагида бир қўрғонча, ичида иккита чордевор уй. Тоғнинг бир жойидан сув тешиб чиқиб, нов билан пастга тушиб турибди. Ундан ариқ бўлиб оқиб, қўрғончага киради, ундан чиқиб, пастга қараб оқиб кетяпти.
Шаҳзода отдан тушди ва қамчиси билан қўрғончанинг эшигини қоқди. Бироз ўтгач, қўрғончадан эшикни очиб бир чол чиқди.
Чол қараса, қора ёл, қора дум, қиличбўйин, сағрисининг устига тухум қўйса турадиган, белдор саман отини етаклаб, бошида шаҳзодалар киядиган тожи, эгнида ҳарир ва кимхоб уст-бошлар, қилич-яроғ таққан, ёши ўн саккиз-ўн тўққиз ўрталарида баркамол бир йигит турибди. Йигит чолни кўриб таъзим қилди, отнинг юганини қўйиб юбориб, келиб чолга қўл берди. Чол ҳам у билан кўришиб, отни ушлади ва ичкарига олиб кирди. Чол шаҳзоданинг отини дарахтга боғлаб, уйидан бир пўстак чиқариб ариқ бўйига ёзди, шаҳзодани шу жойга ўтқазиб, “Хуш келибсиз” деди. Сўнгра бир чойдиш қайнатиб, иккита қотган нон, пиширилган каклик гўшти билан меҳмон қилди ва у билан суҳбатлашиб ўтирди. Шаҳзода чойдан сўнг чолга айтди:
— Ота, мен йўл юриб келиб чарчаганман. Агар малол келмаса, шу жойда бироз мизғисам! —деди. Чол:
— Жоним билан, болам. Йўл азоби гўр азоби деганлар. Ухлаб, ҳордиғингизни чиқаринг, — деди ва уйидан иккита лўла болиш чиқариб шаҳзоданинг бошига қўйди.
Шу кун ўтди, тонг ҳам отди, бироқ чол шаҳзодани жуда ҳам хафа ва дардли кўрди. Чол айтди:
— Болам, биз шаҳардан йироқ шу тоғларда ота-боболаримиздан қолган ерларда яшаб келамиз. Биз ўлиб кетсак, болаларимиз қола беради. Мана мен шу жойда бир хотин ва бир ўғлим билан тураман. Уч кун бўлди, болалар элга кетишган. Бизнинг тирикчилигимиз ов билан. Сиз дам олиб ўтиринг. Мен овга бориб сизнинг ризқингизга нима тушса, олиб келаман, — деди. Шаҳзода овга қизиқар эди. Чолнинг гапини эшитиб:
— Бўлмаса, мени ҳам олиб бормайсизми! — деди.
Чол билан йигит ов қилиш учун тоғга чиқиб кетдилар. — Чол йўл-йўлакай ўз хотираларини айтиб борар эди.
Шаҳзода гоҳо диққат билан тинглар, гоҳо ўз-ўзидан уҳ тортар эди. Шу куни кечгача каклик отдилар. Кечга яқин тоғнинг баланд бир жойидаги тошнинг устида қулоғини динг қилиб, бутун атрофга кўз ташлаб турган бир кийикни кўрдилар. Шаҳзода кийикни отмоқчи бўлди. Чол уни отиш жуда қийинлигини айтди. Шунда шаҳзода бир тошга суянди, кийикни мўлжаллаб отди. Кийик тош устидан пастга қараб тўнтарилиб тушди. Чол шаҳзоданинг мерганлигига қойил қолди, иккиси бориб кийикни кўтариб келдилар.
Шундай қилиб орадан уч-тўрт кун ўтди, бир куни шаҳзода чолга ўзининг кетишини айтиб, Ҳиндистонга қайси йўл билан бориш маъқул эканини сўради. Чол ундан Ҳиндистонга бориш сўзини эшитиб, Ҳиндистон йўлининг узоқ ва хатарли эканини, бир киши бориши мумкин эмаслигини айтди. Бироқ шаҳзода учун ҳеч қандай хавф-хатар писанд эмас эди. Шу сабабли кетишга қатъий қарор қилганини айтди. Шунда чол икки меш сув ва озиқ-овқатлар бериб шаҳзодани Ҳиндистонга жўнатди.
Шаҳзода чолнинг тайинлаган йўли билан икки кеча, икки кундуз йўл юргандан сўнг тоғ тугади ва поёнсиз бир биёбонга бориб тақалди. Шаҳзода шу чўлга қараб от солди. Роса уч кеча-кундуз йўл юргандан сўнг қумли чўлга кирди. Ўн беш кун йўл юрди. Бир куни отининг орқасига қандайдир бир нарса ирғиб минди ва шаҳзоданинг бошига бир шапати урди. У шапатининг қаттиқлигидан шаҳзоданинг кўзидан ўт чақнагандай бўлди. Шаҳзода ҳайрон бўлиб орқасига қараса, бир махлуқ мингашиб олибди. Ҳар кўзи шокосадай, бурни ялпоқ, жунлари қаричга келади, одам деса одамга, маймун деса маймунга ўхшамайди. Шаҳзодага қараб гоҳо ҳиринглаб кулади, гоҳо оғзини иржайтириб, тишларини ғижирлатиб ириллайди. Шаҳзода: “Қандай махлуққа дуч келдим, буни нима қилсам бўлади!” деб ўйлади. Гоҳо бирор нарса демаслик ва тегмаслик фикрига, гоҳо ўлдириш фикрига келди. Шунда бу махлуқ от устига тикка чиқди, икки қўлини шаҳзоданинг елкасига солиб, унинг устига минди. Шаҳзода қарасаки, бу махлуқ бор кучи билан шаҳзодани эзиб боряпти ва шундай қўйиб берса, эзиб мажақлайдиган. Буни от пайқаб, қулоқларини чимириб, этлари дир-дир учиб, пишқириб, дикир-дикир сакраб борар эди.
Шаҳзода бу махлуқнинг икки қўлидан маҳкам ушлаб бор кучини йиғиб қаттиқ сиқди-да, отдан кўтариб ерга бир урди. Шунда бу махлуқнинг бир оёғи синиб, қийқирган бўйича қочиб кўздан ғойиб бўлди. Шаҳзода бу балодан қутулганига шукрлар қилди. Орадан бироз вақт ўтгандан кейин орқасидан дувур келди. Шаҳзода отни буриб қараса, қумни чангитиб бир тўда махлуқлар келяпти. Шаҳзода ҳалиги балонинг шериклари деб гумон қилди. Қочай деса, етиб олади. Қочмайин деса, улардан бир шикаст етиши мумкин. Шунда шаҳзода таваккал қилиб бу махлуқларга қараб от солди. Ҳақиқатан, ҳалиги махлуқнинг юзга яқин шериклари экан. Келишиб шаҳзодани ўраб олдилар. Бу махлуқлар ё шаҳзодага яқинлашмайди, ё орадан чиқармайди. Шаҳзодани уч кеча-кундуз қамраб юрдилар. Охири шаҳзода булардан қутулиш қийин эканини билди ва ёнидаги қиличини чиқариб, таваккал қилиб от солди, улар билан олишиб, кўпларини ўлдириб, ярадор қилиб, базўр қутулди. Шаҳзода йўл-йўлакай чўлнинг турли ваҳшийларига йўлиқиб, улар билан олишиб бораверди. Орадан бир ой вақт ўтди. Мешдаги сув ҳам тугади. Чўл қизиган вақтда қизиган қозондай ўтли бўлади. Пешинда от ҳам, шаҳзода ҳам ҳушсизланади, кечаси шабада эсиб, ерлар совиганда ҳушига келади, вақтни ғанимат билиб жўнайди. Кундузи яна ҳушидан кетиб йиқилади; тунда ҳушига келиб, яна йўл юради. Шу аҳволда ўн беш кун йўл юргач, шаҳзоданинг оти ўлди. Шаҳзода қаттиқ хафа бўлди, ноилож пиёда юрди. Яна ўн беш кун йўл босди. Бир куни кечаси бир нарсанинг товуши эшитилди. Орқасига бурилиб қараса, бутун атрофдан чириллаган овоз келди. Бу овоз тобора яқинлаша бошлади. Шаҳзода ваҳимага тушиб тез-тез юрди ва бир қумтепа устига бориб етди. Унинг олдидан баҳайбат илонлар ўта берди. Шаҳзода тонг отгунча шу жойдан жилмади. Саҳарга бориб субҳ козиб яқинлашганда илонлар қайтиб ўтди. Улар кетишда ҳам, келишда ҳам тепаликка чиқмадилар. Эрта билан шаҳзода яна йўлга тушди. Шаҳзода қанча кўп йўл босмасин, чўлнинг қирғоғи ҳеч кўринмас эди. “Йўл юра берай, ишим ўнгидан келса, чиқиб кетарман, ўнгидан келмаса, ўлсам ўларман!” деди-да, кета берди.
Орадан бир қанча кун ўтгандан сўнг узоқдан бир қора кўринди. Шаҳзода шу қорага қараб юрди. Бир қанча вақт йўл юргандан кейин кўринган қоранинг дарахт экани билинди. Бориб қараса, ердан булоқ қайнаб чиқиб, катта ариқ бўлиб кетяпти. Булоқ атрофида бир қанча дарахт бор. Дарахтларнинг шохлари ерга соя солиб турибди. Шаҳзода сувга етиб келолмасдан ўн қулочча нарида мадорсиз йиқилди. Бироз вақтдан сўнг ўзига келиб зўрға сувга етди, хурсандлигидан кўзларидан ёшлари оқиб, тўйиб сув ичди, шу жойда ором олиб ухлади. Эртасига туриб қараса, жуда озиб-тўзиб кетибди. Шаҳзода яхшилаб ювинди. Ҳолсизланган оёғига тош қиздириб босди ва ўсимликларни сиқиб боғлади. Шундан шифо топиб оёқлари тузала бошлади. Шаҳзода беш-олти кунда ўзига келиб, бироз тетиклашди.
Бир куни ҳаво айниди. Осмонни қора булут босиб, бутун олам қоронғулашди. Бир соатдан сўнг қоронғилик тарқаб, узоқдан тўртта қуюн пайдо бўлди. Бу қуюн шаҳзода турган томонга қараб жўнади. Қуюн яқин келганда тарқалди, орқасидан бўйи булутга тегадиган, ҳар бурни хумдоннинг минорасидай тўртта дев чиқиб келди. Шаҳзода девлардан қўрққанидан дарахтга чиқиб кетди. Девлар булоқ бўйига келиб, узала тушиб ётишди. Шаҳзода қўрққанидан дарахт шохини қучоқлаб, жим тура берди.
Бир замон девлардан бири гап бошлади:
— Укалар, энди биз бир иттифоққа келмасак бўлмайди.
Яна бир дев айтди:
— Иттифоққа келишимиз жуда қийинга ўхшайди.
— Нимага?
— Мен оламан, деганимни сен оламан дейсан; сен оламан десанг, мана булар биз оламиз деб талашади. Қандай қилиб иттифоққа келамиз.
— Энди бизга холис бир киши керак бўлиб қолди. Шу киши ҳеч биримизнинг гапимизга қулоқ солмасдан, мана бу сенга, мана бу унга деб бўлиб берса, чекингга чиқса чекчайма дегандай, ҳар қайсимиз ўзимизга текканга рози бўлиб кета берсак.
Бу гап бошқа девларга ҳам маъқул тушиб:
— Бу жуда тўғри маслаҳат, лекин шундай холис кишини қайдан топамиз? — дедилар. Ҳалиги гапни айтган дев:
— Холис кишини топиш қийин эмас, ҳозирнинг ўзида топамиз, — деди-да, дарахтдаги шаҳзодага қараб:
— Ҳой, шаҳзода, пастга туш! — деди. Шунда шаҳзода бу сўзни эшитиб, жуда ҳам қўрқиб кетди. Дев айтди:
— Биз сенга зиён еткизмаймиз. Туш! Ҳожатимизни чиқар! Биз ҳам сенинг ҳожатингни чиқарамиз, — деди.
Шаҳзода қўрққанидан тушиш у ёқда турсин, девнинг гапига гап ҳам қайтаролмади. Девлар кутди. Шаҳзода тушмади. Шунда девлардан бири ётган жойидан турмасдан қўл узатди, шаҳзодани кўтариб ерга қўйди. Юмшоқ гаплар гапириб, шаҳзодани кўндирдилар. Шунда шаҳзода:
— Нима ҳожатларинг бор? — деди. Девлардан бири:
— Биз тўртталамиз оға-ини бўламиз. Отамдан бизга бир телпак, бир гиламча, бир камон, бир олтин жом мерос қолган.
Шуни тўртталамиз тўрт йилдан бери бўлиб ололмай жанжалдамиз. Сен шу нарсаларни бизга бўлиб бергин! — деди.
Шаҳзода девларнинг шу арзимайдиган нарсаларни бўлолмаслигига ҳайрон қолган эди, девлар унга шундай изоҳ беришди:
— Бу нарсаларнинг хосияти зўр. Мана бу телпакни ким кийиб олса, кишининг кўзига кўринмайди. Гилам устига ўтириб ”кўтар!” деса, осмонга кўтариб чиқади ва бутун дунёни саёҳат қилдиради.
Мана бу жомга сув қуйиб, шу сувга қараб нима десанг, айтганинг бўла беради. Мана бу камонга ўқ солиб отсанг, кўзлаган ерингга тегади, теккан нарсасини бирга қайтариб ўзингга олиб келиб беради.
Шунда шаҳзода, ундай бўлса буни қандай қилиб бўлсам экан, деб кўп ўйлади ва девларга айтди:
— Мен шу тўрттала нарсани аъло авсат қилиб бўламан. Чунончи: қалпоқ — биринчи, гиламча — иккинчи, жом — учинчи, камон — тўртинчи бўлади. Мен шу камонга тўртта ўқ солиб отаман. Ҳамманг баробар чопасан. Қайси биринг ўқни тутиб, олдин келсанг, қалпоқни оласан. Иккинчи келганинг гиламчани, учинчи келганинг жомни, тўртинчи келганинг камонни оласан, — деди.
Бу гап девларга жуда маъқул тушди. Шунда шаҳзода ёйга тўртта ўқ солди ва бир чеккага чиқиб отишга ҳозирланди ва ўқларга қараб:
— Эй, ўқжонлар, мен сизларни отаман, бирортанг ҳам девларга еткизмагин ва бирор жойда тўхтамай учиб юра бергин! — деб тўртта ўқни тўрт томонга қаратиб отди.
Девлар ўқ кетидан чопиб ғойиб бўлдилар. Шаҳзоданинг ўзи бу нарсалар билан қолди. Шаҳзода ғанимат фурсатни қўлдан бермади; нарсаларни олди, гиламни ёзиб устига ўтирди ва гиламга: “Мени маликаи Моҳистаранинг шаҳрига етказгин!”— деди. Гилам шаҳзодани кўтариб осмонга олиб чиқиб кетди ва тез орада бир шаҳарга келиб қўнди. Шаҳзода гиламдан ерга тушди, гиламни буклаб қўлтиққа урди ва аста-секин шаҳарга кирди. Шаҳардаги бир карвонсаройга тушди. Шаҳзода камонни ва қалпоқни қозиққа илди. Гиламни ва жомни токчага қўйди. У неча ойлардан бери озиқ-овқатнинг юзини кўрмаган, оч ва ориқ эди. Ҳужрада ўтириб бир овқатлангиси келди. Бироқ овқатга пули йўқ эди. Шунда жомни кўтариб ташқарига чиқди. Сарой ўртасидаги ҳовуздан жомга сув тўлдириб ҳужрага кирди ва:
— Э жом, бир халта тилла ҳозир бўлсин! — деди. Шу ондаёқ бир халта тилла ҳозир бўлди. Шаҳзода бу тиллаларни катта-катта сарф қилиб, қоринни тўқлади, устини бутлади ва табибларга боқизиб, яра-чақаларини тузатди.
Бир куни шаҳзода ҳужрада ухлаб ётганда қулоғига қаттиқ бир овоз кириб уйғонди. Қулоқ солса, карнай-сурнайнинг овози келди. Шаҳзода: “Бу тунда нега карнай-сурнай чалинади, ё бировга тўй келдими!?” деб ўрнидан турди ва кийиниб ташқарига чиқди. Қараса, саройнинг томида қирқ карнайчи, қирқ сурнайчи, қирқ болобомчи, қирқ ноғорачи чалиб ётибди, буларнинг овози ҳамма ёқни бузиб ётибди. Бироқ чолғучилардан бошқа ҳеч ким йўқ. Шаҳзоданинг уйқуси келмади. Сўфи азон айтди. Шаҳзода мачитга кирди. Одамлар билан намоз ўқиди. Шаҳзода ҳам бошқалар билан кўчага чиқса, кўча тўла одам, ёш-қари ҳаммаси шошилганича, кеч қолган бозорчидай бир томонга кетиб бормоқда. Мачитдан чиққан одамларга қўшилиб шаҳзода ҳам кета берди. Кеча Моҳистаранинг шартини бажаришга келган йигитнинг тақдирини билиш учун одамлар подшоҳнинг ўрдасига қараб бораётган эди.
Оломон подшоҳ ўрдасига етиб борди. Ёши ўн саккиз-ўн тўққиздаги бир барно йигит ҳозир бўлди ва майдоннинг ўртасидаги ноғорани чалди. Шу пайт дарвоза очилиб, ундан оппоқ иракка ўранган, “мана мен” деган билқиллама нозик қизлар чиқишди, йигитни ўрдага олиб кириб кетдилар, дарвоза бекилди. Халқ эса, ҳаяжонга тушиб, унинг тақдирини кутди. Орадан бир соат ўтгандан кейин жаллод бир каллани кўтариб чиқди ва халойиққа кўрсатиб деворга михлади. Шу пайт халойиқ ўртасида дод-вой кўтарилди, кампирлар “дод!” деб ўзини ерга урди. Халойиқ ўз жойига тарқаб кетди. Шавкат бу воқеани ўз кўзи билан кўргач, Моҳистаранинг ўрдаси шу эканини билиб, ҳужрасига қайтди. Орадан бир қанча кун ўтди. Шаҳзода ҳужрада ётиб дам олди ва бироз ўзига келди. Бир куни маликаи Моҳистаранинг ўрдасига боришга қарор қилди. Камонини бўйнига тақди, жомни ва қалпоқни гиламчага ўраб қўлтиққа қисди, аста-секин Моҳистаранинг ўрдасига равона бўлди. Ўрдага ҳам етди. Шу жойда бироз турди. Лекин бундан бир қанча кунлар илгари неча ўн минглаб кишилар билан тўлган бу майдонда энди шаҳзоданинг бир ўзидан бошқа ҳеч кимса йўқ эди. Шаҳзода ноғоранинг остига келди ва чала бошлади.
Моҳистара ўрдада қирқин қизлари билан ўйин-кулгига машғул, отаси ҳам ўз хонасида алланималарни ўйлаб ўтирар эди. Бирдан ноғоранинг товушини эшитдилар. Шунда Моҳистара:
— Яна қандай куни битган келди?! — деди.
Отаси шоҳ Салом: “Яна қандай шўрли отанинг ўғли келди экан!” деди ва безовталанди. Моҳистара мағрурона кулар, қизлар ва бошқа ўрда аҳллари яна ташвишга тушган эдилар. Ниҳоят, Моҳистаранинг одамларидан бири ўрда дарвозасини очиб майдонга чиқди. Майдон кишилардан холи, бироқ кимдир ҳадеб ноғора қоқиш билан машғул. Бу киши ноғоранинг тагига борди ва шаҳзодани кўздан кечирди, унга бирмунча вақт қараб-қараб, кулимсираб сўради:
— Ҳа, биродар! Нима учун ноғорани қоқасан?
Шаҳзода айтди:
— Мен маликаи Моҳистарага ошиқ бўлиб келдим. Унинг ҳузурига кириб ошиқлигимни изҳор қилмоқчиман, — деди. Моҳистаранинг кишиси ўрдага кириб:
— Эй маликам! Майдонга бир девона келибдир. Бўйнида камон, қўлтиғида эски-туски нарсалари ҳам бор. “Мен маликаи Моҳистарага ошиқ бўлиб келдим. Унинг ҳузурига кириб, ошиқлигимни баён этмоқчиман!” дейди, — деди.
Маликаи Моҳистара ойим мулойим кулди ва: “Ундай девоналарга йўл бўлсин!” деди.
Шаҳзода ноғоранинг тагида кутди. Бироқ кириб кетган кишидан дарак бўлмади. У яна ноғорани чалди. Бироқ Моҳистара унга парво қилмади. Моҳистаранинг отаси ўз мулозимларидан бирига ноғора чалаётган кишини олиб киришни буюрди. Мулозим шаҳзодани кўриб, эрмаклаган каби жилмайди ва уни ўрдага бошлади. Ўрданинг ичи кенг ҳовли, бутун ерлар мармардан ишланган. Атрофда нақшинкор уйлар, қаршида алоҳида бир уй бор. Мулозим шаҳзодани шу уйга бошлади. Уйга қирқ зина билан чиқдилар. Уйни қуролли йигитлар қўриқлаб турибди. Булар катта бир хонага кирдилар. Уйга қип-қизил гиламлар тўшал-ган, деворлари арслонлар, йўлбарслар, аждарларнинг қўрқинчли ва ҳайбатли суратлари билан нақшланган. Бу Моҳистаранинг отаси турадиган уй эди. Бу шоҳона уйдаги олтин тахтда соқоли мош-гуруч бир киши ўтирибди. У:
— Марҳамат қилинг, эй азиз йигит! — деди ва жой кўрсатди.
Шаҳзода бу кишининг Моҳистаранинг отаси эканини тахминлади ва кўрсатган жойига ўтирмай, турган жойида эгилиб, таъзим қилди. Таъзимдан бош кўтариб, икки қадам юриб яна таъзим қилди. Шундай қилиб шоҳ Саломнинг қошига боргунча, етти ерда таъзим қилиб, унинг қўлини олиб ўпди ва орқаси ила юриб бориб яна жойида тикка турди. Шоҳнинг иккинчи марта қилган таклифидан сўнг ўтирди. Шоҳ Салом шаҳзоданинг одобига ва ахлоқига қойил бўлиб, унинг ёнига ўтирди, хизматчиларини чақириб, дастурхон келтиришни буюрди. Шоҳнинг одамлари шоҳона дастурхонлар ёздилар ва турли-туман ноз-у неъматлар тортдилар. Шоҳ шаҳзодани зиёфат қилди. Зиёфат тамом бўлди. Дастурхонлар йиғилгач, шоҳ Салом шаҳзодадан нима иш билан келганлигини сўради. Шаҳзода:
— Эй, шоҳи олам! Менинг бир қошиқ қонимдан кечинг! — деди.
Шоҳ сўзлашга ижозат бергач, шаҳзода яна деди:
— Ошиқлар уялишни билмайдилар. Мен ошиқман. Қизингизнинг номи бутун оламга кетди. Унга қанча кишилар ошиқ-беқарор бўлибдилар. Мен ҳам ўша ошиқларнинг бири, Моҳистаранинг шартини бажариб, сизга фарзанд бўлсам, дейман, — деди.
Шунда шоҳ Салом айтди:
— Эй, ўғлим! Худо менга фарзанд бермади, балки бир бало берди. Сиз шундай ёш, яхши йигит экансиз, сиз ўзингизни у балога урманг. У қиз эмас, бир жаллод. Жаллод халқи ошиқликни биладими?
Агар сиз уйланмоқчи бўлсангиз мен сизга Моҳистарадан ҳам чиройли қиз топиб бераман. Аммо сиз Моҳистарага рўпара бўла кўрманг! — деди.
Шаҳзода: “Мени синаш учун шундай деяётган бўлса керак”, деган фикрни хаёлидан ўтказиб:
— Моҳистаранинг ёмонлик билан эмас, балки гўзаллиги билан номи чиққан. Менинг кўнглимни совитиш учун бу сўзларни айтаётибсизми? Моҳистаранинг ўзи эмас, балки кўзи жаллоддир, — деди. Шунда шоҳ:
— Худо Моҳистарага ҳақиқатан шундай гўзал ҳусн берди. Лекин у шу чоғгача ҳеч кимни ёқтирмади. Уни ғойибона севиб, шоҳлар, шаҳзодалар, бойлар, бойваччалардан жуда кўплари келдилар. Мен уларни қайтардим, қайтмадилар, Моҳистаранинг шартларини бажара олмай, нобуд бўлдилар. Ўрданинг деворига қоқилган каллалар икки мингга етди. Билмадим, бу қонлар кимнинг бўйнига тушар экан! Тўкилган қонлар учун жуда ҳам безовтаман. Бу жаллод қиз ё бировни ёқтириб тегиб кетмади, ёки ўлмади! — деди. Подшоҳ шаҳзодани шу хил гаплар билан кўп қайтарди. Бироқ шаҳзода қайтмади:
— Ошиқ киши учун ўлим чикора?! Агар унинг шартларини бажара олмасам, бир дийдорини кўриб ўлсам ҳам армоним йўқ, — деди.
Шаҳзоданинг қайтмаслигини билиб, подшоҳ қизларни чақириб, “Уни Моҳистара билан учраштиринглар”, деди. Қизлар Моҳистарага йўлиқиб қайтдилар ва “Ундай девоналар билан сўзлашишга вақтим йўқ!” деган жавобини айтдилар. Шунда шоҳ: “Ошиқлик шоҳга ҳам бир, гадога ҳам бир!” деди. Қизлар “қуллуқ” қилиб шаҳзодани бошладилар. Қизлар шаҳзодани ўнг қўлдаги уйлардан бирига олиб кирдилар, ичкаридан рухсат бўлгандан сўнг шаҳзода ичкарига кирди. Уйнинг ўртасига оппоқ ипакдан неча қават кўрпа тўшалган. Парданинг нариги томонида бир чироқ бутун уйни ёритиб турибди. Шаҳзода киргандан сўнг, парданинг нариги ёғидан овоз чиқди:
— Келинг, меҳмон йигит! Марҳамат қилиб ўтиринг!
Шаҳзода ўтирди. Сўнгра қизлар шаҳзоданинг олдига дастурхон ёзиб, турли-туман овқатлар қўйиб, уни меҳмон қилдилар. Дастурхон йиғиштириб олингандан сўнг, яна парданинг орқасидан товуш келди. Бу маликаи Моҳистаранинг товуши эди. Маликаи Моҳистара гўзал, ўзи мисоли чироқдек нур бериб, бутун уйни ёритар эди. Жамолининг мунавварлиги, нурининг ўткирлиги кирган кишининг кўзини олар эди. Шу сабабли уйнинг ўртаси етти қават парда билан тўсиб қўйилган эди. Моҳистара айтди:
— Эй меҳмон, нима хизмат билан келдингиз?
Шаҳзода айтди:
— Жоним жонингизга тасаддуқ бўлсин, товушларингиздан ўргилай. Моҳистарахон, мен сизга ошиқи беқарор бўлиб келдим. Ё мақсадга етказинг ёки жонимни олинг! — деди. Унга жавобан:
— Меҳмонжон, сиз яхши йигит экансиз. Бу фикрдан қайтинг. Мен ошиқларга шарт қўяман. Шартимни бажарса, мени олади. Бажара олмаса, боши кесилади. Менинг шартим оғир, бажара олмасдан сиз ҳам ўлиб кетманг! —деди Моҳистара. Шаҳзода айтди:
— Эй Моҳистарахон! Сизнинг йўлингизда бир каллам экан, агар минг каллам бўлса ҳам тикар эдим.
— Агар сизга хотин керак бўлса, мен бошқа нозанин қизлардан топиб бераман, — деди Моҳистара.
— Ошиқнинг дили учар қуш эмаски, гоҳо бу гулга, гоҳо у гулга қўнса, у ҳолда ошиқликнинг нимаси қолади. Мен сизнинг ҳақиқий ошиғингизман, — деб жавоб берди шаҳзода.
Шунда Моҳистара:
— “Мен Моҳистарага ошиқ бўлиб келдим. Агар шартини бажара олмай ўлиб кетсам, ҳеч ким даъвогар бўлмасин” деб тилхат берасиз ва муҳрингиз бўлса, уни босасиз. Шартим шуки, сиз бу кеча ўрдада қоласиз. Эртага кечқурун шаҳар халқи тўпланади. Сиз шуларга ўзингизни кўрсатиб, ноғорани қоқасиз, қизлар сизни уларнинг кўз олдида ўрдамга олиб киради. Сўнгра сизга бу кеча муҳлат, шу муҳлат ичида мени гапиртирсангиз, мен сизникиман, — деди.
Шаҳзода қабул қилди.
Эртаси шаҳарга карнай-сурнай билан хабар қилинди. Майдонга халқ тўпланди. Бир замон бир чеккадан эски-тускиларини қўлтиқлаб шаҳзода чиқиб келди, бориб ноғорани қоқди. Халқ буни кўриб, бариси “Бу девона-ку! Бунга Моҳистара тегармиди?” деди. Бири: “Бу ҳақиқий ошиққа ўхшайди, ўзини девонасифат қилиб олибди”, деса, бири: “Бу девонани Моҳистара хонасига киргизмай, ҳайдаб солади” деди; бири эса: “Ҳай аттанг, ёш экан, бекордан-бекорга ўлиб кетади”, дердилар.
Дарвоза очилиб, шаҳзодани қизлар ўрдага олиб кирдилар. Халққа эртага эрта билан келинглар, деб хабар қилинди, халқ тарқалди. Шаҳзода олдин қизнинг отаси шоҳ Саломга йўлиқиб, салом берди. Сўнгра уни Моҳистаранинг кечаги бўлмасига олиб кирдилар. Шаҳзода кечаги ўринда ўтирди, Моҳистара ойим парданинг нариги ёғида ўзини кўрсатмай ўтирди. Моҳистара шаҳзодани ширин гаплар билан қарши олди. Олдига шоҳона дастурхон ёздирди. Ширин-ширин сўзлар қилди. Вақт хуфтондан ўтган эди. Моҳистара:
— Мана, энди сизга рухсат, менинг шартимни бажаришга киришинг, — деди ва ўтирган жойига узала тушиб ётди. Шаҳзода Моҳистарани гапиртириш учун турли-туман гапларни сўради. Моҳистара жавоб бермади. Ҳар хил ҳикоялар айтиб, киши ихтиёрсиз гапириши мумкин бўлган гапларни айтса ҳам гапирмади. Гапира-гапира чарчади, охирида лоақал бир кулар-ку, деб ҳар хил қизиқчиликлар, масхарабозликлар қилди, лекин қиз гапирмади. Моҳистара ухлаб қолди, мен ҳам дам олайин деб шаҳзода уйқуга кетди. Бир вақт Моҳистара секин пардани кўтариб қараса, шаҳзода ухлаб ётибди. Моҳистара айтди:
— Эй, бечора ошиқ! Аҳволинг шу экан-ку, мана энди эртага эрталаб ўласан, калланг деворга қоқилади! — деди. Шаҳзода ухламасдан ўзини ухлаган кишига солиб ётган эди. Кўзини сал очиб қараса, Моҳистара жуда ҳам чиройли, жуда ҳам нозанин экан. Шаҳзода маҳлиё бўлиб тамоман эриб кетди.
Моҳистара пардани қўйиб юборди ва нариги ёқдаги эшикни очиб, бошқа бир уйга кириб кетди. Шу пайт уй қоронғулашиб қолди. Шаҳзода ҳайрон бўлиб ўрнидан турди. Қалпоқни кийди, қолган нарсаларини қўлтиққа уриб, пардани кўтариб ичкарига кирди. Ундан Моҳистара кирган уйга кирди. Шу пайт Моҳистара ундан нариги уйга кирди. Орқасидан шаҳзода ҳам кирди. Моҳистара қайси уйга кирса, унинг ўн торт кунлик ойдек жамоли қоронғу уйни ёритар эди. Бу сўнгги уйнинг бутун деворларига уруш кийимлари ва яроқ-аслаҳа осилган. Моҳистара уст кийимларини ечди. Девордан бошқа кийим олиб кийди. Худди ўн саккиз яшар бир йигит бўлди. Яна девордан учига чангак боғланган қайиш олди-да, бу уйдан чиқиб кетди. Орқасидан шаҳзода ҳам чиқди. Бу томон катта бир боғ экан. Моҳистара шу боғни оралаб, боғнинг чеккасига етди ва деворга арқонни ташлади. Арқон деворнинг нариги томонига ошиб тушди. Моҳистара арқонни тортиб, чангакни деворга илинтириб, сўнгра арқонга илашиб деворга чиқди.
Ундан чангакни деворнинг бу томонига санчиб, арқонга осилиб, деворнинг нариги томонига тушди.
Шунда шаҳзода гиламни ёзди ва устига ўтириб, бу ҳам девордан ошди. Қарасаки, Моҳистара кетиб боради, ҳар қадамда юз чақиримлик жойни қадамлайди. Моҳистара шу хил дев қадамлар билан бир соатча юриб бир қўрғонга кириб кетди. Шаҳзода ҳам кирди ва гиламни қўлтиқлаб олди. Қўрғон ичкарисида бир уйдан чироқнинг ёруғи кўринди. Моҳистара шу ёруғ чиққан уйга қараб юрди. Қалпоқнинг остида шаҳзода ҳам бора берди. Моҳистара уйнинг эшигини очиб, ичкарига кирди. Уни бир кампир қарши олди ва:
— Келдингми, қизим Моҳистара, ўртоқларинг сенга маҳтал бўлиб қараб қолишди, — деди.
Моҳистара кампир билан сўрашиб, йўл кийимларини ечиб, яхши кийимлар кийиб, ичкари уйга кирди. Ичкари уй бениҳоят чиройли безалган уй экан. Бу уйда ўн тўрт кунлик ойдек тўлиб, икки барно қиз ўлтирган экан, улар туриб келиб Моҳистара билан кўришдилар ва: “Эй, ўртоқжон, нега бугун кечикдингиз?” дедилар. Шунда Моҳистара:
— Эй ўртоқлар, ўрдамга бир девона келибди. “Сенга ошиқман” дейди, кечадан бери бошимни қотиради. Уни ухлатиб келяпман. Эртага калласи кесилади, бориб томоша қиласизлар! —деди. Қизлар: “Бечора ошиқ”, деб кулишдилар. Шунда кампир:
— Ош тайёр, келтираверайми? —деди. Бояги қизлардан бири:
— Келтиринг, кеч қолдик! — деди. Кампир қизларнинг қўлига сув қуйди ва ош келтирди, ўзи ҳам қизларнинг ёнига ўтирди. Буларга билдирмай шаҳзода ҳам ўтирди. Ош ейила бошланди.
Бу ҳолат шаҳзодага ўз ёрининг ёнида, худди эр ва хотинларча ўтиргандек туюлар эди. Ош ейилиб бўлгач, қизлардан бири:
— Она, бугун ошни оз қилганмидингиз, тўймадик, — деди. Кампир айтди:
— Билмадим, қизим! Кунда солган гуручни солган эдим, ўзим ҳам тўймадим, ҳаммаларинг кеч қолган бозорчини егудай бўлиб қолган экансиз, — деди. Шунда қизлар қаҳ-қаҳ уриб кулишди. Кампир дастурхонни йиғиштириб олиб, чой келтирди, ҳаммалари бир пиёладан чой ичиб бўлгач, маликаи Моҳистара:
— Бўлмаса тезроқ қўзғалайлик, опамиз бизга интиқ бўлиб қолмасин! —деди. Қизлар ўринларидан туриб, ташқарига чиқдилар. Ташқарида бир олтин сўри бор экан. Қизларнинг ҳаммаси шу сўрига чиқиб ўтирдилар. Қизлардан бири сўрининг мурватини бураган эди, сўри ўз-ўзидан қўзғалиб, осмонга кўтарилиб кетди. Шаҳзода қарасаки, қизлар осмонга учиб кетиб борадилар. Шунда шаҳзода ҳам гиламга ўтириб, қизларнинг кетидан осмон-фалакка учиб чиқиб, қизлар билан қорама-қора кета берди. Бир неча фурсат ўтгандан кейин қизлар пастлай бошладилар, шаҳзода ҳам пастлаб учди. Бир вақт шаҳзода пастга қараса, бир жойда ёруғ кўринди. Қизлар шу ёруғликка қараб бордилар ва охирида шу жойга келиб қўндилар. Шаҳзода ҳам қўнди. Бу жойда катта бир боғ бўлиб, ёруғлик шул боғдан чиқар эди. Қизлар сўрини ташқарида қолдирдилар, шошилганча боғга кириб кетдилар. Шаҳзода гиламни қўлтиққа жойлаб, қалпоғининг остида ҳеч кимга кўринмай, қизлар кетидан кириб бора берди. Боғнинг чор атрофи мармардан, кунгиралари олтиндан эди. Боғ ичида турли томонга йўлаклар кетган, йўлакнинг икки чеккасида ариқча, ариқчада оппоқ сутга ўхшаш сув лиммо-лим, бир ариқдан бир ёққа, иккинчи ариқдан орқага қараб оқиб боради. Йўлакка ўрнатилган гавҳарнинг ёруғидан бутун боғлар мунаввар бўлиб турибди. Ариқчалар бўйига турли-туман гуллар экилган, гул ишқида булбуллар сайрашиб ётибди. Бу гулзорларнинг атрофига ҳар хил, хушқомат дарахтлар экилган. Йўлак жуда ҳам тоза, худди ёғ тушса, ялагудай. Қизлар боғ ўртасидаги майдонга бориб етдилар. Бу майдоннинг ости мармар ва чиннилардан ишланган, бутун атрофига олтин курсилар ўрнатилган, бир томонига олтин тахт қурилган. Майдон атрофидаги ҳамма курсилар зебо қизлар билан лиқ тўлган, олтин тахт устида шу гўзалларнинг маликаси ўтирар эди. Қизлар майдонга киргандан сўнг, бундагилар:
— Ана, ана Моҳистаралар ҳам келишди, — дедилар. Қизлар олдин олтин тахт устидаги маликага, сўнгра атрофдаги санамларга қараб эгилиб-букилиб салом қилдилар. Шунда тахт устидаги гўзаллар маликаси:
— Синглим, Моҳистара! Бугун жуда кеч қолдинг! Ҳаммамиз сенга кўз тутдик, нега кечикдинг? — деди. Моҳистара:
— Опажоним, кечиринг, бугун кечикишимнинг сабаби бор. Бир бечора девона менга ошиқ бўлиб келибди, сизни севаман, дейди, сизга етмасам, ўламан, дейди. Шу девонани алдаб-сулдаб ухлатгунча қийналдим. Ухлатиб келмоқдаман, эртага унинг ўлимини томоша қиласиз, — деди.
Маликаи Моҳистара ва у билан бирга келган гўзал қизлар ўзлари учун белгиланган жойга ўтирдилар. Ўзаро бироз чақ-чақлашишгандан сўнг, маликанинг рухсати билан қизлар ўйин-кулги бошламоқчи бўлишди. Бу жой парилар мамлакати эди. Моҳистаранинг онаси шу парилардан бўлиб, ҳар куни кечаси шу жойга келиб, парилар билан ўйин-кулги қилар эди. Бу боғ шу парилар мамлакати подшоҳининг гўзал қизи Бадиа парининг боғи эди. Олтин тахтда ўтирган хирча бел, юпқа томоқ, бодом қовоқ, қора кўз, қора қош, танноз ойим шул Бадиа пари эди. Қизлардан бир гуруҳи турли созлар чалдилар. Чолғу садосига боғдаги қушлар ҳам қулоқ солдилар. Чолғу кетидан ашула ва ўйинлар бошланди. Сўнгра танаффус эълон қилинди. Қизлар иккита-иккита, учта-учта бўлишиб, боғни айланиб кетишди. Маликаи Моҳистара қизларга айтди:
— Ўртоқжонлар! Мен жуда уйқудан қолганман. Лоақал танаффус ўтгунча ухлаб олайин деб сўрига узала тушиб ухлади. Шунда шаҳзода олтин жомни сувга тўлдириб: “Эй жом шул пайтда менинг жоним Моҳистаранинг жасадига, Моҳистаранинг жони менинг жасадимга кирсин”, деди.
Айтгани бўлди, Моҳистаранинг жони шаҳзоданинг жасадига кириб, сўрида ухлаб қола берди. Шаҳзода Моҳистара бўлиб, боғга кириб кетди. Танаффус тугаб, қизлар тўпландилар. Шаҳзода Моҳистара бўлиб, унинг ўрнида ўтирди. Яна ўйин, ашулалар бошланди. Қизлардан бириси туриб: “Энди Моҳистара ўйнаб берсин!”— деди. Ҳамма қарсак чалди. Шунда шаҳзода Моҳистара бўлиб ўйнаб кетди. Улар бундай ёқимли ўйинни эндигина кўрардилар. Шаҳзода ўйиндан тўхтагач, ҳамма ўйинчини олқишлади. “Моҳистара ашула айтиб берсин!” деган таклиф тушди. “Моҳистара” ўртага тушиб шу қадар ашула айтдики, қизларнинг бўғинлари бўшаб, симобдай эриб кетдилар. Қизлар устма-уст қарсаклар чалишиб, “Моҳистара”га қайта-қайта ашула айттирдилар. Шунда парилар маликаси хурсанд бўлиб, “Моҳистара”ни ўз ҳузурига чақирди:
— Қаддингдан кетай, Моҳистарахон! Шунчалик ўйин ва ашулалар билар экансан, шу қадар ёқимли овозинг бор экан, нега шу кунгача билдирмадинг? Ўйин ва ашулаларинг менга ёққанидан ҳозир устингдан зарлар сочмоқчи эдим, бироқ хазинадан узоқдаман. Кел, қўзим! Сенга оз бўлса ҳам, шу кун янги тиктириб келган кўйлагимни кийдирай!” деди ва устидаги қимматбаҳо шоҳона кўйлагини ечиб, “Моҳистара”га кийдирди, “Моҳистара”нинг пешонасидан ўпиб олди. Бу маросимни ҳамма олқишлади. Сўнгра яна танаффус бўлди. Шаҳзода дарров боғдаги сўри олдига чиқди ва жомга қараб: “Энди менинг жоним ўз жасадимга, Моҳистаранинг жони ўз жасадига кириб, Моҳистара уйғонсин!” деди. Айтгани бўлди ва ўзи дарҳол қалпоқни кийиб, кўринмайдиган бўлиб олди. Моҳистара бир аксириб ўрнидан турди, “Вой ўлмасам, ухлаб қолибман, тезроқ кирайин!”—деди-да, ўрнидан туриб, дарҳол боғга кирди. Боғга кирса ҳали танаффус тугамабди, ҳамма қизлар боғни сайр қилиб юришибди. Моҳистара орадан қанча вақт ўтганини билмай, “Хайрият, кечикмабман!” деб бориб ўз ўрнига ўтирди. Ўйин бошланар чоғда, “Моҳистара ўйнаб берсин!” деган таклиф тушиб, узоқ вақт чапак чалинди. Моҳистара “Мен ўйинни билмайман!” деган эди, малика “Синглим, яна бир ўйнаб бер, ўйинни билмаганинг шу бўлса, билганинг қанақа бўлар экан?!” деди. Моҳистара ўртага тушиб ўйнашга мажбур бўлди. Бироқ Моҳистаранинг ўйини сира қовушмади, “илгаригидек” қилиб ўйнолмади. Шунда қизлар “Бўлмаса ашула айтиб берсин!” деди. Моҳистара ашула айтди, овози ҳеч кимга ёқмади. Шунда малика айтди:
— Моҳистара, синглим! Ҳали бир яхши ўйнаган, ашула айтган эдинг! Танаффусда боғда юриб шамоллабсан, тобинг қочганга ўхшайди, овозларинг даранглаб қолибди. Ўйининг ҳам, ашуланг ҳам келишмади! —деди. Моҳистара эса:
— Билмадим, опажон, шундай бўлса керак! — деди.
Сўнгра бошқа қизлар ўйин-кулги қилдилар. Тун ғилдираги ғилдираб бир жойга борганда, саҳар қушларининг товуши кела бошлаган эди, қизларга кетишга рухсат бўлди. Улар малика билан хайрлашиб, ҳар қайсиси ўзи келган жойига кета бошлади. Моҳистара ва бояги икки қиз чиқиб, сўрига ўтириб парвоз қилди. Кетларидан шаҳзода ҳам учди. Булар кампирникига тушиб, сўрини шу жойда қолдириб, кампир билан хайрлашиб, ўз жойларига жўнадилар. Шаҳзода ҳам Моҳистаранинг кетидан йўл олди. Бир дамда Моҳистаранинг ўрдасига яқинлашдилар.
Шаҳзода маликадан олдин уйга кирди ва ўрнига ётиб, ухлаган киши бўлиб хуррак ота берди.
Моҳистара уйга кириб, сафар кийимларини ечиб, ўз кийимларини кийиб, ўз хонасига кирди. Кириб қараса, шаҳзода хуррак тортиб ухламоқда. Моҳистара шаҳзодага қараб: “Эй бечора, аҳволинг шу экан-ку, сенга ошиқликни ким қўйган эди. Мана энди, эрта билан сен ҳам ўласан!”— деди-да, ўз ўрнига узала тушиб ётди.
Орадан бироз фурсат ўтгач, шаҳзода уст-уст икки марта аксириб, гўё уйқудан уйғонган бўлиб, ҳовлиқиб ўрнидан турди-да, ёрига қарата сўзлади; Моҳистара шаҳзоданинг бу аҳволига ўз-ўзича кулган бўлди, жойида ётиб, унинг аҳволини томоша қилмоқчи бўлди, шаҳзода айтди;
— Эй жоним ва суюклигим, гўзал Моҳистара! Мен жуда ҳам ажаб туш кўрибман. — Моҳистара бу девона нима туш кўрган экан деб кулимсиради. — Қулоқ солиб туринг, кўрган тушимни айтаман. Тушимда сиз ўриндан туриб, нариги уйга кириб эркакча кийим кийиниб, ташқарига чиқибсиз. Орқангиздан мен ҳам чиқибман. Сиз боғни оралаб девордан ошиб, бир томонга жўнабсиз. Кетингиздан мен ҳам жўнабман. Бир қўрғонга етиб, қўрғондаги бир уйга кирибсиз. Сизни бир кампир хотин кутиб олибди. Ичкарида ўртоқларингиз билан кўришибсиз. Кампир ош келтирибди, ебсизлар. Мен ҳам ебман, ошга тўймабсизлар. Ошдан сўнг олтин сўри билан учиб бориб бир боғга тушибсизлар. Боғда бир тўда гўзаллар ва уларнинг маликаси сизларни кутиб турган экан. Сиз маликага: “Бугун кечикдим, сабаби шу бўлдики, менга бир девона ошиқ бўлиб келибдир. Шуни ухлатиб келаётирман. Эртага ўлимини томоша қиласиз!” дебсиз. Ўйин-кулги бошланибди, ярим соатлик танаффус вақтида сиз сўрига чиқиб ухлабсиз. Шунда мен, сизнинг жасадингизга ўзимнинг жонимни, ўз жасадимга сизнинг жонингизни киритиб, мен сиз бўлиб, қизларнинг ичига кириб қизлар ўртасида ёқимли ўйинлар ўйнаб, ёқимли ашулалар айтибман. Менинг ўйин ва ашулаларим базмдагиларга жуда ҳам маъқул бўлибди. Шунда парилар маликаси Бадиахон менинг юзимдан ўпиб, устидаги кўйлагини ечиб, менга кийгизибди. Агар ишонмасангиз, мана далили, — деб кўйлакни Моҳистаранинг олдига ташлади. Моҳистара кўйлакни кўрса, ҳақиқатан маликанинг кўйлаги, шунда ҳайронликдан маликанинг тили лол бўлди. Шаҳзода сўзини давом эттириб, барча бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берди.
Шунда Моҳистара ойим, баданлари мулойим, шаҳзоданинг гапларини тўла эшитиб, унинг ҳамма айтганлари рост эканини билиб, ҳайрон ва саросимада қолиб, телбалардек безовталанди ва беихтиёр пардани кўтариб:
— Эй қадди шамшод, сўзлари шаҳд-у шакар, гўзал йигит! Дунёда менинг ошиқларим кўп эди. Мен шу гўзал ҳусним билан ҳуснлар шоҳи эдим, ошиқларимни эса ҳуснимга ҳужум этувчи душманлар ҳисоблаб, ўлимга ҳукм қилардим. Бу уйга кирганлардан бирортаси менинг шартларимни бажара олмади ва ўрда дарвозасидан тирик қайтиб чиқмади.
Сиз ҳам ошиқсиз. Мен ҳусн подшоҳи бўлсам, сиз ошиқлар подшоҳисиз, икки подшоҳнинг жангида ҳуснлар подшоҳи енгилди, — деди. Шундай қилиб, шаҳзода маликаи Моҳистаранинг шартларини бажарди. Умид ғунчаларининг гуллари очилиб, гулларнинг очилишини булбуллар, тўтилар, қумрилар олқишладилар.
Маликаи Моҳистаранинг ошиқлари унинг шартини бажаришга тутинган чоғларда бутун шаҳар халқи ва бутун ўрда аҳлининг кўксида ўтлар ёниб, оғир ғам ва ўй юки остида қолар, ошиқнинг тақдирини кутар эдилар. Шаҳзода Шавкат Моҳистаранинг хонасида узоқ қолгач, кўплар ухлай олмадилар. Шаҳзоданинг ғамида қайғуриб чиқдилар. Тонг отди. Жаллод ўрнидан турди, қозиққа илинган қиндан қонли пичоқни чиқариб, тошга қайраб, яна қинига солиб, тақиниб олди. Бутун туннинг тезроқ ўтишини кутган, ўзини ёш бир ғунчанинг кўзларини бақрайтиб калласини олаётгандай тасаввур қилиб завқланган бу хунук ва совуқ киши маликанинг ўрдасидан “гуноҳкор”нинг чиқишини кутар эди. Майдонга халқ тўпланди. Моҳистаранинг олдига кирган ошиқнинг чиқиш вақти яқинлашди. Ҳар кимнинг оғзида: “Агар йигит маликанинг шартини бажарган бўлса, шу чоққача чиқар эди. Шу чоққача чиқмади, демак, шартини бажара олмади. У энг сўнгги дақиқада ҳам ҳаракат қилиб кўрай деб, уриниб ётган бўлса керак. Барибир бажара олмайди. У ҳам бугун ўлади” деган ваҳимали гаплар юрар эди. Ҳамма уни ўлимга бичиб қўйди. Мана, йигитнинг чиқиш вақти бўлди. Хона ташқарисидаги қизлар ҳам кўз ёши тўкиб йигитнинг чиқишини кутдилар, бироқ йигит чиқмади. Қизнинг отасини хабардор қилдилар. Шоҳ Салом ҳам ҳайрон қолди. Орадан бироз вақт ўтди, шаҳзода чиқмади. Ташқарида халқ дарвоза очилишини ва қўлида қонли калла кўтарган жаллоднинг чиқишинигина кутар эдилар. Ҳамма ғамгин. Орадан бир соат ўтди. Моҳистара билан йигитдан дарак йўқ. Шунда шоҳ Салом бу аҳволдан хавфсиради, Моҳистарадан рухсатсиз бўлса ҳам уйига кириб, хабар олишга фармон берди. Қизлар секингина Моҳистара уйининг эшигини очиб, ичкарига кирдилар. Йигит ўз ўрнида йўқ. Шошилиб пардани кўтардилар ва Моҳистара билан шаҳзоданинг бирга ўтирганларини кўрдилар. “Ошиқ Моҳистаранинг шартини бажарибди”, дедилар-да, аҳволни шоҳ Саломга билдирдилар. Шоҳ Салом хушхабардан шодланиб, хазиначини чақирди ва хабарчи қизнинг бўйи баробар тилла сочди, шодиёна карнай-сурнайлар чалинди. Аҳвол тездан ҳаммага маълум бўлиб, ҳамма хурсанд бўлди. Халқ хурсанд бўлиб, шаҳзодага офаринлар айтиб тарқалди. Фақатгина ўрдадаги жаллод бу ишдан хафа эди, холос. Карнай-сурнай товуши билан Моҳистара ва шаҳзода ҳам ўринларидан турдилар. Шоҳ Салом қизнинг орқасидан кўп қонлар тўкила берганидан, “Ё шу қизим бирортага тегса, ё ўлса эди!” дер эди. Бу кун у ўзининг шу тилагига етди, шаҳзода билан қизини табриклаб, шаҳзодага шоҳона кийимлар кийдириб, хурсандликдан мамлакатга тўй берди, хазинадан тилла-тангаларни соча берди.
Орадан бир ҳафта ўтди. Бир куни Моҳистара билан шаҳзода Моҳис-таранинг Эрам боғида сайр қилиб юришган эди. Осмонда тўртта каптар пайдо бўлди. Каптарлар ерга қўнғач, дарҳол пари қизларга айландилар. Моҳистарага бир хат топширдилар. Бу хатни парилар маликаси Бадиа пари ёзган эди. Моҳистара хатни ўқиса, Бадиа ойим Моҳис-таранинг бир ҳафтадан бери бормаганидан хафа бўлибди. Моҳистара ойим қўлига қалам ва қоғоз олди ва бутун воқеани баён қилиб хат ёзди, хатни пари қизларга топширди. Парилар хатни олиб, каптар бўлиб учиб кетдилар ва Бадиа ойимнинг ҳузурига бориб, хатни топширдилар. Бадиа ойим хатнинг мазмуни билан ошна бўлгач, ранги-қути ўчди, бутун баданини титроқ босди, пешонасига бир шапати урди-да, “Ишим хароб бўлибди!” деди ва оҳ уриб, ўзини кўрпага ташлади. Бадиа паридаги бу ўзгаришни кўрган пари қизларни қўрқув босди. Ҳар бирлари Бадиа парининг атрофида парвона бўлиб: “Нима бўлди, опажон, бирор нарса бўлдими, нега безовта бўляпсиз?” деб ҳол сўрай бошладилар. Бадиа пари хафаликдан уларга бир сўз ҳам айтмади. Шундан кейин Бадиа ойим қўлига қоғоз ва қалам олиб, Моҳистарага қуйидагиларни билдириб, салом хат ёзди:
“Синглим, Моҳистара! Саломдан сўнг маълум бўлсинки, мен бир ҳафтадан бери сенинг учун кўп ташвишда эдим. Хатингни олгач, воқеадан хабардор бўлдим. Сен хатингда, мени худо уриб қолди, дебсан, сенга қўшиб мени ҳам урибди. Биласанки, бу ишлар биз парилар учун жуда мушкул нарса, айниқса, мен учун. Энди гап шуки, сен ёринг билан тездан ҳузуримга келгайсан, нима маслаҳат бўлса, келганингдан сўнг бўлади”.
Каптар қизлар хатни олиб учдилар ва Моҳистаранинг боғига бориб тушдилар. Моҳистара ойим Эрам боғидан энди уйга кириб кетаётган эди. Улар хатни Моҳистарага топширдилар. Моҳистара хатни олиб ўқиди, юзи товланиб олди. Сафар кийимларини кийиб, керакли совға-саломларини олиб чиқди, ўзини ва Шавкатни каптар ҳолига киритиб, келганлар билан бирга учдилар ва Бадиа парининг гулбоғига тушдилар. Моҳистара юз фикр ва андишалар билан Бадиа ойимга рўпара келиб салом берди ва Шавкатни ҳам Бадиа ойимга тақдим қилди. Бадиа ойим Моҳистаранинг юзида изза бўлганлик аломатин кўриб, унга таскин бериш учун мулойим гаплашиб ўтирди.
Шу куни Бадиа ойим бутун шаҳардаги қизларини чақириб, Моҳистара ва унинг куёви шарафига жуда катта зиёфат берди.
Эртаси Бадиа пари Моҳистарани бир холи уйга чақириб: “Гўзал Моҳистара! Ишлар нима бўлди энди? Сен қандай қилиб ўша куни бу йигит — одамзодни бошлаб келдинг! Мен ўша кеча унинг ашула ва ўйинларига таҳсин айтиб, гўё бу ўйин ва ашулаларни ижро этувчи сенсан, деб унинг пешонасидан ўпибман. Сен биласанки, пари халқининг танига одамзоднинг тани тегмаслиги керак, агар тегдими бутун парилар оламига доғ теккан, шарманда саналади. Уни паризодга эмас, одамзодга бериш керак бўлади. Мен ҳам энди шундай бўлдим. Бўлар иш бўлди. Агар сен рози бўлсанг, эрингга мени ҳам никоҳлаб қўй. Иккаламиз иттифоқ бўлиб, ўла-ўлгунча шунинг хотини бўлиб ўтамиз, у қаерга бошласа, шу жойга кетамиз”, — деди.
Моҳистара Бадиа парининг таклифига жони дили билан рози бўлди, кечқурун Шавкатбекка Бадиа парини никоҳладилар.
Эртасига Моҳистаранинг юртига кўчиб келдилар. Моҳистаранинг отаси қизига қирқ кеча-кундуз тўй берди. Бадиа ойимнинг тўйи ҳам бирга бўлиб, қирқ кеча-кундуз мамлакатда хурсандлик бўлди.
Қирқ кунлик тўйдан сўнг Шавкатбек қайнотасидан рухсат олиб, икки хотини ва пари қизларни гиламга, қолганларини Моҳистаранинг олтин сўрисига ўтқазиб учди. Булар осмонда бир қанча вақт учиб бориб, Сайёра ойимнинг боғига тушдилар. Осмондан учиб тушган бу бир тўда меҳмонларни кўргандан кейин Сайёра ойим, онаси Санобар, отаси ва тамоми пари қизлар шодлик билан буларни кутиб олдилар, қанча эъзоз ва икромлар билан яхши жойларга ўтқаздилар. Сайёра ойим Шавкатбек кетгандан сўнг, узоқ вақтгача вақтни йиғи-сиғи билан ўтказган ва кеча-кундуз унинг яна бир қайтиб келишини орзу қилар эди. Унинг ота-онаси ҳам қизларининг аҳволидан хабардор бўлганидан, у билан тенг азоб тортар эдилар. Шавкатбек келгандан кейин Сайёра ойим чуқур бир оҳ уриб, унинг қучоғига ўзини ташлади.
Меҳмонлар ўтиришди, улар билан мезбонлар ҳол-аҳвол сўрашгач, Содиқ савдогар ва Санобар ойим шаҳзода Шавкатнинг маликаи Моҳистарага уйланиб келганини кўриб, унинг ғайрати ва ҳимматига таҳсин ва офаринлар ўқидилар. Шу кеча меҳмонлар шарафига катта зиёфат, ўйин-кулгилар бўлди. Эртаси эрта билан чойдан сўнг Санобар ойим Бадиа паридан ҳол-аҳвол сўраб:
“Эй парилар шоҳи, гўзал Бадиахон! Қандай қилиб бу жойларга қадам ранжида қилдингиз?” деди. Шунда Бадиа ойим бошидан ўтган саргузаштларни ва Шавкатбекнинг қандай қилиб Моҳистарага уйланганини, Бадиа ойимни ҳам ўз никоҳига олганини бир-бир сўзлаб берди.
Шунда Санобар ойим айтди: “Ана шундай бўлади, Бадиахоним! Бир замон мен ҳам бир одамзод билан қўл бериб кўришиб қўйганим учун сиз мени айбдор қилиб, олтмиш йилга сургун қилиб юборган эдингиз. Ўзингизнинг бошингизга ҳам шундай иш тушибди-ку!” деб таъна қилди. Шунда Бадиа пари Санобар парига айтди: “Мен ҳам таъна қиласиз, деб ўйлаб турган эдим. Сизнинг олдингизда изза тортиб туришимнинг ўзи етар эди-ку!” деди.
Санобар ойим меҳмонларни тўрт-беш кун меҳмон қилди, кўнгилларини чоғ қилди. Шаҳзода Шавкат ўйнаб-кулиб вақт ўтказди. Сайёра ойим ёри шаҳзода Шавкат келгандан бери гоҳо гул бўлиб очилади, сумбулдай сочилади, гоҳо булбул бўлиб сайрайди. Гоҳо кийик бўлиб сакрайди. Бир куни Санобар ойим Моҳистара билан Бадиа ойимга айтди:
— Шавкатбекни ёрим деб қаерлардан топиб келган менинг қизим Сайёрахон эди. Тақдир шундай экан, гулимизни ҳидлаш сизларга насиб бўлибдир. Энди Сайёрахон ҳам ўксинмасин, Сайёрахонни ҳам Шавкатбекка берайлик, учалаларинг муроса қилиб, кун ўтказинглар! — деди. Санобар ойимнинг бу таклифига Моҳистара ва Бадиа парилар хурсанд бўлдилар. Шундан сўнг Сайёрахон билан Шавкатбекнинг тўй тараддудига киришдилар. Булар шу жойда парилар мамлакатига хат жўнатдилар. Парилар мамлакати кўчиб келгандай, ҳамма ёқни пари босиб кетди. Бу боғда қирқ кеча-кундуз тўй-томоша қилиб, Сайёрахонни Шавкатбекка никоҳлаб бердилар.
Шундай қилиб, Шавкатбек паризод хотинларни ўз ота юртига олиб бориб, у жойда ҳам тўй-томошалар қилдилар. Шавкатбек гоҳо париларни ўз ота юртларига олиб бориб, олиб келиб, гоҳо париларнинг ота-оналари бу жойларга келиб-кетиб, борди-келди, алоқаларини қуюқ қилиб, дунёда қолган умрини фароғат билан ўтказди ва мурод-мақсадига етди.