Мислабу

Бир бор экан, бир йўқ экан, одамларнинг айтишига қараганда Балх шаҳрида бир золим подшоҳ бор экан. Унинг золимлиги бошқа подшоҳлардан ҳам ўтиб кетган экан. У ўз билганидан қолмас, бировга қулоқ солмас экан. Унинг бир-биридан чиройли тўртта хотини бор экан-у, лекин битта ҳам фарзанди йўқ экан. Шу тўғрида кўп қайғурар экан. Ҳеч иложини топа олмай, аламини халқдан олар экан. Унинг жуда чиройли саройи бор экан. Ҳовлисида ҳар хил гуллар очилиб, булбуллар эрта-ю кеч тинмай сайрар экан. Подшоҳнинг бир чол хизматкори шу боғда ишлар экан. У бўш вақтларида ўтин териб келиб, уни сотиб кун ўтказар экан. Кунлардан бир кун чол ўтин теришга тоғга борса, бир дарахт шохчасида кўзлари энди очилаётган, қанотлари ҳам энди ўсиб келаётган бир кичкина тўтиқушни кўрибди. Раҳми келиб уни уйига олиб келибди, яхши парвариш қилиб, гапга ўргатибди.
Қуш катта бўлганда анча гап ўрганиб олибди. Чолнинг кундан-кунга бели букчайиб, сочи оқариб, тишлари тушиб, куч-қувватдан кетиб, ўтин ҳам тера олмайдиган бўлиб қолибди. “Шу қушимни подшоҳга олиб борсам, раҳми келиб бирор нарса берар, қуруқ қўймас”, деб қушини кўтариб шоҳ олдига борибди. Подшоҳнинг қушга ҳаваси келиб, чолга бундай дебди:
— Бу қушни нимага кўтариб юрибсан, уни қаердан топдинг?
Чол икки букилиб салом берибди-да, сўз бошлабди:
— Мен бу қушни ўтин териб юрганимда топиб олган эдим. Парвариш қилиб, гапга ўргатдим. Энди қариб қолдим, бироз чой-чақа берарсиз деб, шу қушни сизга олиб келган эдим, — дебди.
— Мана қушинг учун, — деб шоҳ озгина пул бериб жўнатибди.
Подшоҳ усталарга тилла қафас ясашни буюрибди. Тўтиқуш қафасни эшитиши билан олтин қафасдан кўра чолнинг зах, қоронғу уйи афзаллигини ўйлаб, афсусланибди. Тез вақт ичида қафас тайёр бўлибди. Подшоҳ тўтиқушни қафасга солиб, тахтининг тепасига осиб қўйибди. Ҳар куни тўти билан гаплашиб ўтирадиган бўлибди. Подшоҳ тўтиқушга:
— Қаерга борсам ҳам сени бирга олиб бораман, — деб ваъда қилибди.
Кунларнинг бирида подшоҳ амалдорлари билан овга чиқибди. Лекин тўтиқушни эсидан чиқарибди. Подшоҳ кетгандан кейин унинг тўртинчи хотини яхши кийиниб тахт устига чиқиб ўтириб тўтиқушдан гап сўрабди:
— Тўтиқушжон, тўтиқушжон, қани менга айтиб бер-чи, дунёда мен чиройлими ёки мендан ҳам чиройли, мендан ҳам сулув, мендан ҳам озода одам борми? —дебди. Тўтиқуш бироз ўйлаб туриб:
— Бибишим, кўнглингизга қараб айтайми, кўрганимни айтайми? — дебди. Малика қаҳ-қаҳлаб кулиб:
— Эй, тўтиқуш, кўп ажаб экансан. Кўнглимга қараб нима қиласан, кўрганингни айт, — дебди. Тўтиқуш:
— Бибишим, мен сизнинг кўнглингиздагини билдим. Жуда узоқда, Нил дарёси бўйида, тилла қўрғонда: ўзи ҳур, тишлари дур, хушмуомала, сочи сумбул бир Мислабу деган қиз бор. Сиз унинг кавушининг тагига ҳам ўхшамайсиз, — дебди. Малика ғазабланиб хизматкор қизга:
— Бу қушни менга пишириб бер, — дебди.
Хизматкор қиз нима қилишини билмай, қафасдаги қушни ошхонага олиб борибди. Энди сўймоқчи бўлганда, тўтиқуш бўғот остида ўтирган мусичани кўриб қизга ялинибди:
— Эй, қиз, сен мени пиширма, подшоҳ келганда сенга кўп яхшилик қиларман. Сен ана шу мусичани маликага пишириб бер.
Қизга бу гап маъқул тушибди. Тўтини қўйиб, мусичани пишириб маликага берибди.
Малика тўтиқуш деб мусичани ебди. Қиз қушни қаерга яширишни билмай турганда, қуш:
— Эй, қиз, мени тоғга олиб бор, қафас билан осиб кел, — дебди.
Қиз тилла қафасни тоғга олиб бориб, бир дарахтга осиб келибди.
Овга кетган шоҳнинг тузоқларига ҳеч нарса тушмабди, ғазабланиб ўтирганда, тўтиқуши эсига тушиб қолибди. Дарров от-анжомини ҳозирлаб йўлга тушибди. От чоптириб уйга келибди, қараса, тахт тепасида на қафас бор, на қуш бор, ғазабланиб шаҳар ва қишлоқларга жарчи қўйдирибди. Жарчилар шаҳарма-шаҳар кўчама-кўча, уйма-уй юриб: “Одамлар-у одамлар, эшитмадим деманглар, кеча шоҳимизнинг тўтиқуши йўқолибди. Кўрган-билган бўлса, эрта билан кун чиқмай саройга борсин. Подшоҳ ҳисобсиз тилла бериб, амалдор қилади”, — деб жар чақирибдилар. Қушни топиш учун уч кун муҳлат берилибди.
Шоҳга тўтини олиб келган чол очлик азобига чидолмай бироз ўтин териш учун тоғга чиқиб кетган экан. У куннинг иссиғига тоқат қилолмай бир дарахт соясига келиб ўтирибди. Дарахт шохига осилган қафас ичидаги тўтиқуш чолни кўриб:
— Эй, ҳурматли бобо, мени шоҳ олдига олиб борсанг, подшоҳ сенга беҳисоб тилла беради, — дебди. Чол ўтин теришга бошлабди. Тўтиқуш яна чолга ялинибди. Чол:
— Майли, бу ўзимнинг тўтиқушим-ку, мен уни ҳар вақт тўғри сўзлашга ўргатганман. Олиб борсам бора қолай, — деб қушни олиб, терган ўтинини орқалаб подшоҳ олдига келибди. Сўзини ҳам гапира олмай шоҳга қушни узатибди. Подшоҳ чолни кўриши биланоқ жаллодини чақириб:
— Биринчи мартаба бу қушни олиб келиб, қанча пулимни олиб кетган, “Бели оғримаганнинг нон ейишини қара” дегандек, қушни ўзи ўғирлаб яна олиб келибди, калласини олинглар, — дебди. Жаллодлар чолни савалаб, дорга олиб кетаётганларида тўтиқуш:
— Жаллодлар, чолни урманглар, — дебди. Жаллодлар чолни уришдан тўхтабди. Тўтиқуш:
— Эй, ваъдасиз подшоҳ, доим ўзим билан бирга олиб юраман деб, ваъда қилган эдинг, ваъдангга вафо қилмадинг, — деб бутун воқеани айтиб берибди. Подшоҳ чолга ва хизматкор қизга қимматбаҳо мукофотлар берибди.
Подшоҳ қушнинг гапини эшитиб, Мислабуга ғойибона ошиқ-у беқарор бўлибди ва Мислабу мамлакатига олиб боришни тўтиқушдан сўрабди.
Тўтиқуш йўл машаққатларини, қирқ йил йўл юриш кераклигини айтибди, шоҳ рози бўлибди.
Эртасига хиёнаткор маликанинг кўзларини ўйиб, ўзини зиндонга ташлатибди. Тахтини ўзининг энг ишонган вазирига топшириб, амалдорларидан оқ фотиҳа олиб, йўлга равона бўлибди. Биринчи куни ям-яшил боғлардан ўтибди, иккинчи куни катта-катта шаҳар ва қишлоқлардан ўтибди, учинчи куни дарёлардан, баланд-баланд тоғлардан ўтиб кетибди. Шундай қилиб кунлар, ойлар юриб, орадан ўн йил ҳам ўтибди.
Энди гапни маликадан эшитинг. Подшоҳ кетганда маликанинг гумонаси бор экан. Зиндонда ётганда вақт-соати етиб бир ўғил туғибди. Малика ўз ўғлига Баҳодир деб исм қўйибди. Баҳодирнинг уч ёшда тили чиқибди. Лекин шу вақтгача уни ҳеч ким билмабди.
Кунларнинг бирида вазир зиндон олдидан ўтиб кетаётиб, зиндондан бола товушини эшитибди. Зиндондаги болани онаси ёнидан олиб чиқибди. Уни мактабга бериб ўқитибди. Баҳодир оқ-қорани биладиган, яхши-ёмонни ажратадиган зеҳнли, ақлли бола бўлибди. Ўн ёшга етганида йигирма ёшлардаги йигитлардек бақувват, серғайрат бўлибди. Уни отаси ўрнига тахтга ўтказишибди. Баҳодир онасини зиндондан чиқармоқчи бўлса ҳам онаси: “Отанг келмай, чиқмайман”, — деб зиндонда ётаверибди.
Подшоҳнинг қирқта уйи бор экан. Ота-боболари “Ўттиз тўққиз уйга кир, қирқинчи уйга кирма”, — деб насиҳат қилиб ўтган эканлар. Шу сабабли подшоҳ қирқинчи уйга кирмас экан. Подшоҳ кетганда қирқта уйнинг калитини вазирига бериб кетган экан. Вазир шу калитларни Баҳодирга берибди. Бир куни Баҳодир шу уйларни томоша қилмоқчи бўлиб биринчи уйга кирибди. Уйнинг ичида ранг-баранг гуллар очилган, булбуллар сайраб турган эмиш. Иккинчи уйга кирса, ҳар хил қушлар: тўти, майна, чумчуқ, мусича, каклик ва бошқа қушлар сайраб турган эмиш. Учинчи уйда турли-туман ҳайвонлар, тўртинчи уй деворида ҳар хил расмлар ишланган эмиш. Шундай қилиб ўттиз тўққизта уйни томоша қилиб чиқиб, қирқинчи уйга кирибди. Қараса, уйнинг ичида ҳеч нарса йўқ, уйнинг ўртасида бўйра ёзилган. Баҳодир ҳайрон бўлиб : “Ота-боболаримиз ҳамма уйга кирсанг ҳам қирқинчи уйга кирма деган эканлар. Бунда шу қуруқ бўйрадан бошқа нарса йўқ. Шу бўйрани кўрма, деган эканлар”, деб бутун уй атрофини айланиб қарабди. Сўнг ўйлаб туриб “Қани шу бўйрани бир кўтариб кўрай-чи, нима бор экан?” деб кўтариб қараши билан ҳушидан кетибди. Шу билан бир қанча вақт ўзига келмай ётибди. Вазирлар шаҳзодани қидириб топа олмабдилар. Улардан бири:
— Бу ёш нарса, балки уйларни томоша қилаётгандир, бориб кўриш керак, — дебди. Вазирлар ўттиз тўққизта уйни ҳам кўришибди, ҳаммаси берк. Қирқинчи уйнинг эшиги очиқ. Кириб қарасалар, Баҳодир ҳушидан кетиб йиқилиб ётибди. Вазирлар Баҳодирни уйга олиб келиб, зўрға ҳушига келтиришибди. Баҳодир бўйра тагидаги Мислабунинг расмини кўриб, ҳушидан кетган экан. Шу кундан бошлаб Мислабуга ошиқ бўлибди. Кундан-кунга ранги сарғайибди. Вазирлар ҳол-аҳволини сўраса ҳам айтмай, ич-ичидан куйиб юраверибди.
Авваллари узоқ сафарга чиқиб кетган шоҳнинг барча нарсаси тугабди. У чўл-у саҳроларда ўт ва илдизларни еб кун кечирибди. Подшоҳ ичишга сув топа олмай, сарсон бўлиб юрганда, олдидан бир катта дарё чиқиб қолибди. Дарёдан сув ичиб, бироз ўзини ўнглаб олиб, энди ўтмоқчи бўлиб қараса, ҳеч кўприк йўқ эмиш. Дарё бўйида ётган иккита ёғочни олиб, бир-бирига боғлаб дарёга ташлабди-да, тахтага ёпишиб сувда оқиб кетаверибди. Тўтиқуш эса ҳавода орқасига қарамай учиб кетаверибди. Подшоҳ қушни йўқотиб, адашиб қолибди. Кўп овора бўлиб дарёнинг у томонига чиқибди. Тўтиқушдан ажралиб қаерга боришини билмай, ахири олдинга томон юраверибди. Қумнинг иссиғидан оёқлари куйиб, юра олмай қолибди. Секин-секин юриб, олдига қараса, узоқдан бир қора нуқта ғивирлаб келаётган эмиш. Подшоҳ таваккал қилиб ўша томон юрибди. Ниҳоят бир одамга дуч келибди ва: “Ассалому алайкум,” дебди.
Ҳалиги одам:
— Ваалайкум ассалом. Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган ерларда нима қилиб юрибсиз? — дебди.
— Мен Балх шаҳрининг подшоси бўламан. Менинг тўртта хотиним бор. Лекин болам йўқ. Бир тўтиқушим бор эди. Шу тўтиқуш: “Нил дарёси бўйида, темир қўрғонда бир Мислабу деган қиз бор”, деган эди. Мен шу Мислабуга ғойибона ошиқ бўлиб йўлга чиқдим. Мана, ўттиз тўққиз йил бўлди, ҳали ҳам излаб юрибман, — дебди. Бобо:
— Эй, аҳмоқ, шундай тахтинг-бахтинг, тўртта хотининг бор экан. Ўзинг қариб қолибсан, Мислабу жуда ёш қиз бўлса, сени хоҳлармиди. У қиз учун қанча-қанча паҳлавон йигитлар ҳалок бўлиб кетишди, сенга йўл бўлсин. Агар хоҳласанг, мен ер танобини тортаман, қизни кўр-сатаман, — дебди. Подшоҳ севиниб кетибди.
Бобо ер танобини тортиб, қизнинг расмини кўрсатибди. Подшоҳ қизнинг расмини кўриши билан ҳушидан кетибди, бироздан кейин ҳушига келиб, “Қайси йўл билан бораман?” деб сўрамоқчи бўлиб кўзини очса, бобо йўқ эмиш. Жойидан туриб сойдан ўтиб, юриб-юриб бир чарх йигириб ўтирган жодугар кампирга учрабди. Кампирга салом бериб, ҳол-аҳвол сўрабди. Кампир:
— Сен қаердан келяпсан, бу ерда одам яшамайди, — дебди. Подшоҳ бўлган воқеани айтибди. Кампирнинг шоҳга раҳми келиб:
— Эй, подшоҳ, менинг сенга раҳмим келди. Мен ҳеч кимга бу сирни айтганим йўқ эди. Фақат сенга айтаман. Сен мана шу йўл билан кетсанг, Мислабунинг қўрғонига борасан. У ухласа қирқ кун ухлайди, қирқ кун уйғоқ туради, — дебди. Подшоҳ кампир кўрсатган йўл билан бориб қўрғонни топибди. Қўрғоннинг атрофини айланиб ҳеч эшик топа олмабди. Девор устига қараса, кўзи қамашибди. Нима қилишини билмай, яна кампир олдига келиб қўрғонга кириш йўлини сўрабди. Кампир бир тилсим ўқиб подшоҳни каптар қилиб учирибди. Каптар учиб бориб деворга қўнибди. Мислабуни кўришга қанча уринса ҳам кўра олмай, яна кампир олдига қайтибди. Кампир яна бир тилсимот ўқиб, олма қилибди. Олма учиб бориб қизнинг кўрпаси орасига яширинибди. Кўрпа орасида ётиб ҳеч нарса кўра олмай, яна кампирнинг олдига қайтиб келибди. Кампир:
— Бўлмаса, сен девор тагидан лаҳим кавла. Лаҳим Мислабунинг ҳовлисидаги бир туп қизил олма дарахти тагидан чиқсин. У олманинг тагида бир олтин қозиқ бор, шу қозиққа Мислабунинг оти боғланган. От сенинг борганингни билмасин, билса, кишнаб юборади. Мислабу ўрнидан туриб, келган душманни ўлдиради. Шунинг учун мана шу тўрвадаги кишмишни отга бер, егандан кейин кишнамайди, — дебди. Подшоҳ девор тагидан лаҳим кавлаб олтин қозиқ ёнидан чиқибди. Бошини секин кўтариб қараши билан от кишнаб юборибди. Мислабу отининг кишнаганини эшитиб ўрнидан туриб келиб, отга миниб учиб кетибди. Юқоридан қараб ҳеч кимни кўрмай, яна қайтиб тушиб ухлабди. Подшоҳ бошини кўтариб қараса, от яна кишнабди. Мислабу ўрнидан туриб келиб отига миниб учибди. Яна ҳеч кимни кўрмай, отига бир қамчи уриб, уйига кириб кетибди. От ёш боладек кўзидан ёшини тўкиб қолибди. Шунда подшоҳ бошини кўтариб, от олдига кишмиш солибди-да, уйга кирибди. Қараса, Мислабу юзига қирқта парда тутиб, барқ уриб ухлаб ётибди. Подшоҳ аста-секин қирқ қозиқ қоқиб, қизнинг қирқта кокилини қозиққа боғлабди. Қўл-оёқларини ҳам боғлабди. Ўтириб Мислабунинг дуторини қўлига олиб оғзига келган ашулани айта берибди. Мислабунинг қирқ кунлик уйқуси қониб, уйғониб турай деса, кокили тортилиб, тура олмабди. Мислабу:
— Бу ишни ким қилди, бу ерда ким бор, одаммисан, паримисан.
Сочларимни ечиб қўй, — дебди. Подшоҳ:
— “Жонони калон, жонидан”, десанг, кокилингни ечаман, — дебди. Мислабу:
— Ким сенга бу гапларни ўргатди. Агар мен бу гапни айтсам парилик қанотим қирқилиб, осмонда уча олмай қоламан. Шунинг учун айтмайман, — дебди. Подшоҳ қизнинг кокилини бир неча кунгача ечмабди. Мислабу кўп азоб тортиб, охири “Жонони калон, жонидан” дейишга мажбур бўлибди. Мислабу подшоҳни отга миндириб Нил дарёсига олиб бориб туширибди. Подшоҳ сувдан йигирма ёшлик йигит бўлиб чиқибди. Иккови подшоҳнинг шаҳрига жўнамоқчи бўлибди. Мислабу энг катта қора девни чақириб:
— Мана шу қўрғонни устингга қўйиб, Балх шаҳрига қанча вақтда олиб борасан? —дебди. Дев:
— Бир соатда олиб бораман, — дебди. Мислабу девни кафтига қўйиб “пуф” деб учириб юборибди. Яна қизил девни чақириб:
— Шу қўрғонни Балх шаҳрига қанча вақтда олиб борасан? — дебди. Қизил дев:
— Ярим соатда олиб бораман, — дебди. Мислабу уни ҳам учириб юбориб, оқ девни чақирибди:
— Сен қанчада олиб борасан? — дебди.
Оқ дев:
— Кўзингни очиб юмгунча олиб бораман, — дебди. Дев темир қўр-ғонни устига қўйиб, кўз юмиб очгунча Балх шаҳрининг ёнига тушибди.
Бу хабар шаҳар халқига тарқалибди. Халқ Мислабунинг ҳуснини томоша қилиш учун келибди. Подшоҳ Мислабунинг ёнида ўтириб юзидан битта-битта ниқобини кўтариб турибди. Энг охирги пардаси қолганда париларнинг бошлиғи Юнус пари Мислабуни қидириб келиб қолибди.
Мислабу подшоҳга:
— Эй, подшоҳ, эҳтиёт бўл. Париларнинг бошлиғи келяпти. У келиб сени жангга чақиради. Сен менинг айтганимни қил, бўлмаса енгиласан, — дебди. Юнус пари яқинлашиб келиб, подшоҳни жангга чақирибди. Подшоҳ Мислабунинг айтганларини қилиб Юнус пари аскарлари билан жанг қилиб, уни енгибди. Юнус пари осмонга чиқиб кетибди. Бу воқеа ўғли Баҳодирга етибди. Баҳодир отаси Мислабуни олиб келганини билиб, зиёфат тайёрлаб, эшик олдига пояндозлар солдирибди. Икки чопарини юбориб, подшоҳни зиёфатга таклиф қилибди. Мислабу билан подшоҳ саройга яқинлашиб келибди. Йўлга подшоҳнинг уч хотини чиқиб турган экан. Мислабу ҳаммаси билан кўришиб подшоҳга:
— Эй, подшоҳ, тўртинчи хотининг қаерда? — дебди. Подшоҳ:
— Зиндонда, — дебди. Мислабу:
— Маликани зиндондан олиб чиқинглар, — дебди. Маликани зиндондан олиб чиқибдилар. Мислабу:
— Кўзи қани, — дебди. Подшоҳ сабабини айтибди. Мислабу бир тилсим ўқиб, маликанинг кўзини олиб, ўз жойига келтириб қўйибди. Кўзи равшан бўлиб очилиб кетибди. Мислабу малика билан сўрашиб меҳмонхонага кирибди. Мислабу Баҳодирни кўриб севиб қолибди. Зиёфат тамом бўлгандан кейин кенжа шоҳ Мислабуни қўрғонга олиб келибди. Золим подшоҳ бу ишдан ғазабланиб, ўғлини ўлдирмоқчи бўлибди ва жангга чақирибди. Баҳодир отасини енгибди. Қирқ кеча-қирқ кундуз тўй-томоша қилиб, Баҳодир Мислабуни олибди.
Баҳодир ҳам, Мислабу ҳам, онаси малика ҳам мурод-мақсадларига етишибди.