Кунлардан бир кун жиккаккина ола қуён шерикларига:
— Бўридан қўрқмайман, тулкини бир пуфлаб осмонга учириб юбораман, — деб чиранибди.
Ҳамма унинг мардлигига қойил қолиб, ёқа ушлаб турганда, бирдан бўри келиб қолибди.
— Ҳап! — деб қуёнларга ташланибди. Ола қуён ўзини ҳаммадан олдин эшикка урибди. Бўри унинг йўлини тўсибди. Шу он ола қуён ўлар-тириларига қарамай бир сакраган экан, бўрининг бошига чиқиб қолибди. Бўри тумтарақай қочаётган қуённи ирғитиб юборибди. Ола қуён зўрға қутулиб, бир неча вақт нафасини ростлолмай чангалзорда ётибди.
У кеч кирганда уйга кириб борибди.
— Аҳволларинг қалай? — дебди у гердайиб.
— Хайрият, омон экансан. Бўрига ем бўлиб кетгансан деб ўйлаган эдик, — дейишибди қуёнлар.
— Бе-е, — дебди ола қуён сир бой бермай ва мақтаниб кетибди: — Ем бўлиб бўпман. Бошига чиқиб бир тепдим, тил тортмай ўлиб қолди. Терисини шилиб олдим.
Ола қуён ўртага чиқиб, бўрининг терисини қандай шилганини мақтаниб сўзлаб кетибди.
— Раҳмат сенга, ола қуён, бўридан қутулибмиз, — дебди қуёнлар.
— Ҳа, бутунлай қутулдиларинг, — дебди керилиб ола қуён ва бўри пойлаб турмаганмикан, деб хавотирланиб атрофига қараб қўйибди.
У мақтанчоқ, лекин жуда қўрқоқ экан.