Бир мақтанчоқ ғоз бор экан. У ғоз ҳар куни одамлар олдига келиб, мақтанаверар экан. Бир куни яна мақтаниб:
— Мен осмонда учаман, сувда сузаман, ерда чопаман, — дебди. Бир доно одам келиб ғоздан:
— Осмонда учганингда сен бургутдек уча оласанми? — деб сўрабди. Ғоз:
— Йўқ, — дебди. Доно одам:
— Сувда сузганингда балиқдек суза оласанми? — дебди. Ғоз:
— Йўқ, — дебди. Яна доно одам:
— Ерда чопганингда отдек чопа оласанми? — дебди. Ғоз:
— Йўқ, — дебди. Шунда одамлар кулишибди:
— Ҳай, мақтанчоқ ғоз, ҳунаринг оз! — деб уриб, қувиб юборибдилар.
Хулоса: баъзи одамлар ҳам худди шу ғоздек кўп мақтаниб, дакки ейди.