Луқмони ҳаким

Бор экан, йўқ экан, оч экан, тўқ экан, бир замонда Искандар деган подшо ўтган экан.
 Искандар Ямандан Ясаргача (кун чиқишдан кун ботишгача) жойни сўраган экан. Подшонинг гапдон бир вазири бор экан. Подшо бир кун вазирлари билан ўтирганда:
— Бир сўзим бор, сизларга айтаман. Айтган сўзимни уддасидан чиқасизларми? —дебди. Шунда вазирлар:
— Гапиринг, гапиринг, биз эшитайлик, — деб таъзим қилиб туришибди.
Подшо:
— Мен ер юзини сўрайман, бу сизларга маълум, энди сизлар менинг вазирим бўлсаларинг, осмоннинг устида, ернинг остида одамзод бўлар эмиш, деган гаплар бор. Осмоннинг устидаги одамларни ерга тушириш, ер тагидаги одамларни юқорига чиқариб, шуларнинг ҳам ихтиёрларини менга қаратишларингизни сўрайман. Уларнинг сўзларини менга олиб берсаларингиз. Агарда менинг топширган топшириғимни бажарсаларингиз чин вазирлик ўринларингизда қолдираман, — дебди. Вазирлар:
— Жонимиз сизга тасаддуқ бўлсин. Бу гапни энди гапирдингиз бизга, энди сизга гапимиз, қиладиган нафимиз шу, топширган вазифангизга биздан жавоб эшитинг. Бу гап, йўқ гап — осмон узоқ, ер қаттиқ, иложимиз йўқ, сизга берадиган хирожимиз йўқ. Ҳар қандай топшириқ топширган вақтингизда биз бажарган эдик. Лекин бу топшириқни бажара олмаймиз, — дейишибди.
Подшо вазирларининг жавобига нима дейишини билмай турганда, вазирлари ичидан гапга уста Тойиржон деган вазир чиқиб шундай дебди:
— Тақсир, сиз бу топшириқни топшириш билан қандай фикрни ўйладингиз? Лекин мен сизнинг топширган вазифангизни бажариш учун бир мисол айтаман.
Подшо:
— Қани айт-чи, эшитай! — дебди.
Тойиржон:
— Дарёларнинг ичида каттакон дарё бор, уни шўр дарё дейишади. Шўр дарё бўлса ҳам жуда каттакон зўр дарё! Мен бул дарёнинг тагида, сув ичида одами оби, одами лоби, одами соби деган одамлар бор деб эшитганман. Энди шу дарёнинг тагида одам борлигини билайлик, уларни қўлга олишнинг иложини қилайлик, — дебди. Подшо:
— Қандай қилиб иложини топсаларинг, қилинглар! — дебди. Вазир Тойиржон:
— Бир шишадан уй ясаймиз, неча ботмон темирдан занжир ясаймиз, шишага занжирни боғлаймиз. Зиндондан бир одамни олиб чиқиб шишали уйга нафаси қайтмайдиган қилиб жойлаб, сувга тош ташлагандай ташлаймиз. Зиндондан олиб чиқилган одамга айтамизки, шу дарёнинг тагига тушасан, дарё тагида одам борлигини билиб чиқасан, билиб чиқсанг, ҳар қандай жиноят қилган бўлсанг ҳам сени зиндондан озод қиламиз, деймиз, — дебди.
Бу сўзлар подшога маъқул тушибди. Подшо вазирига:
— Бу сўзларинг маъқул, баракалла. Ҳар қандай йўл билан бўлса-да, билишимиз керак, — деб шишадан бир уй ясатибди-да, занжирни тайёр қилиб, зиндонда умрбод ётадиган одамни олиб чиқиб: — Шу дарёга тушиб одам бор-йўқлигини билиб чиқ. Кейин сени бўшатаман, — дебди.
Шундай қилиб, зиндондан олиб чиқилган одамни шиша уйга солиб, занжир билан боғлаб, тош ташлагандай қилиб дарёга ташлаб юборибдилар. Дарёга ташланган одам дарёнинг энг тагига етганда, дарё тубидаги одами оби, одами лоби, одами собилар шишанинг ичидаги одамни кўриб, дарғазаб бўлиб:
— Сендай махлуқ бизнинг ичимизда йўқ. Сен ўзингни бизга маълум қил, бизга ким эканлигингни айт, айтмасанг ҳар нарса қилишга кучимиз етади, — дейишибди.
Шиша ичидаги одам уларга:
— Мен сизларга юқоридан тушган элчиман, юқоридаги подшо мени сизларга элчилик мақсадида туширди. Шу дарёнинг тагида одамлар яшармикин ёки яшамасмикин? Агарда одамлар яшасалар, подшолари бўлмаса, арзларини менга айтсалар, деган мақсадда мени туширдилар. Сизлар нима дейсизлар? — дебди.
Шунда дарёнинг тагидаги одамлар бу хабарни эшитиб:
— Юқоридаги, ер юзидаги подшо ер юзини сўраётган эсалар, наҳот бизларни ҳам ўзларига қаратмоқ мақсадида бўладилар, — деб ҳайрон бўлишиб, шишадаги одамга:
— Майли бўлмаса, сиз элчи экансиз. Сизга биз шу нарсани берамиз, подшоҳингизга олиб чиқиб беринг. Шу косадаги унни нон қилиб — ўзлари есин, сўнг косанинг ичига танга ёки тиллани тўлғизсин, агар ер юзида шу косани танга ёки тиллага тўлдирса, биз бу ерда биламиз, сўнгра арзимизни айтамиз, агар тўлдира олмаса овора бўлмасин, биз арзга бормаймиз, — деб сўзларини тамом қилишибди.
Бу сўзларни эшитиб ҳалиги одам бир коса унни олиб дарё тагидан чиқибди.
— Қани, нима хабар топиб чиқдинг, — дейишганда, мана шу нишона, мана шу коса, мана шу гап. Мана шу коса ичидаги унни олиб нон қилиб ёптириб ер экансиз, сўнгра косани тангага ёки тиллага тўлғазар экансиз. Агар косани тангага ёки тиллага тўлғазсангиз, сизга арзиҳолга чиқар эканлар, бўлмаса сиз бу ерда, улар у ерда қола берар эканлар, — дебди дарё тагига туширилган киши.
Подшо бу косани кўриб, дарёнинг тагида танга, тилла йўқ экан-да, деб кўнглига келтириб: “Бир ҳовуч танга солса, тўлади-ю”, деб ўйлабди. Унда Тойиржон вазири:
— Дарёнинг тагида танга ва тилла йўқ эмасдир, бордир, аммо бу косанинг бир ҳикмати бордир, — дебди. Подшо:
— Қандай ҳикмати бўлар экан? —деб сўрабди.
Тойиржон:
— Унни олсак, бир тўппи тангани олиб косага солсак, нима ҳикмати борлигини биламиз-қўямиз, — дебди.
Подшо:
— Бўлмаса шундай қилиб кўрайлик, — деб косани ўртага қўйишиб, ғазначини чақириб, “Бир этак танга олиб кел, менга”, дебди. Ғазначи тангани олиб, этагига солиб келиб:
— Нима қилай? — дебди.
— Косага бир ҳовуч тилла сол! — дебди. Улар бир этак тангани коса-га солиб тамомлашибди. Косанинг ичидаги танга кўринмай қолибди. Подшо:
— Мен, бас, демагунча олиб чиқиб тангани косага сола беринглар! — дебди. Подшо бас демабди, ғазначи этак-етак танга олиб чиқиб косага солаверибди. Косада танга кўринмай қола берибди. Подшонинг жаҳли чиқиб, фолчи ва қурандозларини чақиртирибди.
Қурандозлар таъзим билан:
— Чақиртирган экансиз, хизматингизга келдик, — дебдилар.
Подшо:
— Ўтиринглар, мен сизларни чақиртирганимнинг боиси шуки, шўр дарёнинг тагига бир элчи туширган эдим. Шуларни ҳам сўрасам деган эдим. Туширган элчимнинг қўлига бир коса беришибди. Шул косани танга ёки тиллага тўлғазсалар, бизни сўрасалар майли, ўзимиз чиқиб арзимизни айтамиз. Агар косани тўлдирмас эканлар, биз арзимизни чиқиб айтмаймиз, дейишибди. Биз косага кўп танга солдик, косани тўлдира олмадик. Шунинг маъноси нима, билиб беринглар!— дебди.
Фолчи ва қурандозлар:
— Биз шашқол ташлаймиз. Ташланган шашқолнинг меъёрига қараб гапирамиз, — дейишибди. Подшо:
— Ишқилиб нима маъноси бор эканини айтсангизлар, бас, — дебди.
Фолчилар ва қурандозлар шашқол ташлаб подшога таъзим қилиб, бул косани сизга тажрибага берган эканлар. Яъни ер юзини сўраётган подшо энди бизни ҳам сўрайман, деган бўлсалар, бу коса, яъни тўлмаган коса тупроққа тўлмаса, бошқа нарсага тўлмайди. Биз билан ишлари бўлмасин, деган маънода экан. Яъни косага тупроқ солса, косага солинган тупроқда танга кўриниб қолса, кўриниб қолган тангани ғазналарига солсалар, ул киши у ёқда қолсалар, биз бу ёқда қолсак. Биз билан ишлари бўлмаса, деган экан, — деб подшога бул гапни баён қилибдилар.
Подшо шу қурандозларнинг сўзи билан косага тупроқ солган вақтда танга косанинг атрофида кўриниб қолибди. Подшо тангани олиб, ғазнага солиб индамасдан қолибди, шунда ўйлаб-ўйлаб бу косадан кўрган иш бу бўлди, энди ундан нима чиқар экан деб, унни олиб хотинига бериб нон қилиб ёпиб беришни буюрибди. Подшонинг хотини хамир қилиб тандирга ёпаман деса, ҳадеб оқиб кета берибди. Подшонинг хотини ҳайрон бўлиб, бошқа ундан хамир қилиб нон ёпиб чиқариб берибди.
Подшо нонни еб “Ҳеч асорат, фойдали нарса йўқ”, дебди. Энди подшо у ёқда қола берсин, гапни бошқа томондан эшитинг.
Шул вақт подшонинг эшигига бир девона тиланиб келибди. Подшонинг хотини ҳалиги тандирнинг тепасида ёпилмай қолган нонни хайр қилиб бериб юборибди. Девона нонни олиб, хуржунга солиб, кетиб қолиб, бир ариқнинг ёнидаги толнинг салқинига етиб қолиб, нонни ариқдаги сувга ивитиб еб ўтирганда, тол эгилиб:
— Эй, девона, мендан гап сўраб кет! — дебди. Девона ҳайрон бўлиб бу толдан нечук овоз чиқди, деб:
— Гапир, нима гапинг бор! — дебди.
Тол айтибдики:
— Мен шундайманки, кимки сил касалига йўлиққан бўлса, менинг салқинимда ўтирса, шунинг дардини кеткизишга қувватим келади.
Девона “Ҳа, ҳа”, деб кета туриб, йўлда тут дарахтини учратибди. Тут:
— Эй, девона, бир сўзим бор… — дебди.
— Ҳа, нима сўзинг бор, — дебди девона.
Тут:
—Жами дарахтлар ичида менинг давойим беқадр. Лекин менинг пўстлоғимни шилиб олиб қозонга солиб, қайнатиб сувига чўмилган одамга яра чиқартирмайман, — дебди.
Девона “Ҳа-ҳа”, деб кулиб кетиб қолибди.
Нарироққа етиб борса, девонага ажриқ ўт учрабди.
— Менинг ҳам сўзим бор, — дебди ажриқ.
— Нима сўзинг бор, — дебди девона.
— Мени ковлаб олиб томиримни офтобда қуритиб, талқон қилиб еган одамнинг ичидаги бутун иллатини йўқотишга қувватим келади, — дебди. Хуллас, бутун ер юзидаги гиёҳлар ўзларининг нимага даво эканликларини бу кишига бирма-бир баён қилиб айтган эканлар.
Кўкарган гиёҳларнинг сўзи билан бу киши ҳар қайсисидан озгина-озгина йиғиб олиб девоналикни ташлаб, табибчилик қилган экан.
Бу кишининг табибчилик ҳунаридан кўп одамлар шифо топиб келганликлари учун унга, “Луқмон-девона”, “Луқмон ҳаким” деб ном қўйишган экан. Лекин у одам девоналик қилиб юрган вақтларида бопандалик ҳам қилган экан. У йилдан бу йилга шу подшо Искандарнинг киядиган кийимларини тўқиб беришнинг кафилини олган экан. Ҳеч бир бопанда иш тўқиб, у кишидек подшога маъқул қила олмаган экан. Шундай бўлса-да, подшонинг берган инъоми бу кишини таъминламагандан, девоналик ҳам қилиб юрар экан.
Бир кун подшо Луқмон ҳакимга: “Мана бу инъомни олинг, жўнаб қолинг, эндиги келишингизда ўғлимга ва менга етарли кийимлик тўқиб келинг!” деб топшириқ берибди. Луқмон ҳаким, “Хўп”, деб чиқиб кетибди.
Луқмон ҳакимнинг ҳам подшо ўғлидек ўғли бор экан.
Луқмон ҳаким ўйлаб “Подшонинг ўғли кияди-ю, менинг ўғлим киймайдими?” деб ҳавас қилиб уч кийимлик тўқиб ўғлига лойиқ қилиб олиб қолиб, подшонинг ўзига ва ўғлига етарли кийимлик олиб бориб берибди. Подшо ҳар вақтдагидек Луқмон ҳакимга инъом бериб жўнатиб юборибди.
Подшо бир куни вазирларини чақириб:
— Овга чиқиб бирор нарса овлаб келайлик, — деб овга чиқибди.
Подшо овини овлаб, довини довлаб қайтиб Луқмон ҳакимнинг маҳалласидан ўтиб кетаётганда Луқмон ҳакимнинг ўғлини кўриб қолибди. Луқмон ҳакимнинг ўғли подшонинг ўғли каби кийиниб, кўчада варрак учириб юрган экан. Подшо уни ўз ўғли деб ўйлабди. Вазирларидан сўраса, улар:
— У сизнинг ўғлингиз эмас, бу бола Луқмон ҳакимнинг ўғли, — дейишибди. Подшо:
— Менинг кийган кийимим билан ўғлимнинг кийган кийими нусхасидан ўғлига кийгизиб, менинг юз-хотиримни қилмагани учун мен унга жазо тайин қиламан, — дебди. Вазирлар:
— Нима десангиз ўзингиз биласиз, — дебдилар. Подшо:
— Бунга бериладиган жазо шуки, ўғли билан ўзининг қўл-оёғини боғлаб, Оқтепа деган чўлга ташлайсизлар. Чўл ўртасига терак бўйи чуқур ковлаб, ота-болани тириклайин шу чуқурга ташлайсизлар! Устини ёғоч ва тупроқ билан тўлдирасизлар. Сўнгра бир ой пойлаб, икки ойгача тупроқ жойлаб, тупроқ устини лойлаб, сўнгра олдимга борасизлар, — деб уйига кетибди.
Вазирлар Луқмон ҳаким билан ўғлини олишиб, Оқтепа чўлига кетган эканлар. Шу билан Луқмон ҳакимни кеткизиб, Оқтепа биёбон чўлига етказиб, терак бўйи ковлашиб, икки арава теракни келтиришиб, Луқмон ҳаким билан ўғлини чуқурга ташлашиб, ҳунарларини хушлашиб, устини бекитиб, тупроқ тўкишиб, вазирлар хаёл суришиб турганларида, бир одам хўтик билан ўтин териб юрганини кўришибди. Уни чақириб олиб, гапга солиб:
— Шу ерга икки ойгача тупроқ тўкиш керак. Шу хизматинг учун қанча сўрайсан? —дейишибди.
Гаплашиб бўлишганидан кейин икки ойгача тупроқ тўктириб, атрофини жойлашиб, устини лойлашиб, бир ой пойлашиб, подшонинг олдига боришиб:
— Буюрилган топшириқни ўрнига қўйиб келдик, — деб таъзим қилиб туришибди. Подшо:
— Баракалла! — дебди.
Орадан ўн-ўн беш йил ўтган. Искандар подшо ўлган. Подшони кўмишган. Подшонинг ўғлини халқ подшо қилиб кўтарган.
Шундан сўнг халқнинг хоҳиши билан подшонинг ўғли уйланган. Бир йилдан сўнг бир ўғил кўрган. Ўғли етти ёшга тўлган. Бир кун подшо овқат еб турганда, бир суяк унинг ҳалқумига тиқилиб дастурхонга йиқилган, ўғли билан хотини ташқарига чиқиб:
— Подшо овқат еб туриб, томоқларига суяк тиқилиб, йиқилиб қолдилар, — деб хабар бериб, — табиб келтиринглар! — деган.
Ташқаридагилар дарров беш-олтита табибни олиб келишиб подшонинг олдига еткизишибди. Подшонинг бу ҳолини кўриб, табиблар:
— Биз бу касалнинг иложини қила олмаймиз, — дейишибди. Вазирлардан бири:
— Луқмон ҳакимнинг қадрлари ўтди-ку, — деганда, подшо:
— Луқмон ҳакимнинг маъниси нима? — деб сўрабди.
Вазир туриб:
— Отангизнинг даврида ўтган бир ҳаким эди. Унинг ўлган одамни ҳам тирилтириб олишликка қуввати етар эди. Отангиз бир зулм билан Оқтепа чўлига кўмдириб юборган, — дебди.
Вазирлардан бири айтибди.
— Агар чиндан ҳам Луқмон ҳаким бўлсалар, тирикдурлар. Биз бориб қарайлик, — деб неча киши биёбон чўлга бориб қарасалар, бу кишининг тепасига тўкилган тупроқни шамол учириб ҳар тарафга тўзғитиб юборган экан. Излашиб тополмай, ҳайрон қолишибди. Вазирлардан бири туриб:
— Луқмон ҳакимнинг устига Абдурайим ўтинчи эшаги билан икки ой тупроқ ташиган. Шунинг учун биз Абдурайим ўтинчини топайлик. Эшагини сўраб оламиз-да, устига бир қоп тупроқ ортамиз, қаерга бориб тўхтаса, ўша жойни ковлаймиз ва Луқмон ҳакимни топамиз, — деб эшакни излашга киришибдилар. Абдурайим ўтинчини топиб эшагини сўраб олишибди. Биёбон чўлга еткизишиб, озгина тупроқ олиб, қопга солиб эшакнинг устига ортишиб, эшакни ҳайдаб бораверишибди. Эшак бир жойга бориб таққа тўхтабди, етакласалар ҳам юрмабди. Эшак тўхтаган еридан уч-тўрт кетмон ковлашса, бир ердан тешик очилибди. Ичкаридан овоз чиқибди:
— Кимсан! Менга шабада киргизма! Сувнинг кўпигидек илвиллаб ётибман. Менга зарар етказма!
Булар:
— Сизга бизни подшо юборди. Подшонинг томоғига суяк тиқилиб қолди. Шунинг дориси нима? — деб сўрашибди.
— Бу касалга мен ўзим бормасам бўлмайди, — деган овоз чиқибди. Улар:
— Ўзингиз бораман дейсиз, сувнинг кўпигидек илвиллаб қолганман дейсиз, ундай бўлса қандай борасиз! — дейишибди.
Луқмон ҳаким:
— Агар мени олиб бориш учун кучларингиз етса, бу тешикни бекитиб кетинглар. Қирқ қадоқ ёғ, қирқ қадоқ гўшт, қирқ қадоқ пиёз, қирқ қадоқ туз, қирқ поғонали шоти ва қирқта қиз олиб келасизлар.
Олиб келган поғонали шотини қўлим етарли жойга туширасизлар, олиб келган қизларни ҳар поғонага ўтқазиб қўясиз, шунда мен у қизларнинг қўлларидан ушлаб юқорига чиқаман. Овқат еёлмайман. Пиёздоғиси димоғимга кирса, овқат еган ҳисобда ўтаман ва кучга кираман, подшо олдига етаман, — дебди.
Улар бу гапларни хиёл ўтмай, подшога етказишибди. Бу гапларни эшитган подшо буйруқ берибди. Уста шотини тайёр қилгунча, кўчама-кўча, гузарма-гузар, маҳаллама-маҳалла юриб бўйи етган қизларни тўплашибди. Шу билан шоти ҳам, қирқ қиз ҳам, бошқа айтган нарсалари ҳам тайёр бўлибди. Буларнинг ҳаммасини аравага жойлаб, Луқмон ҳаким ётган жойга етказишибди. Шотини тушириб ҳар поғонага биттадан қизни ўтқазиб қўйишибди. Сўнгра Луқмон ҳаким қизларнинг қўлларини ушлаб қувват топиб, қизлар беқувват бўлиб, сап-сариқ заъфарондай бўлиб, поғонадан йиқилиб туша берибдилар. Чуқурдан Луқмон ҳаким чиқибди. Лекин ўғли чуқурда қолибди. Пиёздоғни қовуриб турганда иси Луқмон ҳакимнинг димоғига уриб, шундан баҳра олиб, подшонинг олдига етибди.
Луқмон ҳаким подшодан ҳол сўраб:
— Ўғлим, нима дардингиз бор! Айтинг! — дебди. Подшо:
— Шошилиб овқат еб турганимда томоғимга суяк тиқилди.
Шунинг иложи қандай? — дебди. Луқмон ҳаким:
— Бунинг иложи, ўғлингизни сўйиб қонини ичказаман, шу дори бўлади. Бошқа дори ҳеч тузата олмайди, — дебди. Подшо бу гапга, унамабди. Ўлсам ўзим ўлай, лекин ўғлимнинг сўйилишига норозиман, — дебди. Шунда Луқмон ҳаким вазирларига гап ўргатиб:
— Бир ўғилнинг баҳридан ўтинг, тағин бошқа ўғил кўрасиз, деб подшони кўндиринглар! — дебди.
Вазирлар шу сўзлар билан подшони кўндирибдилар. Сўнгра боланинг уст-бошини ечишиб, отасининг олдига ётқизиб, бўғизлашга тайёрлаб қўйганлар. Кейин болани подшо олдидан олиб чиқиб, унга кўрсатмай нарироққа ётқизиб, унинг ўрнига бир эчкининг боласини келтириб, унинг томоғига пичоқ тортибдилар, шунда эчки “ба, ба” дейиши билан подшо “Вой болам, вой болам”, деб қичқириб юборибди. Шу маҳал унинг томоғига тиқилиб қолган суяк оғзидан отилиб чиқиб кетибди.
Подшо “Вой болам, вой болам”, деб эсини йўқотиб турган вақтида, боласи ўйнаб юрганини кўриб қолибди. Подшо Луқмон ҳакимга дўқ қилиб:
— Нега мени шунча қийнадинг?! — деса, Луқмон ҳаким:
— Бошқа иложим йўқ эди. Мана энди боланг ва ўзинг ҳам омон бўлгин, менинг табиблигим шу, — дебди, Подшо:
— Мурод-мақсадимга етдим. Тиланг, тилагингизни берай, — дебди. Луқмон ҳаким:
— Гапни гапга уриштириб, сўзни сўзга солиштириб, ҳақни ёки ноҳақни текшириб иш қилсанг, менга шу етарли. Бошқа тилагим йўқ, — дебди. Подшо:
— Отам сиз билан ўғлингизни шундай ёмон жазога буюрган эканлар. Ўғлингиз қани? — деб сўрабди. Луқмон ҳаким:
— Баракалла, бу гапинг маъқул гап бўлди. Бир деворнинг кавагида каптар бола очган экан. Ўғлим ёшлик қилиб шу каптарнинг боласини оламан деса, қўли етмабди, шунда дўпписини кавакка тиқиб, шотига кетган экан. Келгунча каптарнинг боласи ўлиб қолибди. Шунинг жабрига қолди, — деб подшонинг сўровига жавоб бериб, уйига кетган экан, ўғли билан қирқ қизни олиб, даволаб муродига етган экан.
Луқмон ҳаким уйига келганини бутун ошна-оғайни, қавм-қариндошлари эшитиб, кўргани келиб, ўртага олишиб гапиртириб ўтиришибди. Келган ошна-оғайнилардан бири:
— Луқмон ҳаким, бир кўрган-кечирганингизни гапириб берсангиз, — дебди. Луқмон ҳаким “Хўп” деб сўз бошлабди:

Ҳасратим дафтарга сиғмас битолмайман, ука,
Оғзимдаги бор нарсани чайнаб ютолмайман, ука,
Кўрганимда кўз ёшимни тўхтатолмайман, ука.
Кўрмайин босдим тиканни тортиб келдим дардини,
Кўрсам эдим, босмас эдим, тортмас эдим дардини,
Хор-зорлик торта-торта танда тоқат қолмади.
Келдим кулбам аро, кўрдим сизларни,
Юракда армон қолмади.

Шу билан Луқмон ҳаким ўз табиблигини давом эттириб, кўп вақтлар яшаб юрган чоғларида ўзларидан ўзлари нотоб, бетоб бўлиб ётиб қолган эканлар. Ошна-оғайнилар, қавм-қариндошлар ва бу кишидан даволанганлар Луқмон ҳакимнинг бетоб бўлиб қолганини эшитиб кўргани келибдилар. Улар Луқмон ҳакимдан:
— Сиз бизга ҳайрон қоларли фойдаланадиган сўзлардан гапириб берсангиз, — деб сўрашибди. Луқмон ҳаким:
— Қиш чилласида оқиб турган совуқ сувга чўмилган кишининг ариқ лабида ўлиб қолмаганига ҳайрон қолдим. Иссиқ сув билан ўлган ўликни ювган вақтда тирилиб кетмаганига ҳайрон қолдим. Тоби йўқ одам ҳаммомга тушиб, ҳаммомдан чиққан вақтда учиб кетмаганига ҳайрон қолдим. Ҳар қандай одам ялпизнинг томирини ковлаб олиб, сувга солиб, ювиб, офтобда қуритиб, сутга солиб, шуни қайнатиб ичса одамнинг ичида тоши бўлса, шул тошни эритиб юборади. Иккинчи ҳалилайи занги деган гиёҳ бўлади, уни олиб, кувачага солиб, туйиб, талқон қилиб, кап отиб юрса, ҳар қандай одамни қувватли, кучли қилади. Ҳар қандай одам йўтал бўлса, шундай дардга беҳи олса, беҳининг ичидаги уруғини олиб, уруғ ўрнига думба ёғ солса, сўнг пишириб еса, йўтал бўлган одам тузалади, яна ҳар қандай одам ҳар ҳафтада ҳаммомга тушиб турса, соғлом-бақувват бўлиб юради. Сизларга гапим, қилган нафим шу, — деб сўзини тамом қилган.
Келган ошна-оғайнилар, қавм-қариндошлар бу сўзларни эшитиб, ўз уйларига кетган эканлар, Луқмон ҳаким бир-икки кундан сўнг ўз ажали билан ўлган экан.