Лопчи

Тошкентда бир лопчи бор экан. У ўзини бирдан-бир лопчи деб билар экан. У бир куни Қўқонда ҳам бир катта лопчи борлигини эшитибди. Уни мот қилиб келиш учун Қўқонга жўнабди. Қўқонга боргач, лопчининг уйини қидириб топибди. Эшикни тақиллатибди. Лопчи уйида йўқ экан. Ичкаридан бир қиз чиқиб:
— Дадам уйда йўқ, нима ишингиз бор эди? — деб сўрабди.
— Ҳа, мен Тошкентдан отангизни зиёрат қилиш учун келдим. Отангизга совға қилиб бир гулдор гилам ҳам олиб келган эди. Шу гиламнинг бир чети вокзалда, бир чети шу ергача етади. Шуни қабул қилиб олинг, — дебди. Қиз:
— Ҳа, жуда яхши, майли, келтира қолинг. Бизнинг ҳам бир гиламимиз бор эди. Яқинда чўғ тушиб куйиб қолди. Шунга ямоқ бўлар, — дебди.
Буни эшитган тошкентлик лопчи:
— Ҳали қизи шундай лопчи бўлса, отасини кўриб нима ҳам қилдим, — деб ўз шаҳрига қайтиб кетган экан.