Жуда қадим замонда, подшоларнинг қаҳру ғазаби ошиб-тошган кезларда бир ғариб она билан қизи кичкинагина ертўлада яшар эканлар. Улар одамларнинг юмушини қилиб кун кўришар экан.
Кунлардан бир куни ғарибгина, жулдур кийимли, ётар ери қора ер бўлган бир йигит хоннинг кичкина қизини кўриб, шу қизга ошиқ бўлиб қолибди. Бу йигит чўпонларнинг овқатини ташиб юрар экан, лекин хоннинг қизига ошиқ бўлгандан кейин, қиладиган ишини унутиб, хоннинг чорбоғи ёнидан кетмайдиган бўлиб қолибди.
Хоннинг қизи кўринавермабди, аммо бир куни она билан қиз бечоралар ғарибгина йигитни кўриб қолишибди. Она ундан:
— Болам, нима килиб юрибсан? Кийим-бошингни ювиб берайми? — деб сўрабди.
— Йўқ, мен хоннинг қизини кўрмоқчиман, — дебди йигит.
— Уни кўриб нима қиласан, у сени писанд қилмайди. Яхшиси биз билан бирга бўл, бирдан икки яхши, иккидан уч яхши, уст-бошингни тозалаймиз, — дебди қизнинг раҳми келиб.
— Мен хоннинг қизига ошиқман, — дебди йигит.
— Эй, йигит, — дебди қиз, — кўрпангга қараб оёқ узат. У — хоннинг қизи, сен эса етим боласан. У қизнинг ҳусни кийим-бошида, юзига суртган упаси билан қошига сурткан сурмасида, қўлидаги хинаси билан кўзингга чиройли кўринибди-да. Эс-ҳушингни йиғиб, унинг ранг-атворига яна бир қара, қани нимаси яхши экан?
Йигит қизнинг гапидан таъсирланиб, уларга қўшилибди. Булар уч киши бўлиб хоннинг қизи яшайдиган сарой олдидан ўтаётсалар, хоннинг қизи уларни чақириб:
— Ҳой, одамлар, менга арғимчоқ қуриб берсанглар, бир тангадан бераман, — дебди. Учаласи дарров арғимчоқ қуришибди. Хоннинг қизи уларга бир тангадан берибди ва ғариб қизга:
— Агар менинг арғимчоғимга пот берсанг, яна бир танга бераман, — дебди. Ғариб қиз:
— Менга бир эски кўйлагингни берсанг, яхши пот бераман, — дебди.
Хоннинг қизи рози бўлибди. Ғариб қиз хон қизи берган кўйлакни кийиб, сочларини тўғрилаб, хоннинг қизига:
— Энди бир рўмолинг бўлса бер, қани мен қандай қиз бўлар эканман, — дебди.
Хоннинг қизи ўзининг кийимларидан бир қаторини ғариб қизга берибди. Ғариб қиз кийиниб, онаси билан ҳалиги бечора йигитнинг олдига чиққан экан, хоннинг қизи унинг ёнида паст бўлиб қолибди, бечора йигит ўзича, “ҳамма нарса бу ерда экан, кишини кийим-бош чиройли қилар экан-да”, деб ўйлаб қолибди.
Уйларига келгач, қиз йигитдан сўрабди:
— Хоннинг қизи қандай экан? Йигит кулибди-да:
— “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деганлари шу экан-да, сен унинг ёнида минг бор чиройли экансан, дебди.
— Ҳа биз ғарибмиз, меҳнат қилиб камолга етганмиз, пардоз-андозни билмаймиз. Улар эса меҳнатни билмайди, кийимларини ҳам бошқалар кийгизиб қўяди. Шунинг учун улар гўзал кўринади, лекин гўзаллик кийимда, ҳуснда бўлмайди, меҳнатда, ростгўйлик ва одамгарчиликда бўлади.
Бечора йигит қизнинг ақлига, ишчанлигига офарин айтиб, улар билан бутунлай яшаб қолибди.