Кийик

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим-қадим замонларда, узоқ бир ерда жуда катта ва баланд тоғ бўлиб, унинг теварак-атрофи адирликдан иборат экан. Бир кун шу тоғнинг баланд чўққисига бир кийик ин қўйиб, уч болалик бўлибди. У ўз болаларини боқиш учун ов овлаб юрар экан. Кийик узоқ-узоқларга бориб, ўтлаб келар экан. Шу атрофда тоғликка яқин бир ерда бир Жугутбой яшар экан. Жугутбойнинг саккиз таноб ери бор экан. Шу саккиз таноб ерига ҳар йили арпа экар экан. Лекин у ҳосилини сира пишириб ололмас экан. Шу яқин ўртадаги ҳайвонлар уни пайҳон қилиб, еб кетар эканлар.
Кунлардан бир кун арпалар одам баробар коиарилганда, овқат қидириб юрган кийик кўм-кўк арпаларни кўриб, арпа шудгорига кирибди. Жугутбой эса, бу йил боплаб арпаларни пишириб олмоқчи экан. Шунинг учун у кўп ерларга қопқон ва тузоқлар қўйибди. Кийик шудгорда қорнини тўйдириб: чиқиб кетаётганда, тўсатдан қопқонга тушибди. Бундан хабардор бўлган Жугутбой дарров келиб, кийикни олиб, сўйиб шўрва қилмоқчи бўлибди.
— Қўлга тушдингми, шунча вақтдан бери шудгоримни босиб оёқости қилаётган сен экансан-да, — дебди. Жугутбой ошпичоқ ва қийматахтани олиб келиб, кийикни сўймоқчи бўлганда, тўсатдан бир киши пайдо бўлиб қолибди. У киши:
— Эй Жугутбой, сендан илтимос, шу кийикни қўйиб юбор. У бориб болаларини боқиб келсин, — дебди. Жугутбой кўнмабди. Шунда бегона киши:
— Мен унинг ўрнига кафилга тураман. У албатта бориб келади, — дебди. Охири Жугутбой бегона кишини кийикнинг ўрнига олиб қолиб, кийикни қўйиб юборибди. Кийик не машаққатлар билан тоққа чиқиб кетибди. Болалари олдига келиб, кўз ёшини тўкиб, болаларини боқиб, улар билан хайрлаша бошлабди:
— Энди тез-тез тўйиб олинглар. Шу бугундан кейин оналаринг чуқурда ётади. Сиз меҳрибонларимни боқадиган онангиз ҳозир ўлимга боради. Секин-секин тоғдан тушиб, ўзларинг овқатланинглар, — дебди. Юришни яхши билмайдиган кийикчалар оналарига:
— Биз сиздан қолиб нима қиламиз. Ўлсак ҳам бир чуқурда ўлайлик. Сиздан кейин яшашимиз қийин, — дейишибди. Кийик болалари оналаридан қолмай унга қўшилиб Жугутбойнинг уйи томон ёи олишибди. Улар кўп юриб, Жугутбойнинг уйига яқинлашганда, Жугутбой уларни кўриб:
— Бир кийигим учта бўлиб келаяпти, — дебди. Кийик болалари билан қумалаб-сумалаб етиб келибди. Буни кўрган Жугутбойнинг раҳми келиб, кийикка ва унинг болаларига жавоб бериб юборибди. Ўлмаган бўлса ҳозир ҳам узоқ тоғларда шу кийик болалари билан яшаётгандир.