Кимёгар

Ўтган замонларда Бухоронинг Девонбеги ҳовузи ёнида, ҳавонинг иссиқ кунларида эллик ёшларга кирган бир чол сопол кўзачада ўтган-кетганларга сув бериб ўтирар экан. Йўловчилар унинг сувини ичгач, пул бермоқчи бўлганларида, узатилган пулларни ўз қўли билан қайтариб: “Раҳмат, пулингиз керак эмас, икки оғиз сўзингиз керак, холос”, дер экан. Буни эшитган айрим кишилар қизиқиб: “Нима деб айтайлик?” деганларида чол: “Абу Али ибн Синонинг падарига лаънат”, десангиз бўлади, дер экан.
Кунларнинг бирида бир ёш муллавачча сув ичгач, чолнинг бу сўзини эшитиб, ҳайрон қолибди, йўл бўйи ўйланиб кетибди. Муллавачча ватани Хоразмга боргач, ўқиётган мадрасасининг мударрисига кўрган ва эшитганларини сўзлаб берибди. Бу гап мударрисни ҳам қизиқтирибди. Мударрис бир куни Бухорога келса, муллавачча айтган чол ҳамон сув бериб, кишиларни Абу Али ибн Сино номига лаънат ўқишларига ундаб ўтирар экан. Мударрис сув ичиб, чолга олтин ташлабди, чол олтинни олмабди. Кечга яқин мударрис яна келиб сув ичгач, олтин бериб, чолдан бир кеча меҳмон бўлишни сўрабди. Сув сотувчи чол мусофирга раҳми келиб уйига бошлаб борибди. Кечки овқатдан сўнг мударрис гап бошлаб, унинг Ибн Сино номига лаънат айттиришининг сабабини сўрабди, чол кўп қаршилик кўрсатса ҳамки охири айтишга мажбур бўлибди.
Чол ўз саргузаштини бошлаб, шундай дебди:
— Бундан бир неча йил олдин раҳматлик отам ўлими олдидан мени олдига чақиртириб, беҳад кўп қўй, эчки, сигир, от, данғиллама ҳовлиларни мерос қолдирди ва умрбод ота касби — савдогарчилик қилишимни васият қилди. Мен ҳам турли шаҳарларга бориб, давлат орттира бошладим. Кунлардан бирида Балх шаҳрида молларимни пуллагач, кечки бозорда, бир китоб савдоси устидан чиқиб қолдим. Кишилардан: “Бу қанақа китоб?” деб сўрасам, улар: “Бу китобни ўқиб тушунган киши тупроқдан олтин қилармиш”, дейишди. “Мен ёнимдаги бор пулимни бериб, ўша лаънати китобни олдим, уни ўқидим. Бухорога келиб китобда кўрсатилган жамики кимёвий дориларни топдим, бу дориларга бутун давлатимни сарфладим. Охири бир куни шу дориларни китобда кўрсатилгандек бир-бирига қўшиб, идиш остига қўйдим-да, ўт ёқдим, етти кун кутдим, кейин очиб ичида олтин битгандир десам, олтин эмас, бир ҳовуч кул турибди. Мана шу китоб туфайли бор давлатимдан, ҳовли-жойимдан ажралдим. Ана шундан бери шу китобни ёзиб, мени ўтдай куйдирган Абу Али ибн Синога лаънат ўқиш билан ўзимни овутиб юрибман.
Мударрис бу гапларни эшитгач, чолдан бироз сут, гуруч ва бошқа нарсаларни олиб келишни сўрайди, сўнгра шу келтирилган нарсалардан ширин овқат тайёрлаб сотишни айтади ва ўзи қайтиб Хоразмга кетади.
Бу лаззатли овқатни биринчи марта кўрган Бухоро халқи талаб кетади, чол бу овқатнинг келтирган фойдасини кўриб, кунига икки-уч марталаб пиширадиган бўлади.
Орадан кўп вақт ўтмай мударрис Хоразмдан чиқиб: “Чол яна Абу Али ибн Синога лаънат ўқиётганмикин ёки бас қилдимикин”, деб Бухорога келади. Бухорога келиб ўзи кўрсатган овқатни ҳар бир кўчада кўради, сўнгра чолнинг олдига келади, чол эса овқатларни ҳамма кишилар пишираётганлигини ва оқибатда қадри кетиб зарар кўраётганлигини айтади. Мударрис чолга яна пул бериб, бундан бир неча йил олдин Балх шаҳрида олган китобда кўрсатилган гиёҳлардан олиб келишни сўрайди. Мударрис китобда кўрсатилганидек қилиб уларни идишга солиб уч кун қиздирган экан, учинчи куни олтин пайдо бўлибди. Шунда мударрис бир бутун олтинни чолга узатаётиб: “Мана бу олтинни сизнинг кули кўкка совурилган давлатингиз эвазига бераман. Сиз бу олтинга ҳар қанча давлат топишингиз мумкин. Сиз оддий лаззатли овқат сирини уддалай олмасдан, ҳаммага тарқатдингиз. Агарда олтиннинг сирини билганингизда уни тупроқ билан тенг қилар экансиз. Олтиннинг сири сиз пул бериб олган китобда эмас, илмда, мансабни пулга олиш мумкин, лекин илмни сотиб олиб бўлмайди. Бу китобни ёзган киши ўттиз-қирқ йиллик илмий тажрибага асосланиб ёзган. Мана шу китобни ёзган Абу Али ибн Сино мен бўламан, бундан кейин менинг номимга лаънат айтишни тўхтатарсиз, деб умид қиламан”, деб чиқиб кетган экан.