Уч оға-ини овга чиқибди. Қош қорайгач, бир ўрмонзорга келиб ётишмоқчи бўлишибди. Биринчи кун кечаси катта акаси пойлоқчилик қилибди. Ярим кечадан сўнг ухлаб қолибди, қозондаги овқатни кимдир еб кетибди. Ўртанча оғаси пойлоқчилик қилган кечада ҳам шу ҳодиса такрор-ланибди. Учинчи куни кечаси Кенжа ботир пойлоқчилик қилибди, ярим кечадан кейин уйқуси келибди. Шунда ёнидан пичоқчасини олиб, жимжилоғини бироз қонатибди. Унинг оғриғига чидай олмай ухламабди. Бир қанча вақт ўтгач, ўрмон ичидан бир нарса чиқиб, тўғри қозон тепасига келибди. Кенжа ботир ўзини панага олиб, келган нарсани кузатиб турибди. Бу махлуқнинг бўйи бир қарич, соқоли ўн қарич экан. У қозонда пишиб турган гўштларни секин олмоқчи бўлиб турган пайтда Кенжа ботир қилич билан шартта калласини кесиб ташлабди. Кесилган калла думалаб кета берибди, Кенжа ботир уни қувлаб бора берибди.
Калла думалаб-думалаб бориб, ўрмон четидаги бир ўрага тушиб кетибди. Кенжа ботир бир белги қўйиб қайтиб келибди, овқатни пишириб қўйибди.
Эрталаб Кенжа ботир кечаси бўлган воқеани акаларига айтиб берибди. Акаларини бошлаб, калла тушиб кетган ўранинг тепасига олиб келибди. Қарашса, ўра жуда чуқур экан. Ўртанча билан Кенжа оға-ини катта акасининг белига арқон боғлаб, уни туширишибди. У ўранинг ярмига боргач, “Дод, тортиб олинглар!” деб бақирибди. Икки оға-ини уни тортиб олишибди. Кейин ўртанчаси белига арқон боғлаб тушибди. У ҳам ўранинг ярмига бормай: “Дод, тортиб олинглар!” деб қичқирибди. Уни ҳам тортиб олишибди. Ниҳоят навбат Кенжа ботирга келибди.
Кенжа ботир белини маҳкам боғлаб акаларига: — Агар мен, “дод” деб йиғлаб, бақирсам ҳам тортиб олманглар, арқонни бўш қўйиб, тушира беринглар! — дебди. Акалари “хўп” деб уни ўрага туширибди. Кенжа ботир ўрага туша берибди, туша берибди Ярим йўлда нафас олиш оғирлашиб, дод дегиси келса ҳам индамай, тишини-тишига қўйиб тушиб бора берибди. Бир вақт узун арқон ҳам тугабди, йигит ҳам ер остига етибди. Ер ости қоп-қоронғи, зим-зиё экан. Йигит нима қилишини билмай, тимирскилаб, эмаклаб, сўқмоқ йўл билан бораверибди. Бироз юргач, бир шуъла кўринибди. Шуълага қараб эмаклаб бораверибди. Кенжа ботир юриб-юриб шуъла тушиб турган тешикдан ёруғ бир ҳовлига чиқибди, қаддини ростлабди. Узоқдан бир уй кўринибди. Уйнинг деразаси ёнига бориб, қулоқ солиб турса, бир чиройли қиз ҳалиги каллани қўлига олиб:
— Мен сизга эҳтиёт бўлинг, ҳар куни ер юзига чиқаверманг, қўлга тушиб қолсангиз сизни ўлдириб қўядилар, деб айтмабмидим. Мана энди менинг айтганим келди. Танангиз ер юзида қолди, каллангиз менинг қўлимда. Энди нима қиламиз, — дебди. Шу пайт Кенжа ботир қизнинг қошига кириб борибди. Қиз қўрқиб қочмоқчи бўлибди. Шунда Кенжа ботир:
— Қўрқманг, синглим, мен сизни озод қилгани келдим. Сиз кимсиз, қаерликсиз, нима учун бу ерда яшайсиз? — деб сўрабди. Аввал қўрққан қиз, йигитнинг меҳрибонлигини кўриб, ўзини босиб олибди. Йигитга шундай жавоб берибди:
— Мен ер юзидаги подшонинг қизиман. Тоғ сайрида юрганимда мени девлар ўғирлаб, шу ерга келтиришган. Мана бу калла Серка ботирнинг хизматкори, ер ости бойлигининг эгаси экан. Мени Серка ботир хотин қилиб олмоқчи эди.
Кенжа ботир қиздан:
— Калланинг жони қаерда? — деб сўрабди.
Қиз йигитни бир уйга олиб кирибди. Сандиқни очибди. Унинг ичида кичкина қути, қути ичида пахтага ўралган бир қурт бор экан. Уни кўрсатибди. Йигит қуртни эзиб ўлдирибди, калла ҳаракатдан тўхтабди. Кенжа ботир қирқ ҳужранинг калитини сўрабди, қиз калитни топиб берибди. Ҳужраларда турли мамлакатлардан олиб келинган қимматли моллар, асбоблар, дурлар, гавҳарлар, забаржадлар, ёқутлар, олтинлар, кумушлар бор экан. Буларнинг ҳаммасини сандиқларга солиб, ер юзига чиқариб юбормоқчи бўлибди. У қизга:
— Мен сизни ёвуз кучлардан қутқардим, энди ер юзига олиб чиқиб қўяман, — дебди.
Қиз:
— Хўп, — дебди. Йигит сандиқларни кўтариб, ўранинг тагига олиб келибди. Арқонга боғлабди. Арқонни қимирлатибди, акалари арқонни тортишибди. Сандиқни очиб қарашса, турли қимматли моллар. Яна арқонни тушириб, тортишибди. Яна сандиқ ичида дур-у гавҳарлар…
Акалари яна арқонни тушириб, бир сандиқни тортиб олибдилар. Унинг ичини очиб қарашса, бир қиз: ой деса оғзи, кун деса кўзи бор, ниҳоятда гўзал. Ака-ука уни кўриб, ҳушидан кетай деб қолибди. Улар яна арқонни туширишибди, арқонни тортиб қарашса Кенжа ботир чиқаётганини кўришибди. Шунда иккиси маслаҳат қилишибди. Катта акаси:
— Агар укамиз чиқса, бизга бойлик ҳам, қиз ҳам тегмайди. Шунинг учун арқонни кесиб юборайлик, — дебди. Иккиси арқонни кесиб юборишибди. Бечора Кенжа ботир ерга йиқилиб тушибди. Жуда хафа бўлиб: “Ҳа, мен акаларимга яхшилик қилсам-у, улар мени шу аҳволга туширишди-я. Бу қандай гап бўлди. Бошим омон бўлса, ахир ер юзига чиқиб мурод-мақсадимга етарман”, деб ўйлабди. Бироз ўтириб дамини олгач, ҳовлига қайтиб кириб, у ердан керакли нарсаларни олиб, ер ости бўйлаб йўлга чиқибди. Бир қанча вақт йўл юргандан сўнг узоқдан “ҳў-ҳўк” деган товуш эшитилибди. Товуш келаётган томонга борса, бир чол-деҳқон қўш ҳайдаётган экан. Йигит чолнинг олдига бориб:
— Ассалому алайкум, ота! — дебди.
Чол:
— Секин, секин, ўғлим, девлар сезиб қолмасин, кўриб қолса сени соғ қўймайди. Сен бу ерда нима қилиб юрибсан. Ахир бу ер одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган жой-ку! — дебди. Йигит чолга:
— Ота, мен адашиб қолдим, ер юзига чиқиш йўлини кўрсатинг! — дебди. Чол:
— Ўғлим, мана шу йўл билан эҳтиёт бўлиб борасан. Узоқда бир чинор кўринади. Шу чинорда Семурғ қушнинг уяси бор. Шу кунда Семурғ бола очади. Семурғ болаларига овқат келтириш учун кетганда бир аждаҳо келиб бир боласини еб кетади. Агар сен ботир бўлсанг, шу аждаҳони ўлдирсанг, балки Семурғ сени ер юзига олиб чиқиб қўяр, — дебди. Йигит чол кўрсатган йўл билан чинор яқинига борибди, ўзини панага олиб ётибди. Бир вақт аждаҳо ўрмалаб келиб, чинорга чирмаша бошлабди. Семурғ болалари аждаҳони кўриб чирқиллашибди.
Кенжа ботир секин ўрнидан туриб, қўлига қиличини олиб, чинор тагига бориб аждаҳони шартта иккига бўлиб ташлабди. Аждаҳо ўлибди.
Семурғ болалари соғ қолибди. Семурғ болаларидан бири Кенжа ботирни ўз қаноти остига олиб сақлабди. Кечга яқин осмонда Семурғ гувиллаб учиб келибди. Семурғ болалари онасига бўлган воқеани айтиб берибдилар. Семурғ болаларидан:
— Қани ўша сизларни аждаҳо чангалидан қутқариб қолган одамзод? — деб сўрабди. Кенжа ботирни қаноти остида яшириб ўтирган Семурғ боласи йигитни кўрсатибди. Семурғ йигитга:
— Эй, одамзод, менинг болаларимни ўлимдан қутқариб қолибсан. Тила тилагингни, — дебди. Йигит Семурғдан ер юзига олиб чиқиб қўйишини сўрабди. Семурғ:
— Қийин ишни сўрадинг-ку. Ҳа, майли, бунинг учун икки меш тайёрла. Бир мешда сув, бир мешда гўшт бўлсин. Мен сув десам, гўшт берасан, гўшт десам, сув берасан. Мен сени ер юзига олиб чиқиб қўяман, — дебди.
Йигит Семурғнинг айтганига рози бўлибди. Унинг ҳамма нарсаларини тайёрлабди. Семурғ қуш устига мешдаги сув билан гўштни жойлаб ўзи ҳам чиқиб олибди. Семурғ парвоз қилибди. Бир қанча вақт ўтгач, Семурғ йигитдан:
— Ер ости қандай кўриняпти? — деб сўрабди. Йигит:
— Қутичадек, — деб жавоб берибди.
Семурғ яна учишни тезлатибди. Бироз ўтгач “Энди-чи”, деб сўрабди. “Данакдек” деб жавоб берибди йигит.
— Энди оз қолибди, — дебди учиб кета туриб Семурғ, — Сув! — дебди. Гўшт тамом бўлган экан. Йигит шартта сонидан кесиб Семурғга берибди. Семурғ унинг мазасидан одам гўшти эканини билиб, тилининг тагига ташлаб қўйибди.
Семурғ учиб-учиб ер юзига етибди. Йигитни устидан туширибди. Семурғ йигитга:
— Кейинги берган гўштни қаердан олдинг? — деб сўрабди. Йигит:
— Мешдаги гўштдан, — дебди. Семурғ ишонмабди.
— Мендан яширма, тўғрисини айт! — дебди.
— Мешдаги гўшт тамом бўлган эди. Ўнг сонимдан кесиб берган эдим, — дебди.
Семурғ тили остида сақлаган гўштни олиб йигитнинг сонига ёпиштирибди. Кейин:
— Хайр, йигит, мен сени ер юзига олиб чиқиб қўйдим, — дебди-да, ўз болалари ёнига учиб кетибди.
Йигит ер юзида юра-юра овора бўлиб, ўз акалари турган ўрмонга етиб келибди. Қараса, иккала акаси ўрмондаги ўша ўра тепасида ўтирган эмиш. Тўнғич акаси: “Қизни мен оламан”, деб айтса, ўртанчаси: “Мен оламан”, дер эмиш. Йигит акаларининг жанжаллашиб тургани устидан чиқиб қолибди. Қиз Кенжа ботирни кўрган замоноқ, унга ўзини отибди. Акалари ҳайрон бўлиб, уялиб қолишибди. Икки оға-ини Кенжа ботирга хиёнат қилган бўлса ҳам, у акаларига жазони раво кўрмабди. Кенжа ботир уларга ҳам олтин, кумушлардан берибди, ўзи қизни никоҳлаб олибди, мурод-мақсадига етибди.