Қадим замонда, Ўзган томонда, Каримбой деган бадавлат киши ўтган экан. Кунлардан бир кун, Каримбой ўз хизматкорига:
— Шу ҳўкиз қўшга ярамай қолди, бозорга олиб бориб сотиб кел, — дебди.
Хизматкор ҳўкизни етаклаб бозорга бораётганда бир дарахтдаги сассиқпопушак “поп-поп” дебди.
— Ҳа, ука, ҳўкиз оласанми? — дебди хизматкор. Попушак ўзича бир нималар деб яна популлабди. Хизматкор:
— Икки юз тангами, пулини қачон берасан, эртагами? — дебди-да, ҳўкизни дарахтга бойлаб, эгасининг олдига қайтиб келибди. Каримбой хизматкордан: “Ҳўкизнинг пули қани?” деб сўрабди.
— Ҳўкизни насияга сотдим, пулини эртага олиб келаман, — дебди.
— Кимга сотдинг? — дебди бой.
— Бир маллапўшга сотдим, — дебди.
Хизматкор эрта билан туриб ҳалиги дарахт ёнига келиб қараса, ҳўкиз ҳам йўқ, маллапўш ҳам йўқ, дарахт устида ёлғиз бир кўкқарға ўтирибди. Хизматкор бориб: ”Ҳўкизнинг пули қани?” — дебди. Қарға “қағ-қағ“, дебди.
— Ҳў, сен ҳўкизнинг пулини бермайсанми? Кеча келганимда эгнингда малла тўн бор эди. Бугун эгнингга пўстин, бошингга телпак кийгансан, ҳўкизнинг пулини бермайсанми? — деб қўлини кўтарган экан, қарға қўрқиб, қағиллаб учиб кетибди.
Хизматкор этагини белбоғига қистириб, қарғанинг орқасидан қувиб кетибди. Қарға учиб бориб бир жардаги уясига кириб кетибди. Хизматкор: “Ҳўкизнинг пулини бер!” деб уясига қўлини тиқибди. Қарға уясидан чиқмабди. Хизматкор пичоғини олиб бир чеккадан уяни кавлай бошлабди, пичоқ бир нарсага тегиб жаранглаб кетибди. Қараса, бир хум тилла, шунда у “Ҳўкизнинг пулини ундирдим”, деб бир халта келтириб, тиллани олиб кетибди.