Камбағал қиз

Замонларнинг замонида бир подшоҳ бор экан. Унинг бир ўғли бор экан. У ўн икки ёшга етибди. Шаҳар халқи бунинг ёмонлигидан кўп зерикибди. Подшоҳга халқ арз қилибди. “Ё ўғлинг турсин, ё биз турайлик”.
Подшоҳ вазир билан маслаҳат қилиб ўғлини мактабга берибди. Домласи: “Уриб-сўксам подшоҳ мени ўлдиради” деб, тўртта ёнғоқ, битта соққа бериб, болалар билан ўйнатиб юрибди. Уч йил домланинг қўлида турибди. Подшоҳ ўғлини олдириб келибди, тўрт юз уламога: “Ўғлимни ўқитиб кўринглар. Нима китоб ўқийди экан”— дебди. Уламолардан бири:
— Домлада нима китоб ўқидингиз, ўғлим? —деб сўрабди.
Бола, дарров чўнтагидан ёнғоқ, соққани олиб, икки жойга ганак тикиб “лошқанот” деб соққани отиб юборибди ва:
— Ўқиган сабоғим шу, — дебди.
Подшоҳнинг аччиғи келиб, домласини дорга остирибди. Домланинг еттита боласи етим қолибди. Подшоҳ шаҳарга жарчи қўйдирибди. “Ҳар ким ўғлимни қирқ кунда мулла қилса қилсин, қилмаса шаҳарнинг кулини кўкка совураман. Итини авахта, мушугини қамоқ қиламан”.
Шаҳарда бир камбағал, қашшоқ одам бор экан. У эшикдан йиғлаб кирибди.
Қизи сўрабди:
— Нимага йиғлайсиз, ота?
— Қизим, ёш боласан, сўраб нима қиласан? Подшоҳнинг ўғли мулла қилинмаса, қирқ кундан кейин сен билан менинг кулимиз кўкка совурилади, — дебди.
— Олиб келинг, мен ўқитаман, қирқ кунда жуда яхши мулла қиламан, — дебди. Отаси подшоҳга бориб:
— Малол келмаса, менинг қизим ўғлингизни ўқитади, — дебди.
Подшоҳ “Хўп” деб ўғлини қўшиб берибди. Бола камбағалнинг уйига келибди, кўрса, бир кичкина қиз бола экан. Подшоҳвачча дилида айтибди: “Бир тарсаки урсам, бу қиз мени ўқитмайди”.
Қиз жуда билимдон экан, ўйлабди: “Те”, “се”, “жум”, “ҳе” деб ўқитсам, ўн йилда ҳам мулла бўлмайди. Бир фикр қилайин, бир ойда ўқиш-ёзишни, ҳисоб-абжадни тамом биладиган бўлсин”. Ўқитибди, қиз: “алиф”, дебди. Ўғил чўнтакка қўлини солиб соққасини олмоқчи бўлибди, қиз бир тарсаки урибди. Бола умрида бундай калтак емаган экан, қўрққанидан, қиз “алиф” деса, “А” дебди. Бир ойда тамом ўқиб, ёзадиган бўлиб, ҳисобни ўрганибди. Бола ёмонлигидан қиздан ҳар куни бир тарсаки ейдиган бўлибди.
Қирқ кун тамом бўлгандан кейин, чол болани етаклаб подшоҳга олиб борибди. Подшоҳ илгариги расмини қилиб, домлаларни йиғиб:
— Ўғлимни ўқитиб кўринглар-чи, нимани билади? — дебди.
Домлалар: “Қул аузуни” ўқигандир ёки “аммани” ўқигандир деб гумон қилишибди. Домлалардан бири:
— Ўғлим, сабоғингизни ўқинг, — дебди.
Бола “Шамсия” китобидан сабоқ ўқиб берибди. Подшоҳ сўрабди:
— Ўғлим қандоқ бўлибди?
— Зеҳни яхши экан.
Подшоҳ хурсанд бўлиб, камбағалга бош-оёқ уст-бош, бир қанча инъом берибди. Шаҳар халқи ўлимдан қутулибди.
Бола бир уйга сув сепиб, бир бўйрани ерга солиб, кўкрагини захга бериб, қирқ кун бир бурда нон емай, бир ҳўплам сув ичмай ётаверибди. Подшоҳ хафа бўлиб, жар солдирибдики: “Ҳар ким ўғлимни гапиртирса, боши тенги зар қуяман, бир қарқаралик қиз бераман”.
Бир кампир бор экан, унинг пешонаси буришган, ҳамма билан уришган, оғзида битта тиши йўқ. Оғзига бир ўрикни солиб сўриб ҳимм… деб бориб, болани бир ходими қилибдики, симобдай эрибди.
— Эй… Ўғлим, отанг подшоҳ, сен подшоҳзодасан, ейиш-ичишдан каминг йўқ, нимага гапирмасдан ётибсан?
Бола тилга кириб:
— Мени ўқитиб мулла қилган отин ойимни олиб берса гапираман, юраман, олиб бермаса, ўлгунимча ётганим-ётган, — дебди.
Подшоҳ эшитиб, мударрисларига:
— Китоб кўринглар-чи, отин ойини олишга йўл борми? — дебди.
Мударрислар:
— Йўқ-йўқ, — дебдилар…
Подшоҳ дарғазаб бўлиб жаллод чақирибди. Етти жаллод, мурғу саловат, “Қиличим бурро, забоним гўё, кимнинг ажали етди? Пойқадамингизда офтобни сояга етказмай бош кесай”, дебди. Тўрт юз уламонинг қўлини орқасига боғлаб, шаҳардан ташқарига олиб чиқибдилар. Бир мулла бор экан, “Тўрт юз киши ўлгандан қолгани яхшироқ” деб:
— Эй подшоҳ, мен бир ривоят кўрдим, катталиги Наманганнинг саксон газлик кўчасидек, ўттиз олти никоҳни бойласангиз, асло илинмай ўтиб кетаверади, — дебди.
Подшоҳ суюниб тўй устига тўй, карнай устига карнай қўйдириб, камбағалнинг қизини ўғлига олиб берибди.
Эрта билан подшоҳзода ҳовлига чуқур кавлатиб, қизни етаклаб, қирқ тола сочини битта қилиб тугиб, бир ходани ўтказиб, ўнг юзига бир тарсаки, чап юзига бир тарсаки уриб осиб қўйибди. Ўзи отга миниб овга кетибди. Кечқурун келиб чуқурдан олиб бирга ётибди. Эрта билан яна кечаги расмни қилиб кетибди. Қирқ кун шу тариқа ўтибди. Қирқ биринчи кун қиз йиғлаб: мен бир заиф нотавон, ожиз кишиман, эй камҳиммат, шу бугун менинг гуноҳимдан ўтсанг, бориб ота-онамни кўриб келсам, дийдор кўришмай қоладиганга ўхшайман, — деб зор йиғлабди.
— Боргин-у тезлик билан кел, ҳаялласанг, ўлдириб терингга сомон тиқаман, сендан бошқага ибрат бўлсин, эридан беижозат кўчага чиқмасин.
Қиз хурсанд бўлиб, махсисини чала кийиб, паранжисини эгри ёпиниб, бўйнида дастурхон халпиллатиб икки зоғорани еб, ачасининг олдига келибди. Ачаси, қизнинг рангини кўриб:
— Эй қизим, сенга нима бўлди, рангинг сомондек сарғайиб, нозик белинг қилдек букилиб, ўлар ҳолатга етибсан?
— Менга ҳеч нарса бўлгани йўқ, — деб жавоб берибди қиз.
— Рост айт, қизим, рост айтмасанг, ўзимни ўлдираман, — деб қўлига пичоқ олибди. Қиз қўрқиб:
— Эй ача, куёвинг менга қирқ кундан бери шундай азоб беради. Бир тишлам нон йўқ, бир ҳўплам сув йўқ, икки тарсаки вазифа бор. Кечгача зиндонга солиб, кечқурун чиқариб қўяди, — деб оҳ урибди, оғзидан бир парча эт чиқиб, ерга тушибди. Ачаси кўрса, жигарлари эзилиб кетган экан…
— Э, қизим, ғам ема, бу ишнинг иложи осон, — деб ачаси қизнинг бош-кўзларини ювиб, сочини тараб, ўриб, олдига дастурхон солибди, ноз-неъмат гуно-гун ҳозирлаб тўкибди. Қизнинг қорни тўйиб, ғамлари бошдан кўтарилибди.
— Эй ача, жавоб бер, кетаман, — дебди. Ачаси бир қутини очиб, бир парча қоғозни олиб, қизнинг қўлига берибди.
— Эринг бир тарсаки урганда, қаҳ-қаҳ уриб кул, яна урганда қаттиқроқ кул! “Мен урсам, йиғламасдан нимага куласан?” деса, айтгинки, “Урганингиз ун оши, сўкканингиз сўк оши, ҳар нима қилсангиз ҳам майли, лекин менинг тепамга кундош қилиб мана шу суратдаги қизни олмасангиз бўлди”, деб яна қаттиқроқ кул, — дебди.
Қиз уйига келгандан кейин, ачасининг айтганларини қилибди. Подшоҳзода ҳалиги қоғоздаги қизни кўрса, бир малика-ю зебочеҳра, ҳусни камолда баркамол. Кўрган ҳамон ошиқи беқарор бўлиб, кўкрагидан бир жуволдиз ҳаданги паррон ўтибди.
— Эй хотин, бу сурат одамзодми ё паризодми, бунинг жойи қайда? — дебди.
— Олти ойлик жойда. Эрам деган мамлакат бор, подшоси одамзод, хотини паризод, шундан бўлган битта қиз бор, отини Оқбилак пари дейдилар. Ўзи ўн беш ёшда, бетига етмиш қават пардаи замбурий тортган, бир қаватини очиб қўйса, ҳусни жамолига ўттиз икки касаба чироқ ёқмасдан иш қилади, “Ҳар ким мени уч маротаба гапиртирсин-у олсин, гапиртирмаса бошини кесиб минора қиламан” деган, — дебди.
Подшоҳзода қирқ хачир олтин юклаб, қирқта йигитни ўзига ҳамроҳ қилиб, “Боғи Эрам қайдасан?” деб жўнабди. Чўлма-чўл, кўлма-кўл, биёбонма-биёбон, манзили мароҳил тай қилиб юрибди. Бир неча ой, бир неча кун орадан ўтибди. Бир гиё, бир сув йўқ чўлда юриб, бир баланд тоғ кўрибди. Тоғнинг тепасига чиқиб, ҳар тарафга қарабди. Кўзига бир тарафдан боғ кўринибди. Боғни бориб кўрса, гуллар очилган, булбуллар сайраган, ўт ўрнига себаргалар мавж урган, лолаҳойи ранг-баранг, олтин тахт қўйиқлик, атлас кўрпалар солиғлик. Тилла ҳовуз сув ўрнига сут билан тўлғазилган. Подшоҳвачча суюниб отини боғлаб, шоҳ супага чиқиб ўтириб, бошидан тожини олиб, ёнига қўйиб, хизматкорларига:
— Чой қайнатинглар, уч-тўрт кун бу ерда дам олиб кетамиз, — деб буюрибди. Ҳали гап адо бўлгани ҳам йўқ экан, осмондан учта ҳаққу каптар учиб келиб, бояги олтин тахтнинг тепасига қўнибди. Бир юмалаб учта паризод қиз бўлибди. Бир тахта қоғозни ёзиб, шатранж ўйнабди.
Биттаси тирриқлик қилибди, иккитаси айтибдики:
— Тирриқлик одамзодда бўлади, паризодда бўлмайди.
Подшоҳзоданинг аччиғи келиб:
— Тирриқлик паризодда бўлади, — дебди.
— Келиб ўйнанг бўлмаса ўзингиз, — дебди паризод. “Хўп” деб ана-мана дегунча, кампир шафтолининг данагини айириб егунча, хаёл ўтмай, қирқ хачир зарни, қирқ йигитни бой бериб, сувдан силлиқ, уч қоққан кунжутдек бўлиб турибди. Паризодлардан биттаси ўрнидан туриб:
— Эй ота ўғли, чиқинг! Бу жой сизга муносиб эмас, — деб орқасига бир тепибди. Бир пой йиртиқ ковуши илашиб, дарвозадан ташқарига чиқибди. Чарви еган мушукдай кўзлари йилтиллаб, кўп афсус ебди. “Отам олдига шундоқ борганимдан, Оқбилак парининг қўлида ўлганим яхшироқ”, деб ўйлабди. Айтган гапи оғзидан чиқиб ёқасига ёпишибди. “Оқбилак пари қайдасан?” деб жўнабди.
Манзил мароҳилларни сайр-томоша қилиб, шаҳарга етибди. Шаҳарнинг ташқарисидан кўрса, еттита минора кўринибди, бир қўйчивондан сўрабди.
— Бу минора қайси бойнинг мадрасаси?
Қўйбоқар йиғлаб жавоб берибди:
— Эй ўртоқ, бу мадраса эмас, бир золим подшоҳ бор, унинг бир қизи бор. “Ҳар ким мени уч марта гапиртирсин-у олсин” деган. Гапиртира олмаса, бошини кесиб, мана шу кўринган минорага гуваланинг ўрнига уради.
Подшоҳзода ҳайрон бўлиб, шаҳарга кириб, маликанинг равоғи тагига борибди. Малика қирқ поғонали равоқда ўтирган экан. Маликанинг хизматкорлари подшоҳзодани кўтариб, унинг олдига олиб келибдилар.
Подшоҳзода маликани парданинг ичида кўрса, хотини айтгандан юз чандон зиёда экан. Подшоҳзода довдираб, гапини йўқотиб, лойга ботган эшакдай бошини солиб турибди. Оқбилак пари ишорат қилиб:
“Нима дейди подшоҳзода?” дебди. Подшоҳзода қиморга тикай деса ҳеч нарса йўқ, ўзини тикибди. Паризод қўлига тўртта олтин ошиқни олиб, иккита кумуш ғиштни қўйиб, тузасига ташлабди. Ошиқ олчи келибди. Паризод ҳукми жаллод қилибди. Парининг ўнг қўл вазири боланинг ҳуснига ўлимни хайф кўриб:
— Маликага арз, — дебди. Бу беадабни менга беринг, бир хўрлик-зорлик билан ўлдирай, бундан бу ёққа сиз билан қуруқ жасад бўлиб ҳеч ким қимор ўйнамасин. Подшоҳзоданинг қўлидан етаклаб, чиқиб кетибди. Олиб чиқиб айтибдики:
— Эй ўғил, ўн гулингдан бир гулинг очилмаган экан, сенга ўлимни хайф кўриб, ҳийла билан қутқариб олдим, менинг эшигимда жувозхонам бор, бир ёғ ҳайдайдиган қари жувозкашим бор, унинг бошини минорага урай, сени унинг ўрнига қўяй, нима дейсан?
Бола йиғлаб:
— Ҳар нима қилсангиз ўзингиз биласиз, — деб жувозхонага кирибди.
Ётиши жувозхона, ичиши мошова шўрва, ҳайдаши уч халта қора чигит. Уч йил юрибди.
Кунлардан бир куни ўчоққа тезак ёқиб, мошовасини қайнатиб, дуторини машқ қилиб ўтирган экан, кўчадан отнинг шарпаси кўринибди. Югуриб чиқиб қараса, қирқта савдогар кетаётибди.
— Эй савдогарлар, йўл бўлсин, қаерга борасизлар?— дебди.
— Ажам мамлакатига борамиз.
— Ажам подшосига бир хат берсам, элтиб берасизларми?
Карвонбоши “Хўп” дебди. Бола қўлига қалам-қоғоз олиб ёзибди. “Отайи меҳрибоним, мендирман нури чашм фарзандингиз, Боғи Эрамга келиб, Оқбилак парини оламан деб, қўлга тушиб, уч йилдан бери қиладиган ишим жувоз ҳайдаш. Отам сиз бўлсангиз, Ажам подшосисиз, битта камбағалнинг қизи мени шундай зулми меҳнатга солди. Хат борган ҳамон етти пуштидан етмиш пуштигача қамишга ўлчаб, қирқмасангиз сиздан икки дунёда рози эмасман. Қўлим қўйдим” деб муҳрини босибди.
Хатни савдогарларга берибди. Савдогарлар Ажамга келиб хатни подшоҳга бериш тўғрисида маслаҳат қилибдилар. Савдогарларнинг ичида бир камбағали бор экан. “Сизларнинг икки туядан юкинглар бор, менинг бир эшак юким бор, ундан бир бож берсам, менга нима қолади? Хатни менга беринглар, мен ўзим берай” деб хатни қўлига олибди. Савдогарлар ҳар қайсиси ўз жойига қараб кетибдилар. Камбағал савдогар подшоҳвачча хотинининг отасига қўшни экан. Келиб кўрса, бу камбағал қўшниси, қизининг донишмандлиги туфайлидан подшоҳга вазир бўлган экан. Вазир уйдан чиқибди. Қарасаки, савдогар қўшниси келиб, кўчада юк тушириб турибди.
— Ҳорманг, карвон! Бизга нима совға олиб келдингиз? — дебди.
— Сизга мана шу хатни олиб келдим, —деб қўлига берибди. Хатни олиб вазир уйга кирибди. Вазирнинг қизи чигин тикиб ўтирган экан.
— Дада, қўлингиздаги қоғоз нима? —деб сўрабди.
— Боғи Эрамдан келган хат, нима ишинг бор! — дебди.
Қизнинг юрагида ўт пайдо бўлибди: “Менинг эримдан бўлса керак, дебди. Ирғиб ўрнидан туриб, отасининг қўлидан чанг солиб, хатни тортиб олиб қочибди. Отаси қувлабди. Қиз таҳоратхонага қочиб кириб, кўйлагини ечиб, отасининг олдига ташлабди. Дадаси ташқарида қолибди. Хатни ўқиса, иш ўзгача, бир оҳ тортиб, хатни йиртиб ариққа оқизибди. Бир қоғозга ёзибди: “Эй отайи меҳрибоним, мендирман нуридийда-ю, жигарбанд — сенинг фарзандинг. Боғи Эрамга келиб, Оқбилак парини олиб, етти иқлимга подшойи ҳафти кишвар бўлдим. Менинг дастимдан, девзод, паризод, инс-у жинс, ҳеч нима қочиб қутулмайди. Хат борган ҳамоно менинг хотинимнинг етти пуштидан, етмиш пуштигача сарпо кийдиринг, Шундай қилмасангиз, ўғлингиздан айриласиз. Қўлим қўйдим, муҳрим босдим”. Хатни дадасининг қўлига берибди. Вазир подшоҳга хатни берибди, подшоҳ тўрт юзлик лашкарнинг ичида баланд овоз билан хатни ўқибди. Хатда қандай ёзган бўлса, шундай қилибди, камбағал вазир олтинга чўмилиб, эшикдан кириб келибди. Қизи кўриб:
— Эй дада, муборак бўлсин сизга бу давлат, — дебди ва:
— Мен қирқ кун чилла ўтираман, ҳар ким менга ош, нон берса ё кўзимга кўринса, мени тилга олса, ўзимни ўлдираман, —деб уйга кириб, эшигини маҳкам бекитибди. Эрининг овга минадиган отининг тўрт жойидан айилини зер-забартанг тортиб, бошга сувсар телпагини, така шимини кийиб, исфахон қиличини ёнига осиб, ярим кечада отга минибди.
Уни Урганчнинг ўн олти яшар йигитидан айириб бўлмабди. Бир заҳар қамчи отнинг устихонига ботибди. От чидолмай саҳрога қараб, қулоғини қалам қилиб кетибди.
Эри шатранж ўйнаб ютқизган чорбоғга бориб ўтирибди. Бир пиёла чойни қўлига олиб, ҳануз ичиб бўлгани йўқ экан, илгаригидай осмондан учта ҳаққу каптар тушиб, шатранж ўйнабди. Бири тирриқлик қилибди, иккинчиси:
— Тирриқлик одамзодда бўлади, — дебди. Бу қизнинг аччиғи келиб:
— Тирриқлик паризодда бўлади, — дебди.
— Келиб ўйнай қолинг, подшоҳзода, — дебди.
Қиз “Хўп” деб, учала паризодни, бош қашигани тирноғини ҳам қўймай ютиб олибди. Паризод:
— Кўҳиқофдан хазина олиб келиб, сен билан тузуккина ўйнайман, — деб ўрнидан турибди. Қиз қўлига шатранжни олиб:
— Учалангга дов, — деб ташлабди. Паризод кўрсаки ўзларини ҳам ютқизибди. Паризод:
— Биз нима гуноҳ қилдик, бизни чопасиз?— деб сўрабди:
— Мен касалмандман, ҳукамоларга томиримни ушлатсам, “Учта паризоднинг бир қошиқдан уч қошиқ қонини ичсанг, тузаласан” деган эди, — деб астойдил чопадиган бўлибди. Парилар теракнинг баргидай қалтираб, йиғлаб:
— Сизга қон керак бўлса, мингта парини келтириб берайлик, бизнинг гуноҳимиздан ўтинг: чунки бизни ота-онамиз Боғи Эрам подшоҳининг қизи Оқбилак парига сотган. Биз ўлсак ота-онамизни ер юзида қўймайди. Қабул қилмасангиз, еттинчи Кўҳиқофда мушкул ишингиз бўлса ҳам кўз юмиб-очгунча ҳожатингизни раво қиламиз, — деб қўл боғлаб турибдилар. Қиз дилда кўп хурсанд бўлиб:
— Менинг бир шартим бор, Оқбилак парини менга никоҳлаб берсангизлар гуноҳингиздан ўтаман, — дебди.
Парилар бир оҳ сардил жигардан тортиб дебдилар:
— У золим, қонхўр, жуда қаттиқ. Ўн саккиз ёшга кириб ота-онасининг гапини эшитмаган. Хўп. Биз бу хизматни сиз учун қиламиз, аммо бизнинг шартимиз бор. Биринчиси: биз сизга нимаики гап айтсак, ўргатсак, шуни маликанинг олдида қўрқмасдан айтасиз; иккинчиси: бизни олдингиз, маликани ҳам оласиз, тўй устида бизни озод қиласиз. Унинг ҳужрасида битта зумрад, битта ёқут, битта лаъли каравот бор, қайси каравотга ўтирса, ёнидаги каравотга ўтириб, каравотдан гап сўранг.
Биз ҳар биримиз каравот тагига кириб ўнг гапирсак, тескарисига олинг, пойма-пой бўлсин, — деб бир қанча панд-насиҳат қилиб, гап ўргатиб, патларидан бериб осмонга учиб кетибдилар.
Қиз отига миниб, Боғи Эрамга етибди. Шаҳарга кириб, маликанинг қаршисига қадам қўйибди. Кўрса, малика бетига етмиш қават пардайи-ҳарир тортиб ўтирибди. Қирқ каниз моҳирўй, шаҳло чашм, пайваста абрў, нозик тирноқларини тишлаб таъзим қилиб турибди. Қиз кирганданоқ:
— Эй, золим қонхўр! Отим Оқбилак, отам подшоҳ деб хуни ноҳақ, қачонгача одамларнинг қони билан ерни лоларанг қиласан? Тез ўрнингдан туриб, менинг оёғимга йиқил! Йўқ, десанг, дами тиғдан ўтказаман! Менинг сенга ўхшаган етмишта хотиним бор, мен сенинг овозангни эшитиб, аччиғим келиб, кирибоқ эгаримнинг қошига каллангни қўйиб, томоғингдан қизил қон оқизаман деб, қасд қилиб эдим. Сенинг ҳуснингга раҳм қилдим. Ўз жойимга олиб бориб қирқ минг лашкарга чой қуядиган косагул қилай. Кел, эй малика, бир дона қирмизак олмадай бўлиб ёқамдан тушиб, липамдан чиқиб, қўйнимдан кириб, қўлтиғимдан чиқсанг, искаб, маст-у аласт бўлиб мурод ҳосил қилсам, — деб бир кулибди.
Паризоднинг ғазаби шуъла уриб, оғзи эски қопдай очилиб, пешоналари суви йўқ саночдай тиришиб, вазирига гапиришга ишора қилибди. Вазир дебди:
— Эй, аҳмоқ, нодон! Мунча лоп урасан? Ҳозир ҳукм буюрса ўласан, тез корингни қил!
Қиз бир ханда қилиб:
— Бир ошиқ бўлса эди, паризодни қимор ўйнаб ютиб олар эдим, — дебди.
Паризод, илгариги расмини қилиб, кумуш ғишт, олтин ошиғини қўлига олиб, “Тикинг!” деб ишорат қилибди.
Қиз айтибди:
— Балли, сендек нотанти маликага! Келган меҳмоннинг пулини ютиб, ўзини ўлдирасан. Мен қорнимга хода боғлаб келганман, оғзингга кўндаланг тўсилиб қолади, ютолмайсан. Ошиқни менга бер. Мен келтиролмасам, сен отгин!
Паризод ошиқни берибди. Бир хазинани тикибди. “Гардкам” деб келтирибди.
Сизга ёш берсин, бизга ҳаёт. Малика бошини қашигунча етмиш хазинасини ютиб олибди. Паризоднинг аччиғи келиб, ўз сочини ушлаб бир толасини юлиб олиб, зумрад каравотга ўтирибди.
Қиз:
— Эй, нодон, бир дона тукингга минг хазина бераман. Пулнинг аччиғи сенга ёмон бўлса, жон аччиғи ҳам менга ёмон, — деб ёнидаги каравотга ўтирибди.
— Эй, каравот, сенинг отингни зумрад дерлар, дарёйи Шўрдан бўласан. Олти ойлик йўлдан ранж-у машаққат тортиб келиб ҳайрон бўлиб қолдим: бирор гапинг бўлса айтиб, мендек мусофирнинг юрак зангини кўтарсанг, — деб бояги уч паризоднинг патини ўтга солибди. Дарҳол уч каравотнинг тагига уч пари ўзини олибди. Малика хабардор бўлибди.
Каравот тебранибди. Малика дилида: “Оламда каравот ҳам гапирадими?” деб, каравотнинг қимирлаганига ҳайрон бўлиб қолибди. Каравот тилга кириб:
— Сизга боғ берсин, бизга ҳаёт. Эй, меҳмон йигит, хуш келибсиз, ажаб дилкаш экансиз. Раҳмингиз йўқ, “Ўлдирдим, куйдирдим”, дейсиз, неча одамлар бош бераётир. Кўрганимдан айтайинми?
Қиз:
— Нимани кўрдинг, нимани билдинг? Аслинг тош, маликанинг оёғини кўрдинг, дарёйи Шўрда шағал қумни кўрдинг, — деб хаб турибди. Каравот:
— Айтиш мендан, эшитиш сендан, маъқул қилиш Оқбилакдан, — деб тилга кирибди:
— Қадим замонда бир дурадгор бор экан. Овқат ўзидан, икки танга ишлар экан. Пул йиғиб, ҳаж қилишга жўнамоқчи бўлибди. Унинг бир заргар ўртоғи бор экан: “Биродар, мен ҳам бораман”, дебди. Заргарнинг тикувчи ўртоғи бор экан: “Мен ҳам бораман” дебди. Тикувчининг битта муллайи қоқ ўртоғи бор экан: “Мен ҳам бораман”, дебди. Ҳаммалари ҳажга жўнабдилар. Йўлда кеч бўлибди. Ҳаммамиз ухласак бўри еб кетади, биттамиз ухламайлик, деб уч киши ухлабди. Дурадгор ўтирибди, бунинг ҳам уйқуси келиб, тешани қўлига олиб, бир тарашадан битта бут тарашлаб, чироқнинг тагига қўйибди ва ухлабди. Заргар уйғониб:
“Бу — биродаримнинг иши, мен бир иш қилай”, деб битта тангани эритиб, қош-кўз, тирноқ қилиб, чироқнинг тагига қўйиб ухлабди. Тикувчи уйғониб: “Бу — ўртоғимнинг иши”, деб бир парча латтани қийиб, тикиб, эгнига солибди. Бир қўғирчоқ қиз бола бўлибди. Чироқнинг тагига қўйиб ухлабди. Муллайи қоқ уйғонибди. “Бу — ўртоқларимнинг ҳунари, мен бир иш қилай”, деб бошини ерга қўйиб: “Ўртоқларимнинг ичида мени шарманда қилма, шу суратга жон ато қил!” деб кўп йиғлабди. Бу ҳам ётиб ухлабди. “Туринглар, тонг отди, кетайлик” деган бир товуш келибди. Ҳаммаси бошини кўтариб кўрса, бир малика, оламда ҳеч киши кўрган эмас, унинг олдида Оқбилак пари, чўл қурбақача ҳам эмас.
— Донишманд бўлсанг, ажратиб бер менга! Ҳалиги қиз дурадгорникими, заргарникими, тикувчиникими, мулланикими?
Қиз айтибди:
— Балли, тикувчи кўйлак тикмаса, одам бўлармиди? Оқбилак пари дарғазаб бўлиб:
— Эй, аҳмоқ, яланғоч ўтирсам ҳам шу париман, кўйлак кийсам ҳам шу париман, — дебди.
“Гапирди”, деб бир довул қоқилибди, маликанинг отаси суюниб бир хазинасини талатибди.
Қиз ёқут каравотга ўтириб айтибди:
— Эй ёқут каравот, сен ҳам бирор оғиз ҳикоят бўлса гапир, менинг кўнглим боғ-боғ очилсин.
Каравот тилга кириб:
— Кўрганимданми, эшитганимданми, билганимданми? Зумрад каравотнинг гапини кавушдай пойма-пой қилдинг, менинг гапимни эшит. Паризод маъқул қилсин, — дебди.
— Хўш, замонларнинг замонида бир бой бор экан, бой бўлса ҳам кетида уч чакса лойи бор экан. Унинг уч ўғли бор экан. Катта ўғли: “Эй дада, менга юз тилла пул беринг, Олма-отага бориб катта-катта қўйлардан олиб келаман”, дебди.
Дадаси суюниб пул берибди, кўчага чиқиб кўрса, ўнтача бола бир эски пўстакни улоқ қилиб, ўйнаб юрибди, йигирма бир жойида тешиги бор. Бойвачча:
— Ҳай, бола, пўстагинг неча пул, — деб сўрабди.
Бола айтибди:
— Юз тилла.
— Ия, нима ҳунари борки, юз тилла дейсан?
— Устига ўтирсанг, кўзингни юмиб-очсанг машриқдан мағрибга етказади.
Бойвачча юз тилла бериб пўстакни уйига олиб келибди. Дадаси кўриб:
— Сенинг қилган совданг шуми? — деб сўкибди. Ўртанча ўғли:
— Жон дада, менга ҳам юз тилла беринг. Ўзганда гуруч арзон экан, бориб олиб келаман, — дебди. Бунга ҳам юз тилла берибди. Кўчага чиқса, бир парча сири йўқ ойнакни болалар юзига қўйиб: “Мани кўр, ўртоқ”, дебди. Бойвачча қараса, орқасидаги бола кўринади, хуштор бўлиб:
— Ойнак неча пул? —деб сўрабди.
— Юз тилла.
— Нима ҳунари бор ойнакнинг?.
— Қўқон, Марғилон, Наманган кўринади, — дебди.
Ҳақиқатда сири йўқ ойна девор-тошни кўрсатибди. Юз тилла берибди. Уйга келибди. Дадаси:
— Эй, аҳмоқ, менинг пулим ҳаромми, сири йўқ ойнани олибсан? — деб уришибди.
Кенжа ўғли:
— Жоним дадам, менга ҳам юз тилла беринг, майда савдогарчилик қиламан, — дебди.
Бой аччиғланиб бунга ҳам юз тилла берибди. Кўчага чиқса, иккита бола, таги йўқ бир тоснинг ичига ёш болани ўтқазиб баландликка олиб чиқиб, музгарлик вақти экан, музнинг тепасидан қўйиб юборса, ажаб тез кетибди. Бойвачча завқ қилиб “Ажаб яхши нарса экан, ўт емайди, ем емайди, югуради”, дебди.
— Ҳой бола, тос неча пул? — дебди.
— Юз тилла.
Юз тилла бериб тосни олиб, уйига келибди. Бой буни кўриб, игна ютган итдай тиришиб, иккала қўлини гира қилиб:
— Эй, хотин, бу болаларни ким туғган? — дебди.
— Мен туғганман, — дебди хотини.
— Уч ўғлингни ол, минг талоқ қўйдим, — дебди бой. Хотин йиғлаб:
— Эй, жувонмарглар, сен учалангни туғгунча ит туғганим яхши бўлар эди, — деб қўлини гира қилиб, ўғлининг бошига бир урибди. Ўғли йиғлаб:
— Жон она, рост айтасан, юз тиллага шу пўстакни оламанми, ҳаммаси тешик бўлса, — дебди.
Кенжа ўғил айтибди:
— Ака, сизникига ямоқ солса ўчоқнинг олдига солса бўлади. Мен нодон, таги йўқ тосни олибман.
Ўртанчаси:
— Жон ука, таг солса сизникида қўй хашак ейди. Мен аҳмоқ сири йўқ ойнакни юз тиллага оламанми? — деб ойнакка қарабди. Кўрса, мағриби замин подшоҳининг бир қизи бор экан, ўлибди. Ювиб-тараб, тахтайи тобутга солиб, олам халқи йиғлаб турибди. Ўйлаб қараса, олти ойлик йўлда. Пўстакка ўтириб, кўзни юмиб-очибди. Ўзини мағриби заминда кўрибди. Бояги теги йўқ жомда етти жом сувни Маликанинг бошидан қуйибди, қиз акса уриб ўрнидан турибди. Чиройлилиги ҳаддан ташқари. Оқбилак пари унинг олдида типратиканча ҳам эмас. Донишманд бўлсанг, шу қиз пўстаги борникими, ойнаси борникими, тоғораси борникими?
Қиз айтибди:
— Балли, ойнакда кўрмаса одам бўларми эди?
Малика аччиғланиб:
— Эҳ, аҳмоқ, мен ўлсам, бир йил менга қарасанг тириламанми? Ҳамма иш жомда, — дебди. Отаси иккинчи хазинани талатибди. Паризод хафа бўлиб, учинчи каравотга ўтирибди.
Қиз айтибди:
— Эй, лаъли каравот, сенинг ҳам бирор оғиз гапинг борми? Гапир, юрагимни равшанликка чиқарсанг, паризодни олиб, мурод ҳосил қилсам.
Каравот сўзга кириб:
— Қадим замонда бир подшоҳ бор эди. У подшоҳнинг битта тўтиси бор эди. Қафасга солиб тахтнинг тепасига осиб қўйган эди. Ҳар кун намозга бориб, уйига келгунча бир ҳовуч хандон пистани чақиб, мағзини тўтига егизарди, тўти сайрарди. Сайраганда замин-у замон, макин-у макон мумдай эрир эди. Тўти: “Тиригимни иззат қилади, ўлсам нима қилар экан?” деб ўзини ўликка солибди. Подшоҳ келиб кўрса, тўти ўлиб қолибди.
— Ҳо, мирохўр, тўтининг ўлигини қафасдан олиб томга ташла, — дебди. Ҳизматчиси тўтини томга ташлабди.
— Эй, подшоҳи олам, мен ўлганим йўқ, тирикман, лекин қорнимга йиғламайман, қадримга йиғлайман, — дебди тўти. Подшоҳ ўз ишига пушаймон қилиб:
— Қорнингга нима бўлди, қадрингга нима бўлди? — дебди.
Тўти айтибди:
— Тиригим хандон писта ер экан, ўлигим томда ётар экан, энди менга жавоб бер, Ҳиндистон тоғига бориб, ота-онамни кўриб келай, қирқ йилдан бери кўрганим йўқ, — дебди.
Подшоҳ тутиб олишнинг иложини қилолмай “Неча кунда келасан?” дебди.
— Ўн олти кунда бораман, саккиз кун тураман, ўн олти кунда келаман, қирқ кун бўлади, — дебди.
Подшоҳ ноилож жавоб берибди. Тўти парвоз қилиб учиб кетибди. Ота-онасининг олдига бориб, саккиз кундан кейин “Кетаман” дебди. Отаси:
— Эй, ўғлим, подшоҳга қуруқ борасанми, — деб битта олманинг уруғини берибди. Тилининг тагига солиб, ”Ўн олти кундуз дон есам, сув ичсам уруғ йўқолади”, деб лаб ташна ва шкам гушна бечора тўти подшоҳнинг тахтига қўнибди. Уруғни подшоҳнинг қўлига берибди, ўзи қафасига кирибди. Подшоҳ уруғни боғбонга берибди. Боғбон боғга кириб бир яхши жойга экибди. Эрта билан экиб пешинда кирса, олма бўқоқ бўлибди. Тўрт дона кичкинаси бир пудлик тошдек, етти хил товланибди, лекин олманинг тагида бир йўғон илон ётибди. Боғбон илонни ўлдирибди. Шу илоннинг урғочиси эркагини истаб чиқиб, ўлигини олма тагида кўрибди. “Бу — боғбоннинг иши, олмани есин, боғбон ўлсин”, деб заҳар солибди. Боғбон намозгарда боғга кириб, олтин лаганга тўртта олмани солиб, подшоҳга тортиқ қилибди. Подшоҳ олмани кўриб:
— Эй, боғбон, бу олма қайси подшоҳнинг мамлакатида бор экан? — дебди. Боғбон:
— Камина ғулом, ҳалқа багўса, ўшал олиб келган уруғнинг олмаси шу.
Подшоҳ:
— Пичоғимни олиб бер, бир қалам кесиб ей,— деган экан, вазир подшоҳнинг қўлини ушлабди:
— Подшоҳи олам, султони бокарам, бу эртапишар олмада бир ҳикмат бор, олдин емасдан имтиҳон қилинг.
Подшоҳ ўз отини олиб чиқиб унга берибди. От еб қўйиб кул бўлибди. Подшоҳнинг ранги ўчиб, қони қочиб, тўтига қараб дебди:
— Эй, тўти, қирқ йил сенга хандон писта бериб, оқибат шуми? — деб тўтининг калласини узиб ташлабди.
— Эй, меҳмони асл, уч кундан кейин, кўзингни очиб, ақлингни йиғиб, қўрқмасдан гапимга жавоб бер? Айб подшоҳдами, боғбондами, тўтидами?
Қиз жавоб берибди:
— Ўша тўти менинг ихтиёримда бўлса эди, гўштини қиймалатар эдим. Тўти бўлмай ўлсин, шунча яхшилик қилса, одам ўлдирадиган олманинг уруғини олиб келадими?
Оқбилак пари бир қадди камон сачраб туриб, бир қовза сочини юлиб, “оҳ” тортиб:
— Эй, аҳмоқ каллаварам, шу ақлинг билан мени оласанми? Менинг замонимда ўшал тўти бўлса, ўлигини олтиндан тобут қилиб солиб, қирқ йил бошимда кўтарар эдим, барқутдан кафан қилиб, кўмар эдим. Ҳай дариғ, қандай қилайки тақдир сенга насиб қилган экан. Неча минг подшоҳлар келиб мени деб бош бериб эди, сен тирранча менга фириб бердинг. Тўй тадоригини кўр!
Парининг отаси бу хушхабарни эшитиб:
— Уч йиллик бож-хирож олинмасин, — деб ҳукм қилибди. Юртга ош-у нон тортиб, парилар қоидасидай тўй қилиб, ширмон кулчани қўшалоқ кулчага топширибдилар.
Камбағал қиз чимилдиқда сиёсат билан ўтирибди. Хотинларни чиқариб юбориб, паризодни кўтариб кўрпага урибди. Ўзи тескари қараб ётибди.
Уч кунгача шу алфозда бўлибди. Янгалар сўрабди:
— Куёв поччам қарадиларми?
— Мен бахти қора, нотавон бўлмасам шунга тегаманми? У доим орқасини ўгириб ётади.
— У ёқ-бу ёғини ушлаб, ходими қилинг, шояд қараса, — дебдилар.
Кечаси қиз маст уйқуда экан. Маликанинг қўли қизнинг билагига тегиб кетибди. Қиз сапчиб туриб, қиличини ғилофидан суғуриб:
— Эй, бадбахт, мен бошда айтмабми эдим, сенинг сингари етмишта хотиним бор. Сени ўртада йигитларга косагул қиламан, торт қўлингни! — дебди.
Малика зор-зор йиғлаб қолибди.
Эрта билан қиз: “Жувозкашларни йиғ“, деб вазирга буюрибди. Бафармони ҳайиллази улуғ сўзга урғочи товба, саф-саф, гуруҳ-гуруҳ, пинжа-пинжа, фирқа-фирқа, тангла-тангла, охшом-охшом, чўғга-чўғга, даста-даста, ёр-ёр ҳамма баякбор йиғилибди. Дарё қумининг ҳисобини билса бўлади, жувозкашнинг ҳисобини олиб бўлмайди. Назар солиб кўрса, ўзининг эри йўқ.
— Яна борми? — деб сўрабди. Вазир:
— Йўқ, — дебди.
— Яна битта-яримта қолса, кейинча эшитсам, сенинг авлод-аждодингни тиғмурт қилиб қуритаман. Бу камбағал меҳнаткашларни қоронғи зиндондан ёруғлик жаҳон саҳнасига чиқараман, озод қиламан.
Вазир фикр қилиб: “Уйимдаги жувозкаш подшоҳзодани олиб келмасам, кейинча билса, менинг бошимга қаттиқ кун келади”, деб:
— Эй подшоҳи олам, ижозат беринг, мен бир ўзим ахтарай. Бўлса топиб келай, — дебди. Этагини турмаклаб, бошига бир муштлаб, нон-қатиқни еб, уйига келиб подшоҳзодага:
— Юринг, сизни мажлисга олиб бораман, — дебди.
Подшоҳзода йиғлаб:
— Менинг аҳволимга қараб бўлмайди, ҳамма кулиб масхара қилади, бу кунимдан ўлганим яхшироқ, — деб ночор қадам қўйибди. Подшоҳнинг ўрдасига келибди. Қиз назар ташлаб эрининг аҳволини кўриб, ўзини эрининг оёғига ташлашга яқин қолибди. Юз ҳийла билан ўзини тўхтатибди. Ичида хафа бўлиб: “Эй, бечора, бу машаққатларингни назарга олиб, сенинг бошингга тож қўйиб, белингга тилла камар боғлатиб, жиловингда неча хизматкорлар тайёрлаб, Боғи Эрам, Ажам мамлакатининг, олти ойлик жойнинг ихтиёрини сенинг қўлингда қилмасам икки дунёда камбағал, қашшоқ, бечоранинг қизи бўлмайман”, дебди.
— Эй, вазир, шу жувозкаш қолсин, ўзгаларини озод қилдим. От, тўн, пул бериб ҳар қайсисини ўз жойига жўнат. Бу камбағал жувозкашни ҳаммомга олиб бор: ҳаммомчига айт, бутун даҳада, кўча-кўйларда, етти яшардан ағда, етмиш яшардан бағда, одам қимирласа, дами тиғдан ўтказаман. Мен ҳам ҳаммомга бораман. Ҳаммомдан чиқишимга маофалик арава тайёр қилсин. Карнайни воғиллатиб, замбаракни гумбурлатиб, асаса-ю, дабдаба билан олиб келасан, мени эртага амаким кўрадиган кун, — дебди.
Вазир буйруқ қандай бўлса, шундай қилибди. Бу ишдан вазир, қиз иккаласидан бошқа киши хабардор бўлмабди. Қиз эрининг орқасидан ҳаммомга кириб борибди. Кўрса эри усти-бошини ечиб қўйибди. Ўзи ичкарига кирибди. Эри ҳаммомнинг ўрта гулсангида ўтирибди, олдида бир тоғора сув, ҳар замон бошини сувга тиқиб турибди. Бошини кўтариб қараса, подшоҳнинг куёви тепасида турибди. У уялганидан бош эгибди. Қиз қаҳр-зарби билан қиличини кўтариб айтибди:
— Бу нима? Қилич кишига дўст бўладими?
— Йўқ.
— Биласанми, мен кимман?
— Менинг хўжамсиз, янги куёвсиз. Боғи Эрам подшоҳининг кўрар кўзи, ёнар чироғи, нуридийдайи жигарбанди — Оқбилак парининг эрисиз. Сизни танимасам кўзим кўр бўлсин, — дебди.
Қиз айтибди:
— Эй, кўр, мени танимадинг! ”Менинг гисабурида хотинимни қамичга ўлчаб қирқ!” — деб отангга хат қилибсан. Отанг: ”Менинг ўғлим мана шу аҳволга тушибди”, деб, қилган хатингни менга кўрсатди. Мен бу хизматга белимни боғлаб келиб, маликани қўлимга келтирдим, олиб бераман, оласанми?
Подшоҳзодайи жувозкаш: “Вой дариғ, менинг бу кўрган куним озми, агар “Ҳа” десам, менинг устихонларимни майда-майда қилиб, гўштимни қурт-у қушга хўрак қилади”, деб фикр қилиб, қизнинг оёғига бош қўйиб йиғлайверибди. Ҳеч гап айтмабди. Етти марта сўрабди. “Ҳа, десам ўламан”, деб ўйлаб, “Йўқ” деяй деса, Оқбилак парининг ишқи фироқида кўзлари дилнам, юраклари пурғам, кеча-кундуз муҳаббати шуъла уриб, кўзига уйқи келмас экан. Шу сабабдан индамай турибди. Қизнинг аччиғи келиб, сиёсат қилиб қиличининг учи билан туртиб:
— Эй, подшоҳзода, рост айт, омон қоласан, ким бўласан, бегона бўлсанг ўлдираман, — дебди.
Подшоҳзода бир “оҳ” тортибди, гўё ҳаммом ёрилгандай бўлибди, ҳушидан кетиб ётибди. Бироз ўтгандан кейин кўзини очиб, у:
— Эй подшоҳзода, ўтиринг, мен арзимни қилай, хоҳ ўлдиринг, хоҳ куйдиринг, нима қилсангиз ихтиёр сизда. Сизга боғ берсин, бизга ҳаёт, — дебди.
Бошдан ўтган саргузаштини қизга бир-бир баён қилибди. Қиз дебди:
— Уч кун бўлди, маликани олдим. Номаҳрамга назар солганим йўқ. Ҳаммомда менинг уст-бошларимни киясан, чиқиб аравага ўтирасан. Тўғри равоққа чиқиб маликанинг қўйнига кирасан. Тезлик билан кеч қолмай, шатранж ўйнаб ютқизган боғга борасан. Мен кўз тутиб тураман. Давлатга мағрур бўлиб қолсанг, келиб бошингни кесиб кетаман. Бу ишни сен бил, мен билай, ўзга киши билмасин, — деб, бир ҳамён зари нақдина бериб, бояги жувозхонадаги усти-бошларини олиб биёбон тарафга қараб кетибди.
Сўзни подшоҳваччадан эшитинг:
Ҳаммомдан чиққан ҳамон оқсоқол, қорасоқоллар кўтариб, аравага ўтқазиб ўрдага олиб келибдилар. Подшоҳзода шошилиб бир поғонага оёқ қўяман деб, уч поғонага оёқ қўйибди. Равоққа чиққунча шу тариқада йиқилиб, қоқилиб, етти жойи қашқа бўлибди. Маликанинг ёнига чиқибди. Малика кўриб хурсанд бўлиб, ирак дастрўмол билан эрининг пешона терини артибди, подшоҳзоданинг ишқ-муҳаббати жўш уриб, қизилгулнинг новдасини эккандек, маликанинг нозик белидан қучоқлаб олибди.
Энди Боғи Эрамдан, подшоҳдан сўз эшитинг:
— Эй, вазирим! Менинг бир маслаҳатим бор, ёшимни яшадим, белимнинг қуввати кетди. Кўзимнинг нури ўчди, мен ўлсам соҳиби тахт бўладиган киши йўқ. Қизимнинг эри менга ўғил бўлди, мен кўрганим йўқ. Халқ: “Етти иқлимда шундай донишманд, мард, соҳибжамол йигит йўқ”, дейди. Олиб келиб тахтимга ўтқазсам, хазина-ю ҳукуматимни берсам, нима дейсизлар? — дебди подшоҳ.
Вазир қуллуқ қилиб: “Яхши маслаҳат бердингиз”, дебди. Куёвни чақириб, бошига тож қўйиб, муҳрни қўлига бериб, Порсистон шаҳрига подшоҳ қилишибди. Бунинг дастидан дев-у пари қочиб қутула олмабди.
Эри кунлардан бир кун ётиб туш кўрибди. Узукни ҳаммомда кўрибди. Ҳаммомда учраган подшоҳзоданинг қўлида қилич: “Нимага ҳаялладинг” деб ғазаб қилиб турибди. Чўчиб уйғонибди, бир “оҳ” тортибди. Малика уйғоқ экан, сўрабди:
— Емакдан, киймакдан камлигингиз йўқ, бир жойга бораман десангиз дев-у парилар кўтариб, кўз юмиб-очгунча Ямандан-Ясанга етказади, нимага оҳ тортасиз? — дебди.
— Мен сенинг отангга ўхшаган бир катта подшоҳнинг ўғлиман. Ота-онамни соғиндим, — дебди.
— Ўзингиз айтиб эдингиз: “Сенга ўхшаган етмишта хотиним бор, деб, мабодо олиб бориб, хор қилсангиз мен шарманда бўлиб қоламан. Хўп десангиз, сиз келгунча мен сизнинг номингизда ўтираман, йўқ десангиз бораман. Кўпчиликнинг ичида хор қилсангиз ҳам ўзингиз биласиз, қилмасангиз ҳам ўзингиз биласиз, — дебди малика.
Подшоҳзода дам урмабди. Бу ишга малика хафа бўлиб, отасига йиғлабди: “Мен узоқ юриб келмасам, лашкар тортиб бориб, менинг мозоримни топиб, тупроғимдан оласиз, дийдор қиёматга қолди” — деб, илгариги ўтган гапларни баён қилибди.
Отаси:
— Эй, қизим, подшоҳ деган сиёсат қилади, қўрқма! Сени ўлдирмайди — дебди. Бир қанча насиҳат қилиб, қирқ минг лашкар, тўрт юз хачир зар-у жавоҳир билан уч кунлик жойга кузатиб борибди. Илгариги чорбоғга келиб кўрса, ҳаммомдаги “Йигит” қўлидаги узугини тахтнинг тепасига қўйиб ўзи кетибди. Подшоҳвачча узукни қўлига солганда маликанинг кўзи узукка тушибди.
— Менинг олдимга кирганингизда, шу узук қўлингизда эди, бир-икки кундан кейин кўрмадим. Нечук бу узук тахтнинг тепасида пайдо бўлибди?
Подшоҳзода:
— Мен подшоҳ бўлсам, сен паризод бўлсанг, аскарларимиз дев-у пари бўлса, қудратим етмайдими, Ажамни Боғи Эрамга етказсам? — деб қаҳрланибди.
Малика ичида “Бу ишнинг тагида бир гап бўлса керак, сен аҳмоқнинг қўлингдан ҳеч иш келмайди”, деб дам урмабди. Подшоҳзода отасига хат ёзиб: “Уч кундан кейин шаҳарга бораман, отам менга итоат қилиб, йўлимга чиқмаса, мамлакатини ер билан яксон қиламан” деб жўнатибди. Ажам подшоҳи бу хабарни эшитиб “Ўғлим келади, менга хат келган эди, агар олдига чиқмасам, ёшлик қилиб ҳар иш қилса қилади”, деб, уч кунлик йўлни аскар билан тўлдириб, ҳаммаси қиличини бўйнига тақиб турибди:
Подшоҳзода етиб келибди. Отаси кўрса, тилла тахт устида ўтирибди, бошида тож, белида камар, тўрт дев тахтни кўтарган. Девларнинг кифти минордай, бўйи чинордай, оғзи-бурни кўҳна қопдай. Кўрган одамнинг баданига ларза киради.
Подшоҳзода отасининг ўнг қўлидаги хатни кўриб айтибди.
— Эй, ота, мен хат қилиб эдим: “Хотинимни авлоди билан қир”, деб, шаҳрингга кирмайман. Аввал ўрдага саксон газ дор қил, сочи юлиқ хотинимни дорга осиб қўй; мен қўлимга ёй олиб менга гап айтганнинг оғзига бир урай, қолганини ўзинг бил, ҳеч ким бу жаҳонда эрига бундай зулм қилмасин!
Камбағалнинг қизи: “Эрим менга нима олиб келар экан”, деб йиғиннинг ичида турган экан, подшоҳнинг хизматкорлари қизнинг қўлини боғлаб бўйнига арқон солиб судраган вақтда, арз қилибди:
— Менинг уч оғиз арзим бор, қабул қилинг, кейин ўлдирсангиз розиман, — дебди.
Подшоҳ рухсат берибди.
Қиз баланд чорпояга чиқиб дебди:
— Умид билан бир ёстиққа бош қўйдим. Ўқитиб мулла қилдим. Ароқхўр, бўзахўр қилмадим. Боғи Эрамдан келсалар киярлар деб умид билан тикиб қўйган бир гул дўппим бор, берай, ўлсам армоним йўқ.
Подшоҳ айтибди:
— Ташла!
Бўхчани ечиб, жувозхонадаги телпагини ташлабди:
— Битта тикиб қўйган босма чакмоним бор, берай, ўлсам армоним йўқ, — деб уни ҳам ташлабди.
Подшоҳзода ўз қўлини ўзи тишлаб, бир бўғинини узиб олибди.
— Умид билан тикиб қўйган битта этигим бор, — деб чориғини ҳам ташлабди. Чармига, пошнасига ҳўкизнинг тезаги ёпишган экан.
— Нима қилсанг, қил! — дебди.
Подшоҳзода:
— Эй, ота, мен чучварани хом санабман. Ҳукуматни камбағал қайнотамга бермасанг, шаҳрингга кирмайман, — дебди. Подшоҳ ҳайрон бўлиб:
— Эй, ўғлим, жиннимисан, соғмисан? — дебди.
Подшоҳзода:
— Эй, хотин, ўзинг ўша баланд шотига чиқиб, бошдан ўтган саргузаштни баён қил, — дебди.
Камбағал қиз тилга кириб, бир-бир баён қилибди, тўрт юз лак халойиқ эшитибди. Оқбилак пари тахтдан тушиб, қизнинг оёғига бош қўйиб: “Менинг гуноҳимни ўтасиз. Оламда бир қиз боланинг қўлидан шу иш келса, то ўлгунча сизга қўл қовуштириб хизмат қилиш учун хизматкорлик камарини белимга боғладим”, дебди.
Йиғилган халойиқ камбағал қизнинг ишларига қойил бўлибди. Камбағал қиз мурод-мақсадига етибди.