Искандар билан бойнинг қизи

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда бир қишлоқда жуда ҳам камбағал бир подачи чол бўлган экан. Чолнинг битта-ю битта Искандар деган ўғли бор экан. У жуда зийрак, меҳнатсевар бола бўлиб ўсибди.
Қўшни қишлоқда бир бой яшар экан. Унинг битта-ю битта қизи бор экан.
Кунлардан бир куни шу бойнинг қизи Искандарни кўриб, ошиқ бўлиб қолибди. Бойнинг қизи отасига “шу йигитга берасиз” деб туриб олибди. Охири бой чолникига совчи юборишга мажбур бўлибди.
Чол нима қилишини билмай, ўғли билан маслаҳатлашибди. Чол билан ўғлининг гаплари бир ердан чиқибди. Чол қизнингсовчиларига:
— Биз жуда камбағал яшаймиз. Ўғлимга ҳам ўзимизга ўхшаган бирор камбағал бечоранинг қизи топилиб қолар. Бойнинг қизини келин қилмаймиз, — дебди.
Рад жавобини олсалар ҳам, совчилар қайта-қайта келаверишибди. Охири бундан бирор иш чиқишига кўзлари етмагач, турли йўлларини ўйлай бошлашибди.
Шундан кейин бой билан унинг хотини эски, йиртиқ кийимларни кийиб, чолнинг уйига бормоқчи бўлишибди. “Зора -бизларни камбағал экан деб рози бўлса”, деб ўйлашибди. Шундай қилиб, бой ва унинг хотини эски, йиртиқ кийимларини кийиб, чолникига боришибди. Чол уларни ҳурмат билан кутиб олибди, меҳмон ҳам қилишибди. Кейин бой секин гапни бошлабди:
— Биз ҳам сизга ўхшаган бир бечора кишилармиз, кунда топганимиз аранг етиб туради. Ўзимизга ўхшаган оила билан қариндош бўлмоқчи эдик. Бизнинг бир қизимиз бор эди. Сизларнинг ҳам яхшими-ёмонми ўғилларингиз бор экан. Шунга нима дейсизлар?
Бу гапларни эшитган чол булар ҳам ўзимизга ўхшаган бечора кишилар экан, деб қувониб кетибди. Чол бу меҳмонлар ҳақида Искандарга айтибди. Искандар ҳам рози бўлибди. Чол меҳмонларга чиқиб бажону-дил рози эканликларини айтибди.
Тез кунлар ичида енгилгина тўй ўтказишибди. Искандар қизнинг қандайлигини, кимлигини тўй куниёқ сезибди. Аммо индамай, “сени қараб тургин ҳали” деб юраверибди. Бойнинг қизи шундай қўпол, фаросатсиз, ишёқмас экан-ки, асло қўяверасиз. Ҳовли-жойларни чала супурар экан. Кир ювса, чала юваркан. Овқатни эса бемаза тайёрларкан.
Искандар хотинининг бундай қилиқларини кўриб, “сени шундай тарбиялайки, онангдан қайта туғилгин”, — дебди ичида.
Бир куни йигит касал бўлиб қолибди. Хотини:
— Қаерингиз оғрияпти? — деб сўрабди. Йигит:
— Бошим қаттиқ оғрияпти, — дебди.
Хотини эрининг бошини босибди. Аммо унинг бош оғриғи ҳеч қолмабди. Шунда Искандар:
— Раҳматли онам аввал қўлларини ювиб, тирноқларини олиб, кейин бошимни силар эдилар. Шундан кейин бошимнинг оғриғи ҳам тез қоларди, — дебди.
Хотини югуриб бориб қўлларини тозалаб ювиб, тирноқларини олиб, кейин келиб эрининг бошини силабди. Тезда Искандарнинг боши ҳам тузалибди. Бундан кейин бирор ишни қилдирмоқчи бўлса, йигит ўзини касалга солиб, ҳамма ишларни айтиб оладиган бўлибди. Аста-секин уй ҳам, ҳовли ҳам, идиш-товоқлар ҳам тоза бўла бошлабди.
Искандар бойнинг қизини рўзғордаги камчиликларини юзига айтмай, аста-секин шундай қилиб тарбиялаб олган экан.
Фаросатсиз, қўпол, ишёқмас бўлган бойнинг қизи фаросатли, зийрак аёлга айланибди.