Ўтган замонда бир подшоҳ якка ўзи овга чиқиб, ов қилиб юриб, узоқда бир нарса кўрибди. Подшоҳ секин бориб қараса, дарахт тагида бир пари қиз дам олиб ўтирган эмиш. У қизни кўрган замон ҳушидан кетибди. Бироздан сўнг ўзига келиб қараса, пари сув келтириб подшоҳнинг юзига сепиб турган эмиш. Подшоҳ унинг қўлидан сувни ичиб, ўзи билан бирга саройга олиб келибди.
Подшоҳ қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша билан пари қизга уйланибди.
Орадан бир неча вақт ўтгач подшоҳнинг дармони қуриб, ранги сарғайиб, туси ўзгара бошлабди. Ниҳоят подшоҳ вазирига айтибди:
— Эй вазири аъзам, мен уйланганимдан буён дармоним қуриб, кучим борган сари камайиб, ҳолсизлана бошладим. Нима қилмоқ керак? — дебди. Вазир:
— Тўғри айтасиз, тақсир, рангингиз ҳам сарғайиб, тусингиз ўзгариб, ориқлаб бормоқдасиз. Бу ҳолни бир синчиклаб текширишга тўғри келади. Тақсир, хафа бўлмасангиз, мен сизга бир сир айтаман, майлими? — дебди. Подшоҳ:
— Майли, айт,— дебди. Вазир:
— Тақсир, тағин бу даштдан олиб келган қизингиз Илон пари бўлмасин. Ўтмишда қарилар:
— Даштда кўрма илон бўлади. Қирқ йил одам кўрмаса у парига айланади-да, одамга кундузи пари бўлиб, кечаси илон бўлиб кўринади, — дер эдилар. Хотинингиз тағин илон бўлмасин,— деб гумон қиламан,— дебди. Подшоҳ:
— Ундай бўлса, нима қиламан? — деб сўрабди.
— Агарда хўп десангиз, аввал уни аниқ билиш керак, кейин унинг чорасини кўрамиз,— дебди вазир.
Вазир ўйлаб туриб подшоҳга шундай йўл кўрсатибди:
— Тақсир, бир кун кечқурун хотинингизга ош буюрасиз. Қозонга сабзи-пиёзни солиб қовуриб, сувга кетганда, қозонга бир ҳовуч туз ташлаб юборинг. Ошни пишириб тайёрлаб олиб келади, бирга ейсиз.
Сўнгра ош жуда шўр бўлиб кетибди-ку, деб кўп чой-сув ичади. Сиз ҳам ичасиз. Сўнгра қолган ишни кечаси биласиз.
Подшоҳ ўша куни вазир айтгандек қилибди.
Хотини сабзи-пиёзни қовуриб, сувга кетганда, бир ҳовуч тузни қозонга ташлаб юборибди. Ош шўр бўлибди. Подшоҳ зўрға ебди. Пари эса уялганидан ошдан анча ебди. Шўр бўлгани учун кўп чой ва сув ичишибди. Кечаси ётиб ухлашибди. Ярим кечада подшоҳ уйғониб қараса, ёнида катта, узун илон ётган эмиш, Илон пари чўллаб, секин ўрмалаб ҳовлидаги ҳовузга бошини чўзиб сув шимирибди. Боши ҳовузда бўлса, думи подшоҳнинг ёнида эмиш. Подшоҳ қўрққанидан ҳеч нарса деёлмай жим ёта берибди. Эрта билан подшоҳ қараса, ёнида пари ётган эмиш. Бу сирни ҳеч кимга айтмабди. Фақат вазирига айтибди. Вазир подшоҳга:
— Тақсир, энди сиз бир амаллаб бу хотинингиздан ажралмасангиз бўлмайди. Бунинг чораси шундай бўлади. Бир темир қафасдан уй қурдирасиз. Бир амаллаб алдаб хотинингизни шу уйга олиб кирасиз, ўзингиз чиқиб кейин эшикни беркитиб, тагидан ўт ёқтирасиз, шу билан Илон пари куйиб ўлади,— дебди.
Подшоҳ вазирнинг айтганини қилибди. Бир темир қафасдан уй солдирибди. Уйга хотини билан бирга кирибди. Бироздан сўнг подшоҳ қафас уйдан чиқиб, устидан қулф солибди, сўнгра тагидан ўт қўйдирибди. Бир чинқириб Илон пари куйиб ўлибди. Шундай қилиб, подшоҳ унинг ташвишидан қутулиб қолибди.