Бир бор экан, бир йўқ экан. Бир ўрмонда икки қарға яшар экан. Улар овқат топишга эриниб, ҳийла ўйлашибди. Шунда бир қарға иккинчи бир қарғага: — Мен ҳийла ўйладим, ўша ҳийлани ишлатсак, биз текин овқатланиб ётаверамиз, — дебди. Қарға:
— Бир-биримизнинг патимизни бир дона қолдирмай юламиз. Шунда биз ёш қушчалар бўлиб қоламиз. Бир қушнинг инига борамиз, унинг тухумларини олиб ташлаб, жойига ўтирамиз. Она қуш келиб “болам” деб бизни овқатлантираверади, — дебди. Иккинчи қарға:
— Майли, — дебди. Кейин икки қарға бир қуш инига бориб, бир-бирининг патларини юлиб, қип-қизил гўштга айланибдилар. Индаги тухумларни олиб ташлаб, ўрнига ўтирибдилар. Ўз инига келган қуш иккинчи қушга:
— Мана, болаларимиз ҳам тухумдан чиқибди, — дебди. Улар ҳар хил овқатлар келтириб бераверибдилар. Бир неча кундан кейин икки қарғадан аста-секин пат чиқа бошлабди. Шунда улар яна бир-бирларининг патларини олиб ташлабдилар. Буни кўрган қуш “болалари”га:
— Энди ҳеч ерда овқат қолмади. Энди ўзларингиз ўзларингизга овқат топинглар, — дебди. Шунда улар қушга қараб:
— Бизлар овқат бор жойни биламиз. Шу сойликдан бораверсангиз, бир боққа борасиз, у ерда ҳар хил қурт-қумурсқалар кўп, — дебдилар. Шунда қуш иккинчи қушга:
— Бизнинг болаларимиз ёш бўлса ҳам ҳамма жойни биладилар-а, — дебди. Шундан кейин қушлар у ердан ҳам овқат келтириб берибдилар. Кунлар кетидан кунлар ўтибди. Бир куни ўрмонда қаердандир ўт чиқибди. Ўрмон ёна бошлабди. Шунда ҳамма қушлар ўзларини қутқариб учиб кетибдилар. Бу икки қарға эса патсизликдан учолмай, қилган ишидан пушаймон бўлиб, оловда жизғанак бўлиб куйиб қолибдилар.