Ичак билан пуфак

Бир куни ичак билан пуфак баҳслашибди. Пуфак:
— Ичак-ичак, мен сени ейман, — дебди.
— Йўқ, мени еёлмайсан, — дебди ичак. Пуфак ичакни еб қўйибди.
Пуфак нарироқ борса, бир хўроз учрабди.
— Хўроз, хўроз, мен сени ейман, — дебди.
— Бир қичқирсам, ўлиб қоласан, — дебди хўроз.
Пуфак айтибди:
— Ичакни еган сени ҳам еёлмайманми? — деб хўрозни еб қўйибди ва нарироққа бориб, юқорига кўтарилибди ва қўйнинг олдига тушибди:
— Қўй-қўй, мен сени ейман, — дебди.
— Бир мараб берсам, ўлиб қоласан, — дебди қўй.
— Ичакни еган, хўрозни еган, мен сени еёлмайманми? — деб пуфак қўйни ҳам еб қўйибди.
Юриб-юриб пуфак бир молга учраб қолибди.
— Мол-мол, мен сени ейман, — дебди.
Мол:
— Бир марасам, ўлиб қоласан, — дебди.
Пуфак:
— Ичакни, хўрозни, қўйни еган, нимага сени еёлмас эканман? — деб молни ҳам еб қўйибди.
Юриб-юриб, бир отга учрабди ва унга:
— От-от, мен сени ейман, — дебди.
— Сен мени ейман деб овора бўлмагин, еёлмайсан, бир тепсам, ўласан, — дебди от.
— Ичакни еган, хўрозни, қўйни, молни еган, сени ҳам ейман, — деб отни ҳам еб қўйибди. Яна пуфак юриб-юриб бир қушчага учрабди.
— Эй, қушча, сени ейман, — дебди пуфак.
— Бир сайраб, гаврон билан урсам, ўлиб қоласан, — дебди.
— Йўлда учраган ичакни, молни, қўйни, отни еган сени ея олмайманми? — деб қушчани ҳам еб қўйибди.
Ундан бориб-бориб, ўтин тераётган бир қизчага учраб қолибди.
— Эй қизча, сени ҳам ейман, — дебди пуфак.
— Ўроғимни қорнингга бир тиқиб олсам, ёрилиб ўласан, — дебди қизча.
— Юрган йўлимдаги ҳамма учраган нарсаларни еб келяпман-ку, энди сени ея олмайманми? — деб уни ҳам еб қўйибди.
Уларнинг ҳаммасини еб, пуфак яна йўлга тушибди, бир косибга учрабди.
— Уста-уста, мен сени ейман, — дебди унга.
— Яқинроқ келиб егин, — деб уста пуфакни олдига чақирибди ва пуфакнинг қорнини пичоғи билан ёриб юборибди, унинг қорнидан у еган ҳамма чиқишибди. Пуфакнинг қорнидан чиққанлар косибдан хурсанд бўлиб, жой-жойларига тарқаб кетишибди ва мурод-мақсадларига етишибди.