Қадим замонда бир бой бўлган экан. Унинг бир яхши, ақлли хотини бўлган экан. Бир куни бой хотинига:
— Давлатимда хўп давр сураяпсанда! Мендан бўлакка текканингда не кунларни кўрардинг?— дебди.
— Йўқ, — дебди хотин эрига, — эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин.
Хотинининг бу гапидан бой дарғазаб бўлиб, уйидан ҳайдаб юборибди. Қоронғи тушиб қолган экан. Хотин йўлга чиқибди-ю, чарчаб бир дарахтнинг тагида ўтириб, тунни ўтказмоқчи бўлибди. Анча ўтирибди. Шу вақт ўтин орқалаган бир йигит келиб, унинг ёнида тўхтабди.
— Ҳой, синглим, — дебди ўтинчи, — бемаҳалда ёлғиз нима қилиб ўтирибсан? Уйингга борсанг бўлмайдими?
— Уйим йўқ, — дебди хотин, — ота-онам жуда ёшлигимда ўлиб кетган, — дебди.
— Менинг ҳам бир кекса онамдан бўлак ҳеч кимим йўқ. Мен ўтин териб кун кўраман. Юр бизникига, оч бўлсак оч, тўқ бўлсак тўқ яшарсан, — дебди йигит.
Йигит хотинни эргаштириб уйига олиб кетибди. Хотин кўрсаки, ўтинчининг ҳовлисини кўриб бўлмас эмиш: ҳамма ёқ ўт, кўпдан бери супурги тегмаган. Кекса онанинг эгнидаги кўйлаги кир, ёғ босиб кетган экан.
Хотин ҳовлини супуриб-сидирибди, кампирни ювиб-тарабди. Хуллас, ўтинчининг уй-жойига файз киритибди. Буни кўрган ўтинчининг баҳри-дили очилиб кетибди.
Ўтинчи ҳар куни терган ўтинини бозорга олиб бориб, икки тангага сотаркан, бир тангасига ёғ, бир тангасига ун олиб келаркан. Она-бола атала қилиб еб кун кўришаркан. Хотин ўтинчиникига келган кунининг эртаси, ўтинчи ўтин тергани кетаётганида ундан илтимос қилибди:
— Агар бугун ҳам икки тангага ўтин сотсангиз, бир тангасига рўзғор қилинг, бир тангасига ипак билан дўппи таги олиб келинг.
Кечқурун ўтинчи хотин тайинлаган нарсаларни олиб келибди. Хотин эртаси куни ўтинчи келгунича, чиройли дўппи тикиб, битказиб қўйибди. Ўтинчи уни дўппи бозорига олиб борибди-да, бир яхши дўппи ўн сўм бўлса, уни ўн беш сўмга сотиб, пулини хотинга келтириб берибди.
Хотин, кунда йигит ўтин териб, сотиб келгунча, дўппи тикиб бозорга чиқариб сотишга тахт қилиб ўтираркан. Бунинг устига уй-жойга, қозон-товоққа қарашга ҳам улгураркан.
— Энди ҳунар ўрганинг! — дебди хотин йигитга. — Эркак кишига ҳунар керак.
Йигит дурадгорликни ўрганибди. Кўп ўтмай яхши дурадгор ҳам бўлибди, уй-жой ҳам қуриб олишибди.
Ўтинчининг уйига кундан-кун файз кирибди, топгани озиқ-овқат, кийим-кечакдан ортадиган бўлибди. Кампир ҳам, ўғли ҳам аёлни жуда яхши кўриб қолишибди.
Орадан кўп ўтмай, ўтинчи билан бу доно аёлнинг тўйлари бўлибди, улар бахтиёр ҳаёт кечира бошлашибди. Давлатларига давлат қўшилибди, бахтларига бахт. Уларнинг иноқлиги, бахтли яшаши ҳақидаги овоза узоқ-узоқларга тарқалибди: “Бир ўтинчи шунақа бадавлат бўлиб кетибдики, асти қўяверасиз экан”. Бир камбағал ўтинчининг данғиллама уйли-жойли, давлатманд бўлиб қолгани ҳақидаги хабар аёлнинг аввалги эрининг қулоғига ҳам етибди. “Оламда мендан бойи йўқ”, деб керилиб юрган тўймас бой бу гапларни эшитиб, ўз кўзи билан кўриб келиш мақсадида ўтинчиникига келибди. Кўрсаки, ички-ташқи данғиллама ҳовли-жой, ҳовуз атрофида гулзор, ҳовли ёғ тушса, ялагудек топ-тоза. Лекин на хизматчи бор эмиш, на коранда. Буни кўриб бой жуда ҳайрон қолибди. Уни ўтинчининг ўзи кутиб олибди, яхшилаб зиёфат қилибди. Бой ўтинчиникида хўп меҳмон бўлибди, кейин муддаога кўчибди, унинг қандай қилиб бундай давлатманд бўлиб кетганини сўрабди.
— Э, нимасини айтай, — дебди ўтинчи унга, — ота-бувамизнинг “Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин” деган гапи бор эди. Хўп билиб, айтишган экан. Эркак киши бўла туриб, ўтин териб сотиб, бир қошиқ аталага зор бўлиб кун кўрардим. Уйландим, хотиним уйимга файз киритди, ақлимга ақл қўшди, — деб хотинининг хизматларига тан берибди. Шу пайт бойнинг кўзи деразага тушибди. Не кўзи билан кўрсин-ки, ўша ўзи ҳайдаб юборган хотини ҳовлидаги гулзорда гул териб юрган эмиш. Бойнинг ранги қув ўчиб кетибди:
— Э-э, хом калла, нималар қилиб қўйдинг, — деб пешонасига бир урибди.
Ўтинчи билан хотини эса, кўп йиллар иноқ ва бахтиёр умр кечиришибди.