Бир бир экан, бир йўқ экан, бир чолнинг уч ўғлибор экан. Уларнинг тўнғичи 750 ёшда, ўртанчаси 450 ёшда, кенжаси 250 ёшда экан.
Бир куни чол ўз фарзандлари билан тўйга борибди. Тўйда иззат-икром қилиб чолни тўрга ўтқазишибди. Мезбон чолнинг ёнига ўғилларидан аввал энг кичигини, кейин ўртанчасини, пойга эса энг каттасини ўтқазибди. Бундан чол ҳам, унинг катта ўғли ҳам хафа бўлиб, уй эгасидан сабабини сўрашибди. Шунда уй эгаси:
— Мен сизларнинг соқолларингга қараб жойлаштирган эдим. Ака-укаларни адаштириб юборибман-да, — деб улардан узр сўрабди. Ростдан ҳам уларнинг кичигининг соқоли оппоқ, ўртанчасиники мошгуруч, энг каттасиники қоп-қора экан. Шундан кейин уй эгаси ўзича ҳайрон бўлиб, бир вақти келганда уларникига бориб, яшаш шароитлари билан танишишни ўйлаб қўйибди.
Бир куни у чолнинг кичик ўғлиникига борибди. Шунда эшикни очган хотин:
— Ана, ўлиб қолгур, меҳмонларинг келди, — деб бақирибди.
Бу унинг хотини экан. Шунда у узр айтиб чиқиб кетибди ва чолнинг ўртанча ўғлиникига борибди. Унинг хотини ҳам қовоғини уйиб, жаҳл билан кутиб олибди. Меҳмон у ерда ҳам ўтирмай, чолнинг энг катта ўғлиникига йўл олибди. У ерда меҳмонни жуда ҳам яхши кутиб олишибди, ҳар хил ноз-неьматлардан, турли овқатлардан еб, вақти чоғлик қилиб ўтирибди.
Меҳмон шу ерда беш кун қолиб кетибди, лекин унга беш соатдек туюлибди. Шундан кейин у:
— Одамнинг соқолини оқ қилиб қаритадиган нарса ғам экан. Кимки уйи шодликка, яхшиликка, қувончга тўла бўлса, унинг умри ҳам узун, мазмунли бўлар экан, — дебди.