Ҳотам

Ўтган қадим замонда, қуёш чиқар томонда бир камбағал одам яшаган экан. Унинг Ҳотам деган  ёшли ўғли бор экан. Камбағал ўлгандан кейин унинг хотини ўғли Ҳотамни боқолмай Дадабой деган камбағалга топширибди. Дадабой ҳам Ҳотамни боқолмай бозорга олиб бориб, Жалол деган бойга сотибди. Жалолбой Ҳотамни уйига олиб бориб ишлатиб юра берибди.
Орадан икки-уч йил ўтибди.
Жалолбой қирқ туяга мол ортиб карвонларга қўшилиб, узоқ бир шаҳарга жўнаб кетибди. Ҳотам йўлда Жалолбойнинг хизматини қилиб юрибди.
Карвон кеча-ю кундуз йўл юриб, бир чўл-у биёбонда кетаётган экан, қоронғи тушибди. Чўлда бир вайрона қўрғон бор экан, Жалолбой карвонларга, “Шу қўрғонда тунайлик”, дебди.
Савдогарлар: “Бу чўл-биёбон бўлса, ўғрилар келиб тағин бизга зиён-заҳмат етказмасин”, деб қўрқишибди ва йўлга равона бўлишибди.
Жалолбой ўз хизматкорлари билан шу қўрғонга қўнибди. Овқат еб бўлгач, бой хизматкорлари билан бир ҳужрага кириб ётибди. Ҳотам эса, отлар ва моллар ёнида қўлига ханжар ушлаб пойлоқчилик қилибди. Ярим кечада бир катта қора дев қўрғонга кириб келибди-да, бой ётган ҳужрага қараб юра бошлабди. Ҳотам девни кўриб турган экан. Секин орқасидан бориб ханжар билан девнинг калласини узиб ташлабди.
Девнинг калласини даст кўтариб қўрғондан чиқибди ва хандаққа ташлабди. Ҳотам яна отлар ва туялар ёнига келиб ётибди. У ўзича ўйлабди: “Мен-ку буни ўлдирдим, лекин бу дев ёлғиз бўлмаса керак. Шериклари кетидан қидириб келишлари ва бизга зиён етказишлари мумкин. Мен бунинг олдини олишим керак, албатта”.
Ҳотам бу сирни ҳеч кимга билдирмасдан қўрғондан ташқарига чиқиб, у ёқ-бу ёққа қарабди: “Дев шу томондан келган бўлса керак, деб тусмол билан қаршисидаги тоғга қараб жўнабди. Ҳотам йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, тоғга етибди. Қараса, тоғнинг бағрида бир ғор бор эмиш. Шу ғорнинг ичида бир сир йўқмикан, деб ғорнинг ичига кирибди. Бир томондан ёруғлик кўринибди. Ўзини бир чеккага олиб қулоқ солибди. Ичкаридан: “Бизнинг шеригимиз шу вақтгача келмади. Нима бўлди экан, ҳаммамиз бориб ундан хабар олишимиз керак”, деган товуш эшитилибди.
Ҳотам ханжарини яланғочлаб маҳкам ушлаган ҳолда ғорнинг оғзида ўзини панага олиб турибди. Девлар бирин-кетин ғордан чиқа бошлабдилар. Ҳотам ғордан чиққан биринчи девнинг калласини узиб ташлабди. Қолган девларнинг ҳам бирма-бир калласини олиб ташлай берибди.
Ҳотам девларни саранжомлаб бўлгач, ғорнинг ичкарисига кирибди. У ёқ-бу ёққа қараса бир эшик кўринибди. Эшикни очиб ичкарига кирса, бир чиройли боғ, унда гуллар очилган, қушлар сайраган, шоҳона супалар ясатилган, бир супада қип-қизил чўғдай гиламлар, кўрпачалар устида тўрт чиройли қиз ухлаб ётибди. Ҳотам қизлар уйғониб кетмасин, деб секин супанинг бир четига бориб ўтирибди. Бироз вақт ўтгач, қизлардан бири чўчиб уйғонибди. Ҳотамни кўриб ҳайрон бўлибди:
— Эй, одамзод, бу жой тўрт девнинг макони-ку, қандай қилиб келиб қолдингиз, ҳозир девлар келади, улар кўрса ўн жонингиздан бир жонингиз ҳам қолмайди. Бу ердан тезроқ кетинг! — дебди.
Ҳотам қизга:
— Тўрт девнинг ажали менинг қўлимда эди. Бугун ҳаммасини ўлдирдим. Сизлар ким бўласизлар, бу ерда нима қилиб юрибсизлар? — деб сўрабди.
Буларнинг сўзидан ухлаб ётган қизлар ҳам уйғониб, ўринларидан туриб ўтиришибди. Қизлардан бири:
— Биз тўрт подшонинг қизимиз. Бизларни девлар шу ерга олиб қочиб келган. Биримизнинг келганимизга уч йил, иккинчимизга икки йил, учинчимизга икки ярим йил, тўртинчимизга тўрт йил бўлган, — дебди.
Қизлар Ҳотамга ўз аҳволларини ҳикоя қилиб беришибди. Ҳотам уларни ташқарига олиб чиқиб, ўлдирилган девларнинг жасадларини кўрсатибди. Қизлар Ҳотамнинг ботирлигига қойил қолиб, миннатдорлик билдиришибди.
— Бизни ҳам ўзингиз билан бирга олиб кетинг, — деб ялинишибди.
— Мен сизларни ҳозир олиб кета олмайман. Сизлар ҳозирча шу жойда яшаб туринглар. Мен ишимни битириб қайтгач, сизни бу ғордан олиб чиқиб ўз уйларингизга олиб бориб қўяман, — деб жавоб берибди Ҳотам. Қизлар хурсанд бўлишибди.
Ҳотам ғордан чиқиб, ғорнинг оғзини катта тош билан бекитиб қўйибди ва қўрғонга қайтиб келибди. Бироздан сўнг, тонг отибди. Қўрғондагилар тургунча чой қайнатиб тайёр қилибди. Жалолбой ва унинг хизматкорлари эрта билан нонушта қилиб йўлга тушибдилар. Ҳотам кечаси бўлиб ўтган сирни ҳеч кимга сўзламабди. Карвон бир неча кун йўл юриб бир шаҳарга етибди, саройга тушишибди. Эртаси бой молларини бозорга олиб чиқибди. Шаҳар сув қуйгандек жимжит, шодлик аломатлари кўринмайди. Одамлар хафа, ҳеч кимнинг мол билан иши йўқ. Жалолбой ҳайрон бўлиб бир одамдан:
— Бу шаҳарда нима воқеа бўлган, одамлар хафа, бир-бири билан сўзлашмайди? — деб сўрабди. У одам эса:
— Шаҳримиз подшосининг Малика деган қизи бор эди, бундан уч йил илгари уни девлар олиб қочиб кетган. Юртнинг азаматлари қизни шу вақтгача ҳеч қаердан топа олмайди, шунинг учун шаҳар халқининг тинчлиги бузилган, — деб жавоб берибди.
Жалолбой бозордан саройга қайтиб келиб эшитган гапларини Ҳотамга сўзлаб берибди.
— Бу шаҳарда савдомиз юришмади, энди бошқа шаҳарга жўнаймиз, — дебди Жалолбой ва шу куннинг эртасигаёқ тонг отиши билан молларини туяларга ортиб бошқа шаҳарга жўнабди. Карвон бир неча кун йўл юргандан кейин, бошқа бир шаҳарга етиб борибди. Карвонсаройга тушиб дам олишибди. Иккинчи куни Жалолбой бозорга чиқибди. У шаҳар халқининг ҳам қовоғи солиқ, барчаси қайғуда экан! Бу ерда ҳам савдонинг мазаси бўлмабди.
Жалолбой одамлардан бу ҳолнинг сабабини суриштириб кўрса, шаҳар подшосининг Ҳуринисо деган қизи бор экан. Уни ҳам девлар бундан икки йил илгари олиб қочиб кетган экан. Хафа бўлган подшо савдо-сотиқ ишларини тўхтатиб қўйган экан. Бой савдонинг юришмаганидан хафа бўлиб саройга қайтиб келибди. Шаҳардаги воқеани Ҳотамга айтиб берибди. Бой иккинчи куни молларини туяга ортиб бу шаҳардан ҳам жўнаб қолибди.
Йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Чўл-биёбонларни кезиб карвон бир шаҳарга етиб, саройга тушибди.
Бу сафар Жалолбой бозорга бормай, саройбондан шаҳар аҳволини сўрабди.
Саройбон:
— Подшоҳимизнинг Пошшохон деган бир қизи бор эди. Девлар олиб кетганига икки ярим йил бўлди. Шаҳар халқи қизни қидириш билан овора. Шу сабабли дўконлар берк, савдо ишлари тўхтаб қолган, — дебди. Бой буни эшитиб, жуда хафа бўлибди. Бозорга чиқмай, шу куннинг ўзидаёқ бошқа шаҳарга жўнабди.
Кўп кунлар, ойлар йўл юрибди. Бир шаҳарга бир кунлик йўл қолганда, юкларини тушириб, от ва туяларни хашакка қўйибди. Хизматкорларига тайинлаб, ўзи шаҳарнинг аҳволини билиб келиш учун Ҳотам билан бирга от миниб йўлга чиқибди. Шаҳарга боргунча кеч кирибди. Иккиси шаҳар дарвозасидан кирмай, четдаги бир камбағал кампирнинг уйига келиб, бир кеча ётиб кетиш учун жой сўрашибди. Кампир рози бўлибди. Бой кампирнинг уйига кириб ўтирибди. Ҳотам эса, отлар ёнида қолибди. Жалолбой кампирдан шаҳар аҳволини сўраган экан. Кампир:
— Э, болам, шаҳарнинг аҳволини сўраб нима қиласиз? Подшоҳимизнинг ой деса оғзи бор, кун деса кўзи бор жуда чиройли бир қизи бор эди. Унинг оти Дилором эди. Бундан тўрт йил бурун Дилоромни девлар олиб қочиб кетган, уни етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган одамлар кеча-ю кундуз қидиради, ҳеч қаердан тополмайди. Подшо, ҳатто шаҳарга келган йўловчиларни ҳам тўхтатиб ўз қизини топиб келиш учун юборади. Бунинг учун қанча ясовуллар тайинлаб қўйган. Шаҳарнинг аҳволи ана шунақа, ўғлим, — дебди. Шундай дебди-ю, Дилоромнинг суратини Жалолбойга кўрсатибди. Жалолбой суратни кўриши биланоқ қизга ошиқ-у беқарор бўлиб ҳушидан кетибди.
Ҳотам уйга кирса, Жалолбой йиқилиб беҳуш бўлиб ётганмиш. Кампир бўлган воқеани сўзлаб, Дилоромнинг суратини унга кўрсатибди. Ҳотам суратни қўлига олиб кўриши биланоқ, ғордаги қизлардан бири шу Дилором эканлигини билибди. Ҳотам Жалолбойга сув сепиб ҳушига келтириб, ҳол-аҳвол сўрабди. Бой айтибди:
— Мен шу подшо қизига ошиқ бўлиб қолдим. Нима бўлса ҳам уни қидириб топишим керак.
— Буни топиш бир гап бўлар, сиз аввал подшонинг саройига боринг, агар қизни топсак, сизга берадими, йўқми, шуни билинг. Агар қизини сизга берадиган бўлса, уни мен топаман-да, тўғри ўз шаҳримизга олиб кетамиз, — дебди Ҳотам.
Жалолбой Ҳотамнинг бу сўзидан хурсанд бўлибди. Эртасига ўрнидан туриб подшонинг ўрдасига борибди. Подшонинг ҳузурига кириб, ўзининг ким эканлигини ва нима учун келганлигини айтибди. Подшо қизи Дилоромни топиб келган кишига бермоқчи эканлигини айтибди. Бой қизни топиб келиш учун муҳлат олиб, кампирнинг уйига қайтиб келибди. Подшо билан ораларида ўтган сўзни Ҳотамга айтиб берибди.
Ҳотам билан Жалолбой йўл юриб, йўл юрсалар ҳам мўл юриб, подшо қизлари яшаган ғорга келишибди, отларини боғлаб, ғорнинг ичидаги гулзорга киришибди. Жалолбой қизлар орасида турган Дилоромни таниб, яна ҳушидан кетибди. Ҳотам унга сув сепиб ўзига келтирибди.
Ҳотам Дилоромга қараб:
— Синглим, энди сизни бу ердан олиб кетгани келдим. Ўз уйингизга, ота-онангизнинг ёнига борасиз. Тайёрланинг! — дебди. Дилором хушвақт бўлиб кетишга ҳозирланибди.
Ҳотам бошқа қизларга:
— Мен Дилоромни ота-онасига олиб бориб топшираман, сизлар шу ерда яшаб туринглар, кейин сизларни ҳам олиб кетаман, — деб уларни тинчлантирибди, сўнгра Ҳотам, бой ва Дилором бирга йўлга чиқибдилар. Йўл юриб, бир неча муддатдан сўнг шаҳарга яқинлашганда Ҳотам улардан илгари от чопиб, шаҳарга кирибди. Подшо саройига бориб Дилоромнинг келаётганидан хабар берибди. Подшо қизининг соғ ва саломат келганига хурсанд бўлиб кутиб олибди. Бир неча кун тўй-томоша қилибди. Кунлардан бир кун подшо Дилоромни ёнига чақириб:
— Қизим, ким қизимни топиб келса, ўшани куёв қиламан, деб аҳд қилган эдим. Бу аҳдимни бутун халқ билади. Сени Жалолбой деган одам топиб келди. Энди мен Жалолбойни ўзимга куёв қиламан, нима дейсан? — дебди.
— Э, ота, — дебди Дилором, — мени девнинг қўлидан қутқарган одамга берсангиз розиман. Лекин мени қутқарган Жалолбой эмас. Мени девдан қутқариб олиб келган одам Ҳотамдир. Аҳдингизга мувофиқ, Ҳотамга тегишим керак.
Подшо бу сўзни эшитиб ҳайрон бўлибди, Жалолбой билан Ҳотамнинг олдига чиқиб, Дилоромнинг сўзини айтибди. Ҳотам ўрнидан туриб подшога.
— Ҳурматли ҳукмдор, мен ҳали ёшман, ҳозир уйланадиган вақтим эмас. Дилоромни девлар қўлидан мен халос қилган бўлсам ҳам хўжамнинг истаклари ерда қолмасин. Шунинг учун мени маъзур тутиб қизингизни хўжамиз Жалолбойга берсангиз, — дебди.
Подшога бу сўз маъқул тушибди, қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб, қизини Жалолбойга берибди. Подшо ўз вазир-вузароларини чақириб, уларга:
— Мен энди қариб қолдим, подшолигимни Жалолбойга бердим, — дебди ва куёвини подшо этиб тайинлабди.
Ҳотам подшога:
— Энди менга рухсат берсангиз, мен кетай, — дебди.
— Ҳотам, сиз кетманг, менга яхшилик қилдингиз, сизни ҳам уйлантириб қўяй, — дебди Жалолбой. Ҳотам бу шаҳардан кетиш учун подшодан яна жавоб сўрабди. Охири подшо рози бўлибди. Ҳотам шаҳардан чиқиб, қизлар турган ғорга йўл олибди. Ғорга бир кунлик йўл қолганда, бир сувнинг бўйида уст-бошлари йиртилган, оёқлари қаварган уч ёш йигитнинг ухлаб ётганини кўрибди. Ҳотам: “Мен бу йигитларнинг ҳол-аҳволини билай, агар қўлимдан келса ёрдам берай”, деб ўйлабди, ухлаб ётган йигитларнинг ёнига келибди. Бироздан кейин йигитлар уйғонишибди. Ўринларидан туриб, Ҳотам билан сўрашишибди. Ҳотам улардан:
— Сиз ким бўласиз, бу чўл-биёбонларда нима қилиб юрибсиз? — деб сўрабди.
Йигитлардан бири:
— Биз Канъон подшосининг ўғиллари бўламиз. Отамиз уч подшонинг уч қизини бизга фотиҳа қилиб унаштириб қўйган эди. Бундан уч йил бурун бир қизнинг отасидан, икки йил бурун иккинчи қизнинг отасидан, икки ярим йил бурун учинчи қизнинг отасидан отамизга “Қизимни девлар олиб кетди, келин керак бўлса, ўғлингиз қидириб, топиб олсин”, деган мазмунда хат келди. Биз ўша хабарни эшитгандан бери уч қизни қидириб юрибмиз. Бугун сув бўйида ётганимизга ҳам уч кун бўлди. Қизлардан хабар тополмай, сарсон-у саргардонмиз, — дебди.
Шунда Ҳотам йигитларга қараб:
— Ҳар бирингиз ўз қаллиғингизнинг отасидан, қизни топиб, девлардан қутқарсангиз, қизини сизга бериши ҳақидаги ваъдани тасдиқлайдиган тилхат олиб келингиз, сиз келгунингизча мен шу ерда тураман. Келганингиздан кейин қизларни топишга қўлимдан келганча ёрдам бераман, — дебди. Йигитлар “Хўп-хўп”, деб ҳар бири ўз қаллиғининг юртига жўнабди.
Бир қанча кун ўтгандан кейин йигитларнинг ҳар бири уч подшодан розилик хатини олиб келишибди ва Ҳотамга кўрсатишибди. Ҳотам уч йигитни бошлаб қизлар яшаб турган ғорга олиб борибди. Ғорга кириб йигитларга қизларни кўрсатибди. Йигитлар уларни кўриб хурсанд бўлибдилар. Ҳотам қизларга қараб:
— Ана, сингилларим, сизларнинг ҳам ўз юртингиз, ота-онангиз олдига бориш вақтингиз етди. Қани, тайёрланинглар, — дебди.
Қизлар севинишиб, Ҳотамга миннатдорлик билдириб, керакли нарсаларни олиб, йигитлар билан ғордан чиқибдилар. Улар етти киши бўлиб Маликанинг шаҳрига боришибди. Ҳотам Маликани отаси подшога топшириб, уни девлардан қандай қилиб қутқарганини бирма-бир сўзлаб берибди. Подшо Ҳотамнинг ботирлиги ва уддабурролигига қойил қолиб, қимматбаҳо инъомлар берибди. Подшо қизи Маликани ўз ваъдасига биноан Канъон подшосининг ўғлига қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй қилиб берибди. Шаҳзодани ўз ўрнига подшо қилиб тайинлабди.
Ҳотам Ҳуринисо, Пошшохонларни ҳам ўз юртларига олиб бориб, ота-оналарига топширибди. Улар Ҳотамга миннатдорлик билдириб, иззат-ҳурмат қилибдилар. Ўзларининг ваъдаларига мувофиқ улар ҳам тўй-томошалар қилиб, қизларини Канъон подшосининг икки ўғлига берибдилар. Ўз подшоликларини ҳам топширибдилар. Шундай қилиб, Дилором, Малика, Ҳуринисо, Пошшохон ўз қўшганлари билан мурод-мақсадларига етибдилар.
Орадан бир неча кун ўтгач, уч шаҳзода йиғилишиб Ҳотамдан маслаҳат сўрабдилар. Катта шаҳзода:
— Энди биз Канъонга бориб ота-оналаримизни кўриб келсак, нима маслаҳат берасиз? — дебди.
Ҳотам ажабланиб:
— Подшонинг вазифаси мамлакат ишлари билан шуғулланишдан иборат. Сиз кечагина подшо бўлдингиз, бугун эса ота-онамизни кўриб келамиз, деб ўтирибсиз. Аввал давлат ишига қаранглар. Сизлар хат ёзиб беринглар, мен ота-оналарингизга олиб бориб, сизнинг соғлиғингизни, мурод-мақсадга етганингизни билдирайин, — дебди. Шаҳзодалар хат ёзиб, Ҳотамни уч кунлик йўлгача кузатиб қўйибдилар. Ҳотам бир неча кун йўл юриб бир тоғнинг бағрида отдан тушиб булоқ ёнида дам олибди. Шу пайт булоқ ёнидаги чинорнинг шохига икки каптар келиб қўнибди. Каптарлар ўзаро сўзлашибдилар.
Бири:
— Мана шу тоғнинг орасидаги бир уйда бир шаҳзода неча ойдан бери беҳуш бўлиб ётибди. У парилар подшосининг қизига ошиқ бўлган экан. Шу сабабли парилар уни жинни қилиб қўйган, — дебди.
Иккинчиси айтибди:
— Эй, бунинг давоси жуда осон. Мана шу чинордан юз қадам нарида бир булоқ бор. Булоқнинг ёнида иккита чинор бор. Чинорнинг баргини қайнатиб ичирилса, шаҳзода шу замон ўзига келади.
Шу суҳбатлардан сўнг каптарлар учиб кетибди.
Ҳотам ўтирган еридан юз қадам олға қараб юрибди, булоқ бўйидаги икки катта чинорнинг баргларидан териб олиб хуржунга солибди, отни миниб каптар айтган тоғнинг орқасига борибди. Тоғ бағрида бир уй кўрибди. Унинг ёнига бориб отдан тушибди, уйга кириб қараса, ўн саккиз ёшларда бўлган, қадди-қомати келишган бир йигит ухлагандай беҳуш бўлиб ётган эмиш. Уйда бошқа ҳеч ким йўқ экан. Уйдан чиқиб у ёқ-бу ёққа қарабди. Ҳовлида бошқа бир уй бор экан. Ундан икки хотин югуриб ҳовлига чиқибди ва Ҳотамнинг олдига келиб салом берибди.
Ҳотам хотинлардан:
— Бу бола нима учун беҳуш бўлиб ётибди? — деб сўрабди. Хотинлардан бири:
— Бу бола беш ойдан бери беҳуш бўлиб ётибди, лекин сабабини билмаймиз, биз шу боланинг ҳолидан хабар олиб турамиз, — дебди. Ҳотам хотинлардан бир чойдиш сўраб, унга чинордан олиб келган баргларни солиб қайнатибди. Сўнгра уни боланинг оғзига томизибди. Бироздан кейин беҳуш бўлиб ётган бола ўзига келибди, кўзини очиб, ўрнидан турибди. Бола яна чинор баргининг сувидан ичибди. Ҳотам билан кўришиб, ўз бошидан ўтган сирларни айтиб берибди:
— Мен Иброҳим деган шаҳзодаман. Кунлардан бир кун сайр қилиб парилар подшосининг боғига бориб қолдим. Боғда парилар подшосининг қизини кўриб беҳуш бўлиб йиқилибман. Шундан бошқа ҳеч нарсани билмайман, — дебди. Ҳотам шаҳзодага:
— Энди сени отанг олдига олиб бориб қўяман. Ўзим бир иш билан Канъон шаҳрига кетаётибман, ишни битиргач, қайтиб келиб сенга парилар подшосининг қизини топишга ёрдам қиламан, — дебди.
Ҳотам шаҳзодани олиб бориб ота-онасига топширибди, ўзи Канъон шаҳрига қараб жўнабди.
Бир неча кун йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, Канъон шаҳрига етибди. Подшо саройига бориб, шаҳзодаларнинг хатини шоҳга топширибди. Хатда шундай дейилган экан:
“Ота, биз соғ-саломатмиз. Қизларни топа олмай, неча вақт сарсон бўлиб юрдик. Чўл-биёбонда азоб-уқубатлар чекиб юрганимизда шу хатни сизга олиб борувчи Ҳотам деган йигит бизга учраб қолди. Бизларни мурод-мақсадимизга етказди. Сиз Ҳотамни ёнингизда олиб қолсангиз жуда яхши бўлар эди”.
Подшо хатни ўқиб бўлгач, Ҳотам билан бошқатдан қучоқлашиб кўришибди. Уни иззат-ҳурмат қилибди. Орадан бир-икки кун ўтгач, Ҳотам подшодан кетишга ижозат сўрабди:
— Мен сизга ижозат бермайман, — дебди подшо. — Сизни ўз болаларимдай кўриб, ёнимда олиб қоламан. Уйлантириб қўяман. Ўзим энди қариб қолдим. Сизни ўрнимга подшо қиламан. Кетманг, болам!
— Ҳурматли подшоҳим, ҳозир менинг бир қанча ишларим бор, шу ишларни битирганимдан кейин, уйланиш тўғрисидаги фикрингизга кўнарман. Чала қолган ишларимни тугатиб келишга ижозат беринг, — деб илтимос қилибди Ҳотам.
Подшо Ҳотамни ёнида олиб қолиш учун кўп уринибди. Охири ночор рухсат берибди. Бир неча кун йўл юриб, чўл-биёбонлар кезиб, шаҳзода Иброҳимнинг шаҳрига келибди. Подшо Ҳотамнинг келганини эшитиб ёнига чақириб, зиёфат қилибди. Бир қанча вақт суҳбат қилиб ўтирганларидан сўнг Ҳотам подшога:
— Энди Иброҳим билан менга жавоб беринг, ваъдага мувофиқ, шаҳзоданинг бахт қушини излайлик, — дебди. Ҳотам билан шаҳзода Иброҳим подшодан жавоб олиб, йўлга равона бўлибди. Бир неча кун йўл босиб, париларнинг боғига етишибди. Ҳотам отдан тушиб шаҳзодага айтибди:
— Сиз шу жойда туринг, мен бир боғдан хабар олиб чиқай.
Шаҳзода отларни олиб қолибди.
Ҳотам боғга кириб гулзорларни айланиб юрибди. Юриб-юриб бир ҳовуз ёнига келибди. Ҳовуз ёнида катта бир чинор бор экан. Чинорнинг ёнида яшириниб ўтирибди. Бир неча вақтдан кейин қўлига челак ушлаган бир кампир ҳовуздан сув олиб, Ҳотамни кўрмай, яна ичкарига кириб кетибди. Ҳотам секин эшик ёнига бориб қулоқ солибди. Уйнинг ичида икки аёлнинг сўзлашгани эшитилибди. Бир кампир иккинчисига айтибди:
— Эсингизда борми, бундан уч-тўрт ой илгари мен жоду қилган шаҳзода, ўша тузалиб, бугун яна боғнинг эшигига келиб турган экан. Ҳозир чиқиб жоду қилиб келдим. Энди тузалиши маҳол. Лекин дунёда бир дори бор, ўша билан тузатиш мумкин: у ҳам бўлса, Ҳирот подшосининг хазинасида. Уни подшо ҳеч кимга бермайди.
Иккинчи кампир:
— Ҳирот шаҳрида бир аждаҳо пайдо бўлибди. У кунига бир одам билан бир қорамолни ейди. Яқинда навбат подшонинг қизига келади. Аждаҳодан подшо қизини ким қутқарса, дорини ўша кишига бериши мумкин. Лекин аждаҳони ҳеч ким ўлдира олмайди, — дебди.
Биринчи кампир айтибди:
— Аждаҳони ўлдириш йўли жуда осон. Ҳирот шаҳрининг бир четида заҳарланган икки чинор бор. Ўша чинорни ғўла-ғўла қилиб кесиб, майдалаб талқон қилиб, бир ҳўкизнинг терисига солиб аждаҳонинг келадиган йўлига қўяди. Аждаҳо сувдан чиқиб ҳўкизни дамига тортади. Шундан заҳарланиб ўлади, — дебди.
Икки кампир овқатланишга ўтирибди.
Ҳотам секин боғдан чиқиб, шаҳзода ёнига борса, у оғзидан кўпик сочиб, бехуш бўлиб ётган эмиш. Аҳволи аввалгидан оғир эмиш. Ҳотам шаҳзодани отга ўнгариб илгариги ётган жойига олиб борибди. Йигитни ётқизибди, ташқарига чиқиб бир чўпонни кўриб, уни олдига чақирибди.
— Ота, — дебди чўпонга Ҳотам, — бир йилга қанчадан ишлаб юрибсиз?
— Бир йилга беш тилладан ишлаб юрибман, — дебди чўпон.
Ҳотам айтибди:
— Мен сизга кунига бир тилла бераман. Бир ойлик хизматим бор. Уйда бир йигит ётибди, шунга қараб турасиз.
Чўпон рози бўлибди.
Ҳотам чўпонга беш тилла бериб, ўзи Ҳиротга қараб жўнабди. Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, Ҳирот шаҳрига етибди. Ҳотам Ҳирот подшосининг ҳузурига кириб, саломдан сўнг:
— Бир шаҳзода беҳуш бўлиб ётибди. Сизнинг хазинангизда жодуни қайтарадиган дори бор экан. Шу доридан берсангиз, олиб бориб шаҳзодани ўзига келтирсам, катта ёрдам қилган бўлар эдингиз, — дебди.
— Мен доримни ҳеч кимга бермайман, — дебди подшо, — кимда-ким менинг қизимни аждаҳодан қутқарса, ўшанга дорини ҳам, қизимни ҳам бераман.
Ҳотам:
— Агар ваъдангизда турсангиз, қўлимдан келганча ҳаракат қилиб, қизингизни аждаҳодан мен қутқараман, — дебди.
Подшо:
— Қанча-қанча полвонлар келиб, аждаҳони енга олмаган, сен бир ёш бола бўлсанг, қандай қилиб уни енгасан? Сенга раҳмим келади, қўй, балога гирифтор бўлиб юрма, доридан пича берай, олиб кета бер, — дебди.
Ҳотам:
— Марднинг иши муҳтожларга кўмаклашиш, ночорларни оғир аҳволдан қутқаришдир. Мен бошингизга тушган бир фалокатни эшитиб туриб, сизларни аждаҳодан қутқармай, бу шаҳардан кетмайман. Менга ижозат беринг, аждаҳони ўлдирганимдан кейин хизматларим эвазига дорини олиб кетаман, — дебди. Подшо Ҳотамнинг ботирлигига қойил қолиб:
— Майли, ижозат бердим, — дебди.
— Подшоҳим, — дебди Ҳотам, — менга бешта одам беринг, — улар шаҳрингизнинг бир четидаги иккита катта чинорни ғўла-ғўла қилиб кесиб, майдалаб толқон қилиб берсинлар. Яна ўнта мол сўйдириб уларнинг териларини бутун ҳолда беринг! — дебди. Подшо рози бўлибди.
Шу ондаёқ бешта хизматчисини чақириб:
— Сизлар Ҳотамнинг айтганларини бажаринглар, — дебди. Яна бир неча хизматкорларини чақириб:
— Сизлар ўнта мол сўйиб, териларини бутун ҳолда Ҳотамга келтириб беринглар!— дебди. Ҳотам бешта одамни олиб, тўғри шаҳар четидаги икки чинорнинг тагига борибди. Чинорларни кестириб, ғўла-ғўла қилиб, майдалаб толқон ҳолида молларнинг терисига тиқиб ҳўкиз шаклига келтирибди. Уларни аждаҳонинг сувдан чиқадиган жойига олиб бориб қўйибди, Ҳотам билан подшонинг қизи тепаликда томоша қилиб турибди. Бироздан кейин аждаҳо дарёдан чиқиб, “ҳўкиз”ни дамига тортибди-ю, шу ондаёқ заҳарланиб ўлибди. Қиз ўзини ўлимдан қутқазган баҳодир йигитга миннатдорчилик билдирибди, қиз билан Ҳотам севинишиб, подшонинг олдига боришибди. Подшо ишонмай, аждаҳо томонга вазирларини юборибди. Вазирлар бориб ҳақиқатан, аждаҳонинг ўлганини кўриб, подшога хабар беришибди. Подшо Ҳотамнинг қилган ишига қойил қолиб:
— Эй, ботир, энди мен сенга қизимни бераман, сени бу шаҳардан ҳеч қаерга юбормайман, — дебди.
Ҳотам:
— Эй, подшоҳим, мен ҳали ёшман, уйланмайман, дорини берсангиз, келган изимга қайтаман, — дебди. Подшо кўнмасдан:
— Сени ҳеч қаерга юбормайман, — деб туриб олибди.
— Подшоҳим, — дебди Ҳотам, — бўлмаса менга дорини беринг, мен олиб бориб ўртоғимни ҳушига келтириб, уни мурод-мақсадига етказиб, кейин қайтиб келаман, уйланиш масаласини эса бафуржа маслаҳатлашармиз. — Подшо бу сўзни маъқул топиб, одамни ҳушига келтирадиган ва беҳуш қиладиган дориларни Ҳотамга берибди. Ҳотам бир неча кун йўл босиб шаҳзоданинг ётган жойига келибди. Унга дорини ҳидлатиб ҳушига келтирибди. Шаҳзодага турли овқатлар бериб, уни дармонга киргизибди. Бир-икки кун дам олгандан кейин Ҳотам шаҳзодани парилар боғига олиб борибди. Боғнинг бир четида отдан тушиб:
— Шаҳзода, сиз шу ерда отларга қараб туринг, мен боғга кириб чиқай, — дебди. Ҳотам боғга кириб, айланиб, кампирлар яшайдиган уйнинг эшиги ёнида яшириниб қулоқ солибди. Ҳеч қандай товуш эшитилмагач, эшикни очиб ичкарига кирибди. Икки кампир ухлаб ётган экан. Секин кампирларнинг ёнига бориб, беҳуш қиладиган дорини искатибди.
Уларнинг оёқ-қўлларини боғлабди. Кампирларнинг бирини ҳушига келтириб:
— Сен кимсан, бу ерда нима қилиб юрибсан? — дебди. Оёқ-қўли боғланган кампир:
— Сен мени бўшат, айтганингни бажо келтираман, — дебди.
— Йўқ, — дебди Ҳотам, — оёқ-қўлларингни ечмайман, аввал кимлигингни айтасан, бўлмаса, каллангни оламан.
Кампир ялинибди, ёлворибди, Ҳотам бўш келмабди. Ахири кампир айтишга мажбур бўлибди.
— Бу боғ парилар боғи. Парилар подшосининг уч қизи ва унинг уч канизаги бу ерга йилда бир марта келиб ўйнаб-кулиб кетишади. Биз уларга овқат тайёрлаб берадиган хизматкорлари бўламиз.
Ҳотам:
— Бу ерга келган одамларни қандай қилиб ўлдирасизлар? — деб сўрабди.
— Жоду қилиб ўлдирамиз, — деб жавоб берибди кампир.
Ҳотам чўнтагидан беҳуш қиладиган дорини олиб, кампирга искатиб, уни беҳуш қилибди. Энди иккинчи кампирни ҳушига келтирибди.
— Сен айт, парилар подшоси қандай қилиб, қачон ва қай вақтда келади? — деб сўрабди Ҳотам.
Кампир:
— Парилар подшосининг тўртта қизи, қирқта канизагини бир қанча девлар тахтда кўтариб келадилар.
Ҳотам девларнинг келиш вақтини билиб олгандан кейин яна кампирни беҳуш қилиб қўйибди. Уларнинг уст кийимларини ечиб олиб уйдан чиқибди, боғдаги иккинчи бир ҳужрага кирса, учта ёш йигит илик қоқиб ўтирган эмиш. Ҳотам улардан:
— Сиз ким бўласиз, бу жойда нима қилиб ўтирибсиз? — деб сўрабди. Йигитлардан бири:
— Эй, ака, сиз бу жойга қандай қилиб келиб қолдингиз? Тезда чиқиб кетинг! Бу ерда иккита жодугар кампир бор. Сизни ҳам жоду қилиб ўлдиради, — дебди. Ҳотам:
— Қўрқманг, кампирларни беҳуш қилиб қўйдим, — дебди. Йигитлар севиниб Ҳотамга ўз бошидан кечирган воқеаларни сўзлаб берибдилар. Улардан бири:
— Мен бир подшонинг ўғлиман, булар вазирларнинг ўғиллари. Биз томоша қилиб юриб шу боғга кириб қолдик. Мен парилар подшоҳининг катта қизига ошиқман, булар эса икки ўртанча қизига ошиқ. Жоду билан бизни хизматкор қилиб қўйди. Биз ҳар куни илик қоқиб икки шум кампирга палов қилиб берамиз, — дебди. Ҳотам уларга:
— Хафа бўлманглар, мен сизларни ҳам мурод-мақсадингизга етказаман, — дебди. Ҳотам ташқарига чиқиб, шаҳзода Иброҳимни ҳам илик қоқиб ўтирган йигитлар олдига олиб кирибди ва улар билан таништирибди. Ҳотам ва йигитлар биргалашиб ичкаридаги бошқа бир ҳужрага киришибди. У ерда парилар подшоси қизларининг қирқта канизаги билан тушган суратларини кўрибдилар. Шаҳзода Иброҳим севган қизининг суратини кўриб беҳуш бўлиб йиқилибди. Ҳотам уни ҳушига келтирибди. Улар боғнинг ичкарисига боришибди. Гулзорлар орасидаги бир шоҳона супада кўрпачалар солиғлиқ, дастурхонлар турли мевалар, хилма-хил овқатлар билан тўла экан. Илик қоқиб ўтирган шаҳзода Ҳотамга айтибди:
— Парилар подшосининг қизлари қирқ канизаги билан шу супада ўтириб овқатланадилар, сўнгра ўйин-кулги қилиб қайтиб кетадилар.
— Қани бўлмаса, — дебди Ҳотам, — Ҳаммамиз дастурхондаги овқатлардан еб қоринларимизни тўйғазиб, парилар келишини кутамиз.
Йигитлар ўтириб овқатланишибди. Ҳотам икки вазирнинг ўғлига:
— Сиз иккингиз жодугар кампирнинг кийимини кийинг, кампирларга ўхшаб, парилар хизматини қилишга тайёрланинг, — дебди. Икки вазир ўғли кампир суратига кирибди, икки шаҳзода эса, овқат пишириб тайёрлабди. Ҳотамнинг ўзи бир эшик орқасига яшириниб қиличини яланғочлаб турибди.
Парилар кела бошлабди. Кампирлар суратидаги йигитлар пешвоз чиқиб:
— Келинглар, келинглар, ҳамма ёқ тинчлик, кичик эшикдан кира беринглар!— дебдилар.
Парилар подшосининг буйруғига мувофиқ, ҳамиша аввал девлар кирар экан, кейин подшо билан қизлари, канизлари кирар экан. Девлар кичкина эшикдан бирма-бир кира бошлабди. Ҳотам эшикдан кирган девнинг бошини бирма-бир кесиб ташлай берибди. Шундай қилиб Ҳотам ҳамма девни ўлдирибди. Пешвоз чиққан йигитлардан бири парилар подшосига:
— Подшоҳим, сиз бу тарафдан киринг! — дебди. Подшо қизлари ва қирқ канизи билан бошқа эшикдан кирибди. Овқат тайёрлаган шаҳзодалар овқатни сузиб, подшонинг олдига олиб келаётганларида, яхши кўрган қизларини кўриб қолиб ҳушларидан кетиб қолибдилар. Буни кўрган подшо: “Бу ерга четдан одам кириб қолган экан-да”, — деб қаҳри келибди: —Жаллод! — деб қичқирибди:
Ҳотам қиличини яланғочлаб подшонинг олдига келибди.
— Ҳа, мана мен жаллод, сизнинг жаллодларингизни қириб ташлаб, ўрнига ўзим қолдим, — дебди. Подшо ҳайрон бўлиб:
— Бу нима деганинг, қани, қаерда ўлдирдинг? — дебди. Ҳотам:
— Кўришни истасангиз, юринг! — деб подшони бошлаб олиб бориб, ўлиб ётган девларни кўрсатибди. Подшо Ҳотамнинг ботирлигига ажабланибди. Биргалашиб қизларининг олдига борибди. Ҳотам подшога қараб, йигитларни кўрсатиб:
— Мана бу шаҳзодалар сизнинг тўртта қизингизга ошиқ-у беқарор бўлиб, уларга етишиш умидида турли машаққатларга учраб, жодугар кампирлар қўлида абгор бўлибдилар. Қизларингизни шу шаҳзодаларга берасизми, йўқми? — дебди. Подшо Ҳотамдан қўрққанидан катта қизини шаҳзода Қосимга, икки ўртанча қизини икки вазирнинг ўғлига, кенжа қизини эса шаҳзода Иброҳимга никоҳлаб берибди.
Ҳотам икки шаҳзода ва икки вазирнинг ўғлини қаллиқлари билан ўз юртларига жўнатибди. Ўзи эса, Ҳирот шаҳрига кетибди. Ҳирот подшоси Ҳотамни севиниб кутиб олибди. Эртасига тўйни бошламоқчи бўлганида Ҳотам:
— Подшоҳим, — дебди, — мен уйланишдан аввал ўзимнинг ота-онамни топиб келай, рухсат этинг!
Подшо рози бўлиб, Ҳотамни кузатиб қолибди. Ҳотам Ҳирот шаҳридан чиқиб, тўғри Жалолбой турган шаҳарга борибди. Жалолбой уни ҳурмат билан кутиб олибди. Бир неча кундан кейин Ҳотам Жалолбойдан:
— Менинг ота-онам ким эди, улар қаерда? — деб сўрабди.
— Мен сизнинг отангизни танимайман, — деб жавоб берибди Жалолбой, — шаҳримизда Дадабой деган чол бор эди. Мен сизни ўша кишидан сотиб олган эдим.
Ҳотам ўз шаҳрига қараб жўнабди. Бир неча кун йўл юриб, ўз шаҳрига етиб келибди. Эртасига бозорга бориб бир косиб чолдан:
— Эй, ота, биласизми, шу шаҳарда Дадабой деган чол борми? — деб сўрабди. Косиб ўйлаб туриб:
— Ҳа, ўғлим, бор, — дебди.
Ҳотам:
— Отажон, агар сизга малоллик келмаса, Дадабой аканинг уйига бориб чақириб келсангиз, — дебди. Косибнинг хизмат ҳақига беш тилла берибди. Косиб тиллани кўриб хурсанд бўлиб, дўконини Ҳотамга қолдириб, шошганича Дадабой аканинг олдига бориб, уни олиб келибди.
Ҳотам чолни меҳмон қилибди. Сўзлашиб ўтириб:
— Ота, сиз бундан бир неча йил илгари Ҳотам деган болани шу шаҳарлик Жалолбойга сотган экансиз. Ҳотам сизга кўпдан-кўп салом айтди. Ҳам бироз совға бериб юборди, — деб ёнидан ўн тилла чиқариб берибди. — Шу Ҳотамнинг ота-оналари қаерда? — деб сўрабди. Дадабой севинганидан йиғлаб юборибди:
— Ўғлим, мен унинг отасини танимайман. Лекин онасини биламан. Онаси ўғлини боқа олмаганидан менга берган эди. У шаҳардан узоқ бўлмаган қишлоқда бир бойнинг қўлида хизмат қилади, деб эшитган эдим, — дебди-да, Дадабой уйига қайтибди.
Ҳотам эртасига онаси яшаган қишлоқни ахтариб кетибди. Йўлда сўраб-сўраб қишлоқни топиб, бойнинг уйига борибди. Бой Ҳотамни кўриб: “Бир катта савдогар бўлса керак”, деб отини боғлаб, меҳмонхонага олиб кирибди. Ҳотам саломлашиб, бойга:
— Сизнинг қўлингизда Адолатхон деган бир кампир оқсоч бўлиб ишлар экан, ўғли бироз совға бериб юборган эди, шуни берай деб келган эдим, — дебди. Бой кампирни чақирибди. Адолатхон югуриб меҳмонхонага кирибди. Ҳотам ўрнидан туриб:
— Она, мен сизнинг ўғлингиз Ҳотамнинг олдидан келдим. Сизга бироз совға бериб юборган эди, — деб ёнидан йигирма тилла чиқариб берибди. Она Ҳотамга тикилиб:
— Болам, сиз Ҳотамнинг ўзи эмасмисиз. Сизнинг кўз-қошларингиз, қарашларингиз Ҳотамникига ўхшайди, — деб йиғлаб юборибди.
Ҳотам ҳам ўзини тута олмай йиғлаб, онасини қучоқлаб:
— Она, мен ўғлингиз Ҳотам бўламан, — дебди. Бой ҳайрон бўлиб, турган жойида қотиб қолибди. Ҳотамни меҳмон қилибди. Она-бола ўша кечаси гаплашиб чиқишибди. Эртаси улар шаҳарга қараб йўл олишибди.
Ҳотам шаҳардан бир ҳовли олиб, онаси билан яшай бошлабди. Бир-икки кун ўтгач, онасидан сўрабди:
— Она, менинг отам ким эди? Ҳозир қаерда?
Онаси йиғлаб юборибди:
— Эй, болам, сенинг отанг бир камбағал Нишонбой деган полвон эди. Бир кун отанг сайилдан Миср подшосининг Темурбек деган полвони билан курашиб, уни енгган. Подшо ўз полвонининг бир камбағалдан енгилганига ғазабланиб, отангни дорга осиб ўлдирган, — дебди. Ҳотам буни эшитиб жуда хафа бўлибди.
— Она, — дебди Ҳотам, — отам гуноҳсиз ўлган экан, мен боласи бўла туриб унинг ўчини олмасам, бу дунёда тинч яшай олмайман.
— Жон болам, — дебди онаси, — ўлганнинг орқасидан ўлиб бўлмайди. Подшодан ўч оламан, деб сен ҳам бир балога дучор бўлма, неча йиллар сенинг дардингда қон йиғлаб сенга интизор бўлиб зўрға етишганимда, яна мени ташлаб кетасанми, қўй болам, — деб ёлворибди.
Ҳотам:
— Йиғламанг, она! Сиз мени дуо қилиб, ижозат беринг! — деб ялинибди. Онаси йиғлаб-йиғлаб ахири оқ фотиҳа берибди. Ҳотам бир неча кун йўл юриб, Миср шаҳрига кириб борибди. Шаҳарнинг четроғидаги бир эшикни тақиллатибди. Ҳовлидан бир кампир чиқибди. Ҳотам у кампирдан бир кеча қўниб кетишни сўрабди. Кампир:
— Болам, биз жуда камбағалмиз, отингизга чўп солишга ҳам қурбимиз келмайди, — дебди. Ҳотам:
— Она, ундан ғам еманг, бир кеча қўнишга рухсат этсангиз бўлгани, — дебди. Кампир рухсат берибди. Ҳотам ҳовлига отини боғлаб уйга кирибди. Кампир чойга олов ёқибди. Ҳотамнинг берган пулига озиқ-овқат олиб келибди. Кечқурун овқат еб ўтиришганда кампир бирдан йиғлаб юборибди.
— Эй, она, нима учун йиғлайсиз? — деб сўрабди Ҳотам.
— Эҳ, болам, — дебди кампир, — менинг ҳам сенга ўхшаган Раҳимжон деган ўғлим бор, ҳозир зиндонда ётибди. Подшо уни дорга осмоқчи.
— Нима учун дорга осади? — деб сўрабди Ҳотам. Кампир:
— Нимасини айтасан, болам. Подшо кўпкари чоптирганда менинг ўғлим ҳам от миниб бориб кўпкари чопган эди. Нима бўлибди-ю фалокат босиб подшонинг бир кўпкари чопган одами Раҳимжоннинг оти остида қолиб ўлибди. Шунга подшонинг қаҳр-ғазаби келиб зиндонга солибди. Энди уни ўлдирмоқчи, — деб ўксиб йиғлабди. Ҳотам:
— Хафа бўлманг онажон, бахти бўлса қутулар, — деб кампирни юпатибди. Кеча ўтибди. Эрталаб нонушта қилиб ўтирганида:
— Онажон, — дебди Ҳотам, — мен сизга бир сўз айтаман, ҳозирча ҳеч кимга билдирманг.
Кампир:
— Айт болам, кўчага гап ташийдиган одам эмасман, — дебди.
Ҳотам:
— Мен сизнинг ўғлингизни зиндондан қутқаришга ҳаракат қиламан. Сиз бозорга бориб, менга қаландарлар жандаси ҳамда сапойил сотиб олиб келиб беринг! — дебди-да, пул берибди. Кампир паранжи ёпиниб бозордан Ҳотам айтган нарсаларни келтириб берибди. Ҳотам қаландарлар жандасини кийиб, сапойилни қўлга олиб, кўчаларда маддоҳлик қилиб юрибди. Одамлардан йиғилган пулларни камбағаллар, гадойларга улашибди. Ҳотамнинг айтиб юрган байтлари адолат, ҳақиқат тўғрисида экан. Бу гаплар подшо қулоғига етибди. Подшо “қаландар”ни олиб келиб зиндонга солибди. Ҳотам зиндонда Раҳимжон билан топишиб, дўстлашибди. Иккиси маслаҳатлашиб зиндонда лаҳим кавлай бошлашибди. Бир неча кундан кейин ер юзига туйнук очилибди. Ҳотам билан Раҳимжон ва бошқалар зиндондан озод бўлибдилар. Ҳаммаси маслаҳатлашиб, қуролланиб, кечаси подшо саройига ҳужум қилибди.
Подшони тахтдан ағдариб, ўлдиришибди. Раҳимжонни подшо қилиб кўтаришибди. Ҳотам Раҳимжоннинг онаси олдига келиб бўлган воқеаларни айтиб берибди. Кампир севиниб, Ҳотамни қучоқлаб:
— Болам, умрингдан барака топ, муродингга ет! — дебди. Ўз ўғли Раҳимжонни кўриб қувонибди. Ҳотам бу жойдан кетмоқчи бўлганини Раҳимжонга айтибди. Раҳимжон Ҳотамга:
— Дўстим, агар сиз кетсангиз, мен ҳам кетаман. Менга подшолик керак эмас, — дебди.
— Йўқ, — дебди Ҳотам, — сиз подшоликдан кетманг, мен келгунимча, уйингиз ёнидан бир иморат солдиринг. Мен онамни кўчириб олиб келаман ва шу шаҳарда яшайман.
Раҳимжон жуда хурсанд бўлибди. Шу куннинг ўзидаёқ бир қанча усталарни чақириб иморатни бошлаб юборибди.
Ҳотам йўлга чиқибди. Йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди, охири Ҳирот шаҳрига яқинлашиб қолибди. Йўлда рўпарасидан келаётган йўловчидан шаҳардаги аҳволни сўрабди. Йўловчи:
— Шаҳарда катта уруш бўлаётир. Подшо қизига бир подшодан совчи келган экан. Подшо “Қизимни унаштириб қўйганман”, деб совчиларни қайтарган экан. Совчи қўйган подшо лашкар тўплаб келиб жанг қилаётибди, — дебди. Ҳотам шаҳарга бостириб келган қўшинга қарши жанг қилаётганларга қўшилибди. Мардлик кўрсатиб, ўз ёнидаги жанговар йигитлар билан босқинчи шоҳ лашкарини енгибди. Қароргоҳида ўтирган босқинчи подшони вазирлари билан бирга ўлдириб, кейин Ҳирот шаҳрига кирибди. Ҳирот подшоси Ҳотамнинг мардлигига қойил қолиб, уни хурсанд бўлиб кутиб олибди. Қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй қилиб, қизини Ҳотамга берибди. Ҳотам қизнинг шаҳрида бир ой тургандан кейин хотини билан онаси яшаган шаҳарга борибди. У ерда уч-тўрт кун тургач, онаси ва хотини билан Мисрга кўчиб кетишибди. Раҳимжон Ҳотамни шод-хуррамлик билан кутиб олибди. Янги иморатга жойлашибди. Ҳотам ўз онаси ва хотини билан мурод-мақсадига етибди.