Қадим замонда бир хасис бой яшаган экан. Унинг уч ўғли бор экан. Улар ҳам отаси сингари хасис экан. Мол-у дунё топишда ҳар қандай разилликдан қайтмас эканлар.
Кунлардан бир куни мол-дунё орттириш, бойликларига бойлик қўшиш мақсадида йўлга чиқишибди. Йўлда кетаётиб бир олтин ғишт топишибди. Ғиштнинг бир четидан синдириб, энг кичик укаларига овқат олиб келиш учун бериб юборишибди. Укаси кетгандан кейин акаларининг дили бузилибди. “Агар олтинни учга бўлиб укамизга ҳам берсак, ўзимизга жуда оз тегади. Яхшиси, олтинни иккига бўлиб олиб, укамиз келиши билан уни ўлдирайлик”, дейишибди, укаси ҳам бозорга кетаётиб: “Агар бу олтинни уч кишига бўлсак, ҳар биримизга озгинадан тегади. Ундан кўра олтинни мен ўзим бутунича олсам. Бунинг учун акаларимни ўлдиришим керак. Сўнг олтин бир ўзимга қолади, давлатим кўпайиб, донғим узоқларга кетади”, деб ўйлаб, олиб келаётган овқатининг ичига заҳар солиб, акаларининг олдига келибди. Акалари укаси келиши билан уни бўғиб ўлдиришибди. Қоринлари очиб, укаси олиб келган овқатдан еб, иккала акаси ҳам жон берибди.