Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир хасис бой ўтган экан. Бойнинг от, эчки ва қўйларининг ҳисоб-китоби йўқ даражада кўп экан.
Кунлардан бир куни унинг уйига туғишгандан ҳам яқин бир дўсти меҳмонга келибди.
Бой дўстини яхши кутиб олибди-ю, лекин дастурхон ёзишга ҳеч шошилмабди. Меҳмоннинг узоқ йўлдан келгани учун қорни жуда оч экан, қулоғига ҳеч гап кирмас экан. Охири чидай олмай, бойга:
— Менинг миниб келган бир отим бор. Шу отни сўйдиринг, кейин суҳбатлашиб ўтираверардик, — дебди.
Бой чиқиб хотинига маслаҳат солибди. Бойнинг хотини меҳмоннинг отини сўйишга рози бўлмаса ҳам, буни эрига очиқ айта олмабди. Бойнинг жаҳли чиқиб кетишидан қўрқибди-да:
— Сиз нима десангиз шу, — дебди.
Лекин бойнинг хотини жуда ҳамиятли аёл экан. Келган меҳмоннинг отини сўйиб, ўз моли билан ўзини кутиб олишни ўзига эп билмас экан. Бойнинг хотини хизматкорини чақириб:
— Бойга сездирмай, ўзимизнинг отлардан бирини сўйгин, — дебди.
Шундай қилиб, бой дўстини ўтқазгани жой топа олмай, меҳмон қилибди. Бой ўзининг отларидан бирининг гўштини ейишаётганидан бехабар экан.
Бойнинг ўз от, эчки ва қўйларини санаб, кейин ётадиган одати бор экан. Отхонага кириб отларини санаса, битта кам чиқаверибди. Охири нима қилишини билмай, хотинини, хизматкорини чақириб, уларни роса уришибди. Аммо энди ҳеч нимани ўзгартириб бўлмас экан. От сўйилиб бўлинган, ҳатто бир қисми еб ҳам бўлинган эди.
Бойнинг хотини эса меҳмонни яхши кутиб олганидан хурсанд экан.