Ғуломбачча

Бор эканда йўқ экан, қадим замонларда бир мамлакат бор экан. У мамлакатнинг қоидаси бўйича камбағаллар ўз болаларини сотар эканлар. Шу шаҳарда бир камбағал кампирнинг бир ўғли бор экан. Бу кампирнинг тирикчилиги танг бўлиб, бир болани боқишга ҳам ожиз экан. Ахири шу боласини бозорга олиб чиқишга мажбур бўлибди.
Подшоҳнинг ҳам бир қизи бор экан. У ҳам етти-саккиз ёшларига етганда, бир куни отасига:
— Эй, отажон, менга бозордан бир қул сотиб олиб берсангиз, менга югурдаклик қилса, — дебди. Подшоҳ хизматкорларини чақириб:
— Бозорга чиқиб бир яхши, хушсурат, боақл болани топиб, сотиб олиб келинглар, — дебди. Хизматкорлар бозорга бориб айланиб юриб шу кампирнинг боласига кўзлари тушиб, бир-бирлари билан маслаҳатлашиб “Подшоҳ айтган бола шундан ортиқ бўлмас, шу болани савдо қилайлик”, дейишиб, болага харидор бўлибдилар. Кампирдан:
— Она, болангизнинг баҳосини айтинг! — дейишибди. Кампир боласига қараб ачиниб, хўрланиб, йиғламсираб:
— Минг тилла, — дебди, уларга кампирнинг ўғлини ночор сотаётгани таъсир қилиб, уч ҳисса пул беришибди. Кампирнинг қўлидаги болани олиб, подшоҳ ўрдасига қараб кетишибди. Кампир бечора шу турган жойида гўёки азроил жонини олаётгандай бўлиб, беллари мункайиб, ёш ўрнига қонлар тўкиб, фалакнинг гардишидан шикоятлар қилиб ўтирганича бир неча соатлар ўтириб қолибди. Ахири ўзини устивор тутиб уйига келибди. Кампир боласини йўқотган қўйдек, юриш-туришларини билмасдан кунини ўтказиб юраверибди. Кампир бу ерда тура берсин, икки калима сўзни подшоҳ ўрдасидан эшитинг.
Ғуломбаччани подшоҳ ўрдасига олиб боргандан кейин, подшоҳ болани кўриб, хушнуд бўлибди. Қизи ҳам кўриб, ўзи истаганидек бола эканига суюнибди. Сўнгра подшоҳ Ғуломбачча билан қизнинг икковини мактабга берибди. Бир неча йиллар мактабда ўқиб, уйда бир-бирларига хизмат қилиб, катта бўлган сари бир-бирларига муҳаббатлари орта бошлабди.
Подшоҳнинг бир маслаҳатдон вазири бор экан. Унинг ҳам бир ўғли бор экан. Подшоҳнинг маслаҳатларини шу вазир ҳал қилар экан. Вазир вақтни ғанимат топиб, подшоҳнинг қизи билан ўз ўғли тўғрисида гап очиб, “Қизингиз менинг ўғлимга лозим” деб қўяр экан. Хусусан, подшоҳнинг қизи билан Ғуломбаччанинг балоғатга етишиб, ҳуснларининг бир-биридан ортиқ бўлиб кетаётганини кўриб, “Ё дариғ, аввалги ваъда подшоҳнинг ёдидан чиқиб кетаётганга ўхшайди” деб қўяр экан. Бир қанча вақтлардан кейин, вазир ҳар куни ва ҳар соатда қиз билан Ғуломбаччанинг бирга юрганини кўриб, юраги эзилар экан. Бир куни вазир подшоҳни уйига чақириб, зиёфат бериб шаробхўрлик қилишибди.
Вазир подшоҳга:
— Сизнинг қизингиз билан менинг ўғлим бир йилда, бир ойда туғилган. Энди катта бўлиб қолишди. Икковимиз қуда бўлсак, икковини топиштирсак, — дебди. Подшоҳ ўйланиб туриб бир вақтдан кейин бошини кўтариб вазирга қараб:
— Эй, вазири доно, менинг ҳам ёшим кексайган вақтда кўрган биттагина қизим бор, уни ҳали ўқитаётибман. Лекин айтган гапингни қизим билан маслаҳатлашиб кўрамиз. Агар қизимнинг кўнглига тўғри келиб ўз ихтиёрича рози бўлса, у вақтда мен ҳеч нима дея олмайман, — дебди. Бир неча кун ўтгандан кейин подшоҳ хотини олдига кириб, вазирнинг гапини айтибди:
— Вазир шундай маслаҳат қилаётибди. Мен гапирсам қизим уялади. Сен гапир, қани, нима дер экан, — дебди. Хотини қизнинг олдига кириб бўлган воқеани бир-бир баён қилибди. Қиз бирпас ўйланиб туриб:
— Эй, онажон, биринчидан, мен ҳали ёшман, иккинчидан, ўқишда бўлсам, илм ўргана олмасдан фикрим бузилиб, ўрганган илмларимни ҳам эсимдан чиқариб қўяман. Неча йиллар ўрганган илмларим сувга оқиб кетади. Шунинг учун бир неча йил ўз ихтиёримга қўйсанглар, — дебди. Онаси подшоҳ ёнига чиқиб қизининг гапларини бирма-бир айтиб берибди. Подшоҳ ҳам қизининг фикрига қўшилиб, қизга раҳматлар айтибди. Вазирига ҳам қизнинг ихтиёри ўзида эканлигини айтибди. Вазир дам урмасдан кетибди-ю, лекин бу гапни вақт-вақти билан под-шоҳнинг ёдига солиб турар экан. Кунлардан бир кун подшоҳ билан вазирнинг гаплари Ғулом-баччанинг қулоғига чалинибди. Ғуломбачча мактабдаги болалардан эпчил, зийрак, фаросатли экан, шунинг учун ҳамма унга офарин айтар экан. Баъзилар: “Подшоҳ бир қулбаччани ўқитиб одам қилди”, деса, баъзилари “Подшоҳ қизини ўшанга берадиганга ўхшайди”, дер экан. Ғуломбачча ҳалиги гапларни эшитиб қиз билан маслаҳатлашибди. Қиз Ғуломбаччага:
— Эй, дўстим, меҳрибоним, мен сени ёшлигимда сотиб олдим ва ўқитдим, ўзимдан зиёда тарбиялатдим, ҳар хил ҳунарлар ўргатдим. Ҳаттоки жанг асбобларини ҳам баъзи подшоҳлар лашкаридан зиёдроқ ўргандинг. Мен сенинг билан бирга бўламан, ваъдамдан айнимайман, — деб тасалли берибди.
Бир неча кунлардан кейин вазир ҳалиги гапни подшоҳга айтибди. Подшоҳ қизининг олдига келиб:
— Эй, қизим, вазир шу хусусда кўп гапиряпти. Яна нима дейсан? — дебди. Қиз:
— Эй, ота, менга ким талаб бўлса, шу мамлакатдан чиқиб кетиб, сафардан қайтишда обрўманд, дунёдор бўлиб қайтиб келсин. Ўшандан кейин ихтиёримни ўша одамга бераман, — дебди. Бир куни вазир яна шу ҳақда гапирибди. Подшоҳ қизининг гапини вазирига айтибди. Вазир ўйланиб, уйига қайтиб ўғли билан маслаҳат қилибди. Бу гаплар аркони давлатга эшитилибди. Лашкарбошисининг ўғли ҳам бу қиздан умид қилар экан. Вазир билан лашкарбоши маслаҳатлашиб:
“Қиз тўғри айтибди, бўлмаса, мен совчи қўйсам, сен хафа бўлар эдинг, сен совчи юборсанг, мен хафа бўлар эдим, энди болаларнинг бахти. Подшоҳ қизининг ақли расо экан,” дейишибди. Уйларига бориб, ўғилларини яхши кийинтириб, бир от, бир тарақи хуржун, хуржунга ҳар хил жавоҳирлардан тўлдириб беришиб, подшоҳ ҳузурига олиб келишибди. Подшоҳ буларни кўриб қизига хабар берибди. Қиз ҳам Ғуломбаччани ўша йигитлардек кийин-тириб, қўлига отасининг шамширини ва бир узук берибди. Узук билан шамширни бир-бирига “уриштириб” Ҳамма вақт мен сеники, сен меники. Бу ваъдадан сен ҳам чиқма, мен ҳам чиқмайман”, деб қиз узукни ўзига олиб қолибди. Оқ фотиҳа бериб, йигитни ташқарига чиқариб юборибди. Подшоҳ учовини ҳам йўлга рост қилиб: “Эй ўғилларим, бу ажойиб бир бахт синашдир, бахтларинг очилсин”, деб дуо қилиб йигитларни йўлга солибди. Учови “Ҳайё ҳув” деб йўлга равона бўлибдилар. Қанча кўллардан, қанча дарёлардан, бир қанча тоғлардан ошиб, уч кундан кейин, уч йўлнинг бошига етишибди. Қайси бирига боришларини билмай, тўхтаб турганларида бир тошга ёзиб қўйилган хатни кўришибди. Хатда “Биринчи йўл “Борса келар”, иккинчиси “Борса хатар”, учинчиси “Борса келмас” деб ёзилган экан. Хатни ўқиганларидан кейин Ғуломбачча йигитларга:
— Эй, биродарлар, шу “Борса келмас” йўлга кетишга рухсат беринглар, — дебди. Икки йигит бир-бирига “Эй, оғайни, кўнгилдагидай бўлди-ку”, деб Ғуломбаччага рухсат берибдилар. Ғуломбачча булар билан хайрлашиб, борса келмас йўлга кирибди. Шу кетганича йўл юриб, кечаси ҳам бошқа бир томонга тушмасдан кета берибди. Ахири оти чарчаб, юришга ҳоли ҳам қолмабди. Отидан тушиб, отини етаклаб бир қанча йўл юргандан кейин бир хароба қишлоққа бориб қолибди. Қайси уйга бориб қараса ҳам, ҳеч жон зоти кўринмасмиш. Бир жойга борса, катта сув шалдираб оқиб турганмиш. Сувнинг ёнида тегирмон, пастлигида бир катта ҳовуз бормиш. Ғуломбачча тегирмонга кирибди. Қараса, тегирмоннинг ичида тегирмон тоши билан ғалладони турганмиш. Тегирмон тошига отини боғлаб, ўзи ғалладоннинг ичига кириб ётибди. Бироздан кейин ҳалиги ҳовузнинг гирдига ҳар хил ваҳший ҳайвонлар йиғилишиб бир-бирлари билан олишиб, баъзилари бир-бирларини ейишиб, кейин яна ҳар томонга тарқалиб кетишибди. Ғуломбачча ғалладон ичида ётиб туш кўрибди. Тушида бир одам: “Эй йигит, шу қишлоқнинг нариги чеккасида бир тепалик бор. Шу тепаликда аждарнинг макони бор. Бу аждар кундузи ухлайди, кечаси чиқиб ҳамма қишлоқларни айланиб, нима тўғри келса тутиб ейди. Бу қишлоқнинг хароб бўлишига шу аждар сабабчи. Сен эртага ўрмонга бориб, бир қанча ёғочларни йиғиб, шу жар устига олиб чиқ. Худди шу аждар уясининг устига кўмма қилиб ички томонини бир-бирига маташтириб қўй. Ёғочларнинг ҳар қайси учини ир билан боғла, ўртасига тош қўй. Аждар чиқадиган вақтда ҳалиги ирларни бирданига кесиб юбор. Ёғочлар тегиб аждарнинг боши ярадор бўлади, ўлса ҳам ажаб эмас”, дебди. Ғуломбачча уйғониб атрофига қараса, олдида ҳеч ким йўқ, тонг отиб қолибди. Ғуломбачча жойидан туриб, отланиб оҳиста-оҳиста ҳалиги ўрмон томонга жўнабди, бориб етгандан кейин ўрмонга кирмасдан отининг оёғини боғлаб, ўтлаш учун қўйиб юбориб, ўзи ётиб бирпас ухлабди. Ўрнидан туриб қараса, жуда ваҳимали, баланд чакалакзор ўрмон, бир томонидан шамол чиққандай бў-либди. Ширириндилар, дарахт барглари худди ажинанинг гирвотидек бир ғордан чиқиб, яна бир ғор ичига кириб кетармиш. Яқинроқ бориб қараса, аждарҳонинг бурнидан чиққан нафаси экан. Шамол ҳатто ўзини ҳам олиб кетгудаймиш. Ғуломбачча шамолдан учиб кетмаслик учун ерга ётиб, дарахтларни ушлай-ушлай ўз йўлига қайтибди. Отининг ҳамма ёғини тиканли дарахтлар билан бекитибди. Ўзи бир дарахт устига чиқибди. Ундан иккинчи дарахтга сакраб, дарахтма-дарахт юриб ҳалиги ғорнинг орқасига ўтибди. Кундузи кўп дарахтларни кесиб тепанинг устига олиб чиқиб кўмма қилиб қўйибди. Дарахтларнинг учига ир боғлабди. Ўртасига тош қўйибди. Бир неча кун шу ишни қилгандан кейин тепанинг устига чиқиб аждарнинг чиқишини пойлаб ўтирибди. Қош қорайгач, аждар пишқира-пишқира ўрмонни ларзага келтириб қичқириб чиқа бошлабди. Ғуломбачча ўқ-ёйини тайёрлаб туриб, аждарҳонинг кўзини кўзлаб чунон ўқ узибдики, аждарнинг кўзи кўр бўлиб, оғриғига чидамай тепага қараб ҳамла қилибди. Ғуломбачча вақтни ғанимат топиб ҳалиги ипларни дарҳол кесиб юборибди. Ўртага қўйган тошлар бирин-кетин аждарнинг устига тушиб, калласига, танасига урилиб, гўёки тепа йиқилгандай бўлиб босиб қолибди. Ғуломбачча аждарҳо устига йиқилган дарахтларга ўт қўйиб юборибди. Кўзи кўр, яраланган аждарҳо тўлғана-тўлғана оловда омухта бўлиб, ўз ёғи билан ўзи қовурилиб кетибди. Ғуломбачча ўз ишидан хурсанд бўлиб, бир жойга бориб ётиб ухлаб қолибди. Эрталаб туриб қарасаки, аждарнинг ярми куйиб, кул бўлиб кетибди. Бир чеккада калласи қолибди. Қариялардан “Аждарҳонинг калла мағизи билан кўҳна касалларни даволаса, шифо топади” деган гапни эшитган экан. Шу гап кўнглига келиб, тезда шамширини суғуриб олиб аждарҳонинг бошини ёриб калла мағзини бир шишага тўлдириб олибди. Аждарҳонинг уясига қараса беҳисоб дунё, мол турибди. Ғуломбачча “Керак бўлиб қолар” деб ғорнинг оғзини маҳкамлаб бекитиб қўйиб, қилган ишларидан кўнгли тиниб, отига миниб, “Бир одамли жой топармиканман?” деб жўнаб кетибди. Бир қанча йўл юрганидан кейин бир баланд қирга етибди. Отини тўхтатиб атрофга қараб, узоқдан бир дарахтзорни кўрибди. Шу дарахтзорни кўзлаб борса, у ердаги одамлар Ғуломбаччани кутиб олиб, ҳол-аҳвол сўрашиб: “Эй йигит, қайдан келасан, қаерга борасан? Одамзодмисан ё паримисан? Бу тоғлардан одамзод ҳеч чиққан эмас. Сен қандай қилиб келдинг?” дейишибди. Ғуломбачча бошидан ўтган воқеаларни айтибди. Ҳалиги кишилар подшоҳнинг хабарчилари экан. Ғуломбаччани иззат-икромлар билан подшоҳ олдига олиб борибдилар. Подшоҳга ҳам бўлган воқеани айтиб беришибди. Подшоҳ “Эй нодон бола, ўзинг кичкинагина бўлсанг ҳам бундай уйдирма гапларга уста экансан-да, ёлғон ҳам эви билан бўлади. Мен у жойга уч мартаба лашкар юборган эдим, қайтиб келмади. Сен бир ўзинг қандай ўтдинг?” дебди. Подшоҳ ўз навкарларини чақириб:
— Бу бола шу ерда турсин, сизлар бир гуруҳ лашкар бўлиб ўша жойга бориб, ҳақиқий аҳволни билиб келинглар. Агар шу боланинг гапи ҳақ бўлса, кўнглимга келган ишни қиламан, агар ёлғон бўлса, бошини кесиб дорга тортаман. Ёлғончиларга ибрат бўлсин, — дебди.
Лашкарбоши ўрнидан туриб, бир қанча лашкар тўплаб баҳяга қараб кетишибди. Баҳяга етгандан кейин оҳиста-оҳиста юриб бориб, аждар жасади ёнига боришибди. Аждарнинг куйгандан қолган ярим жасадини кўриб қайтиб келишибди. Подшоҳга аждар ўлганлиги рост эканлигидан хабар беришибди. Подшоҳ Ғуломбаччадан хурсанд бўлиб, қучоқлаб, “Баракалла, сени ўстирган ота-онангга раҳмат”, дебди. Ғуломбаччани шаҳар ўртасига олиб чиқиб, устидан тилла, жавоҳирлар сочибди, шундан кейин ҳар бир шаҳар подшоҳлари келиб, у подшоҳнинг аждар кулфатидан қутулганлиги билан муборакбод қилишибди. Бир куни муборакбодга келган бир подшоҳ ўғлининг олти йилдан бери оғир касалга йўлиқиб қолганини гапириб ўтирганда, бу гапни Ғуломбачча эшитиб: “Ўғлингизнинг касали қандай?”— дебди. Подшоҳ ўғлининг касалини баён қилиб берибди, Ғуломбачча:
— Агар отамиз, подшоҳ ижозат берсалар, мен ўзим бориб болани даволайман. Менинг табиблик ҳунарим ҳам бор, — дебди. Подшоҳ боладан бу гапни эшитиб:
— Э, подшоҳим, шу ўғлингизни менга қўшиб юборсангиз, кейин ўзим келтириб қўяман. Шояд шу боланинг қўлидан шифо топиб, яхши бўлса ажаб эмас, — дебди.
Подшоҳ Ғуломбаччага жавоб берибди. Меҳмон бўлиб келган подшоҳ Ғуломбаччани шаҳарига олиб кетиб, ўз ўрдасида иззат-икромлар билан бир неча кун зиёфат қилибди. Кейин ўрдасига олиб кириб ўғлини кўрсатибди. Ташқарига чиққандан кейин Ғуломбачча:
— Бугундан бошлаб ҳаммом қизитилсин. Эртага ўғлингизни ҳаммомга соламан. Иссиқ холида сулайганича ётқизиб, ўткир дорилар билан даволайман. Агар яхши бўлса бахтингиз, ёмон бўлса мендан хафа бўлмайсиз, — дебди. Подшоҳ рози бўлиб ҳаммомчиларга ҳаммомни қизитишга буюрибди. Эртаси йигитлари подшоҳнинг ўғлини ҳаммомга олиб кириб, иссиқ тошнинг устига чўзилтириб ётқизиб қўйишибди.
Ҳаммом шунчалик иссиқ бўлибдики, шаҳзоданинг йигитлари чидай олмасдан қочиб чиқиб, “Ғуломбачча табибмисан ёки одамкушмисан? Бу иссиққа одамзод дош бера олмайди. Шаҳзода ўлишга яқинлашди”, дейишибди. Ғуломбачча ҳалиги аждарҳонинг миясини шаҳзода-нинг баданларига суртиб, хизматкорларига уқалаттирибди. Шаҳзода тез орада ҳушига келиб, ўрнидан турибди. Уни ҳаммомдан бошқа уйга олиб чиқишибди.
Подшоҳ ўғлининг шифо топганидан хурсанд бўлиб, Ғуломбаччани шаҳар ўртасига олиб бориб устидан тилла соча берибди. Халқ Ғуломбаччанинг шаҳзодани даволаганига хурсанд бўлибди. Подшоҳ ўғлининг яхши бўлганлигига тўй-у томошалар берибди. Ғуломбаччани ўз ўғлидек кўриб:
— Э, ўғлим, нима муродинг бўлса тила, ҳеч уялма. Агар ўзимда бўлмаса, сенинг учун гадолик қилурман, истасанг, ўз ўрнимни ҳам берурман, — дебди.
Ғуломбачча ўрнидан туриб, таъзим-тавозеъ билан:
— Эй, подшоҳим, подшоҳлигингиз ўзингизга ва шаҳзода биродаримга насиб бўлсин. Менга оқ йўл берсангиз, шу кифоя. Лекин менга бироз муҳлат билан ўз пулимга ўн минг туя, ўн минг қорамол ва бир қанча бева-бечора фуқаройингиздан берсангиз, — дебди. Подшоҳ:
— Эй, камҳиммат ўғлим, бу нарсалар сал нарсадир. Бу нарсалар учун оғзингни ҳам булғама. Бундан зиёдроқ нарса сўра, — дебди.
Ғуломбачча:
— Мен бундан зиёд нарса тиламайман, берсангиз шу, бермасангиз, оқ йўл сўрайман, кетаман, — дебди. Подшоҳ:
— Эй, жоним, қачон десанг сенинг айтганингни бераман, — деб Ғуломбаччага ижозат берибди. Ғуломбачча подшоҳдан ижозат олиб, илгариги подшоҳ олдига борибди. У подшоҳдан ҳам ўз шаҳарига кетишга рухсат сўрабди. Подшоҳ:
— Эй, ўғлим, мендек отанг бўлса-ю, тағин қаерга борасан. Агар зериккан бўлсанг, шаҳарларни айланиб томоша қил, — дебди. Ғуломбачча кўнмасдан:
— Ёр-дўстларимни соғиндим, — дебди. Подшоҳ:
— Бўлмаса тила тилагингни, ҳеч ким тилаган нарсалардан бўлмасин, — дебди. Ғуломбачча ўрнидан туриб, қўл қовуштириб:
— Агар ижозат бўлса, шу аждарҳо ўлган томондаги ўрмонлар, хароба қишлоқлар ҳамда ўша тепалик, жазира-ю чўл-биёбонларни менинг ихтиёримга берсангиз. Мен шу вайрона-ларни тиклаб, ўша ерлардан аждарҳо зулмидан қочиб кетган халқларни ўз жойларига қайтарсам, илгари қишлоқ бўлган жойларни обод шаҳарга айлантирсам, — дебди. Подшоҳ:
— Эй, ҳиммати паст ўғлим, дунёга келиб шу арзимаган нарса учун оғиз очдингми. Мен сенга подшоҳлигимни берсам, деб умид қилган эдим. Хайр майли, сенинг хоҳлаганинг бўлсин, — деб Ғуломбачча номига шу жойларни ўтказиш учун аҳднома ёзиб муҳр босибди. Ғуломбачча подшоҳдан ижозат олиб, бир неча кундан кейин касалдан тузалган шаҳзоданинг отаси олдига бориб, илгари ваъда қилган нарсаларни талаб қилибди. Подшоҳ ўз одамларини кўчаларга чиқариб “Кимки фалон баҳядан қочган бўлса, камбағал, бебисот одамлар бўлса, Ғуломбачча билан борсин”, деб жар чақиртирибди.
Ғуломбачча камбағал-бечораларни йиғиб, туя ва қорамолларни олиб подшоҳнинг ижозати билан шу баҳяга жўнабди. Ғуломбачча баҳяга боргандан кейин, аввал тепаликка подшоҳ ўрдасидек баланд девор тиклатибди. Тартиби билан катта иморатлар қурдирибди. Камбағал-бечораларга тилла-жавоҳирлар, ейишларига овқат берибди. Яхши уйларга қўйибди. Халқ Ғуломбаччани жуда севаркан, қарилар ўз фарзандидек, ёшлар эса ака-укаларидек кўрар экан. Шаҳарнинг ободончилиги кундан-кунга орта борибди. Бошқа шаҳарлардан наққошларни йиғиб келиб ҳар хил саройлар, боғлар, мактаблар, ҳаммомлар барпо қилибдилар. Ҳар шаҳарлардан подшоҳзодалар келиб шаҳарни томоша қилар эканлар.
Кунлардан бир куни икки киши Ғуломбачча олдига келиб иш талаб қилишибди. Ғуломбачча танигандай бўлиб разм солиб қараб турса, ҳалиги ўзи билан бирга йўлга чиққан вазир ўғли билан лашкарбошининг ўғлига ўхшабди. Ғуломбачча ўзининг одамларини чақириб йигитларни ҳаммомга олиб бориб, яхши кийимлар кийгизиб, кечқурун меҳмонхонага олиб бориб базм қилишга буюрибди. Ҳамма ишни Ғуломбачча айтганича қилишибди. Базм қизиган вақтда Ғуломбачча келибди. Бироз ўтиргандан кейин йигитлардан:
— Эй, дўстларим, сизлар қаердан бўласизлар? — дебди. Йигитлар ўзларининг уч киши бўлиб йўлга чиққанликларини, уч йўл учраб учови уч йўлга кетганликларини, булар яна иккови учрашиб қиморбозлик қилиб, мол-у дунёдан айрилиб, шаҳарма-шаҳар юриб, ахири шу шаҳар-нинг ҳукмдори меҳрибон, халқпарвар деб эшитиб келганликларини бирма-бир гапириб беришибди. Ғуломбачча буларнинг ўзи билан бирга йўлга чиққан йигитлар эканини аниқ билиб олибди, эртаси куни ўзини танитмасдан уларни яхши ишларга жойлаштириб, ўзи амалдорлардек юра берибди. Ғуломбачча уларни зиёфат қилиб турар экан.
Бир куни базм вақтида Ғуломбачча йигитлардан:
— Сизларни уйлантириб қўйсам нима дейсизлар? — дебди. Йигитлар ўйланиб туриб, бир фурсатдан кейин бири ўрнидан туриб:
— Эй биродар, бунчалик меҳр-шафқат қилиб, бизлардай мусофирнинг кўнглини олсангиз, албатта, биз ҳам хурсанд бўламиз. Биз ҳозир ўз кийим-бошимизни ўзимиз ювиб, баъзи бир рўзғор ишларини ҳам ўзимиз қиламиз. Агар уйлантириб қўйсангиз бу қилган яхшилигингизни унутмаймиз, — дебди.
Ғуломбачча шу шаҳардаги қизлардан ўзлари хоҳлаганини тўй-томоша қилиб олиб берибди. Булар шу шаҳарда бир неча йил яшаб иккитадан фарзанд кўрибдилар.
Бир куни булар бир жойда шаробхўрлик қилиб ўтирганда, иккови бир-бири билан гаплашиб “Бизнинг подшоҳимиз кўп сахий киши, нимаики сўрасак беради. “Бир неча туя билан бир қанча дунё берсангиз. Биз аслида савдогармиз, савдогарчиликни пухта биламиз. Шаҳарма-шаҳар юриб берган нарсаларингизни зиёдроқ қилиб келармиз. Ҳам ўша шаҳарлардаги ҳунарманд, камбағал кишиларни олдириб келамиз”, десак, унинг берган молларини олиб, хотин бола-чақаларимизни ташлаб ота ватанимизга қайтиб кетсак, бизларни қаердан топади, гардимизни ҳам топа олмайди”, дейишиб маслаҳатлашишибди.
Бир куни иккови Ғуломбачча олдига келиб маслаҳатлашган нарсаларини сўрабди. Ғуломбачча:
— Бу фикрларинг жуда яхши, хоҳлаганларингча мол-дунё бераман, лекин менинг бир шартим бор. Бўйниларингга олсанглар. Шартим шундан иборатки, орқангизга муҳр босаман. Сиз шунга рози бўлсангиз, мен ҳам розиман, — дебди. Йигитлар бир-бирларига қарашиб, ўйланиб туриб ўзаро “Бизнинг шаҳримиз жуда узоқ сафарлик йўл. Қанча дарёлар, жазирама тоғлар ўтиб бориш керак. Шунча узоқ жойга қандай топиб боради”, дейишиб рози бўлишибди. Ғуломбачча муҳрни оловда қизитиб икковининг ҳам орқасига босибди. Эртаси буларга бир қанча туяларда зари-зевар, истаганларича тилла танга берибди. Ғуломбачча билан хайрлашиб кетишибди. Улар ўз шаҳарларига етибдилар. Ойдан ой ўтиб, кундан кун ўтиб бир кечаси Ғулом-бачча тушида подшоҳнинг қизини кўрибди. Қиз Ғуломбаччага қараб: “Халқ орасида ваъда қарздир деган гап бор. Ваъдага вафо қилмадинг-ку”, деб ғойиб бўлибди. Ғуломбачча чўчиб уйғониб қараса, ёнида ҳеч ким йўқ, азон вақти бўлибди. Жойидан туриб, халқини йиғиб:
— Менинг ота-онам, эл-у хешларим бор эди. Шуларни бориб кўриб, саёҳат қилиб қайтсам, нима дейсизлар, — деб маслаҳат қилибди.
Шаҳар халқи рози бўлишибди. Ғуломбачча шаҳар халқига:
— Булғордан бир баланд қўрғон ясанглар. Бир жойдан бир жойга кўчиб юрганда йиғиб олиб кетадиган бўлсин. Ҳовузлари, раста-руста боғлар, бозорлар, ҳаммомлар, ҳаммаси булғордан бўлсин. Қачонки бир жойга бориб тушиб қўндирсак, бир шаҳри азим бўлсин, — деб амр қилибди. Усталар худди айтганидек ва ундан ҳам зиёдроқ қилиб тайёр қилишибди. Ғуломбачча шаҳар халқининг ярмини ўзи билан олиб, қўрғонни ва мол-у дунёни туяларга юклаб, шаҳарда қолган одамлар билан хайрлашиб жўнабди. Йўл юрибдилар, йўл юрсалар ҳам мўл юрибдилар, сувсиз чўл юрибдилар. Бир куни Ғуломбачча кечаси текислик жойни мўлжаллаб тушиб қараса, ўз шаҳрига яқин келиб қолишибди. Ғуломбачча хизматкорларига:
— Эй, биродарлар, шу кечаси тонг отгунча қўрғонни ва раста-русталарни, ҳовуз, ҳаммомларни, рост кўча ва паст кўчаларни барпо қилинглар. Кўрган одамлар ҳайрон қолсин. Гўёки осмондан тушган деб билсинлар, — дебди. Хизматкорлар то эрта тонггача айтилгандек шаҳарни тахт қилиб қўйишибди. Эрта билан шу шаҳар подшоси туриб атрофига қараса, икки томондан кун чиққандай бўлиб турибди. Ўз-ўзича: “Во ажабо, бу нима сир экан. Тушимми-ўнгимми. Бир томондан чиққан ўзимизнинг кун, бу иккинчи томондагиси қандай шуъла экан”, деб хизматкорларини чақириб, улар билан маслаҳатлашибди:
— Шу ишнинг ҳақиқатини билиб келинглар, — дебди. Хизматкорлар аста-секин бориб Булғор шаҳрига яқинлашиб қарасалар, бир шаҳри азим раста-ю бозорлар, рост кўча-ю паст кўчалар, қанча ҳовузлар, суви тўлиб турибди, бозорларда одамлар савдо-сотиқлар қилиб юрибди. Булар ҳам қизиқиб, шаҳарга кириб, рост кўча-ю паст кўчаларни томоша қилиб юриб, бир жойга бориб шоҳона иморатлар, баланд-баланд кўшкларни кўриб, томоша қилишибди. Буларга ёш йигитлар учраб бир катта иморатга олиб кириб, олдиларига таомлар қўйиб зиёфат қилибдилар. Бир томонда созандалар, бир томонда ҳофизлар ашула айтиб турибди. Буларга инъом-еҳсонлар бериб, хўшлашиб, кузатиб қўйибдилар. Хизматкорлар подшоҳ ҳузурига қайтиб, кўрган воқеаларини бир ҳиссага юз ҳисса қўшиб ҳикоя қилишибди. Подшоҳ бу гапларни эшитгандан кейин қалам-сиёҳ олиб “Эй, подшоҳ, қаердан ва нима учун рухсат сўрамай келдинг? Шу нома боргандан кейин бу ерга келганингнинг сабабини ва дўстмисан, душманмисан ҳаммасини аён-баён қилиб, уч кун ичида жавобини бер. Агар уч кун ичида жавобини бериб, келган йўлингга қайтмасанг уруш бошлайман, ўлган одамларнинг хунига зомин бўласан. Мақсадингни билдириб нома ёз”, деб нома ёзиб муҳр босибди. Хатни бир вазирига бериб, аҳли донишманд акобирларни ҳамроҳ қилиб Булғор шаҳрига жўнатибди. Булар йўлда бора берсин, энди гапни Ғуломбаччадан эшитинг.
Ғуломбачча кўнглида “Подшоҳнинг юборган хизматчиларига шаҳримни томоша қилдириб, зиёфат қилиб юбордим. Бизнинг шаҳримизда бўлган нарсалар унинг шаҳрида йўқ эди. Бу ердаги ажойиб ҳашаматли бинолар, боғлар, ҳовузларни хизматкорлар подшоҳга бориб гапирганларидан кейин подшоҳ албатта рашк қилиб бир шултурни бошласа ҳам ажаб эмас”, деб йўлга бир қанча пойлоқчиларни қўйибди. Хизматчиларига:
— Подшоҳ томонидан бир қанча аҳли сулуклар, донишмандлар келиб қолса, йўлларига пояндоз солиб, устларидан тилла-тангалар сочиб, иззат-у обрўлар билан шаҳарга олиб кириб зиёфат қилинглар. Бу ёғини ўзим тўғрилайман. Агар подшоҳ томонидан довул қоқилиб лашкарлари уруш учун келса, у вақтда етти ёшдан етмиш яшаргача тиғжаворларингни кўтариб, улардан илгари шаҳардан чиқиб саф тўғрилаб тахт бўлиб туринглар, — дебди. Хизматкор ҳам лашкарлар йўлга чиқиб нима воқеа бўлар экан, деб турсалар, шаҳар дарвозасидан аҳли сулук акобирлар бирин-кетин аста-аста кела бошлабдилар. Ғуломбачча уларни кўриб пояндозлар солдириб бир қанча қарияларни чақирибди. Қарилар, ёшлар қўл қовуштириб турибди. Улар яқинлашганда Ғуломбачча пешвоз чиқиб, отидан тушиб, одоб билан саломлашиб, шаҳарга таклиф қилиб, саройга олиб борибди. Саройдаги кашта билан ясатилган сарой деворларини, кўм-кўк сувларнинг булғор ҳовузларга тушиб турганини кўриб, акобирларнинг ҳуши бошидан учгандай бўлиб, бир-бировларига: “Бу ерлар дашти-биёбон эди, бир шаҳри азимга айланибди. Бу қандай сир экан. Бу шаҳар подшоҳи сеҳргарми, ё жодугарми. Ҳар қандай бўлса ҳам ўз оёғимиз билан келиб ўз бўйнимиз билан тузоққа илиндик. Агар сеҳргар ёки жодугар бўлса, шу билан умримизнинг охири бўлади, дейишибди. Ғуломбачча уларни ҳушёрлик ва сезгирлик билан жой-жойига ўтқазиб:
— Биздек бир камбағал камина фарзандларини азиз подшоҳнинг шундай акобирлари йўқлаб келгани учун хуш кўрдик, — деб зиёфат бошлабди. Хушсурат йигитлар ҳар хил таом, мевалар олиб келиб, меҳмонхона ўртасига келтириб, дастурхонни тўлдириб ташлабди. Бироз овқат еганларидан сўнг меҳмонлардан бири Ғуломбаччага қараб:
— Э, ўғлим, бизларни шунчалик иззат-еъзоз қилдингиз. Энди бизга ижозат берсангиз. Сизга бирозгина сўзимиз бор эди. У ҳам бўлса подшоҳимиз бир кичкина нома юборган эди, шуни ўқиб, жавобини айтсалар, — дебди. Ғуломбачча ўрнидан туриб, одоб билан номани қўлига олиб, жавоб хати ёзибди: “Эй, подшоҳи олийжаноб, сизнинг ёзган номангизни олиб ўқидим. Мен йўлда ўткинчи бир бахт қидирувчиман. Бахт қушимни қўлимдан учириб, саргардон бўлиб, кеча-ю кундуз беором-у беқарор бўлиб юрган бир камина қулман. Рухсат берсалар бир неча кун шу ерда туриб қайтиб кетсам, агар рухсат бермасалар, биз бир ўткинчи одаммиз, ўз йўлимизга кетамиз. Мақсадлари хусумат қилиш бўлса, у вақтда бир илож қилармиз”, деб муҳрини босиб, номани икки буклаб қўлларига берибди ва подшоҳни таклиф қилибди. Зиёфат тамом бўлгандан сўнг меҳмонларга товоқларда тилла жавоҳирлар улашибди. Подшоҳ акобирлари ижозат олиб, ўз подшоҳлари олдига қайтибди. Подшоҳга бўлган воқеани гапириб, ўзини таклиф қилганини айтиб, номани қўлига берибдилар. Подшоҳ номани ўқибди. Сўнгра ўзига хос кишиларни олиб, қирқ киши бўлиб Булғор шаҳрига кетишибди. Ғуломбачча подшоҳни пояндозлар солиб кутиб олибди, устидан тилла сочиб шаҳарга олиб кирибди. Подшоҳ умрида кўчма шаҳарни кўргани ҳам, эшитгани ҳам йўқ экан. Подшоҳ гўёки жаннатга киргандай бўлиб, ўзига-ўзи “Ҳай дариғ, шундай йигитга қизимнинг тақдири кетган бўлса эди”, деб қўйибди. Ғуломбачча билан бирга кетган иккита йигит шу зиёфатга подшоҳ амалдори, вазирлари билан бирга келган экан. Вазирлар подшоҳга: “Бизнинг ўғилларимиз бадавлат бўлиб келди. Энди қачон тўй қиламиз”, деб қистар эканлар. Подшоҳнинг қизи “Қачон шу кетган уч йигит бир жойга йиғилса, кимга тегишим ўшанда аниқ бўлади, ҳозир ҳеч кимга тегмайман”, дебди. Бу гапни эшитган амалдор вазир-вузаролар: ”Бу учовининг кетганига етти йил бўлди. Ўз ваъдаларига биноан ўғилларимиз дунёдор-бадавлат бўлиб келди. У йигит балки ўлиб кетгандир, агар тирик бўлса келар эди. Агар қизини берса, шу вазирзодадан зиёдроқ киши бу шаҳарларда бўлмайди. Подшоҳ ҳам аҳмоқ, қизи ҳам аҳмоқ, деб гапирар эканлар. Ғуломбаччанинг саройида катта зиёфат бошланиб, созандалар соз чала, ҳофизлар ҳофизлик қила бошлабди. Ғуломбачча ўрнидан туриб, таъзим билан подшоҳга:
— Эй, подшоҳи олам, султони бокарам, кўнглимга бир гап келди, ижозат берсангиз гапирсам, лекин шу ерда ўтирган акобирлар, вазирларингиз хафа бўлмаса, — дебди. Подшоҳ:
— Нима гапингиз бўлса гапиринг, — деб ижозат берибди. Ғуломбачча:
— Менинг иккита хизматкорим бор эди. Улар мендан олти ойда қайтиб келамиз, деб қанча олтин-жавоҳирлар олиб кетиб, муддатлари ўтганда ҳам қайтиб келмаган эдилар. Ҳозир шу иккита хизматкорни шу зиёфатда кўрдим, — деб иккита ўзи билан бирга кетган вазирбаччаларни кўрсатибди. Йигитларнинг оталари бу гапни эшитиб ўринларидан туриб, гўёки туклари кийимларини тешиб чиққандай бўлиб жаҳл билан: “Сендай шаҳзода зиёфатга чақириб, охири-оқибат шу бўлдими, бизни шарманда қилишни истайсанми”, дейишибди. Шаҳзода:
— Мен хафачилик бўлмасин, деб айтиб қўйган эдим, — дебди.
Подшоҳнинг ақлли кишиларидан бири туриб:
— Ҳа, биродарлар, бир ҳақиқат бордир. Агар шаҳзоданинг гапи тўғри бўлса, бир нишоналари бордир, бўлмаса ўзлари шарманда бўладилар, — дебди. Подшоҳ:
— Эй, шаҳзода, бунинг учун бирор нишона ёки гувоҳингиз борми? — дебди. Ғуломбачча:
— Эй, подшоҳи олам, албатта, нишонам ҳам, далилларим ҳам бор. Шуларни асос қилиб гапирдим. Шу икки йигитни ўзим уйлантирдим, жойлантирдим. Буларнинг хотин-болалари бор. Уларни бирга олиб юрибман. Агар ишонмасангиз хотин-болаларига рўпара қиламиз. Агар унга бўйин эгмасалар, бошқача нишонам бор. Шу икки йигитнинг ўзларидан сўранглар, — дебди. Икки йигит бир-бирига қараб: “Эй, жўра, қофия танг келди-ку, зиёфатга келмай ўлайлик, еганларимиз бурнимиздан чиқди. Яхшиси ҳақиқатни айтайлик. Агар айтмасак ҳалиги муҳрни кўрсатишни буюрса, шарманда бўламиз”, дейишиб, шаҳзода олдига бориб кўришиб, “Ҳақиқатан биз хизматкорингизмиз” деб бўйин эгиб туришибди. Вазир билан қушбегининг еган зиёфатлари заҳарга айланиб, пушаймон қилишибди.
Ғуломбачча зиёфатдан кейин бошидан ўтганларини гапириб, ўзини ошкора қилибди. Подшоҳ Ғуломбаччанинг қилган ишларидан хурсанд бўлиб, ўз одамлари билан жўнашибди. Эртаси Ғуломбачча подшоҳга совчи юборибди. Подшоҳ катта-кичиклар билан маслаҳатлашиб, “Қўша қарисинлар” деб дуо қилиб, нон ушатибдилар. Ғуломбачча ўзи аждарҳодан қутултирган шаҳар подшоси билан ўғлини табиблик қилиб соғайтирган подшоҳни тўйга таклиф қилибди. Улар ҳам кўп совғалар олиб келибди. Подшоҳ катта тўй-томошалар қилиб, қизини Ғуломбаччага берибди. Икки ошиқ бир-бировининг висолларига етибди. Ғуломбачча подшоҳ ўрнига подшоҳ бўлибди. Бир неча фарзанд кўрибди. Гоҳида онаси бўйнига ир солиб сотиб юрганлари эсига тушиб, бағри эзилиб, баданлари сусайиб кетар экан.
Ғуломбачча умрининг охиригача бахтли бўлиб, мурод-мақсадига етибди. Бизлар ҳам етайлик муродга, сизлар ҳам етинг муродга, ўқиб, эшитганлар ҳам етсин муродга, душманлар қолсин уятга.