Бир куни етти аҳмоқ бозорга ўйнагани чиқишибди. Юриб-юриб қорнилари очибди. Улар пул йиғишиб еттита хурмача қатиқ ва еттита нон олишибди. Энди олган нарсаларини ейиш учун жой излашиб, бир чеккага ўтишибди. Улар атрофга қарасалар, қўлларини ювиш учун сув кўринмабди. Шунда уларнинг энг каттаси бошқаларига сув келтиришни буюрибди. Улар бир-бирларига сансалорлик қилиб, ҳеч қайсиси унамабди.
Шунда аҳмоқлар бир-бирига шарт қўйишибди: «Агарда ким гапирса, ўша қўлга сув олиб келиб қуйсин», дейишибди. Шундай қилиб, аҳмоқлар индамасдан ўтираверишибди.
Шу пайт, бир гадой келиб тиланибди. Унга ҳеч ким жавоб бермабди. У нонии олиб еб, қатиқни ичиб, идишнинг юқини аҳмоқлар бетига суркаб кетибди.
Бир оздан кейин бир ит келиб, қолган нон ушоқларини еса ҳам улар индамай ўтираверишибди. Ит нон ушоқларини, идиш юқларини ялабди. Охири итнинг қорни тўймай қолиб, бир чеккадан аҳмоқларнинг бетидаги гадой суркаб кетган қатиқларни ялай бошлабди. Ит олтита аҳмоқнинг бетини ялаб еттинчисини ялаётганда, итнинг тили оғзига кириб кетибди. Шунда ҳалиги аҳмоқ: «Кет!» деб юборибди. Шунда ҳалиги олтита аҳмоқ бирданига: «Тур қўлга сув келтир!» деб қичқирибди. Қарашсаки, олдиларида на нон бор ва на қатиқ.