Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир подшо бўлган экан. Унинг Меҳринисо исмли гўзалликда ягона бир қизи бўлган экан.
Бир куни подшо хотини билан овқатланиб ўтирган экан, хотини ўзи пиширган овқатни мақтаб:
— Буни қаранг, бу дунёда бундан ҳам мазали овқат бўладими? — дебди.
— Сенинг овқатингни мазали қилган гўшт-ёғлар менинг пулимга келган-да, — дебди подшо. Шунда хотини подшога:
— Эрни эр қиладиган ҳам хотин, қаро ер қиладиган ҳам хотин, — дебди.
Хотинининг бу гапини эшитган подшо аччиғланиб:
— Қани қизингни бир бечорага берайлик-чи, қизинг бир камбағални эр қилиб, одам қаторига қўшсин-чи, — дебди ва ўз қизини Абдулла деган бир камбағал меҳнаткаш йигитга берибди. Абдулланинг фақат битта эски кулбасидан бошқа ҳеч нарсаси, ҳатто ейишга овқати ҳам йўқ экан. Буни кўрган Меҳринисо чап қулоғидаги тилла балдоғини унга олиб бериб:
— Мана буни бозорга олиб боринг, ким харидор бўлиб баҳосини сўраса, “ҳимматингиз” дейсиз, — деб тайинлабди.
Абдулла бозорга бориб, қўлида болдоқни ушлаб турган экан, бир савдогар харидор бўлиб, балдоқнинг баҳосини сўрабди. Абдулла унга “ҳимматингиз”, деган экан, савдогар Абдуллани уйига бошлаб бориб, бир сандиқ тилла берибди.
Хотини Абдуллага:
— Мана шу тиллалардан олиб бозорга боринг, бир қоп гуруч, бир қоп ун ва керакли гўшт-ёғ ҳамда менга бир дона анор олиб келинг, — дебди.
Абдулла Меҳринисо айтган нарсаларнинг ҳаммасини бозордан олибди-ю, аммо анор эсидан чиқиб қолибди.
Меҳринисо Абдулланинг қўлига қирқ тилла бериб:
— Душанба куни фалон йўлдан бир савдогар ўтади. Сиз унинг миниб олган отига харидор бўлиб, сотиб олинг, — дебди.
Абдулла ўша йўлда ўтирган экан, бир вақт савдогар отини миниб келиб қолибди. Абдулла савдогарнинг йўлини тўсиб:
— Отингизни менга сотинг, — дебди.
Савдогар ўйланиб туриб, “Бу камбағалда пул нима қилсин”, деб ўтиб кетаверибди. Абдулла савдогарни яна тўхтатиб:
— Отингизни, менга сотинг, — деган экан. — Отнинг баҳоси қирқ тилла, — дебди савдогар. Абдулла савдогарнинг оғзидан чиқар-чиқмас қўйнидан қирқ тиллани олиб, савдогарга берибди ва отга миниб уйига келибди. Ўзлари нима есалар отга ҳам ўша овқатдан бериб боқишаверибди.
Бир куни хотини Абдуллага ўнг қулоғидаги балдоғини бериб:
— Буни ҳам бозорга олиб бориб сотиб, ярим пулига ўзингизга шоҳона кийимлардан олиб келинг, — дебди.
Абдулла балдоқни бозорда яна ўша савдогарга бир ярим қоп тиллага сотибди-да, ўзига шоҳона кийимлардан олиб, уларни кийиб, отини миниб бозордан чиқибди. Йўлда кетаётса, бир тўп савдогарлар отларидан апил-тапил тушиб, унга таъзим қилишибди. Абдулла улардан қаерга кетаётганликларини сўрабди. Савдогарлар уч ойлик йўлдан қўй ҳайдаб келгани кетаётганликларини айтишибди. Абдулла ҳам уйига келиб, қўй ҳайдаб келишга боришини хотинига айтибди. Хотини розилик билдирибди.
Абдулла савдогарларга қўшилиб кетибди. У отини яхши боққанлигидан унинг оти уч ойлик йўлни уч кунда босиб ўтадиган қанотли от бўлибди, лекин Абдулла савдогарларнинг оёғига қараб, улар билан бирга секин-секин бораверибди. Йўлда улар қудуққа етиб боришибди. Савдогарлар қудуққа қарашса, сув қўринмабди. “Қудуқнинг кўзи бекилиб қолган бўлса керак”, деб ўйлашибди. Қудуқ ичига тушиб унинг кўзини очишмоқчи бўлишибди. Лекин тушган кишилар қудуқнинг ярмига бормасдан “тортиб олинглар” деб бақираверишибди. Охири Абдулла тушмоқчи бўлибди.
— Мен қанчалик бақирсам ҳам тортиб олманглар, — дебди.
Абдулланинг белига арқон боғлаб қудуққа туширишибди. У қудуқнинг ичига тушиб қараса, қудуқнинг бир чеккасида кичкина ёруғ кўринибди. Ҳалиги ёруғнинг ичига қўлини тиқиб уни каттароқ қилиб қараса, унинг ичида катта бир боғ кўринибди. Бу боғда анорлар пишиб ётган эмиш, анорлар тагида эса сувлар оқиб ётган эмиш. Абдулла тешикдан ўтиб, ичкарига кирибди. У ерда бир қўрғон бор экан. Ичига кириб қарса, бир кампир ўтирган эмиш, у Абдуллани кўриб:
— Эй йигитча, бу ерга нимага келдинг? — деб сўрабди.
Абдулла бу ерга сув қидириб тушганлигини айтибди. Кампир:
— Боравер, ўғлим ҳозир ухлаб ётибди, уйғонса, айтиб қўяман, сувни очиб юборади, — дебди.
Абдулла орқасига қараб қудуқ томон юра бошлаган экан, шу пайт кампирнинг ўғли уйғониб, нима гаплигини сўрабди. Кампир воқеани айтиб берган экан, унинг ўғли Абдуллани боғига олиб кириб анорлар билан роса зиёфат қилибди. Бир вақт йигит тескари қараши билан Абдулла дастурхондаги анордан чўнтагига битта солиб олибди, чунки хотини, “борган жойингиздан менга албатта анор олиб келинг”, деган экан. Кампирнинг ўғли Абдуллага:
— Сиз ҳозир кетаверинг, орқангиздан сув очиб юбораман, — дебди ва унинг қўлига бир белбоғ анор тутқазибди.
Абдулла қудуқ ичида белига арқонни боғлаб, юқорига қараб:
— Тортиб олинглар, — дебди. Шериклари уни тортиб олибди.
Орадан бир оз вақт ўтгач, қудуқдан сув отилиб чиқа бошлабди. Савдогарлар хурсанд бўлиб ҳайдаб келаётган қўйларидан Абдуллага эллик-олтмишталаб беришибди. Абдулланинг иши шу ердаёқ битиб, орқасига қайтибди.
Абдулла ёнидаги шеригига:
— Мен қўйларни секин ҳайдаб боравераман, сиз мана шу белбоғдаги анорни бизникига олиб бориб беринг, — деб отини миндириб жўнатибди. Ўзи эса қўйни ҳайдаб кетаверибди.
Эндиги сўзни Меҳринисодан эшитинг. Меҳринисо уйида ўтирган экан, бир киши келиб:
— Эрингиз бериб юборди, — деб, бир белбоғ анор ташлаб кетибди. Меҳринисо белбоғни очиб қараса, катталиги чойнакдек-чойнакдек анорлар эмиш. У емоқчи бўлиб бир анорни сўйиб қараса, анорнинг ичи тўла тилла эмиш. У ҳайрон бўлиб, қолган анорларни ҳам сўйиб қараса, уларнинг ҳам ичи тўла тилла эмиш. Меҳринисо бу тиллаларни сотиб, шоҳона қаср солдирибди ва у қасрда яшай бошлабди.
Бир вақт Абдулла қўйларни ҳайдаб келса, уйи ўрнида шоҳона қаср турган эмиш. У “бу менинг уйимми ёки бошқа кишининг уйими”, деб секин қаср дарвозасига келиб ичкарига қараса, равоқда ўзининг хотини — Меҳринисо ўтирган эмиш. У қасрга кириб боргач, Меҳринисо бўлган воқеани айтиб берибди.
Бир куни хотини Абдуллага:
— Сиз бир хуржуннинг иккала кўзига тилладан тўлғазиб, хуржуннинг бир кўзидаги тиллани йўлга сочинг, иккинчи кўзидагини эса отамнинг қасри дарвозаси ёнига тўкиб келинг, — дебди.
Абдулла хотини айтгандек қилиб келибди. Эрталаб подшонинг қоровуллари кўча дарвозасини очиб қарашса, дарвоза остонасида бир хуржун тилла тўкилиб ётган эмиш. Буни подшога дарҳол хабар қилишибди. Подшо:
— Кечаси билан пойлаб чиқинглар, ким шундай қилса, уни ушлаб, менинг ёнимга олиб келинглар, — дебди.
Абдулла эртасига кечаси ҳам яна хуржуннинг бир кўзидаги тиллани кўчага сочиб, иккинчи кўзидаги тиллани подшо дарвозасининг олдига тўкиб кетмоқчи бўлиб турганида, уни подшонинг қоровуллари ушлаб олишибди ва эрталаб подшонинг олдига олиб киришибди. Абдулла ўзини подшога савдогар қилиб танитибди ва подшони ўз уйига меҳмондорчиликка таклиф қилибди. Эртасига подшо Абдулланикига меҳмонга борибди, подшо билан бирга унинг хотини, вазирлари ҳам боришибди. Улар Абдулланинг уйидаги қимматбаҳо нарсаларни кўриб, оғизлари очилиб қолибди. Абдулла уларни роса зиёфат қилибди. Зиёфат тугагандан кейин подшо ва унинг хотини Абдулланинг уйларини айланиб томоша қилишибди ва бир ясатилган хонага киришса, у хона ўз қизлари Меҳринисонинг яшаган хонасига ўхшаб кетармиш. У ердаги жиҳозлар ҳам Меҳринисонинг хонасидаги жиҳозларга ўхшаб кетармиш. Меҳринисо ҳайрон бўлиб турган подшога ва унинг хотинига ўзини танитибди. Буни кўрган подшо “эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин” деган гапга тан берганини айтибди.
Эртасига подшо қизи ва куёвини меҳмонга чақирибди. Уларни олдига ўтқазиб куёвининг бошига ўз бошидаги тожини кийгизиб қўйибди. Шундай қилиб Меҳринисо туфайли Абдулла подшо бўлибди, умрининг охиригача Меҳринисо билан тинч-тотув яшаб, мурод-мақсадига етибди.