Бир бор экан, бир йўқ экан, баланд тоғ бағридаги серўт, кўм-кўк водийда бир эчки ўз болалари билан яшар экан. Биринчи боласи Булбули, иккинчиси Гулсари, учинчиси Саргули, тўртинчиси Хамиртуруш, бешинчиси Мирвахўриш, олтинчиси Лолақизғалдоқ деб аталар экан.
Эчки болаларини жуда ҳам севар, улар учун ҳатто ўз жонини ҳам аямас экан. У ҳар куни тоғ бағридаги ўтлоққа ўтлагани чиқиб кетар экан. Болаларига эса, эшикни ичкаридан тамбалаб олишни, уйдан ҳеч ёққа чиқмасликни тайинлар экан. Шундан кейин кўм-кўк ўтлоқдаги барра ўтлардан тўкиб-тўйиб ер, баланд тоғ бағридан шарқиллаб оқиб тушаётган шишадек тиниқ булоқ сувларидан қониб-қониб ичар экан. Унинг бутун фикри-зикри болаларини боқиш экан. Болалари учун тоғдаги қалин, барра ўтлардан йиғиб қопга солиб, уларни кўтариб уйга қайтар экан, у эшикни оҳиста тақиллатиб, мулойим озоз билан болаларини чақириб шундай дер экан:
Булбулижон болам,
Саргулижон болам,
Гулсарижон болам,
Хамиртуруш болам,
Мирзахўриш болам,
Лолақизғалдоқ болам,
Оч эшикни, жон болам,
Қопим тўла ўт келтирдим,
Елиним тўла сут келтирдим,
Оч эшикни, жон болам!
Шунда эчкичалар қувонишиб, эшикни очар эканлар. Она эчки келтирган майса ўти ва ширин сути билан болаларини хўп тўйғизар экан. Сўнгра уларни ялаб-юлқаб, эркалаб ухлатар экан. Эртасига эчки яна болаларини эмизиб, уларнинг олдига барра ўтларни ташлаб, ўтлоққа жўнар экан.
Улар шундай роҳатда яшаб юрганларида бошларига бир иш тушибди. Шу яқиндаги ғорда бир бўри пайдо бўлиб қолибди. Бу оч бўри кексалигидан ўз тўдасидан ажралиб, шу ерда қолган экан. Унинг нияти шу орадаги кучсиз ҳайвонларни тутиб еб, кун кўриш экан.
Она эчки ўтлоқда ўтлаб юрган вақтида бўри ҳам уйқусидан уйғониб ғордан чиқибди ва роҳат қилиб керишибди. Унинг қорни ўлгидек оч экан. У тумшуғини юқори кўтариб ҳавони искабди ва увлаб юборибди:
— Ауууввв! Эчки иси келяпти. Шу яқин ўртада эчкилар борга ўхшайди, қорним ҳам очган эди, чўққи соқол бефаҳмларни маза қилиб ейдиган бўлдим, — деб ўйлабди бўри. У шундай дебди-ю, думини қисиб ғордан водийга қараб секин йўл олибди. Ўтлаб юрган она эчки ўзига қараб келаётган бўрини кўриб, елкасидаги ўтни бир чеккага қўйибди, найзага ўхшаш шохли калласини бўри томонга қаратиб олибди. Айёр бўри эчкини чалғитиб, унинг ён томонидан яқинлашмоқчи экан, она эчки ўзини ўнглаб, бўрини шундай сузибдики, ўткир найзадек шохининг учлари бўрининг қорнини ёриб юборишга оз қолибди. Бўри думини қисиб ундан четланибди, унга қараб:
— Шошмай тур, лаънати, сен билан бошқача гаплашаман, — дебди.
Эчки уйига қайтибди. Бўри ҳам унинг орқасидан қорама-қора бора берибди. Эчки ўз уйига яқинлашганда, бўри шу уй яқинидаги ўпқонга тушиб олиб эчкини кузатиб турибди. Эчки эса, майин овоз билан болаларини эркалаб чақириб эшикни очишларини сўрабди. Болалари эшикни очишиб, она эчки ичкарига кирибди.
— Болаларим, — дебди эчки, — энди эҳтиёт бўлинглар, ўтлоғимизда бир ёвуз бўри пайдо бўлибди. У менга ҳужум қилди, мен зўрға қутулиб қолдим. Мен йўқ пайтда эшикка чиқманглар, тағин бўри келиб сизларни еб кетмасин.
— Хўп, онажон, эҳтиёт бўламиз, — дебди эчкичалар. Ўпқондан ўтирган бўри эчки уйга кириши билан у ердан чиқиб, «ҳай-ҳай» дебди лабларини ялаб, «мен онасини емоқчи эдим, бу ёқда семиз-семиз болалари бор экан. Онасининг гўштига тишим ҳам ўтмас эди, болаларининг гўшти мендай кекса бўри учун яхши, эртагаёқ онаси кетган маҳалда келганим бўлсин» деб ўйлабди ва ғорга қайтибди. Эртаси она эчки ўтлагани кетганида бўри эчкининг уйига келиб, худди она эчкидек эшикни тиқиллатибди ва қўпол хирилдоқ овоз билан ашула бошлабди:
Булбули болам,
Лолақизғалдоқ болам,
Орқам тўла ўт обкелдим
Эмчагим тўла сут обкелдим,
Эшикни оч, болаларим!
Эчки болалари: «Бу хирилдоқ товуш билан ашула айтаётган ким?»—деб сўрабдилар.
— Мен ойиларинг бўламан, — дебди бўри.
Эчкилар бу чақирган ўз оналари эмаслигини сезиб қолишибди.
— Йўқ, сен бизнинг онамиз эмассан, онамизнинг овози сеникига ўхшаш хирилдоқ эмас, онамиз оппоқ, қошларида ўсма, кўзларида сурмалари бор, — дебди, эчки болаларидан бири.
Шунда бўри ҳеч нарса қилолмай тарвузи қўлтиғидан тушиб, қайтиб кетибди. У шу кетганча тўғри тоғ бағридаги катта арча тагига бориб ўтириб, эчки болаларини қандай қилиб қўлга тушириш ҳақида ўйлай бошлабди. Ўйлаб-ўйлаб охири бир йўл топибди. У тиниқ булоқ сувига тушиб, танаси қуримасдан туриб, тоғлар орасидаги оҳакли жойга борибди ва кукундек бўлиб ётган оҳакнинг устига ағанаб олибди. Шунда унинг жунлари худди она эчкиникига ўхшаб оппоқ бўлиб қолибди. Бўри қошига ўсма, кўзига сурма қўйиб олибди-да, яна эчкининг уйига келибди. Эшик тирқишидан қараса, уйда эчки болалари ўйнаб юрган эканлар. Шу вақт эшик олдига келибди-да, эшикни оҳиста тиқиллатиб, овозини она эчкиникига ўхшатиб ашула бошлабди:
Булбулижон болам,
Саргулижон болам,
Гулсарижон болам,
Хамиртуруш болам,
Мирзахўриш болам,
Лолақизғалдоқ болам
Оч эшикни, жон болам!
Қопим тўла ўт келтирдим,
Елиним тўла сут келтирдим,
Оч эшикни, жон болам!
Эчки болалари ўз оналарининг товушига ўхшаган бу товушни эшитиб, севиниб эшик олдига келибдилар. Гулсарижон эшик занжирини эндигина туширган экан ҳамки, сабри чидамаган бўри бор кучи билан ичкарига интилибди. «Қочинглар, бўри экан», деб қичқирибди Саргулижон ва ўзи ўша заҳоти эшик орқасига бекинибди. Қолганлари эса дуч келган жойга: бири ўчоқнинг ичига, бири сандиқнинг ичига, бири уйнинг токчасига бекинишибди…
Бўри тандир ичига эшик орқасига ва тахмонга бекиниб олган эчкилардан бошқа учта эчки боласини еб, чиқиб кетибди.
Бир оздан сўнг она эчки ўтлоқдан қайтиб келибди. У эшикнинг очиқ қолганини, уйдаги ҳамма нарсанинг ағдар-тўнтар бўлганини кўриб, югуриб уйга кирса, ҳеч ким кўринмабди. У титроқ товуш билан болаларини чақирибди. Ҳеч ким жавоб бермабди. Иккинчи қайта чақирганда тахмонга, тандир ичига ва эшик орқасига яширинган уч боласи олдида пайдо бўлибди. Улар оналарига йиғлаб-сиқтаб бўлган воқеани айтиб берибдилар.
Она эчки қаттиқ қайғурибди. У бўридан қандай қилиб ўч олиш йўлини излай бошлабди. Ўйлаб-ўйлаб ахири бир йўл топибди.
Эчкининг ҳовлисида эски ўраси бор экан; эчки бу ўрага олов ёқибди, олов лахча чўғ бўлгач, ўранинг устига бир эски бўйрани ташлаб, унинг устига шолча ёзибди. Шолча устига кўрпачаларни солиб, дастурхон ясабди. Ўзи эса ўша заҳоти қозон-товоққа уннаб, ошнинг ҳаракатига тушибди, ошга гуруч солиб дамлабди. Болаларини уйда қолдириб, ўзи бўрини излаб кетибди. Қидириб-қидириб уни топибди. Бўри ғор олдидаги супачада дам олиб ётган экан. Эчки унга таъзим қилиб, салом берибди ва қўлини кўксига қўйиб:
— Бўри ака, — дебди, — кеча мен йўғимда болаларим дан учтасини қандайдир номаълум махлуқ еб кетибди. Мен шунга худойи қилдим, агар жанобингизнинг кўнгиллари тиласа, бизнинг уйимизга қадам ранжида қилсалар.
Қорни ўлгудек тўқ бўлишига қарамай, бўри дарров кўна қолибди. Улар эчкининг уйига келибдилар. Нози-неъмат билан тўла дастурхонни кўрган бўри, ўра устига солинган қалин кўрпача устига энди ўтирмоқчи бўлган экан, бўйра ўпирилиб, бўри ўра ичига ағанаб тушибди. Лахча чўғ устига тушган бўри бирдан додлаб юборибди.
— Вой-дод, — дебди бўри ўра ичида ўзини ҳар томонга уриб, — вой-дод, куйиб кетяпман, қутқаринглар! Лаънати эчки мени тортиб ол.
Шунда эчки кулиб:
— Ҳечқиси йўқ, тақсир, — дебди, — менда куйганнинг дориси бор. Шунда бўри ўра ичида додлаб туриб:
— Куйганга нима дори? — дебди.
— Гаримдори дори, — деб жавоб берибди эчки.
— Ташла гаримдорингни!
Эчки ўрага бир шода гаримдори ташлабди. Бўри уни куйган жойларига ишқаган экан, бир алами ўн бўлиб яна бақирибди:
— Куйганга нима дори? — деб сўрабди.
— Туз дори, — деб жавоб берибди эчки. — Ташла тузингни! — дебди бўри. Эчки бир хумча туз ташлабди.
Бўри тузни баданига суртиб яна додлабди.
— Куйганга нима дори?
— Чақиртиканак дори, — дебди эчки.
У бир қучоқ чақиртиканак ташлабди. Бўри унга ағанабди, унинг азоби юз баробар кўпайибди. У қаттиқ-қаттиқ қичқириб, охири азоб билан жон берибди. Эчки омон қрлган болалари билан тинч яшабди.