Бир замонда бир эчки уйдан чиқиб, қирнинг бошида ўтлаб юрган вақтида бўри келиб эчкини тутиб, емоқчи бўлибди. Эчки қараса, қўлга тушди, энди ўлади. Эчки ўзича фикр қилиб туриб: “Бунга бир мияни ишлатмасам ҳозир ўламан”, — ўйлаганча, бўрига таъзим қилибди.
— Ҳа, тақсир, хуш келдингиз. Онамдан туғилганимдан бери ўтлаб юрганимда, бўри мени тутиб олиб еса, деб орзу қилар эдим. Алҳамдулиллоҳ, орзуйимга етишдим. Армон билан кетмай, сизни ҳофиз деб эшитар эдим. Мени ейишдан олдин ашула қилиб берсангиз. Ундан кейин мени есангиз майли, — дебди.
Бўри ўзича фикр қилибди: “Мен уни ҳозир емоқчи эдим, мени ким ҳофиз, деб айтди экан. Хайр, шуни ҳам сазаси ўлмасин”, дебди ва ерга ўтириб, осмонга қараб ҳофизлигини бошлабди. Шунда қишлоқдаги итлар бўрининг товушини илғаб, чиқиб югуришиб қолишибди. Улар бўрини олдига солиб, қувиб кетишибди. Шу тадбир билан эчки ўлимдан қутулиб қолибди. Икки калима сўзни бўридан эшитинг.
Бўри бир баланд тоғнинг устига чиқиб, итлар қайтиб кетганидан кейин ўзига-ўзи: “Менинг ҳунарим қассоблик эди. Менга ким қўйди ҳофизликни”, деб ўзига дашном берибди.