Дўстлар

Бир бор экан, бир йўқ экан, тулки, бақа ва каналар дўст тутинишган экан. Улар сафарга отланишибди. У зоқ йўл юришибди. Йўлда бир тўп буғдой топиб олишибди. Учови ҳам “мен оламан” деб талашиб, жанжаллашиб қолишибди. Шунда кана:
— Менда бир таклиф бор, бунақа қилиб жанжаллашиб ўтиргунча, учовимиз уч томонидан ея берайлик, бир қишга учаламизга ҳам бемалол етади, — дебди. Тулки:
— Бунақаси бўлмайди, югуриш қиламиз. Ким аввал етиб келса, ўша ҳаммасини олади, — дебди.
Кейин учови югурмоқчи бўлиб турганларида, кана билдирмасдан тулкининг думига ёпишиб олибди. Тулки Тўғалоқ — юмалоқ югуриб келиб “мен келдим” деса, ундан бурун кана чиқиб “мен келдим” дебди. Бақа эса, вақиллаб, орқада қолиб кетган экан. Уч марта шунақа югуриш қилишса ҳам, ҳар сафар кана биринчи бўлиб “мен келдим” деяверибди.
Кейин тулки билан бақа канани ўртага олиб, тақсимлашни роса ялиниб сўрашибди. Кана рози бўлибди. Учовлари уч томондан ея бошлашибди. Айтишларига қараганда, ҳали ҳам тамомламаган эканлар.