Ўтган замонда Ясар мамлакати подшосига қарашли чўллардан бир гуруҳ карвон ўтиб келаётган экан. Жазирамада ҳолдан тойган кишилар кечки салқинда бир оз дам олмоқчи бўлиб тўхташибди. Чўлда сичқонлар кўп экан. Шу куни сичқонларнинг маликаси ўртоқлари билан карвон тўхтаган жойда ўйнаб юрган экан, Сичқонлар туялар ва уларга ортилган молларни кўриб қизиқиб қолишибди. Сичқонлар маликаси анча ўжар экан, у саватлар орасига кириб, нималар борлигини ўз кўзи билан кўрмоқчи бўлибди. У дугоналарининг, “Эҳтиётбўл, саватга чиқма”, деганига қулоқ солмабди ва саватга қамалиб қолибди.
Эрталаб карвон сичқон-маликани ҳам олиб йўлида кетаверибди. Воқеадан хабардор бўлган сичқонлар қайғуриб, бир ерга йиғилишибди ва маслаҳат қилиб, Ясар мамлакатининг подшосига нома юборибдилар. Унда: “Эй улуғ шоҳ, сизнинг шаҳрингизга келган карвонда бизнинг маликамиз ҳам бирга келган, шуни озод этсангиз”, — дейилган экан.
Ясар подшоси бу номани ўқиб, ғазабланибди:
— Бор, подшоҳингга айт, карвон орасидан сичқон қидириб юриш мендек подшога ярашмайди. Қўлидан келганини қилсин!
Сичқон вакиллари хафа қайтишибди. Уларнинг подшоси ҳамма сичқонларни йиғиб:
— Ясар мамлакати подшосининг хазинасидаги ҳамма олтин-кумуш — лаъл-жавоҳирларни ташиб хазинамизга келтиринглар! — деб фармон берибди. Бутун сичқонлар ер тагидан лаҳмча кавлаб, Ясар подшоси бойликларининг ҳаммасини ўз хазиналарига тўплашибди. Ундан кейин сичқонлар подшоси:
— Ясар подшоси омборидаги ғаллаларни ҳам қуритинглар! — дебди.
Подшо омборидаги ғаллаларни ҳам сичқонлар ташиб битиришибди.
Сичқонлар подшоси йўл четига чиқиб турса, бир ўтинчи йигит ўтиб кетаётган экан. Сичқон йигитни тўхтатиб:
— Эй йигит, ўн минг аскар йиғ. Ўзинг уларга лашкарбоши бўласан. Ясар подшоси билан жанг қиламиз. Хазинамиздан истаганингча тилла, кумуш олиб харажат қилавер! — дебди.
Ўтинчи ҳам анча ақлли, доно йигит бўлиб, “Ақлим бор-у, пулим йўқ”, деб юрганлардан бири экан. У сичқоннинг таклифига рози бўлиб, шаҳарлардан камбағалларни йиғибди, пулни аямай харажат қилиб, ўн минг лашкар тузибди. Уларни от, кийим, қурол-аслаҳалар билан таъминлабди. Сичқонлар аскарларни кўриб, хурсандликларидан ўйинга тушиб кетишибди. Подшо эса уларга:
— Тўхтанглар, тўйдан илгари ноғора чалманглар! Ҳали урушда ким енгиб чиқади, номаълум. Жангга яхши тайёрланиш керак, ҳушёрликни қўлдан берманглар! — деб сичқонларни огоҳлантирибди.
Шундан сўнг сичқонлар подшоси Ясар подшосига нома юбориб, уруш эълон қилибди. Ясар подшоси номани ўқиб, қаҳ-қаҳ уриб кулибди. Кейин бу нома таъсир қилиб:
— Энди кунимиз сичқонлар билан жанг қилишга қолдими? — дебди. — Қанча подшоларни енгиб қойил қилдик. Сичқонлар билан урушиш бизга ор-номус эмасми? Сичқонлар ким-у, биз ким? — деб подшо мўйлабини бураб хаёл сурибди.
Подшо яна ўз-ўзига, “Балки сичқонларнинг ажали етиб, қирилиб, ер юзидан йўқолиб кетиш вақти етгандир, бу вазифани биз бажаришимиз керакдир”, дебди. Кейин вазирга:
— Қани, урушга ҳозирланинглар! — деб фармон берибди.
Жангга тайёрланиш учун пул зарур, хазиначини чақиришса, у дод солиб келибди.
— Ҳа, нима бўлди? — деб сўрабди подшо.
— Тақсир, фалокат рўй берди, — деб хазиначи йиғлабди. Подшо:
— Гапир, нима бўлди? — деса, хазиначи:
— Хазинада бир танга ҳам қолмабди! — дебди. Подшо ғазабланиб вазирлари билан югурганича хазинага кирса, ҳақиқатан ҳеч вақо йўқмиш. Подшо:
— Ғалладан сотиб, уруш анжомларини тахт қилинглар! — деб фармон берибди.
Омборчилар ҳам йиғлаб келишибди. Омборда ҳам бир қадоқ ғалла қолмаган экан.
Ясар подшоси бу аҳволни кўриб хазиначи ва омборчиларни жазога буюрибди. Подшо лашкарларини жанг майдонига юборибди. Ҳар икки томон жанг майдонига етиб келибди ва эрта саҳарда уруш бошланибди. Бироқ кечаси лашкарлар ухлаб ётганида сичқонлар келиб, Ясар подшоси лашкарлари отларининг эгар-жабдуқларини ва бошқа нарсаларини йиртиб, тешиб, тилка-пора қилиб ташлашибди.
Ясар лашкарлари эрталаб жангга кирмоқчи бўлиб, шошилиб отларини эгарламоқчи бўлишибди, лекин қўлларидан ҳеч нарса келмабди.
Лашкарлар ваҳимага тушиб, тўрт томонга зир югуришибди.
Бу фурсатдан фойдаланган сичқонлар томонидаги лашкарлар ҳужум бошлаб, Ясар подшосининг аскарларини енгибди.
Душман таслим бўлибди. Ясар мамлакатига ўтинчи йигит подшо бўлибди. Шундан буён эл орасида “Душманнинг катта-кичиги бўлмас”, деган нақл юрар экан.