Бор экан, йўқ экан, оч экан, тўқ экан. Ўтган замонда бир дурадгор билан бир тикувчи бор экан. Буларнинг иккови бир-бирлари билан дўст эканлар. Бир куни тикувчи ниҳоятда яхши бир кўйлак тикибди ва ўртоғи дурадгор устани чақириб:
— Бир кўйлак тикдим, кўрдингми? — деб дурадгор устанинг қўлига берибди. Уста кўйлакни кўриб, ҳеч тиккан ери — чокни тополмабди. Тикувчи кўйлакни жуда усталик билан тиккан экан, Дурадгор эса умрида бу хилда кўйлак кўрмаган экан. У бунга ҳайрон бўлиб қолибди:
— Раҳмат ўртоқ, сенинг ҳунарингга қойилман,— дебди дурадгор.
Ўша шаҳарда бир чиройли қиз бор экан. Бу қиз ҳам тикувчи билан, ҳам дурадгор билан гаплашиб юрар экан. Лекин ҳар икки дўст бир-бирларининг бу ишларидан бехабар юрар эканлар. Бир кун дурадгор тикувчи ошнаси ёнига борса, дўстининг тиккан кўйлагини ҳалиги қиз кийиб турган эмиш. Буни кўрган дурадгор ниҳоят хафа бўлибди ва ўзига: “Тикувчи бу ҳунарни қилибди. Мен ҳам бир иш қилай”, деб ўша кундан бошлаб бир сандиқ ясашга киришибди. Бир неча кундан кейин бир сандиқ тайёрлабди. Ҳеч ким бундай сандиқни кўрмаган экан. Бир кун дурадгор сандиқни тикувчи ўртоғига кўрсатибди:
— Мен бир сандиқ ясадим, — дебди. Тикувчи сандиқни кўриб ҳайрон бўлиб қолибди:
— Дўстим, сиз ажойиб сандиқ ясабсиз, — дебди тикувчи. Дурадгор:
— Бунинг ажойиб эканлигини ичига тушсангиз биласиз,— деб жавоб берибди. Тикувчи сандиқнинг ичига тушган экан, дурадгор келиб сандиқни бекитиб, қулфлаб қўйибди. Шундан сўнг сандиқ ҳавога кўтарила бошлабди. Тикувчи сандиқ ичида дод-фарёд кўтарибди, дўсти қулоқ солмабди. Сандиқ ҳавога кўтарилиб чиқиб кетибди. Бир неча вақтдан кейин тикувчи ўйлаб “Сандиқнинг иккинчи бир қулоғи бормикан, шуни бурасам, ерга тушармикан” деб, у ёққа-бу ёққа қараган экан, бир кичкина қулоқ кўринибди. Шу қулоқни бураса, сандиқ яна ҳам юқори кўтарила бошлабди. Ниҳоят сандиқнинг учинчи қулоғини бураган экан, пастга қараб туша бошлабди. Намози аср вақтида тикувчи бошқа бир шаҳарнинг четроқ бир ерига келиб тушибди. Сандиқдан чиқиб, уни кўтариб кетаётган экан, йўлда бир чол учрабди. Чол дўконини бекитиб турган экан. Тикувчи чолга:
— Эй ота, мен бир мусофирман. Бу кун сизга меҳмон бўлсам, —дебди.
Чол бунга рози бўлиб, уйига бошлаб олиб борибди. Сандиқ эса чолнинг дўконида қолибди. Чолнинг бир кампири бор экан. Овқат тайёр экан, еб бўлиб, ҳол-аҳвол сўрашибди. Тикувчининг ҳол-аҳволини сўраб бўлгандан кейин кампир билан чол:
— Ўғлим, сиз бизга ўғил бўлинг, биз оламдан ўтсак, шу жойлар сизники бўлсин! — дебдилар. Тикувчи бу сўзни эшитгандан кейин рози бўлибди. Кечаси бўлиб қоронғу тушибди. Бир вақтдан кейин осмонда бир ёруғлик пайдо бўлибди. Осмонда ой бўлмаса ҳам, бутун шаҳар ёруғ бўлиб турган экан. Тикувчи чолдан сўрабди:
— Ажабо, осмонда ой бўлмаса ҳам ёруғ бўлар экан-да, бу шаҳарда,— дебди. Кампир жавоб берибди:
— Болам, бизга худо берган шаҳримизнинг бир подшоси бор.
Ул подшоҳнинг бир қизи бор, жуда ҳам чиройли. Шу қизнинг нури тафтидан шаҳар кечаси ёруғ бўлади. Бу шаҳар халқи чироқ ёқмайди. У қиз олти ой ёз равоқнинг тепасида баландликда ётади.
Тикувчи бу сўзни эшитиб ичида: “Менга худо берди-ку!” дебди. Шу кеча чол билан кампирнинг уйида ётибди. Эртасига тикувчи чол билан дўконга чиқибди. Чолнинг касби бўёқчилик экан. Кечгача биргалашиб бўёқ бўяшибди. Кечқурун бўлибди. Чол уйга қайтмоқчи бўлибди. Тикувчи чолга:
— Уй жуда узоқ экан, мен шу ерда ётиб юрсам бўлмайдими? — дебди. Чол айтибди:
— Уйда ётсанг яхши бўлар эди. Кўнглинг бу ерни хоҳласа ётавер,— дебди. Шу куни дўконда ётиб қолибди. Эртаси туриб нонушта қилиб ўтирган экан, жарчилар: “Бугун подшоҳ қирқ кунлик овга чиқади. Ҳар кимнинг яхши оти, яхши ити, яхши қуши бўлса овга чиқа берсин” — деб чақириб ўтибди. Подшоҳ ўша куни овга чиқиб кетибди. Кечқурун бўлгач, чол яна уйига қайтиб кетибди. Тикувчи ёлғиз қолиб ўйлабди:
“Шу кеча сандиққа тушиб бир томоша қилиб келсам”, дебди. Шу билан кечаси ўрнидан туриб, сандиққа тушибди. Сандиқнинг бир қулоғини бураса, осмонга учиб чиқиб кетибди. Осмонда шаҳарни томоша қилиб, маликанинг ётадиган равоғи устига келиб айланиб, равоқ устидаги аркка тушибди. Сандиқни томга қўйиб, уст кийимларини ечиб, арқон топиб, осилиб тушибди. Тикувчи қизнинг ётоқхонасига кирибди. Қизни кўрибди. Қиз бир парча ойдек ёруғ нур сочиб ухлаб ётган экан. Йигит секин қизни уйғотибди. Қиз уйғониб қараса, олдида бир киши турган эмиш. Қиз бирдан чўчиб уйғониб: “Кимсан?” дебди. Тикувчи:
— Мен “Азроил”ман,— дебди. Қиз:
— Ундай бўлса нима қилиб юрибсан?— дебди.
— Худо сени ниҳоят чиройли қилиб яратибди. Сенинг ҳуснингни кўриб маҳлиё бўлиб турибман,— дебди. Қиз жуда қўрққанидан ҳеч бир нима деёлмабди. Тикувчи сандиққа тушиб учиб яна дўконга қайтиб, ўз ўрнида ёта берибди. Эртасига қиз энагаларини чақириб кечаси бўлган воқеани айтибди.
Энагалари ҳайрон бўлишибди. У кун яна кеч бўлибди. Қиз ўз уйида ухлаб қолибди. Бир вақт ҳалиги тикувчи яна келибди. Шундай қилиб, қирқ кунгача шу воқеа давом эта берибди. Қирқинчи куни подшоҳ овдан қайтиб келибди. Кечқурун подшоҳ қараса, шаҳарнинг ҳамма ёғи қоронғу, илгаригидек ёруғ бўлмай қолибди. Подшоҳ қизининг равоққа чиқиб ётишини буюрибди. Энагалар айтибди:
— Қизингиз равоқнинг тепасида, лекин бу кун қирқ кун бўлди, ажал фариштаси сизга куёв бўлган, — дебди. Подшоҳ бирдан ҳовлиқиб:
— Қизим ўлганми? — деса, энагалар:
— Йўқ, эрга теккан, — дебди.
Подшоҳ:
— Мендан сўроқсиз қандай эрга теккан?— деб, қўлини бўланглатиб қизининг олдига чиқибди.
Қизининг ўзидан сўрабди. Қиз:
— Бир кун ухлаб ётсам бир киши келиб мени уйғотди. Қарасам, менга қараб турибди. Мен: “Сен кимсан?” дедим. У: “Мен Азроилман”, деди. Ундан кейин қўрқиб “Нимага келдинг? — десам, у “Сенинг ҳусни жамолингни кўриб, ошиғ беқарор бўлдим, сенга уйланмоқчиман, деди. Мен: “Ҳозир отам йўқ, отамдан сўраб, никоҳ қилиб олсангиз!” десам, у кўнмади. Шундан бери ҳар куни келади. Мен унинг қайдан келганини ҳам, қаерга кетганини ҳам билмайман,— дебди.
Подшоҳ бу гапларни эшитиб, ҳайрон бўлиб, пастга тушибди. Вазирларини чақириб қизидан эшитган сўзларини бирма-бир айтиб берибди. Вазирларидан бири туриб:
— Эй подшоҳим, бу жодугарнинг иши бўлса керак деса, иккинчи вазири:
— Буни бир синаб кўриш керак. Агар ҳақиқатда фаришта бўлса, бу дунё таомидан сира емайди, одамзод бўлса ейди. Унинг келишига ҳар хил яхши таомларни ҳозир қилиб кутиб олиш керак, — дебди.
Подшоҳ одамлари унинг келишини таомларни тайёрлаб қўйиб, кутиб турибдилар. Бир вақт ҳамма ухлаб қолганида тикувчи қиз олдига келибди. Қиз дарҳол ўрнидан туриб таомга таклиф қилибди. Қиз назокат билан:
— Бугун қирқ кун бўлди. Икковимиз бир ерда ўтириб таом емадик. Сизга таом ҳозирладим. Буни еб, ундан кейин ётамиз, — дебди.
Тикувчи қизнинг ҳийласини дарров фаҳмлабди ва:
— Бу таомни емайман. Бу таомни емоқ бизга мумкин эмас,— дебди. Қиз шунча таклиф қилиб кўрса ҳам, сира унамабди. Бир вақтдан кейин подшоҳ чиқиб қараса, куёви овқатга тег-мабди.
Подшоҳ унинг фаришталигига ишонибди.
Орадан бир қанча вақт ўтибди. Подшоҳнинг қизига иккинчи бир подшоҳнинг ўғлидан совчи келибди. Совчи подшоҳ олдига кириб, таъзим қилиб:
— Мен сизнинг қизингиз учун фалон подшоҳ тарафидан вакил бўлиб келдим, шунга бир жавоб қилсангиз, — дебди. Подшоҳ айтибди:
— Бу кун қирқинчи кун бўлди, қизимизни эрга берганмиз,— дебди. Элчи:
— Кимга? — деса, подшоҳ:
— Азроилга, — дебди. Совчи ичида “Бермас қизнинг қалини кўп” дегандек, бермас экан-да, подшоҳимиз устидан куляпти, — деб подшоҳ ҳузуридан чиқиб, ўз элига қараб жўнабди.
Совчи ўз подшоси олдига етиб бориб, қизнинг отаси айтган сўзларни баён қилибди. Подшоҳ ғазабланиб бутун одамларига “Аскар тайёр бўлсин, фалон подшоҳга қарши урушга борамиз” деб хабар берибди. Тез орада аскар ҳозир бўлибди. Улар бир неча кундан кейин қизини бермаган подшоҳнинг ерига босиб кирибдилар. Охири подшоҳнинг пойтахтига етиб борибдилар. Бориб шаҳарни қамал қилибдилар. Шунда қизнинг отаси вазирлари билан кенгашибди. Вазирлари айтибди:
— Биз душман аскари билан уруша олмаймиз. Улар кўп, биз оз. Қизингизга айтинг, “азроил” куёвингиз ёрдам қилмаса бўлмайди, бизга ёрдам керак, — дейишибди. Подшоҳ қизига айтибди. Кечаси тикувчи келибди. Қиз унга айтибди:
— Бизнинг шаҳримиз душман аскари тарафидан ўраб олинган. Шунга сиз ёрдам қилмасангиз бўлмайдиганга ўхшайди. Биз катта хавф остида қолдик. Бизнинг қўлдан подшоҳлик кетиб қолади,— дебди. Тикувчи “Хўп” деб, дарҳол саройдан бир латта, чўпрак билан бир қадоқ ёғ олиб чиқишни буюрибди. Қиз дарҳол унинг айтган нарсаларини тайёр қилдирибди. Тикувчи ёғ билан чўпракларни олибди-да, сандиққа тушиб учиб кетибди. Осмонга чиқиб душман аскари устига беш-олти ерга ўт ёқиб ташлабди. Душман аскарлари қўрқиб: “Бизга осмондан бало ёғди”, деб олди-орқасига қарамай, қоча берибдилар. Ҳужум қилган подшоҳнинг аскарлари енгилибди. Подшоҳнинг ўғли ҳам аскар ҳозирлаб: “Ўзим бормасам бўлмас экан, деб бирмунча аскарларини олиб урушга кирибди. Тикувчи осмондан булар устига яна ўт ёқиб ташлабди. Душман аскарлари устига ёғилган ўт уларни куйдирибди. Улар қўрқиб, қочгани қочиб, куйиб, ўлгани ўлиб енгилибди. Шу вақт тикувчи йигитнинг сандиғига ёғ тушиб қолган экан. Ташлаган чўпракларидан ўт тушиб сандиқ ҳам ёна бошлабди. Тикувчи бунинг иложини қила олмабди. Ўзи ҳам бироз куйибди. Ниҳоят, у тоғнинг орқасига бориб, бир сув бўйига йиқилиб тушибди. Душман аскарлари қочиб кетибдилар. Тикувчи ёнган сандиқдан зўрға чиқиб, ўзини сувга ташлабди. У жойда шу кеча ётибди. Уч ойгача тоғ-тошларда юриб соғайиб, яхши бўлибди. Бироқ унинг юз-қўллари тиртиқ бўлиб қолибди. Уч ой ўтибди. Подшоҳ эса:
— Куёвим келмай қолди, нима бўлди экан? — деб ҳайрон бўлиб юраверибди. Шу орада подшоҳ ўлиб, унинг ўрнига қизи подшоҳ бўлибди. Қиз эрининг келмаганига ҳайрон бўлиб юрибди. Бир куни тикувчи “Мен энди у шаҳарга борсам, подшоҳ аркининг тагидан ўтсам, мени бирор киши танирмикан?” деб, бир эски йиртиқ чопон кийиб йўлга тушибди. У шаҳарга етиб бориб подшоҳ саройи олдидан ўтиб бораётганда қизнинг кўзи унга тушиб қолибди. Қиз эрини танибди. Дарҳол малика ўз хизматчиларига:
— Ўша кетиб бораётган одамни чақириб келинглар, лекин менинг олдимга олиб чиқаётганингизда яхши кийимлар кийгизиб олиб чиқинглар! — дебди. Хизматкорлар: “Хўп” деб тикувчини чақириб тўхтатиб, қўлидан ушлаб:
— Сени подшоҳ чақиряпти,— дебдилар. Тикувчи “Хўп”, деб улар олдига келибди. Унга яхши кийимлар кийдириб, подшоҳ қиз олдига олиб чиқибдилар. Қиз ундан:
— Сиз кимсиз? — деб сўрабди. Тикувчи:
— Мен Азроилман, — дебди.
Қиз:
— Сизга нима бўлди, кўринмай кетдингиз, — дебди. Тикувчи:
— Сизнинг отангизнинг душмани билан олишаман деб қанот-қуйруқларим юлиниб, шу аҳволга тушиб қолдим, — дебди. Қиз:
— Худо хоҳласа, яна қанот-қуйруқларингиз чиқиб қолар. Мен подшоҳликни сизга бердим. Келинг, менинг ўрнимда подшоҳлик қилинг,— деб, отасидан қолган подшоҳликни эрига топширибди. Шу билан тикувчи малика билан бирга яшаб, мурод-мақсадига етган экан.