Ўтган замонда бир подшонинг гўзал қизи бор экан. Шу мамлакатда бир камбағал деҳқон бўлиб, унинг ҳам ёлғиз ўғли бор экан. У подшонинг қизига ошиқ бўлиб қолибди-да, совчи жўнатибди. Подшо унга:
— Дунёда йўқ ҳунарни ўрганса, қизимни бераман, — дебди.
Энди деҳқон ўғлини турли ҳунарларга ўргатмоқчи бўлибди ва уни бир кашмирининг уйига олиб борибди, унга шогирд қилиб берибди. Кашмири киши ўз ҳунарини бировга ўргатмас экан, шогирдларини ўн кун оч қўйиб ўлдирар экан. Бу йигитни қамаётганда кашмирининг қизи кўриб қолибди ва йигитга отасидан яширинча ёрдам бериб, отаси билган ҳунарларнинг ҳаммасини унга ўргата бошлабди. Ўн кун ўтгач, деҳқон келиб ўғлини олиб кетибди. Кашмири йигитнинг ўлмаганини кўриб ҳайрон бўлибди. Йигитнинг пайига тушибди. Йигит қиздан шундай бир дуо ўрганган эканки, уни ўқиб бир думалаб, хоҳлаган нарсасининг қиёфасига кира олар экан.
Бир куни йигит ажойиб тулпор от бўлибди, отаси уни бозорга олиб бориб сотибди, чол уйига келса, ўғли ҳам отасининг орқасидан етиб келибди. Отаси ҳайрон бўлибди. Келгуси бозор куни йигит катта бир нор туя бўлибди, отаси уни яна бозорга олиб борибди, бу сафар туяни бозорда кашмири киши кўриб, йигит эканини билибди-да, уни дарров сотиб олибди, уйига олиб бориб сўймоқчи бўлибди. У қизга:
— Пичоқ олиб чиқ! — дебди. Қиз ҳам йигитни танибди. Уйга кириб пичоқларни бекитибди-да:
— Тополмадим, — дебди. Отаси қизига туяни бериб, ўзи пичоққа кириб кетибди. Қиз отасининг йўқлигидан фойдаланиб, туяни қўйиб юборибди. Туя каптар бўлиб учиб кетибди. Қизнинг отаси бир думалаб бургут бўлибди-да, унинг орқасидан қувлабди. Улар қувлашиб бир-бирига етай деганда, йигит бақа бўлиб сув остига яширинибди, кашмири лайлак бўлиб уни ахтарибди, ушлаб олай деган экан, йигит бедана бўлиб учибди. Чол қирғий бўлиб қувибди. Ниҳоят, унга етай деганда йигит подшонинг боғидаги очилиб турган гуллари орасига кириб гул бўлиб олибди, чол қайси гул йигит эканини ажрата олмай, булбул бўлиб сайрай берибди, шу вақтда подшонинг қизи келиб ҳалиги гулни узиб олибди-да, отасига берибди. Кашмири дарров мусиқачи бўлиб яхши куйларни чала бошлабди, подшо жуда мириқиб, бу куйни тинглабди. У киши шоҳдан гулни сўрабди, подшо бермабди, яна сўрабди, шоҳ яна бермабди. Кашмири хиралик қилиб сўрай берган экан, подшо ғазабланиб гулни ерга урибди, гул қўноқ бўлиб сочилиб кетибди, кашмири жўжали товуқ бўлиб, қўноқни ея берибди ва еб тамом қилибди. Подшо кавушининг ичида бир дона қўноқ қолган экан, у қўноқ катта олғир мушук бўлибди-да, ҳалиги жўжали товуқни бир чеккадан еб битирибди ва бир думалаб одам бўлиб, подшога таъзим қилибди. Подшо йигитнинг ўрганган ҳунарига қойил қолибди-да, қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб ҳалиги йигитга қизини берибди, шундай қилиб йигит мурод-мақсадига етган экан.