Доно қуш

Бир бор экан, бир йўқ экан, бўри баковул экан, тулки ясовул экан, қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан, қирғовул қизил экан, думлари узун экан. Бир подшо бор экан. У подшо ов қилишни яхши кўрар экан. Унинг бутун умри овчилик билан ўтар экан. Подшо овга чиққанда вазирлари билан чиқмас экан, якка ўзи чиқиб кетар экан. Унинг бир қуши бор экан. У қуш жуда ақлли қуш экан. У қушни подшо ўзи билан овга олиб чиқар экан.
Бир куни подшо қушини олиб, отга миниб, ов қилиб келишга жўнаб кетибди. У кечгача юрибди, ҳеч ов қиладиган нарса топа олмабди. Подшо яна йўлга қараб кетаверибди. У кўп юрибди, кўп юрса ҳам мўл юрибди. Ови-овда қолиб, қушини қўлига қўндириб, сув қидириб кетибди. Бир жойга борса, бир қудуқ бор эмиш. Унинг олдига борса, бир чеккасида чакиллаб сув томиб турган эмиш, сувнинг тагида бир жом турган эмиш. Подшо жомдаги сувни кўриб, суюнибди. У жом тўлганда ичаман, деб ўтирганда, қуш ҳалиги жомни сув-пуви билан ағдариб юборибди. Подшо қушнинг сувни ағдариб юборганини кўриб, жон-пони чиқиб, нима қилишини билмабди, жомни яна сув тагига қўйибди. Сув жомга чакиллаб тушаверибди. Жом тўлай-тўлай деганда, ҳалиги қуш яна жомни ағдариб ташлабди.
Подшо дарғазаб бўлиб: “Бу қуш менга яхшилик қилар десам, чўл-у биёбонда ташналикдан ўлиб кетишимга рози экан,” — деб ёнидан қиличини суғуриб олиб, қушнинг калласини шартта узиб ташлабди. Подшо ҳайрон бўлиб, жомни яна чакиллаб тушаётган сув тагига қўйиб: — Эй, Худо, — деб осмонга қарабди. Қараса, тепаликда бир аждарни кўрибди, чакиллаб томиб турган сув ўша аждарнинг оғзидан оқиб тушаётган заҳар экан. Буни кўриб, подшо ҳанг-манг бўлиб қолибди. “Қушим менга яхшилик қилган экан. Мен билмасдан уни ўлдирибман. Қуш менга заҳарни раво кўрмаган экан”, — деб уни бегуноҳ оидирганига ачиниб, пушаймон еб, орқасига қайтиб кетган экан. Шу билан мурод-мақсадига етган экан.