Бир бор экан, бир йўқ экан, бурунги замонда бир савдогар булган экан. У шаҳарма-шаҳар савдо қилиб юрар экан. Ҳар етти йилда бир ўз шаҳрига келар экан. Ҳар келганида хотин олар экан. Чунки савдодан қайтиб келгунича олган хотинлари ёлғизликдан ўлиб қолар экан.
У савдодан қайтиб келиб, кўчада турса, учта қиз суҳбатлашиб кетаётганига кўзи тушибди. Уларнинг гапларига қулоқ сола бошлабди. Қизларнинг биттаси сўз бошлабди:
— Мен уйга боргунимча ойим чучвара қилиб қўядилар.
Шунда иккинчн қиз:
— Менинг ойим эса ош-нонларимни тайёрлаб, сомсалар пишириб қўядилар, — дебди.
Бу иккала қиз ниҳоятда чиройли экан-у, аммо ўзлари нимжон, гапга — чечан, ишга — пичан экан. Учинчи қиз:
— О, сизларнинг ойиларинг шунақа қиладими? Менинг ойим эса эртадан-кечгача насиҳат қилади ва иш ўргатади, — дебди.
Қизларнинг гапини эшитгач, савдогар ўйлабди: “Мана шу ойисидан насиҳат эшитадиган қизни олсам бўлади, бу ақлли қиз бўлса керак”.
Савдогар қизлар кетидан орқама-орқа кетаверибди ва учинчи қизнинг уйини билиб олибди. Кейин ўша қизникига совчи юборибди. Сал ўтмай тўй қилиб, қизни олибди. Маълум муддатдан кейин савдогар яна йўлга чиқадиган бўлибди. Жуда кўп молларни олиб, савдогарчиликка кетибди. Хотини уйда ёлғиз қолибди.
Савдогарнинг хотини болохонага чиқиб, пастга қараса, товуқ бозори бор эмиш. У арқоннинг учига пул боғлаб пастга туширибдц. Бозордаги одамлар, “подшонинг қизи буйруқ қилди” деб, пулни олиб, арқонга товуқ боғлаб юборибдилар. Қиз арқонни тортиб олибди. Товуқни олгач, болохонага қараса, еттита сандиқ турган эмиш. Еттовини очиб қараса, еттита аёлнинг ўлиги эмиш. Кейин роса пешонасига уриб йиғлабди ва “булар ёлғизликка чидамай сил бўлиб ўлган бўлса керак”, деб ўйлабди. У арқонни олиб, энди кўча томонга ташлабди. Одамлар, “подшонинг қизи ит, мушук деб кўчага арқон ташлабди” деб ўйлаб, арқонга мушук бойлаб берибдилар. Тағин ташлаган экан, кучук бойлаб берибдилар.
У товуққа дон сочиб, ит ва мушукларни боқиб, овқат пишириб, шулар билан овора бўлиб, зерикмай ҳаёт кечираверибди.
Ойдан-ой, кундан-кун ўтиб, хотин ўғил туғибди. Отини Баҳром қўйибди. Баҳром етти ёшга кирибди. Бола кўчада ёғоч от миниб ўйнаб юрганида, савдогар келиб қолибди. У боладан савдогар сўрабди:
— Ҳой бола, ҳеч жаҳонда ёғоч от ҳам юрармиди, нуқул “чу-чу” дейсан!?
Шунда бола:
— Ҳеч жаҳонда ота ҳам болани етти йил ташлаб юрадими? — дебди.
Савдогар ҳайрон бўлиб:
— Уйларинг қайси? — дебди.
— Мана шу уй, — деб бола савдогарнинг уйини кўрсатибди.
Савдогар, “менинг хотиним еттовига ўхшаб аллақачон ўлиб кетган”, деб ўйлаб юрган экан. У уйига кириб, хотини билан сўрашибди. Хотини хамирдан буви ясаб қўйган экан. У ўғлига, хамир бувига, уйдаги ҳайвон-у, юмушларга овуниб, кеч кирганини ҳам билмай қолар экан.
— Уйга салом бериб киринг. Бувим ўтирибдилар, — дебди хотини.
— Ассалому-алайкум буви қалай омонмисиз, яхшимисиз, бардаммисиз? Бир келибсиз-да, — дебди савдогар.
Хамир буви индамабди. Шунда савдогар:
— Хотин, бувинг индамаяпти-ку! — дебди.
— Ҳа, энди етти йил ташлаб кетганингизга хафа бўлиб қолгандирлар-да, — дебди хотини.
— Буви, хафа бўлманг, энди кетмайман, — дебди. Кейин савдогарнинг хотини хамир бувини кўтариб, эшикка олиб чиқибди ва ташлаб юборибди.
Савдогар ҳайрон бўлиб турган экан, хотин шундай дебди:
— Сиз бедарак бўлиб кетдингиз, йилда бир хабар олмадингиз. Уйда елдим-югурдим, бир ўғил кўриб хурсанд бўлдим. Ўзим хамирдан буви ясадим. Қўйингки, онам қилган насиҳатларни ишга солдим. Натижада еттала кундошимга ўхшаб ўлмай, касалликка чалинмай қолдим.
Шундай қилиб, савдогар бундан кейин кетмасликка сўз берибди. Она насиҳатларини қулоғига олганлига учун, ақл билан иш тутгани учун донишманд хотин ўлмай қолган экан.