Дод

Бир бор экан, бир йўқ экан, бундан кўп йиллар илгари иккита ўқимишли зийрак йигитлар ўтган экан. Улардан бирининг исми Комилжон, иккинчисиники Ҳомилжон экан.
Комилжон қорачадан келган, ўрта бўйли, кирриклари узун-узун, келишган йигит экан. Ҳомилжон ҳам чиройли, шаҳло кўз, қошлари Комилжонникига қараганда қалинроқ, аммо ўзига оро бермайдиган йигит экан.
 Йигитлар амакивачча бўлиб, ёшликдан бирга ўсишган, мадрасада ҳам бирга илм олишган экан.
Комилжон билан Ҳомилжон ўқишни давом эттириш мақсадида бошқа бир шаҳарга боришибди. Йигитлар келган шаҳарда яқиндан бери қароқчилар пайдо бўлган, улар аҳолининг мол-мулкини талаётган экан. Бу қароқчилар шундай уста эканларки, шу вақтгача уларни ҳеч ким кўрмаган, шаҳар аҳлига эса қилган ишларигина аён экан, холос. Қароқчиларни тутиш учун алоҳида миршаблар тайинланган бўлса ҳам, бу миршаблар уларни тутишнинг уддасидан чиқа олишмаган экан. Чунки қароқчиларнинг шаҳар ичида махфий маълумот бериб турадиган кишилари бўлиб, ўзлари эса шаҳар чеккасида яшар эканлар. Шунинг учун ҳам улар миршаблар бўлмаган кунни пойлаб, мўлжаллаган кишиларининг хонадонини совуриб кетишар экан.
Бу шаҳарга Комилжон билан Ҳомилжоннинг келганликлари ҳақидаги хабар ҳам қароқчиларга дарров бориб етибди. Улар бу йигитлар савдогар бўлишса керак, деган хаёлда уларни кўз остига олиб қўйишибди.
Комилжон билан Ҳомилжон шаҳарнинг марказий кўчасидаги уйлардан бирига жойлашибди ва ҳеч нарсадан хабарлари йўқ, ўз ишлари билан овора бўлиб юришаверибди.
 Улар ҳар куни кечаси алламаҳалгача китоб ўқиб ўтиришар экан. Кунларнинг бирида йигитлар одатдагидек китобдан кўз узмай ўтиришганида эшик тақиллабди. Комилжон ўрнидан туриб эшикни очиши биланоқ, ўнтача киши уйга кирибди-ю, бегуноҳ йигитларни ура-ура, оёқ-қўлларини боғлаб, қимматбаҳо нарсалар ва олтин қидира бошлашибди.
Кўп тинтувдан кейин ҳеч нарса тополмаган қароқчилардан бири дўқ қилиб:
— Ҳой, аблаҳлар, олтинларни қаерга яширгансанлар? — дебди.
— Сизларга олтин керак бўлса, бизларга жон керак, — дебди арқоннинг сиқиғидан баданлари қақшаётган Комилжон хаёлига бир фикр келиб, — оёқ-қўлларимизни бўшатинглар, ўзимиз топиб берайлик.
Уларнинг қўрбошиси бўлса керак, баланд бўйли, шопдек мўйловли, кўзлари чақнаган бир киши: “Буларни бўшатинглар”, деб буйруқ берибди йигитларига. Қароқчилар дарҳол бандиларнинг оёқ-қўлларини бўшатишибди.
— Биздаги олтинлар асли сизларники бўлиши керак, — дебди Комилжон оёғини уқаларкан, — майли, розимиз.
— Тўғри, дўстим, олтинлар асли шуларники бўлмоғи лозим, — дебди Ҳомилжон бир нарсани сезгандек.
Қароқчилар хахолаб кулишибди.
— Биз бунақасини ҳеч кўрмаган эдик, — дебди қароқчилардан бири.
— Нега ғалати қилиб гапиряпсан, йигит? — деб сўрабди ҳалиги шоп мўйловли киши, — ёки кетиши нақд бўлганидан жонингни асраяпсанми? Қани, тезроқ кўрсат.
— Ўлим-ку ҳақ, — деб жавоб берибди Комилжон, — лекин бу олтинларнинг қиссаси шуни талаб қилар эди. Олдин олтинлар турган ерни кўрсатай, кейин унинг тарихини гапириб берарман.
Комилжон уларни бошлаб чиқиб, ҳовлининг бир бурчагини кўрсатиб, ўша ерни қазишни буюрибди. Шундан кейин икки киши у ерни қазиш учун қолиб, қолганлар Комилжонни яна уйга олиб киришибди. Шунда:
— Қандай қиссани гапирмоқчи эдинг? — деб сўрабди қўрбоши қизиқиб.
— Ҳалиги, бизнинг гапимизни эшитиб, бундайини кўрмаган эдик, дединглар. Агар олтин қиссасини эшитсанглар борми, ҳайрон қолар экансизлар-да, — деб гапга аралашибди Ҳомилжон.
— Қани, гапир!
— Шундай ҳам бўлар экан, — худди чиндан бўлган воқеани гапириб бераётгандек жиддий тусда гап бошлабди Комилжон, — отам жуда ҳам қашшоқ киши эканки, асти қўяверинг. Чор-ночор кун кечирар эканмиз. Отам бечора егани нонни, ичгани сувни зўрға топиб келар экан. У жуда кўп ишлар қилиб кўрибди. Аммо билган ҳунарларининг ҳаммаси ҳам бир-биридан оғир туюлаверибди. Бунинг устига ёши ҳам анча қайтиб қолган экан.
— Дераза ёнига борай, — деб ижозат сўрабди Комилжон, — кўнглим бироз беҳузур бўляпти.
 — Майли, борақол, — дебди қўрбоши. Комилжон дераза ёнига бориб, уни қия очибди-да, тўйиб нафас олгандан кейин гапида давом этибди:
— Ҳамма ишни ҳам бир-бир қилиб кўрибди, охири бўлмагач, ўрмондан ўтин олиб келиб сота бошлабди. Отамнинг бир ҳамроҳи бўлиб, у ҳам ўрмонга доим дадам билан бирга борар экан.
Ҳалиги ер ковлаётган қароқчи йигитлар ҳам ишни қўйиб бу камбағалнинг қўлига олтин қаердан келиб қолганини билгилари келиб, эшик ёнига ўтириб, “қисса”га қулоқ сола бошлашибди.
— Кунларнинг бирида, — деб давом этаверибди Комилжон, — отам билан ҳамроҳи бир тўнкани қазиб чиқаришаётганда шундайгина ёнларидаги ер ўпирилибди. “Бунда не ҳикмат бор экан?” деган хаёлда ҳалиги ерни галма-галдан қазишибди. Бироздан кейин кетмонлари бир сополга теккандек бўлибди. Қарасалар, хум эмиш. Кўп уриниб ҳалиги хумни чуқурдан чиқариб олишибди. Дадам тепада-ю, ўртоғи пастда — ўрада экан. Отам хумнинг оғзини очиб қараса… хум тўла олтин эмиш.
Шунда дадам: “Бутун умрим-ку қашшоқликда ўтди. Энди ҳамроҳимни ўрадан тортиб олсам, у подшоликка хабар берса, яна ҳеч нарсасиз қолавераманми?” деб ўйлабди. Шу хаёл билан у шеригига арқон ташламай турибди. Ҳамроҳи бечора бўлса тўхтовсиз: “Қани, арқонни ташламайсанми?” деб бақираётган эмиш. Охири дадам арқон ташламасликка қарор қилиб, секин-аста уйига жўнабди.
Бу гапни эшитган қароқчилар бир хум тиллалик бўлдик, дегандек бир-бирлари билан кўз уриштириб олишибди.
— Шериги дадамнинг феъли бузилганини сезган, шекилли, — деб гапида давом этибди Комилжон, — охирги кучини тўплаб, овозининг борича чақирибди. Дадам яна ўранинг оғзига келибди-да: “Нима гапинг бор?” дебди.
“Шунча бирга юриб, қашшоқлигимиздан сен меникига бормадинг, мен сеникига, — дебди у. — Майли, менинг ёшим қайтиб қолди, ўлимимга розиман. Аммо сенга бир васият қилай, шуни бажар. Уйим фалон ерда. Биргина ўғлим бор, унинг исми Дод. Унга тилладан уч-тўрт танга бериб, менинг уйга қайтиб бормаслигимни айтиб қўй. Бечораларнинг кўзи тўрт бўлиб ўтирмасин”.
Дадам маъюс бўлиб, чўнтагига беш-олтита олтин солиб, ҳамроҳининг эшигини топиб борибди.
 “Дод, ҳой Дод”, — дебди секингина. Уйдан ҳеч ким чиқмабди. “Дод”, дебди бироздан сўнг яна қаттиқроқ товуш билан. Ҳеч ким овоз бермасмиш.
(Қароқчилар бир қизиқ ҳодиса рўй берган бўлса керак, деган хаёлда бутун фикрларини бир ерга тўплаб, Комилжоннинг гапларига қулоқ солиб ўтиришганмиш.)
Отам эшикнинг бир табақасини очиб, “Дод” деб бақирибди. Овоз чиқмасмиш. (Шундай деб туриб, Комилжон деразани катта очиб олибди.) Кейин овозининг борича “Дод”, “Дод”, деб бақираверибди.
(Теварак-атрофда кўринаётган одам шарпаси Комилжонга яна ҳам қувват бағишлабди.)
— “Дод”, “Дод”, дер эмиш отам. У қилган ишига пушаймон экан. Уйдан овоз чиқмагандан кейин яна қаттиқ хафа бўлиб, кўз-ёши тўкибди-да, “Дод”, “Дод”, деб бақираверибди.
Бу вақт ичида атрофдаги кишилар “Дод” деган товушни эшитиб, ўзи нима гап экан, деганларича, ҳар ким қўлига тушган нарсани олиб, шу томонга югуриб келаверибди. Қўриқчиликда турган миршабларга ҳам дарҳол хабар етиб, бир зумда улар ҳам шу ерда ҳозир бўлишибди-ю, уйнинг атрофини ўраб олишибди.
Миршаблар халқнинг ёрдамида қароқчиларни тутиб олишибди.
Комилжон билан Ҳомилжонга бўлса катта совғалар беришибди, уларнинг фаҳм-у фаросатларига қойил қолишибди.
Шундан кейин халқ тинч ҳаёт кечира бошлабди. Йигитлар бўлса, мақсадларига етиб, она юртларига соғ-саломат қайтиб кетишган экан.