Девбачча

Қадим замонда бир бой бор экан. У бойнинг фарзанди йўқ экан. Бой кўп хотин олибди. Охирида бир хотинидан ўғил кўрибди. Бой борган сари камбағаллашиб қолибди, ўғли эса катта бўлаверибди. У бойнинг жўралари кўп экан, бой дўстларининг туз-намагини кўп еган экан. Бироқ ўғлини тўй қилиш учун бойнинг ҳеч нарсаси қолмабди.
Бой жўралари билан маслаҳатлашиб, тўйни ўтказмоқчи бўлибди. Жўралари қарз беришга ваъда қилишибди. “Қачон тўй қилсанг, бизга хабар бер”, деб кетишибди. Орадан бир неча йил ўтгач, бой тўй қилмоқчи бўлиб ҳаракат қилибди. Бироқ у жўраларини эсидан чиқариб юборган экан. Кунлардан бир кун тўйдан хабар олиш учун уч жўраси ўз хизматкорларини юборибди. Улар келиб бойнинг ҳовлисидан:
— Бой ака тўйини ўтказдими, йўқми? — деб сўрабди. Шу вақт бойнинг ўғли томда шохдор учириб турган эди. Бола “Нима ишингиз бор, тўй аллақачон бўлиб ўтган”, деб аччиғланиб жавоб берибди. Улар эса: “Бизлар шунча яхшилик қилдик, у билмади”, деб қайтиб кетибдилар. Бу қўпол ҳаракатдан хабар топган бойнинг жўралари аччиғланиб, бойнинг қишлоғига бостириб келибдилар. Бой ниҳоятда камбағаллашиб қолган экан. У югуриб ўғлининг олдига келиб:
— Эй, ўғил, энди нима қиламиз? У бойлар келиб бизнинг кулбамизни кўкка совуради, — дебди. Ўғли отасига:
— Қўрқманг, ота, — деб бутун рўзғор-анжомни бир арқонга боғлабди. Отасини ўнг кифтига, онасини чап кифтига кўтариб, ҳув-ё манҳу, — деб бир чўл-биёбонга жўнаб кетибди. Кўп йўл юрибди, йўл юрса-да, мўл юрибди. Бир дарёнинг лабига етиб келибди.
У ер турли мевалар билан тўла, олмалар пишган, тагига тушган, бир жаннатмакон ер экан. Бола ота-онасидан:
— Шу ерда яшаймизми? — деб сўрабди. Улар рози бўлишибди.
Ўша оқшом боланинг отаси қаттиқ касал бўлиб ўлибди. Бола отасини кафанлаб, гўр қазиб кўмибди. Ўзи эса отасининг гўрига гўрбон бўлиб ётибди. Ярим кеча бўлганда бир баҳайбат дев келиб отасининг гўрини тимдалайверибди, аққа-баққа тупроғини отибди. Ботир ўрнидан туриб:
— Сен қандай баҳайбат жондор, ўлик билан нима ишинг бор. Мен билан гаплаш, — дебди. Дев қулоқ солмай гўрни кавлайверибди. Шу чоқ ботирнинг аччиғи келиб, қўлига бир катта тош олиб девни қувлаб кетибди. Дев қочибди, бола қувлайверибди. Бориб-бориб дев бир баланд тоғнинг тагидаги ғорга кириб кетибди. Ботир ҳам ғорга кирибди. Қараса, ғорнинг ичида қирқ уй бор эмиш. Ҳаммасига тилла қулф урилганмиш. Қирқ уйнинг калити бир мушукнинг бўйнига тақилган эмиш.
Ботир мушукни авайлаб ушлаб олибди. Калитдан биттасини олиб, бир хонани очибди.
Қараса, дунёдаги ҳамма нарсадан бор эмиш. Уйни қулфлаб қайтиб чиқиб, ғорнинг оғзини бир тош билан бекитиб, онасининг олдига борибди. Борса, онаси ухлаб ётган эмиш. Нима бўлганини, кўрганини айтмасдан, онасини елкасига кўтариб ғорга қараб жўнабди. Ғорнинг оғзини очиб. онаси билан ичкари кирибди.
— Она, шу ерда яшаймиз, — деб онасини қўйиб, ўзи отхонадан бир от олиб миниб, шикорга чиқиб кетибди. Орадан бир неча ойлар ўтибди. Ботир бир кун овдан келаётса, йўлда бир чақалоқ йиғлаб ётган эмиш.
Ботир онасининг олдига кириб:
— Бир чақалоқ йиғлаб ётибди. Шуни сенга олиб келиб берсам, боқиб катта қилиб берасанми, у сенга ҳамроҳ бўлар эди, — деб маслаҳат қилибди. Бу чақалоқни онасининг ўзи туғган экан. Бола эрининг гўрини кавлаган девдан бўлган экан. Ўғлидан қўрқиб, у келадиган йўлга ётқизиб қўйган экан.
Кундан-кун, ойдан-ой ўтиб, бола йўртма бўлибди. Девни Ботир овга кетган вақтда онаси чўян сандиққа солиб қулфлаб қўяр экан. Ҳалиги йўртма бўлиб қолган бола “Ота, ота, сандиқдан баққа чиқ”, — деб чақирибди.
Акаси фаҳмлаб:
— Она, бу сандиқда нима бор? — деб сандиқни бир уриб уч бўлак қилиб ташлабди. Ичидан дев чиқиб ботир билан олишиб кетибди. Бола девни йиқитиб гўштини майдалаб, терисидан бир тасма олиб, белига боғлаб, онасини ҳам, дев укасини ҳам ташлаб “ҳаё-ҳу, ман-ҳу”, деб чиқиб кетибди. Ботир кўп йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Бир чўлга — бир равотга етиб борибди. Равотнинг бир чеккасига отини боғлаб, аққа-баққа қараб, қулоқ солса, равотнинг ичидан одам товуши чиқаётган эмиш. Бу жой ғирт ўғриларнинг макони экан. Ўғрилар суҳбат қилиб, “Бизлар кўп кишимиз. Орамизда бирорта муллабачча йўқ”,— деб турган экан. Бу сўзни ботир эшитиб, ўзини мулла қилиб кўрсатибди:
— Ассалому алайкум, — деб уларнинг олдига кириб борибди.
— Агар саломинг бўлмаса, икки ямлаб бир ютардик, — деб ўғриларнинг каттаси гап сўрабди. Ботир:
— Мен фалон шаҳарда муллабачча эдим, кўп турдим, дунёнинг бошқа ёқларини ҳам кўрай деб саёҳатга чиқиб, шу ерларга келиб қолдим, — деб жавоб берибди.
— Тилагимиз шу эди, — деб ўғрилар суюниб кетибди. Ботир булар билан юраверибди.
Энди гапни ғордаги онаси билан укасидан эшитинг. Укаси катта бўлиб, ақлини танигандан кейин, онасига ғазаб билан:
— Менинг отам, акам, ҳеч кишим йўқми? — деб сўрабди. Онаси:
— Бир қошиқ қонимдан ўтсанг айтаман, — деб ҳикоя қила бошлабди.
— Сенинг бир одамзод аканг бор эди. Жуда баджаҳл ботир эди. Сени мен девдан туғган эдим, отангни чўян сандиққа солиб қулфлаб қўяр эдим. Бир кун сен бориб: “Ота, ота сен баққа чиқ”, деб чақирганингда аканг, сандиқни уриб синдириб, отангни ўлдириб, ўзи чиқиб кетган.
Бу сўз болага таъсир қилиб:
— Бўлмаса, мен ҳам акамни ахтариб бораман,— деб отхонадан от олиб, акасининг либосига ўхшаш либосни кийиб кетидан жўнабди. Бола юра-юра акаси турган равотга етибди. Борса, ўғрилар йўқ экан, салом бериб кирибди, акасидан ҳол-аҳвол сўраб танишибди. Бироздан кейин, акаси:
— Ука, сен менинг ўрнимда муллавачча бўлиб, менинг хизматимни бажаравер, мен мамлакатнинг яна бошқа ерига бораман. Лекин бир бўртма шартим бор: ҳужрага икки товоқ ош қўйдим, кунига уч марта хабар ол, ош айнимаса мен соғ бўламан. Ошнинг бири қонга, бири йирингга айланса, менинг кетимдан албатта бор. Ўшанда сен менга ярайсан, деб жўнаб кетибди.
Ботир юра-юра бир қишлоққа етибди. Катта кўчада бўлаётган базм, тўполон устидан чиқибди. Ботир бир кишидан сўраса, шу шаҳар подшосининг тўйи экан. Тўй экан-да, деб Ботир ўтиб кетаверибди. Ботир кўп йўл юргандан кейин бир шаҳарга етиб борибди. Бу шаҳарда катта ва кичик ҳамма йиғлар эмиш. Ботир ўзича ўйлаб: “Бу қандай ҳодиса, у шаҳарда ўйин-кулги, бу жойда йиғи-сиғи”, деб бир кампирдан сўрабди.
Кампир:
— Ҳу тоғда бир аждарҳо бор, ҳар оқшом бир кишини ютади. Бу оқшом подшоҳимизнинг бирдан-бир қизини ютмоқчи. Шунинг учун ҳамма шаҳар халқи йиғи-сиғида, — дебди. Шунда ботир:
— Ажаб қизиқ, шунча халқ битта аждарҳодан қўрқиб, битта одам ютқизасизларми? — деб кампирга қараб кулибди. Кампир:
— Бошингга тушса, шунда биласан, — деб жавоб қайтарибди. Ботир ўша аждарҳо турган тепага қараб йўл олибди. Йўлда ўлиб ётган эшакни кўриб қолиб ўз кучини синаш учун эшакнинг думини тортибди. Эшак думи қўлига узилиб чиқибди. “Сен керак бўлиб қоларсан”, деб думни олиб бораётса, подшоҳнинг қизи аждарҳонинг йўлида турган экан. Қиз йигитни кўриб:
— Ҳой йигит, келма, жувонмарг бўласан”,— деб қичқирибди. Йигит “Ботир киши аждарҳодан қўрқадими”, деб қиличини яланғочлаб, қизнинг олдига борибди. Қиз билан хайрлашиб:
— Мен чарчаганман, бир ухлаб олай, — деб қизнинг тиззасига бошини қўйиб, қаттиқ уйқуга кетибди. Аждарҳо келар маҳал бўлиб қолибди. Аждарҳо дамига торта бошлабди, тоғ-тошлар титраб, ларзага келиб, тўполон бўлибди. Қиз йигитни аста уйғотибди. Ботир ҳеч уйғонмабди. Шу чоғ қиз йиғлаб турган экан, бир томчи кўз ёши йигитнинг юзига томибди, йигит сесканиб уйқудан турибди. Қараса, ваҳимаси зўр аждарҳо келаётган экан. Йигит аждарҳонинг йўлини тўсиб турибди.
Аждарҳо йигитни дамига тортган экан, йигит ўрнидан қимирламабди. Аждарҳо: “Бундай зўр кишини шу ёшга киргунимча кўрганим йўқ эди”, деб ваҳимага тушибди. Аждарҳо тантилик учун йигитнинг олдига келибди. Йигит: “Менинг бир шартим бор, аждарҳо. Шуни бажарсанг, мени ютарсан. Менга ўз юнгингдан битта юлиб берасан, жонинг оғримаса, мени ютасан”, дебди. Аждарҳо “Ҳа, хўп”, деб кўп азоб билан бир тукидан олиб ботирга берибди. “Ҳали сенинг берган тукинг шуми”, деб қўлтиғидаги эшак думини аждарҳога отибди. Аждарҳо қўрқиб кейинга чекиниб, қочаётганида ботир қиличи билан уриб уч бўлак қилиб, аждарҳонинг думини қизнинг қўлига олиб келиб берибди.
Йигит қизга қараб:
— Сен меники, мен сеники,— деб ваъдалашибди. Йигит:
— Сенинг отанг тўй қилмоқчими? — деса, қиз:
— Менинг бир шартим бор, кимки шу шартимни бажарса, шунга тегаман, — деб жўнаб кетибди.
Йигит бир сарҳовузнинг бўйида дам олиб ётибди. Подшоҳ қизимнинг ўлик-тириклиги хабарини ким олиб келса, тирик бўлса ҳам қизимни бераман, ҳам ўз ўрнимга подшоҳ қиламан, — деб жарчи қўйдирибди. Ҳеч ким аждарҳо қошига қўрқиб бормас эмиш. Шунда бир мард кал бор экан:
— Мен бораман, — деб жўнаб кетибди. Қўрғонга борса, қиз соғ-саломат ўйнаб-кулиб ўтирган экан. Кал қиздан сўрабди:
— Даҳшатли аждардан қандай қутулдинг?
— Мени бир азамат ботир йигит келиб қутқарди, — деб жавоб берибди. Кал:
— Ишонмайман, бу ёлғон, — дебди. Шунда қиз:
— Ишонмасанг, мана аждарҳонинг думи, — деб калнинг олдига ташлабди. Кал думни олиб қочибди. Кал подшоҳ олдига бориб:
— Мана мен аждарҳони ўлдириб келдим, — деб ўзини мақтабди.
Подшоҳ суюниб қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб қизни калга бермоқчи бўлибди.
Тўй бошланиб, тамом бўлар оқшоми қиз отасидан:
— Мени кимга беряпсизлар? — деб сўрабди. Подшоҳ:
— Сени фалончига беряпман,— деганда, қиз:
— Менинг бир шартим бор, ким шу шартимни бажарса, ўшанга тегаман: Кимдаки, қирқ дарахтни томири билан қўпориб олиб бошқа жойга ўтқазса, дарахтнинг учига носқовоқни осиб, ўқ ёй билан нос қовоқни синдирса, ўша кишига тегаман, — дебди.
Подшоҳ хавфланиб ҳаммаёққа яна жарчи қўйиб: “Ким шу шартларни бажарса, ўша кишига ҳам қизимни, ҳам тахтимни бераман”, — дебди. Ҳеч бир азамат бу шартларни бажара олмабди.
Подшоҳ вазирларидан: “Шаҳарда ҳеч ким қолмадими?”— деб сўрабди. Вазирлардан бири: “Ҳовузнинг бўйида бир номаълум йигит ётибди, фақат шу киши қолди”,— дебди. Подшоҳ:
— Чақириб келинглар, — деб буюрибди. Йигитни олиб келибдилар.
Шартни унга тушунтирибдилар. Қирқ дарахтни томири билан суғуриб олиб бошқа бир жойга ўтқазибди-да, учига носқовоқни боғлаб, ўқ ёй билан уриб, носқовоқни синдирибди. Подшоҳ ўз ваъдасида туриб, қизини ҳалиги ботир йигитга берибди.
Ярим кечада ботир далага чиқса, ой икки томондан чиққан эмиш. “Таҳсин, хосият”, деб қиздан сўрабди.
— Ойнинг биттаси ой, биттаси қўшни подшоҳнинг қизи. У ерга одам борса оёғи, қуш учса қаноти куяди, у ерга ҳеч қандай махлуқ боролмайди. Ким борса, ўша қизни йиқитса, ўша йигитга тегади — шарти шу, — деб жавоб берибди хотини.
— Бўлмаса мен бораман, — деб ботир у ердан жўнаб кетибди. Ботир у шаҳарга бора солиб ҳалиги қиз билан олишибди. Уч кун олишиб қиз йигитни йиқитибди. Ўлдирмоқчи бўлиб бўға бошлабди. Шу пайт подшоҳ хабардор бўлиб етиб келибди.
Бу йигитни ўлдирма, бу кўп зўр йигит экан, — деб йигитни қизи қўлидан айириб олиб зиндонга ташлабди.
Эндиги гапни ўғрилар қўлидаги Муллабачча укасидан сўранг. У акасининг шартини қилиб, ҳужрасидаги ошга кунига уч марта қарар экан. Бугун кириб қараса, ошнинг бири қонга, бири йирингга айланибди. “Оббо, акам ёмон аҳволга тушибди”, деб отланиб изидан жўнаб, акаси хотин олган шаҳарга борибди. Бу ҳам акасига ўхшар экан.
Подшоҳнинг даргоҳига бориб, ўзини билдирмай акаси хотинининг ҳужрасига кирибди.
Қиз “Бекорга бориб, овора бўлиб келдингиз”, деб гап очиб сир билдирибди. Йигитнинг укаси фаҳмласа, шу аёл акасининг хотини экан. “Хўп” деб ўша куни ётиб бир туш кўрибди. Тушида акаси жуда ёмон аҳволга тушиб қолган эмиш. Ўнгида ўша томонга қараб йўл олибди. Борса, қиз бирдан йигит билан олиша кетибди. Олти кеча, олти кундуз олишгандан сўнг ботирнинг укаси девбачча қизни ағдариб йиқитиб, сочи билан уни бўға бошлабди. Бирдан подшоҳ бу ишдан хабардор бўлиб, қизни айириб олибди. “Ботир акамни топиб бер”, деб подшоҳга ғазаб солибди. Подшоҳ ботир йигитни зиндондан чиқартирибди. Қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй қилиб кенжа ботирга ўз қизини бериб, ўз ўрнига подшоҳ қилибди. Ботир акаси эса, ўзи севган ёри билан топишиб мурод-мақсадига етибди.