Ўтган замонда бир чол қишлоқда тирикчилик ўтказа олмай, иш ахтариб шаҳарга борибди, мардикорчилик қилиб, бир оз пул йиғибди. У пулни сақлаш учун
ишончли одамга топширмоқчи бўлибди. Лекин яқинроқ кишиси йўқ экан. Ниҳоят, ўйлаб-ўйлаб, “Шу жамғарган беш-ўн танга пулимни шаҳар қозисига сақлаш учун берсам, яна мардикорчилик қилиб бир оз пул жамғарганимдан сўнг қозидаги пулни ҳам олиб, қишлоққа — бола-чақам ёнига кетсам” деган қарорга келибди.
Чол қозининг ҳузурига келиб:
— Ассалому алайкум, қози почча! — дебди. Қози:
— Ваалайкум ассалом, келинг, ота, хўш хизмат? — деб сўрабди.
— Тақсир, мен Оқжар қишлоғидан келганман, — дебди чол. — Бола-чақамни боқолмай шаҳарга иш қидириб келиб, мардикорчилик қилиб юрибман. Бир оз пул топиб сўнгра уйимга кетмоқчиман. Ҳозир йигарма танга пул жамғардим, яна бирор ҳафтача ишламоқчиман. Сиз шу йигирма тангамни кетгунимча сақлаб берсангиз, деб келдим.
— Баракалла ақлингизга, жони дилим билан сақлаб бераман. Қачон келсангиз пулингиз мана бу токчадаги халтада туради, — дебди қози.
Чол хурсанд бўлиб қозихонадан чиқиб кетибди. Орадан бир ҳафта ўтибди. Чол мардикорчилик қилиб яна беш-ўн танга ишлаб қозихонага келибди.
— Ассалому алайкум, қози почча, — дебди чол.
— Ваалайкум ассалом, — дебди қози. Чол икки қўлини қовуштириб, айтибди:
— Қози почча, мен қишлоққа қайтмоқчиман. Сизга омонат қолдирган пулларимга келдим.
— Ие, — дебди қози, — қанақа пул, қанақа омонат, қачон бергансан?
— Тақсир, бундан бир ҳафта илгари сизга омонат сақлаш учун йигирма танга пул бериб, “қишлоққа қайтарда олиб кетаман”, деган эдим. Сиз олиб қолган эдингиз, — дебди чол. Қози:
— Лаънати, аҳмоқ, қанақа омонат пул, туҳмат қилма! Гувоҳинг борми?! Жўна, жўна, кўзимга кўринма! — деб, қози чолни ҳайдаб юборибди. Чол:
— Тақсир, мен бечорани куйдирманг, қийналиб меҳнат қилиб топганман, жамғарма пулларимни қайтаринг, беш-олтита ёш болаларим бор. Шуларга раҳмингаз келсин, — деб ёлворибди. Қози эса қулоқ солмай, чолни уриб, ҳайдаб чиқариб юборибди.
Бечора чол кўчага чиқиб, ариқ бўйида хафа бўлиб, йиғлаб ўтирган экан, узоқдан бир паранжи ёпинган аёл келаверибди. Аёл чолнинг ёнига келиб:
— Отажон, сизга нима бўлди? Нега йиғлаб ўтирибсиз? — деб сўрабди.
— Эй қизим, — дебди чол, — сўраб нима қиласан, мен бир мушкул ишга йўлиқдим, чора тополмай, хафа бўлиб ўтирибман.
Аёл сачвонини кўтариб:
— Ота, бошингизга тушган мушкул ишни айтинг, балки мен чора топарман, — дебди.
— Болам, сўраб нима қиласан, — дебди чол. — Сен нима чора кўра олар эдинг.
Аёл қистайвергач, охири айтишга мажбур бўлибди. Чол ўтган воқеани сўзлаб бергач, аёл:
— Ота, мен бир йўл ахтариб, сизнинг бу ишингизга чора топишга уриниб кўраман. Агар уддасидан чиқсам, сиз ўз меҳнатингиз орқасида жамғарган пулингизни қайтариб оласиз. Сиз шу ерда туринг, мен уйга тезда бориб келаман, тағин кетиб қолманг, хўпми? — дебди. Чол кутмоқчи бўлибди. Аёл уйига бориб пардоз-андоз қилибди, янги кийимларини кийибди, янги духоба паранжи ёпинибди, қўлига дур солинган қутичани олиб, ўзи билан бир йигитчани эргаштириб, чолнинг ёнига келибди. У чолга:
— Ота, мен ҳозир қозихонага кираман, орадан бир оз вақт ўтгандан сўнг, сиз ҳам кириб боринг, қозидан пулингизни қистанг, қози мендан уялганидан пулингизни қайтариб беради. Сиз чиққанингиздан сўнг, йигитча киради ва нима дейишини ўзи билади, — дебди.
Аёл ичкарига кириб, қозига салом берибди. Қози ёлғиз ўтирган экан, аёлни кўриб:
— Ваалайкум ассалом, келинг қизим, келинг! Қандай хизмат билан келдингиз, ҳеч тортинмай айтаверинг! — дебди. Аёл қозига:
— Тақсир, мен фалон савдогарнинг хотиниман. Эрим савдога кетганда “мана шу дур солинган қутичага эҳтиёт бўл, агарда ўзинг уйда сақлашга қўрқсанг, қози поччамга олиб борсанг, у киши сақлаб берадилар”, деб тайинлаб кетган эди. Мен бу қимматбаҳо дурни уйда сақлашдан хавотирланиб, сизга олиб келдим, шунга нима дейсиз? — дебди. Шунда қозининг қулоғи диккайиб, севинганидан икки қўлини узатиб қутини олибди, ичини очиб дурларга кўзи тушиб, ўпкасини босолмай:
— Баракалла қизим, ақлингга балли, мен бу дурларни жоним билан сақлаб бераман, — дебди. Худди шу пайтда эшикдан чол кирибди. Қози чолга қараб:
— Ма ол, нокас одам экансан-да, деб токчада турган тангани халта-палтаси билан чолга отиб юборибди. Чол пулни олганига севиниб жўнаб қолибди.
Чол қозихонадан чиқиши биланоқ аёл билан келган бола тўппа-тўғри қозихонага кириб:
— Ая, ая, поччамлар келдилар. “Тезда бориб келинойингни айтиб кел”, деб сизга юбордилар, юрармишсиз, — дебди. Шунда аёл ўнғайсизланган бўлиб:
— Тақсир, узр, куёвингиз савдодан қайтиб келибдилар, — деб секин қозидан қутичани олиб, бекитибди-да, қозихонадан чиқибди. Қози ҳайрон бўлганча, ўтирган ўрнида қотиб қолибди.
Аёл қозихонадан чиқса, чол уни кутиб турган экан. Чол қувона-қувона аёлга:
— Раҳмат, қизим, муродингга ет, қўшганинг билан қўша қари, — дебди хайрлашиб ва қишлоғига равона булибди.