Қадим замонда бир бойнинг уч ўғли бўлган экан. Бой жуда бадавлат экан. Бой ўзининг ҳаётлигида ўғилларини уйлантирибди. Катта келин жуда жанжалкаш, ўртанча келин мол дунёга ҳирс қўйган, кичик келин эса жуда хушфеъл экан. Бой ўлганидан сўнг, ўғиллари отасидан қолган дунёни бўлишиб олишибди ва шу билан учала келин ҳам ўзларича мол тақсимлаб олишибди.
Бойнинг давлати шу билан кетибди. Давлат кетибди-ю, лекин бир нарсасини қолдириб кетгандай бўлибди. У яна шу ҳовлига кириб, келинлар билан хўшлашмоқ учун аввал катта келиннинг олдига борибди. У:
— Мен кетмоқчиман, мендан нима истагинг бўлса, талаб қилиб олгин, — дебди. Катта келин керилиб-бурилиб:
— Кетар эмиш!.. Кетсанг кетавер, менга мана шу дунё умримнинг охиригача етиб ортади, — деб уйидаги нарсаларини кўз-кўз қилибди.
Давлат хафа бўлиб ҳовлидан чиқибди-да, ўртанча келиннинг ҳовлисига кириб айтибди:
— Келин, мен кетмоқчиман, мендан нима истасанг, олиб қолгин.
Келин:
— Менга яхши-яхши кийимлар, бир неча йилга етадиган пул қолдириб кетсанг, мен сендан розиман, — дебди. Давлат ўртанча келинга шу замон бир неча йилга етгудай пул-дунё, яхши-яхши кийимлар тайёр қилибди-да, хўшлашиб чиқиб, кичкина келиннинг ҳовлисига кирибди.
Кириб қараса, кичик келин хафа бўлиб ўтирганмиш. Давлат секин келиб, унинг қаршисига ўтирибди.
— Нега бошингни ерга солиб ўтирибсан? — деб сўрабди Давлат.
— Нега хафа бўлмас эканман, ахир бой отам дунёдан ўтиб кетди-ю, рўзғоримиз бўлинди, оғиз бирлигимиз йўқолди, — дебди кичик келин. Шунда Давлат кичик келинга:
— Мен ҳам сен билан хайрлашиш учун келдим. Мендан нима тилагиш бўлса тилаб олгин, мен кетаман, — дебди.
Бу сўзни эшитган кичик келин хафа бўлибди-да, Давлатга қараб:
— Агар мақсадингиз мендан кетиш экан, сиздан тилаб олган нарса мен учун умрлик бўлармиди? Менга ҳеч нарса керак эмас. Агар элим, эрим билан куним оғиз бирликда, ростгўйликда ўтса, ҳалол меҳнатимиз билан яшасак, шунинг ўзи менинг сиздан тилаган тилагим бўлади, — деб жимгина ерга қарабди. Шунда Давлат хушвақт бўлиб, келиннинг бошини силаб, пешонасидан ўпиб шундай дебди:
— Мен кетиб сендан аълороқ жойни топармидим? Мен ҳам қаерда оғиз бирлик, ростгўйлик, ҳалол меҳнатли кишилар бўлса, шу ерга бораман. Мен ана шу кишиларнинг бойлигиман, хафа бўлма, мен сен билан қоламан.
Келин кўзларидан севинч ёшларини тўкиб турганида эшикдан эри кириб келибди. Келин эрини яхши муомалалар билан кутиб олибди, эри ҳам хотинининг пешонасидан ўпибди. Буларнинг яхшилигини, ўзаро аҳилликларини кўриб турган Давлат шод бўлиб, уларнинг ҳовлисида яшаб қолган экан.