Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир бошпанасиз чўпон бор экан. У жуда қашшоқ ва кимсасиз экан. Лекин чўпон жуда меҳнаткаш экан, доимо одамларнинг оғирини енгил қилиб, қўлидан келган ёрдамини аямас экан. Чўпон тақдир бир кун келиб унга кулиб боқишига умид қилиб юрар экан.
Бир куни чўпон яйловда қўй боқиб юрганида бир нуроний чол келиб, ундан бир бурда нон сўрабди. Йигит ўзининг озгина нонини чол билан баҳам кўрибди. Чол раҳмат айтиб, чўпонга битта най берибди ва:
— Ўғлим, сен меҳрибон, қўли очиқ йигит экансан. Бу най — сеники. У — сеҳрли. Чалганингда сен ҳамма ташвишу ғамларингни унутасан. Унинг куйи сенга шодлик ва бахтиёрлик олиб келади, — дебди ва кўздан ғойиб бўлибди.
Шу-шу йигитга бу най овунчоқ бўлиб қолибди.
Қишлоқда донғи кетган бир бой яшар экан. Унинг ҳамма нарсаси етарли экану, лекин соғлиғининг мазаси йўқ экан. Унинг касалига ҳеч ким шифо тополмас экан. Бой кечалари алахсираб ухлолмай чиқар экан.
Бир куни кечаси бой узоқдан най овозини эшитиб, унга маҳлиё бўлиб қолибди. Ўзи ҳам сезмай, аста-секин шу овоз келган томонга қараб кетаверибди. Юриб-юриб бир қоронғи кулбага келиб қолибди, най овози ўша ердан эшитилаётган экан. Кириб қараса, бир йигит най чалиб ўтирган эмиш. Бой йигитга қараб:
— Эй йигит, сенинг куйинг менга жуда ҳам ёқди, гўё соғайиб кетгандек бўлдим. Мен анчадан бери касал эдим, ҳеч ким дардимга шифо топган эмас эди. Мен бутунлай соғайиб кетишни истайман. Сен мени шунчалик туриб юришимга, ўзимни яхши ҳис қилишимга ёрдам бердинг. Бундан кейин янада соғайиб кетишим учун нима қилишим керак? — деб маслаҳат сўрабди.
— Эй бой ота, дардингизнинг даъвоси осон. Менинг айтганларимни бажарсангиз, тузалиб кетасиз. Сиз давлатингизни асло камбағал-қашшоқлардан аяманг, етим-есирларнинг бошини силанг. Одамлардан яхшилигингизни ҳеч аяманг. Шунда сиз бутунлай соғайиб кетасиз, — дебди чўпон.
Бой анча хасис экан. Шунинг учун йигитнинг айтган гаплари унга ҳечам ёқмабди. Лекин бутунлай соғайиб кетмаса ёки касал бўлиб ётиб қолса, ҳамма бойлиги қолиб кетишини ўйлаб, яна иккиланиб қолибди. Охири йигитнинг айтганларини қилишга рози бўлибди. Қлшлоқдаги камбағал-қашшоқларни йиғиб катта зиёфат қилиб берибди. Уларга нарсалар ҳам улашибди. Қишлоқдаги барча камбағаллар хурсанд бўлиб, бойга “узоқ умр, соғлиқ, давлати бундан ҳам кўп бўлишини” истаб, ҳаққига дуо қилиб, уй-уйларига тарқалибдилар.
Шу-шу бой дарддан бутунлай халос бўлиб, ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетибди. Бой йигитнинг ақллилигига қойил қолиб, ўзининг якка-ю ягона соҳибжамол қизини уч кеча-ю уч кундуз тўй қилиб чўпонга берибди.