Чол билан сичқон

Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан. Қадим замонда шу гўзал Нанай томонда бир чол-у кампир бор экан. Булар бахт учун туғилган экан. Аммо чоли тушмагур анқовроқ экан.
Кунлардан бирида кампир чолга ўтин олиб келишни буюрибди ва қўлига ўроқ билан нон берибди. Чол ўтинга борибди-ю, ўроғини йўқотиб, қуруқ қайтибди. Чол бўлган воқеани айтибди. Кампир чолни роса койибди. Кампир яна чолни ўтинга юборибди.
Бу сафар у чолга пишган кишмиш билан нон берибди. Чол овқатни бир шум сичқонга олдирибди, оч қайтибди. Кейин у кампирига ҳасрат қилибди. Аммо чоли тушмагур муғомбир экан. У сичқон билан жуда қалин дўст-улфат экан. Овқатни ҳам у билан баҳам кўришни истар экан. Кампир аччиғидан оташкуракни қиздириб, сичқон ёнига борибди. Кампир овозини чолнинг овозига ўхшатиб:

— Ҳой, сичқонжон, сичқонжон,
Оғзингни оч, улфатжон.
Мен кишмиш олиб келдим
Оч оғзингни ўртоқжон, —

дебди. Сичқон очкўзлигидан уйида туриб, оғзини очган экан, кампир оташкуракни сичқоннинг оғзига тиқиб юборибди. Сичқоннинг оғзи куйиб қолибди. Эртасига чол яна сичқонжоннинг олдига келибди. У дўстини овқатга чақирибди. Бечора сичқонжоннинг ғазаби келиб, чийиллабди:

— Чий-чий, кет нари,
Сира келма мен сари.
Сен сабаб оғзим куйди,
Чий-чий кет нари.
Сен сабаб бўғзим куйди,
Сира келма мен сари, —

дебди.