Булбул

Боғбон боғда ишлаб юрган экан. Бир булбул келиб ҳадеб сайрайверибди. Шунда тузоқни кўрмаган булбул дарахтга учиб келиб қўнибди ва тузоққа илиниб қолибди. Буни кўргаи боғбон, уни олиб тушибди. Қафас топиб келиб, булбулни солиб қўйибди.
Бир куни булбул тилга кириб, одамга ўхшаб сўзлабди:
— Эй, боғбон, мени қўйиб юборсанг, бир гапни айтардим.
Боғбон ҳайрон қолибди. Чунки ҳеч ким булбулнинг гапирганини эшитмаган экан. Боғбон булбулни қўйиб юборибди. Озод бўлган булбул боғбонга қараб шундай дебди:
— Эй, боғбон, ўша гулнинг тагини ковласанг, бир хумча олтин чиқади.
Боғбон булбул айтган гулнинг тагини ковлабди. У ердан бир хумча олтин чиқибди. Булбулнинг айтгани рост чиққанини кўриб, боғбон таажжубланиб:
— Эй, булбул, шунча ернинг тагидагини кўрар экансан-у, аммо кўзингни рўпарасидаги тузоқни кўрмай илинганингга ҳайрон қоламан, — дебди.
Буни эшитган булбул шундай дебди:
— Бу кўрчилик, кулфатни тортишим азалдан ёзилган экан. Бунга донолик кор қилмайди.