Бойвачча билан пари

Бор экан йўқ экан, оч экан, тўқ экан, бир бой бор экан. У бойнинг уч ўғли бор экан. Ўғиллар вояга етгач бой аввал икки ўғлини уйлантириб, уй-жойли қилибди. Кейин кенжа ўғлини уйлантирмоқчи бўлибди. Кенжа ўғил Сари ёй отар экан. Бир кун Сари ёй олиб, ов овлаб юрган экан, бир ердан бир тустовуқ учиб тоғнинг камарига қараб, кетаверибди. Кенжа ўғил тустовуқнинг орқасидан бир ўқни камонга солиб отибди, ўқи тустовуққа тегмабди. Тустовуқ бир ғорга кириб кетибди. Кенжа ўғил Сари ёйнинг ўқини олайин деб ғорга кирибди. Бориб кўрса, ғор париларнинг макони экан. Шу орада бир ёшгина пари қиз келиб, унинг қўлидан ушлаб етаклаб кетибди. Йигит ғорнинг ичида парилар билан қўшилиб қирқ кун юрибди. Қирқ кундан кейин йигитнинг қўлидан ушлаб ғорнинг ичига олиб кирган пари қиз айтибди:
— Э йигит, сен қайси юртдан бўласан?
— Мен фалон юртдан бўламан, — дебди кенжа ўғил. Пари яна сўрабди:
— Сенинг ота-онанг, қариндош-уруғинг борми?
Йигит:
— Ҳа, отам, энам, икки акам бор, бошқа қариндошларим ҳам бор, — дебди.
— Ундай бўлса энди сен юртингга бориб, отангга: “Эй ота, менга бир равот солиб беринг!” дегин. Отанг: “Равотни нима қиласан, ўғлим?” деса, “Ўзим кириб-чиқиб юраман”, дегин, — дебди пари.
Пари бу гапларни ўргатиб, йигитни ўз юртига жўнатибди. Кенжа ўғил уйига келгач, отаси билан кўришиб, сўрашиб ўтирибди.
Йигит отасига айтибди:
— Ота, менга бир катта равот солиб беринг!
— Ўғлим, сенга равотнинг нима кераги бор? Аввал уйлангин, жойлангин, ундан кейин равот қуриб бераман-да, болам, — дебди отаси.
Кенжа ўғил:
— Э ота, уйим-жойим бўлмаса ҳам ўзим кириб-чиқиб юраман-да, дебди. Бой:
— Хўп, ўғлим, — дебди ва усталарни олиб келиб, бир яхши гумбирлаган равот солиб берибди.
— Ана, ўғлим, равот битди, —дебди бой. Кенжа ўғил тағин ёй олиб овга чиқиб кетибди. Айланиб-айланиб, яна парилар яшайдиган ғорга борибди. Йигитни пари қиз кутиб ўтирган экан. Уни кўриши биланоқ яна қўлидан ушлаб, етаклаб, ичкарига олиб кирибди. Йигит пари қиз билан ўйнаб-кулиб юраверибди. Бир неча кун ўтгач, йигит парига айтибди:
— Энди мен кетаман, — дебди. Пари айтибди:
— Кетсанг, отангга бориб, “Ота, бу равотнинг ичига оқ ўтов тикиб беринг”, — дегин. Йигит пари билан хўшлашиб, уйига жўнабди. Бойвачча уйига бориб отасига айтибди:
— Ота, равотнинг ичига бир оқ ўтов тикиб беринг!
— Хотининг бўлмаса, ўтовни нима қиласан, ўғлим? — дебди отаси.
— Ўзим унда ётиб юраман-да, — дебди йигит:
— Ҳа, дуруст, — дебди-да, бир ярқиллаган оқ ўтов тикиб берибди.
Бой ўғлига айтибди:
— Ўғлим, мана ўтовинг ҳам битди.
Йигит яна ёйни олиб, овга чиқиб, парилар турадиган ғорга борибди. Пари қиз йигитни кутиб ўтирган экан, уни кўриши биланоқ олдига келиб: “Ўтов тикдингизми?” деб сўрабди. Йигит:
— Ўтов ҳам тайёр бўлди, — дебди. Пари:
— Ўтов битган бўлса, юринг энди борайлик, — деб йўлга чиқибди.
Пари қиз йигит билан биргаликда йўлга чиқиб, равотга келиб, оқ ўтовга кирибди. Улар ҳар иккиси эр-хотин бўлиб яшай берибдилар.
Пари қизнинг одати қизиқ экан, у одамларнинг кўзига мушук бўлиб, кенжа ўғилнинг кўзига пари қиз бўлиб кўринар экан.
Кунлардан бир куни йигитнинг отаси ўз кўнглида: “Бориб ўғлимдан бир хабар олайин, равотда нима қилар экан, бир билиб келайин”, деб равотга борибди. Ўтовга кириб қараса, кенжа ўғли бир ўзи ўтирган эмиш, ёнбошида эса бир мушук бор эмиш.
Бой ўғлидан:
— Болам, нима қилиб ўтирибсан?— деб сўрабди. Йигит:
— Ота, ичкари кираман, ташқари чиқаман, мана бу мушугим бор, шу билан овуниб ўтирибман-да, — деб жавоб берибди.
Бой ўғли билан бироз сўзлашиб ўтириб уйига кетибди.
Орадан тўрт-беш кун ўтибди, шунда пари йигитга: “Отангизнинг уйига бориб, бош ювиш учун бир жом олиб келинг”, дебди.
Йигит уйига бориб катта акасининг хотинидан бир пиёла қатиқ сўрабди. Келин ойиси бир пиёла қатиқ берибди. Йигит равотга қатиқ олиб келибди.
Пари айтибди:
— Бир пиёла қатиқ бош ювиш учун етадими? Кўпроқ олиб келсангиз бўларди. Ҳали ҳам бўлса бориб яна қатиқ олиб келинг, — дебди. Йигит бориб яна келин ойисидан бир коса қатиқ олиб келибди.
Пари айтибди:
— Бош ювиш ҳам ўйинчоқми? Боринг, бир корсон қатиқ олиб келинг, — дебди. Йигит бориб бир корсон қатиқ билан жом олиб келибди.
Пари бошини ювмоқчи бўлиб, йигитга:
— Энди сиз эшикка чиқиб туринг, — дебди. Йигит эшикка чиқиб турибди.
Пари сочини ёзиб, бир сандалнинг устига чиқиб юва берибди. Йигит кўнглида: бир кўрайин, парининг сочи қандай бўлар экан? — деб ўйлабди. Секин билдирмай, ўтовнинг бир кичик тешигидан қарабди. Кўрса, парининг ўзи сандалнинг устида тикка турибди, сочи эса ерга тегиб турибди.
“Э, парининг сочига кўп қатиқ кетганича бор экан”, деб ўйлабди. У пари бошини ювиб бўлгандан сўнг ўтовга кирибди. Йигит пари билан ўйнаб-кулиб юра берибди.
Кунлардан бир кун йигитнинг отаси равотга келиб, ўғлим нима қилиб ўтирган экан, деб секин ўтовга қарабди. Ўтов ичида ўғли билан бир пари ўтирган эмиш, унинг ҳусни атрофни ёритиб турган эмиш. Унинг жамоли ҳатто қоронғу кечани ҳам ёритар эмиш. Бой ичидан қувониб кетибди.
— Болапақир равот билан ўтовга лойиқ хотин топиб олибди, — деб димоғи чоғ бўлиб, келганини уларга билдирмай, индамасдан уйига қайтиб кетибди.
Кундан-кун, ойдан-ой, йилдан-йил ўтибди. Бойнинг бир қариндоши тўй қилмоқчи бўлибди. Бой тўйга нон ёптириб юбориш учун икки ўғлига бир ботмондан икки ботмон ун, сарпо қилиб юбориш учун бир қанча мато берибди.
Буни эшитган пари келин, йигитга:
— Сиз ҳам бориб отангиздан ун, тикиш учун мато олиб келинг, — дебди. Йигит:
— Сиз пари бўлсангиз, нонни қандай қилиб ёпасиз? Матони қандай қилиб тикасиз? Отам “Нима қиласан?” деб сўраса, мен нима деб жавоб бераман? — дебди. Пари айтибди:
— Унни бир амаллаб кумоч қилиб берармиз, матони эса йўрмаси йирик бўлса ҳам бир амаллаб кийим қилиб берармиз.
Йигит уйига бориб отасига айтибди:
— Бизга ҳам ун, мато беринг.
Буни эшитган келин ойиларидан бири:
— Ҳой бойвачча, хотинингиз бўлмаса, унни қандай қилиб нон қилдирасиз, сарпони қандай қилиб тикасиз? — дебди.
Йигит уларга хотинининг сўзини айтибди, ун ва матони олиб, равотга қайтибди. Йигит хомуш бўлиб парига айтибди:
— Айтганларингизни олиб келдим. Энди нонни қандай ёпамиз, матодан кийимларни қандай тикамиз?
Пари:
— Сизнинг бу ун билан ва бу сарпо тикишлар билан ишингиз бўлмасин! Сиз ўзингиз кўрган ғорга бориб, ичкари кирмай, ”Ҳой, парилар, о, парилар, орангизда яхши нон ёпувчи новвойлар, яхши кийим тикувчилар, менинг ёнимга келаверинглар!” деб чақиринг, улар ичкаридан чиқиб, “Йигит, келаверинг”, дейдилар. Сиз ичкари кирмай, орқага қайтасиз, — дебди.
Бугун ўтди, тонг отди.
Йигит Сари ёйни олиб, ғорга қараб жўнабди. Йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди, эртаси чошгоҳда ғорга етибди. Йигит ғорнинг оғзига бориб:
— Ҳой, ҳой парилар, о, парилар, яхши нон ёпувчи новвойлар, яхши кийим тикувчилар, менинг ёнимга келаверинглар! — дебди.
Парилар чиқиб йигитга:
— Ичкарига кира беринг, — дейишибди, йигит ичкари кирмай, орқасига қайтибди. Бир кеча-ю, бир кундуз йўл юриб равотга қайтиб келибди. Пари сўрабди:
— Айтиб келдингизми?
— Айтиб келдим, — деб жавоб берибди йигит. Орқасидан икки пари келиб, бир уй унни хамир қилиб нон ёпибди.
Яна бир уй матодан тўн ва ҳар хил кийим-кечаклар тикибди. Келган парилар ишни тугатиб, яна ғорга қайтиб кетибди. Булар эр-хотин кийимларни бекитиб, нонни яхшилаб тахлаб қўйишибди.
Бойнинг катта келинлари маслаҳат қилиб:
— Бойвачча нима қилиб ётган экан, бориб бир хабар олиб келайлик, — дейишибди. Икки катта келин равотга яқин бориб қарашса, кенжа ўғил пари билан иккови ўтовда гаплашиб ўтирган эмиш. Улар ичкари кириб ўтиргач: “Олиб келган нарсаларингизни нима қилдингизлар? — деб сўрабдилар.
Пари эса:
— Унни кўмоч қилдик, матоларни ҳам улай-булай қилиб, тикиб қўйдик, — деб жавоб берибди.
Катта келинларидан бири паридан сўрабди:
— Тўйга сиз нима кийиб борасиз? Бошингизга нима ёпинасиз?
Пари айтибди:
— Мен қоғоздан қилинган кўйлак, камзул кийиб, қоғоздан қилинган паранжи ёпиниб бораман.
Катта келинлар уйга қайтишибди: “Бизлар ҳам шундай қиламиз?” деб ўйлашиб, унни кўмоч қилиб, матолардан кийим тикишиб чокини йирик йўрма қилишибди.
Хайр, қиссани калта қилмоқ керак. Бойнинг қариндоши тўйга айтувчи юборибди.
Ҳамма тўйга жўнамоқчи бўлибди.
Бойнинг кичкина келини чиройли патир нонларни, этаги кенг бурмали, ёқаси равон тикилган кийим-кечакларни бир қопга солиб, оғзини бўғиб тайёрлаб қўйибди. Ўзи эса шоҳи кимхоб, адрас кийимларни кийиб, унинг устидан қоғоздан ясалган либосларни кийиб тайёр бўлиб ўти-рибди.
Энди икки оғиз сўзни бойнинг катта келинларидан эшитинг. Бойнинг икки катта келини ҳам қилган кўмочларини бир қопга, тикилган кийимларни иккинчи қопга солиб тайёрлаб қўйибдилар. Улар ҳеч қандай либос киймай қоғоздан ясалган либосларнигина кийиб, тайёрланиб турибдилар.
Бой от-арава қилиб, уч келинни бир аравага, бошқа нарсаларни иккинчи бир аравага солиб, тўйга жўнабди.
Йўлда бирдан шамол туриб тўполон бўлиб, ҳавога бир қора булут чиқибди, ёмғир қуя бошлабди. Келинларнинг қоғоздан ясалган либослари ивиб, устларидан тушиб кетибди. Парининг қоғоз либоси остидан кийими ярқираб кўринибди, унинг ҳуснига ҳусн қўшибди.
Икки катта келин бирдай яланғоч бўлиб қолибдилар.
Улар шундай шармандагарчилик билан тўйхонага етиб боришибди. Бойнинг ўғиллари икки келинни бу аҳволда кўриб, уялиб келинга дарров уст-бош бериб, кийинтириб қўйибди.
Ўғил ва келинлар тўйхонага кириб, уй эгасини чақириб “Тўй қутлуғ бўлсин” дейишибди. Ҳар қайси келин ўзи ёпиб келган нонни, тикиб келган кийимларини кўрсатмоқчи бўлишибди.
Аввал бошлаб бойнинг икки катта келини ёпиб келган нонларини кўрсатишибди. Тўйхонадагилар қарашса, ҳаммаси кулга ўхшаган кўмоч эмиш, тикиб келган кийимларини кўрсатишибди, қарашса, кийимлар ҳам расво, кийиб бўлмайдиган эмиш.
Навбат бойнинг пари келинига етибди. Бу ҳам ёпиб келган нонларини, тикиб келган кийим-кечакларини бирма-бир кўрсатибди.
Нонлари новвойнинг нонидан ҳам чиройли, кийимлари уста тикувчиларнинг кийимларидан ҳам гўзал тикилган эмиш. Тўйхонадаги ҳамма одамлар бу кийимларни ва нонларни кўриб ҳайрон бўлиб томоша қилибдилар. Тўйхонадаги бир одам бойдан:
— Кичкина ўғлингизни қаердан уйлантиргансиз, бой бобо? — деб сўрабди.
— Нариги қишлоқдаги бир камбағалнинг қизи, — дебди бой.
Кеч бўлгач, бой ўғиллари билан бир уйда ётибди. Келинлар бошқа бир уйда ётибди. Ҳамма ётгандан кейин бой кичкина ўғлини бир овлоққа чақириб олиб секин сўрабди:
— Болам, аёлингнинг мушук либосини қаерга қўйгансан?
— Сўраб нима қиласиз, ота? —дебди кенжа ўғил.
— Эй болам, сўрайман-да, — деб жавоб берибди чол.
Кенжа ўғил гапни чалғитибди. Бой ҳеч айтмаганига қўймабди. Охири кенжа ўғил айтибди:
— Парининг мушук тери либосини бўз отнинг челгиси орасига қўйганман.
Бой бўз отнинг челгиси орасидан парининг мушук либосини олиб, ўтга ташлабди. Мушук либосининг куйган иси парининг димоғига урибди.
Пари бир кишига:
— Менинг эримни чақириб келинг! — дебди. У топиб келибди.
Кенжа ўғил хотинининг ёнига келиб:
— Ҳа, нима дейсан?— деб сўрабди. Пари айтибди:
— Эй йигит, энди қирқ ботмон темирдан ҳасса ясайсан, қирқ ботмон темирдан чориқ тикасан, ҳассанг жуволдиздай бўлгунча, чориғинг ғалвирдай бўлгунча мени излайсан. Энди сен менга йўқ, мен сенга йўқ, — деб бир парвоз қилиб, ўтовнинг туйнугидан чиқиб кетибди. Кенжа ўғил чапак чалиб қолаверибди.
Бугун ўтибди, тонг отибди, тўй тарқабди, меҳмонларнинг ҳар қайсиси уй-уйига кетибди. Бой ҳам ўғиллари билан уйига қайтибди.
Кенжа ўғил қирқ ботмон темирдан ҳасса қилиб, қирқ ботмон темирдан чориқ қилиб кийиб олибди. Энди кенжа ўғил парини излаб юра версин, гапни бойдан эшитинг.
Кундан-кун, ойдан-ой, йилдан-йил ўтибди.
Бир кун бой айтибди:
— Ўғлимнинг йўқ бўлганига уч йил бўлди, бунинг бор-йўқлигини билайин, агар йўқ бўлса, хатми қуръон қилайин, — дебди. Тўрт ёққа тўрт одам юборибди. Ҳар қайсиси бир ойлик озиқ олиб чиқиб кетибди.
Излаб-излаб, ўттиз беш кун деганда тўрттови тўрт ёқдан қайтиб бойнинг олдига келибди. Бой улар билан сўрашгандан кейин:
— Ҳеч хабар топдиларингми? — деб сўрабди.
Улардан бири жавоб берибди:
— Эй бой бобо, ўғлингизнинг кетганига уч йилдан ошиб бораётир. Бор бўлса қаерда бўлса ҳам келар эди. Энди у ёғини ўзингиз биласиз, — дебди. Бой катта ўғиллари билан ўйлашиб, кенгашиб, қишлоғининг катта-кичигини йиғиб, ўғлининг худойисини ўтказибди.
Булар худойи қила турсин, энди икки оғиз сўзни кенжа ўғилдан эшитинг.
Кенжа ўғил тоғ, саҳро, дашт-биёбонларни кезибди. Кунлардан бир кун юриб-юриб йўли бир равот ёнидан тушиб қолибди. Равотнинг ёнида бир сарҳовуз бор экан. Сув талаб бўлган йигит бир дам нафасимни ростлаб олайин деб, ҳалиги ҳовузнинг лабига бориб ўтирибди. Шу орада равотдан бир бола чиқиб, қўлидаги обдастани ҳовуздан тўлдириб олибди. У кетаётганида йигит болани чақирибди:
— Эй бола, сувингни олиб кел, бир ичиб берайин.
Бола:
— Сен қандай одамсан, олдингда сув турибди-ку, менга сув бер дейсан, — деб кетаверибди.
— Шу обдастангдаги сув қон бўлиб қолсин! — дебди йигит.
Бу равотда ялмоғиз кампир яшар экан. Сув олиб кириб кетган бола кампирнинг хизматкори экан. Йигитнинг излаб юрган париси ҳам шу ерда экан. Пари болани сувга чиқарган экан. Бола сувни олиб кирганда: “Қуй қўлимга!” дебди пари. Бола қуйибди, парининг қўлига сув эмас, қип-қизил қон қуйилибди. Пари:
— Ҳа, жувонмарг, мен сенга сув олиб кел десам, қон олиб келибсан-да, — дебди. Бола ҳайрон бўлибди. Яна ҳовузга сув олиш учун чиқибди. Бола обдастани чайқаб-чайқаб ташлаб, яна тўлдириб сув олиб қайтибди. Буни кўриб турган йигит:
— Ҳай бола, обдастангни олиб кел, сувингдан бир ичиб берайин, — дебди.
— Эй, сен қандай одамсан, олдингда ҳовуз туриб, сув тилайсан, ичсанг ҳовуздан ичавер-да, — деб сувни олиб кетаверибди.
— Шу сувинг йиринг бўлиб қуйилсин, — дебди йигит. Бола сувни ичкарига олиб кирибди. Пари:
— Қуй қўлимга! — дебди. Бола сувни парининг қўлига қуйибди.
Сув йиринг бўлиб қуйилибди. Пари болани уришиб:
— Жувонмарг, сен бундай эмас эдинг-ку, сенга бир бало бўлдими, ҳали қон тўлдириб келасан, ҳали йиринг тўлдириб келасан, ҳовузнинг лабида нима бор? Айт! — деб бир-икки тарсаки урибди. Бола:
— Ҳовузнинг лабида бир йигит ўтирибди, мен ҳар сафар сув олиб кетаётганимда “Ҳай бола, сувингни олиб кел, бир ичиб берайин” деб, мендан сув сўрайди. Мен унга сув бермай, олиб келаман, — дебди.
— Бор, энди у сув сўраса, ичириб олиб кел, — дебди пари:
Бола яна обдастани чайқаб-чайқаб ҳовуздан тоза сув олиб келаётганда йигит, чақириб: “Ҳой бола, обдастангни олиб кел, сувингдан бир ичиб берайин” дебди. Бола бу сафар обдастадаги сувни йигитга тутибди. Йигитнинг қўлида парининг бир узуги бор экан, шу узукни обдаста ичига ташлаб юборибди. Йигит сўрабди.
— Эй бола, бу сувни нима қиласан?
Бола:
— Опамнинг қўлига қуяман, — дебди. Йигит болага ўргатибди.
— Опангнинг қўлига қуйсанг, аввал жиндай томиз, “Қуй” деса яна бироз томиз. “Дурустроқ қуй” деса обдастадаги ҳамма сувни ағдариб юбор, — дебди. Бола сувни олиб кириб, парининг қўлига қуя бошлабди. Бу сафарги сувда на қон бор, на йиринг, топ-тоза тиниқ сув эмиш. Пари:
— Қуй! — дебди. Бола секингина икки томчи қуйибди. Пари:
— Тузукроқ қуйсанг-чи, сенга бир бало бўлдими? Илгари бундай эмас эдинг-ку! —дебди. Бола обдастани ағдариб юборибди. Йигитнинг обдастага солган узуги парининг қўлига тушибди. Бу узукни пари танибди. Ўзининг узугини болага билдирмай қўлига тақиб олибди. Пари болани бир ёққа ишга буюрибди. Ялмоғиз кампирнинг йўқлигидан фойдаланиб, пари равотдан чиқиб қараса, йигит ҳовуз бўйида ўтирган эмиш. Уни чақириб олибди, равотга олиб кириб, сандиққа солиб бекитиб қўйибди. Кеч бўлибди, ялмоғиз кампир даладан қайтибди.
Атрофга қараб, аланглаб: “Бу нима? Равотдан одам иси келади. Бунда одамзод борми?”— дебди у. Пари:
— Бу ерда одамзод нима қилади, сизнинг маконингизга одамзоднинг келишга ҳадди борми? — деб жавоб берибди. Ялмоғиз кампир индамай қолибди.
Кампир ҳар куни эрталаб чиқиб кетар экан. Пари бўлса йигитни сандиқдан чиқариб олиб, гаплашиб ўтирар экан. Кунлардан бир кун пари йигитдан сўрабди:
— Эй йигит, нега рангинг сариқ, сенга бир ситам ўтдими?
— Эй, нозанин, — дебди йигит, — энди мен шундай қилиб юра бераманми? Умримнинг ярмидан кўпи сени деб сарсонгарчиликда ўтиб бораётибди, бу ердан бир илож қилиб кетишни ўйласанг-чи!
Пари:
— Эй йигит, мен ҳам кетмоқнинг пайидаман, бироз сабр қилайлик, — дебди.
— Эй паризод, агар бугун-ерта бир илож қилиб кетмасак, диққатим ошиб сил бўламан, — дебди йигит. Пари:
— Ҳой йигит, яна айтаман: сабр қил, ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ, — деб эрига дилдорлик қилибди.
Кеч бўлиб, ялмоғиз кампир келиб, дамини олиб ўтирибди-да:
— Ҳой болаларим, ўтирибсизларми? — дебди. Бир оз ўтгач, яна сўзлабди, — Равотдан одамзоднинг ҳиди келади. Сен паризод нима учундир бунинг сабабини менга айтмайсан.
Пари айтибди:
— Эй эна, бир қошиқ қонимдан кечсанг айтар эдим.
— Ҳа айта қол, болам. Қанча гуноҳинг бўлса кечдим, — дебди кампир. Шунда пари:
— Энажон, мени олиб келган вақтингизда, ўн беш ёшли сағир укам қолган эди. Катта бўлиб, мени излаб келган экан. Қанча кунлардан бери сиздан қўрқиб, сандиққа солиб яшириб юрибман. Меҳрибончилик қилсангиз, шу биргина укам сизнинг давлатингизда юрса, — деб илтимос қилибди. Ялмоғиз кампир:
— Хўп, майли, болам, бу одам юрса, юрсин, — дебди-да, кўнглида “Буни ҳам сўриб ўлдираман-да”, — деб ўйлабди.
Кунлар ўта бошлабди. Қурғур ялмоғиз кампирнинг русуми шундай экан: ҳар куни йигитнинг тиззасига бошини қўйиб, унинг қонини сўриб ётар экан. Ялмоғиз бирор кимсанинг қонини сўрса, беш-ўн кунда уни ўлдирар экан. Йигит ҳолдан тоя бошлабди, у зорланиб ҳолдан кетаётганини айтиб: “Энди нима қиламиз, бунинг иложини қилмасак бўлмайди”, дебди. Пари айтибди:
— Бунинг иложини мен сенга айтай, сен мен айтганимдек қил. Ялмоғиз кампирнинг бир туяси, бир кучуги бор, ҳамма вақт кучугига сомон бериб, туясига эса суяк ташлайди. Яна бир уйи бор, у уйнинг икки эшиги бор. Тўрдаги эшик ҳамма вақт ёпиқ туради. Пойгоҳдаги эшик эса очиқ туради. Уйнинг ўртасида бир устун бор. Уйнинг токчасида бир ойна, бир қайчи, бир тароқ туради. Эй йигит, бугун ялмоғиз даладан қайтиб, уйга кириб ўтирганда туясига сомон, кучугига суяк ташлаб қўй. Эшикнинг тўрдагисини очиб, пойгоҳидагисини қўйгин-да, ўзинг устуннинг тагига бориб ўтир. Шунда ялмоғиз кампир: “Кел бошимни қараб қўй”, деса, сен: “Эй она, ўзим чарчаб турибман, ўзингиз кела қолинг”, деб айт. Кампир келиб тиззангга бошини қўйиб ухлаганида сен унинг сочини устунга ўраб, маҳкамлаб боғла. Бутун сочини боғлаб бўлгач, секин ўрнингдан туриб, токчадаги ойнани, тароқни, қайчини олиб қўйнингга сол. Тўрдаги эшикдан чиқ. Мен ташқарида сени кутиб тураман. Иккимиз биргалашиб қочиб кетамиз, — дебди.
Бироз ўтгач, ялмоғиз кампир уйга кириб:
— Эй болаларим, бугун мен кўп чарчадим, туя билан кучукка яхши қаранглар! — деб уст-бошини ечиб, ёнбошлаб ётибди. Йигит туянинг олдига сомон, кучукнинг олдига суяк ташлаб қўйибди. Сўнгра тўрдаги эшикни очиб, пойгоҳдаги эшикни ёпиб, ўзи устуннинг тагига бориб ўтирибди. Шунда ялмоғиз йигитга қараб:
— Кел, болам, бошимни қараб қўй! — дебди. Йигит:
— Эй она, ўзим чарчаб турибман, ўзингиз кела қолинг, — дебди. Кампир келиб йигитнинг тиззасига бошини қўйибди. Кампирнинг кўзи илинибди.
Йигит: “Ҳа, палла-палла, шу палла”, деб кампирнинг сочини устунга ўраб, маҳкам боғлабди. Кампирнинг бошини секин тиззасидан олиб, ерга қўйиб, тароқ, ойна ва қайчини олиб, қўйнига солиб, тўрдаги эшикдан ташқари чиқибди.
Кампир бирдан уйғониб, “Ёпил, эшигим, ёпил”, дебди. Эшик эса:
— Мен нега ёпилайин, ҳамиша мени ёпиб қўяр эдинг, — дебди. Кампир пойгоҳдаги эшигига қараб “Очил, эшигим, очил”, дебди.
Эшик:
— Мен нега очилайин, мени ҳамиша очиб қўяр эдинг, — деб жавоб берибди. Ялмоғиз ичкаридан. “Ол, туям, ол!” деб бақирибди. Туя:
— Мен нега олайин, менинг олдимга ҳамиша суяк солиб қўяр эдинг, — дебди. Ялмоғиз:
— Кучугим, ол! — деб бақирибди. Кучук:
— Мен нега олайин, олдимга ҳар вақт сомон солиб қўяр эдинг, — дебди.
Эшиклар ҳам, туя ҳам, ит ҳам ялмоғизнинг айтганини қилмабдилар. У нима қилишини билмай қолибди. Шу вақтда йигит билан пари жўнаб кетибди.
Ялмоғиз кампирнинг сочи жуда узун экан, йигит уни устунга қирқ ўраб, маҳкам боғлаган экан. Ялмоғиз не азоблар билан сочини ечиб, бўшатиб олибди ва йигит билан парининг кетидан қувиб кетибди. Ялмоғиз уч кеча-ю уч кундуз қувиб бир чўлда йигит билан парининг орқасидан етиб олибди.
Улар ялмоғиз кампирнинг тароғини ташлабди. Тароқ катта бир тўқай бўлиб, кампирнинг олдини тўсибди. Кампир қичқириб:
— Ҳой, болаларим, бу тўқайдан қандай қилиб ўтдиларинг? — деб сўрабди. Ҳар иккиси:
— Эй она, бир тишимизни суғуриб теша қилдик, бир тишимизни суғуриб, болта қилдик, шу билан тўқайдан йўл очиб ўтдик, — деб жавоб беришибди ва чопиб кетаверишибди.
Кампир бир тишини суғуриб болта, бир тишини суғуриб теша қилибди. Тўқайдан йўл очиб чиқиб, йигит билан парини қуваверибди, Улар қоча берибди. Икки кеча-ю икки кундуздан кейин ялмоғиз уларга етиб олибди. Улар қайчини ташлаб қочибдилар. Қайчи ҳам боши ва охири кўринмайдиган катта тўқайга айланибди.
Тўқай кампирнинг олдини тўсиб қолибди. Ялмоғиз:
— Ҳой болаларим, бу тўқайдан қандай қилиб ўтдиларинг?! —деб сўрабди. Пари:
— Эй эна, бир тишимизни суғуриб болта қилдик, бир тишимизни суғуриб теша қилдик. Шу билан тўқайдан йўл очиб ўтдик, — дебди.
Ялмоғиз яна бир тишини суғуриб болта қилибди, бир тишини суғуриб теша қилибди. Аслида кампирнинг тўртта тиши бор экан, тўрттови ҳам тамом бўлибди. Йигит билан парининг мақсади кампирнинг тўртта тишини йўқ қилиш экан. Шунда пари билан йигит қувониб кетаверибдилар.
Кампир эса болта, тешани қўлига олиб дарахтларни кесиб йўл очиб, тўқайдан чиқибди. Яна уларни қува берибди.
Икки кеча-ю икки кундуздан кейин ялмоғиз кампир йигит билан парига етаёзибди. Улар энди ойнани ташлаб кетишибди.
Ойна бир катта дарё бўлиб қолибди. У дарёнинг таги ва поёни йўқ эмиш. Кампир дарёнинг лабига бориб ҳайрон бўлибди.
— Ҳой болаларим, бу дарёдан қандай қилиб ўтдиларинг? — дебди.
Йигит:
— Эй эна, кўйлагимизни ечиб, уни тошга тўлдириб, оғзини бўғиб, бўйнимизга илиб, дарёнинг таги билан ўтдик, — дебди.
Ялмоғиз йигитнинг айтганидек қилибди ва ўзини дарёга ташлаш олдидан йигит ва парига қараб қичқирибди:
— Ҳой болаларим, мен ўзимни дарёга ташлаганимдан кейин оқ кўпик чиқса, қаҳ-қаҳ уриб кулинглар, қизил кўпик чиқса зор-зор йиғланглар! — дебди-да, ўзини дарёга ташлабди, Бироз вақт ўтгач дарёни оқ кўпик тутиб кетибди. Йигит билан пари кўпикни кўриб уввос тортиб йиғлай беришибди. Яна бироз вақтдан кейин қарашса, дарёнинг бетини қон тутиб кетибди. Ҳар иккиси ялмоғиз кампирдан қутулиб, қувониб уч кеча-ю уч кундуз йўл юриб, ўз равотларига етиб келибдилар. Йигит пари билан ўйнаб-кулиб юра берибди.
Йигитнинг ота-онаси, ака-укаси, қавм-қариндошлари келиб димоғлари чоғ бўлибди. Ҳар иккиси мурод-мақсадига етибди.