Бир хумча олтин

Ўтган замонда бир ақлли чол бор экан. Чолнинг олдинма-кейин туғилган уч ўғли бор экан, ўғилларининг каттаси йигирма ёшда, ўртанчаси ўн саккиз ёшда ва кичкинаси ўн олти ёшда экан. Кунлардан бир кун чол касал бўлибди, касали кундан-кунга оғирлашибди, чолнинг касалига тажрибали табибларнинг ҳам, азайимхон муллаларнинг ҳам дори-давоси, дам-нафаси таъсир қилмабди. Чол энди ўлар эканман, деб дунёдан кўнгил узибди ва болаларини чақириб уларга инсофли, виждонли бўлишни, ҳалол касб билан кун кечиришни, бировнинг молидан ҳазар қилишни ва яна бир қанча васиятларни қилибди-да, уларга чиқиб кетиш учун рухсат берибди, кейин уларни бир-бир чақириб, ҳаммасига бир сирни айтибди.
Аввал катта ўғлини чақириб:
— Ўғлим, боғдаги олманинг тагида бекитиб қўйган бир хумча олтиним бор, бу дарддан менинг қутулишим қийин. Укаларинг ҳам ёш, улар ҳали пул нималигини билмайди, сен катта йигит бўлиб қолдинг, ҳар нарсага ақлинг етади, шу хумчадаги олтинни олиб, укаларинг катта бўлиб қўлидан иш келгунча уларга ёрдам қилиб тур. Менинг ўрнимга уларга ота бўл, — дебди. Чолнинг катта ўғли отасидан миннатдор бўлиб чиқиб кетибди ва ўзича:
— Отам укаларимга қараганда мени кўпроқ яхши кўрар эканлар бу сирни ёлғиз менга айтдилар, — деб хурсанд бўлибди.
Чол ўртанча ўғлини чақириб:
— Ўғлим, боғдаги олманинг тагида бекитиб қўйган бир хумча олтиним бор. Аканг катта, унинг қўлидан иш келади, у энди ўз нонини топиб ейди, уканг ҳозир кичкина, у пулнинг нималигини билмайди, сен шу олтинни олгин, аканг билан укангга ёрдам қилиб тур, акангнинг сўзидан чиқма, уни менинг ўрнимда кўр, ҳурмат қил, укангга яхши тарбия беринглар, уни ўқитинглар, — деб уни ҳам чиқариб юборибди. Бу ҳам: “Отам мени акамдан ҳам, укамдан ҳам яхши кўрар эканлар, бекитган дунёларини фақат менга айтдилар”, деб хурсанд бўлибди.
Чол энг кейин кенжатойини чақириб:
— Болам менинг дардим ёмон. Боғдаги олманинг тагида кўмиб қўйган бир хумча олтин бор. Акаларинг энди ўз нонини топиб ейиши мумкин, энди уларнинг қўлидан иш келади, уларга қараганда сен ҳали ёшсан, ҳозирча сенинг қўлингдан иш келмайди, шу пулни сен олгин, акала-рингга ёрдам қилиб тургин, уларнинг гапидан чиқма, ўқигин, аҳил бўлиб яшанглар! — деб бунга ҳам рухсат берибди. Бу ҳам: “Отам акаларимга қараганда мени кўпроқ яхши кўрар эканлар, бу сирни уларга айтмасдан ёлғиз менга айтдилар”, деб хурсанд бўлиб, отасининг олдидан чиқиб кетибди.
Орадан икки кун ўтгач, чол ўлибди. Уни кўмишибди. Орадан бир ҳафта ўтгач, катта ўғил ўртанчасини чақириб, ундан:
— Нима учун хафа кўринасан, бир нарса бўлдими ё бир жойинг оғрийдими? — деб ўсмоқчилаб сўрабди. Ўртанча эса:
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ, отамизнинг ўлимлари учун фақат мен эмас сиз ҳам хафасиз-да, — дебди.
Акаси укасидан:
— Отам ўлиш олдидан мени чақириб боғдаги олма тагида кўмиб қўйилган бир хумча олтин бор, сен шу олтинни ол, деган эдилар, кавлаб қарасам, олтинлар йўқ. Мабодо дадам сенга ҳам айтган бўлсалар шу олтинни сен олдингми? — деб сўрабди.
— Ҳақиқатан ҳам дадам менга ҳам айтган эдилар, мен ҳам кавлаб ҳамма ёқни титиб юбордим, йўқ. Ака мен сизга тўғрисини айтаётирман, — деб жавоб берди ўртанчаси.
— Ундай бўлса, кенжага ҳам айтган бўлсалар керак. Бор, укангни чақириб кел, — дебди.
Меҳмонхонага ўртанчаси билан кенжа олдинма-кетин кириб келибдилар, каттаси уларга ўтиришни буюрибди. Кенжадан олма тагида кўмилган хумчани сўрабди. Кенжа ҳам ўртанчага ўхшаб, дадаси унга ҳам айтганини, у ҳам бориб кавлаб тополмаганини айтибди. Катта ўғил ўйлаб туриб:
— Йўқ, укаларим, отам бизни алдамаган, шу пулни учаламиздан биримиз олганмиз. Агар сизлар иқрор бўлмасанглар қозига борамиз, у албатта топиб беради. Эртагача сизларга муҳлат — ўйлаб кўринглар, — дебди ва учовлари тарқалишибди.
Эртаси кун эрталаб учовлари қозихонага қараб юришибди.
Шу шаҳарда тажрибали бир қози бор экан. Ака-укалар шу қозининг олдига кирибдилар, унга таъзим қилиб турибдилар, қози уларга жой кўрсатиб, ўтириш учун рухсат бергач, ўтиришибди. Қози келувчиларга қараб:
— Келинглар, болаларим, қандай хизмат билан келдинглар? Марҳамат, хизматларингга тайёрман,— деб мулойимлик билан мурожаат қилибди.
Каттаси ўрнидан туриб:
— Илтифотингиз учун раҳмат, арзимаган бир жанжал билан олдингизга келган эдик. Мумкин бўлса айтар эдик, — деб қозига таъзим қилибди.
Қози ишора қилгач, каттаси:
— Биз учаламиз туғишган ака-укалармиз, шу шаҳарнинг фалон маҳалласида турамиз. Бундан олти кун муқаддам отамиз вафот этдилар, ўлимларидан бир кун бурун боғимизнинг бир жойига кўмилган бир хумча олтин тўғрисида ҳар биримизни алоҳида-алоҳида огоҳлантирдилар. У кишининг вафотларидан кейин ҳар биримиз шу жойни бориб кавлаб пулни топа олмадик. Отамиз бизни алдамасалар керак. Пулни шу учаламиздан биримиз олганмиз, лекин ҳозирча иқрор бўлмасдан турибмиз. Сизнинг ўткир тажрибангиз шу нарсани олган одамни иқрор қилдирар, деб ишониб келдик, — деб сўзини тамом қилиб ўтирибди.
Қози болаларнинг олдига дастурхон ёздириб, ҳар хил ноз-у неъматлар қўйдирибди ва овқатга таклиф қилибди. Ўзи буларга бир ҳикоя айтмоқчи бўлибди.
— Илгари замонда, — деб сўз бошлабди қози, — бир йигит, бир қиз билан гаплашиб юрар экан. Булар бир мактабда ўқиб юрган даврда бир-бирларига муҳаббат қўйган, мактабни битиргандан кейин ҳам алоқани узмай тез-тез кўришиб туришган, иккаласи турмуш қуришмоқчи бўлган экан. Йигит қизникига совчилар юборган, қизнинг ота-онаси қизини бу йигитга бермасдан бошқа бир йигитга бермоқчи бўлган. Тўй яқинлашгач, қиз йигитнинг олдига келиб:
— Мени кечирасиз, тақдиримиз қўшилмаган экан, отам билан онам рози бўлмагач, мен билан сизнинг қўлимиздан нима ҳам келар эди. Шу урф-одат, қоида ва қонунларга бўйсунмасдан иложимиз борми, бир нарса деб қаршилик қилсак иккаламизни ҳам тошбўрон қилишади. Бизлардан кейин балки ўз эркига ўзи эгалик қиладиган замонлар ҳам келар, мен сиз билан хайрлашгани келдим,— деган экан. Йигит қизга:
— Гапингиз тўғри, лекин менинг сиздан бир илтимосим бор, агар шу илтимосимни бажаришга ваъда берсангиз айтаман ва шундан кейин сиз билан хайрлашаман, бўлмаса ўзингиз биласиз, — дебди. Қиз:
— Айтинг, агар қўлимдан келса, албатта бажараман, — дебди.
Йигит:
— Никоҳ куни кечаси тўйингизнинг ҳамма маросими ўтгач, менинг олдимга бир келасиз, шунда сиз билан хайрлашаман, — дебди. Қиз ҳам “Хўп”, деб ваъда берибди.
Тўй бўлиб, қизни никоҳдан кейин куёвникига олиб кетишибди, келинни ўша вақтнинг урф-одатлари билан ясатилган уйга олиб келишиб тўй маросимини адо этишгач, уйни чет кишилардан холи қилиб, куёвни киргизишиб, бошқалар тарқалишибди.
Куёв келиннинг олдига келиб, иккаласи гаплашиб ўтирганда келин хаёл суриб турган экан, куёв келиндан:
— Нега сиз хафа кўринасиз, биз иккаламиз учун бугун шодлик куни-ку? — деб хафалик сабабини сўрабди.
Гаплашиб юрган йигит билан иккаласининг ўртасидаги ёшлик вақтидан дўстликни, отаси қизни у йигитга бермасдан ҳозирги куёвга берганини, бундан бир ҳафта илгари шу йигитнинг олдига хайрлашгани борганини ва ниҳоят йигит ундан шу бугун кечаси хайрлашиш учун ваъда олганини, сўзининг устидан чиқолмаганини, ваъдага хилоф қилганини келин эрига айтибди ва “Агар менга ишонсангиз шу йигит билан хайрлашиб келиш учун рухсат берсангиз”, деб эридан илтимос қилибди. Куёв:
— Агар ваъда берган бўлсангиз бориб келинг, — деб рухсат берибди.
Қиз шу замон ўрнидан туриб йигитнинг ҳовлисига қараб юрибди.
Қиз йигитнинг олдига келгач, йигит ҳайрон бўлиб:
— Қандай қилиб эрингиздан рухсат сўрадингиз, у сизга қандай қилиб ишонди? — дебди.
Қиз эрига бутун воқеанинг ростини айтганини, шундан кейин эри рухсат берганини айтибди.
Йигит қизнинг юзига тикилиб туриб:
— Эрингиз сизга ишониб менинг олдимга юборган бўлса, майли, хайр, эрингизнинг мардлиги мени ўз ниятимдан қайтишга мажбур қилди, яхши боринг, қўша-қаринглар, сизларга бахт-саодат тилайман, — деб очиқ юз билан хайрлашибди.
Қиз йигит олдидан хайрлашиб чиқиб куёвникига қараб юраркан, ўғрилар қўлига тушибди. Ўғрилар қиздан нима учун бундай кеч бўлганда кўчада юришининг сабабини сўраганда, қиз уларга воқеани айтиб берибди ва йигит билан хайрлашиб эри олдига қайтиб келаётганини айтибди. Ўғрилар:
— Эрингиз ҳам, гаплашиб юрган йигитингиз ҳам зўр мардлик кўрсатганликлари учун биз ҳам сизга нисбатан бир мардлик қилайлик, эрингизнинг ҳовлиси қайси маҳаллада, биздан кейин бошқа ўғриларга учрамаслигингиз учун биз сизни элтиб қўяйлик, — деб қизни эриникига келтириб қўйишибди. Шу ерда қози ҳикоясини тўхтатибди:
Номаълум отлиқ Қўлдошдан:
— Сизнинг фикрингизча қиз гаплашиб юрган йигитникими, куёвникими ёки ўғриларникими, қайси бирлари мақташга лойиқ? — деб сўрабди. Қўлдош:
— Куёвнинг мардлиги устун, у ҳар қандай мақташга лойиқ, чунки у фақат ўз мардлигини кўрсатиб қолмай, гаплашиб юрган йигитни ҳам мардликка бошлади. Балки у йигитнинг нияти ёмон эди, уни ёмон ниятлардан қайтариб, мардлик томонга ундади, — дебди.
Номаълум киши маъқул ишорасини қилгач, ҳикоясини давом эттирибди:
“Шулардан қайси бирлари мард экан?” деб сўрабди қози. Каттаси: “Гаплашиб юрган йигит мард экан, чунки қиз унинг олдига икки марта келибди, йигит виждонли бўлгани учун қизни қайтарган”, дебди. Ўртанчаси: “Куёв мард экан, синамаган бир қизнинг гапига ишониб, унга рухсат берибди”, дебди. Кенжа: “Ўғрилар мард экан, булар вақти келганда бир пул учун одам ўлдиришдан ҳам қайтмайди-ю, молнинг ўзи ўз оёғи билан буларнинг олдига келганда, келиннинг кийимларини олиш у ёқда турсин, уни ўз уйига элтиб қўйишибди”, дебди.
Қози туриб: “Мана жанжал ҳам ҳал бўлди, ўғрини мудофаа қилган киши ўғри. Кенжатой, хумчадаги олтинни акаларингиз билан бўлиб олинг, отангизнинг васиятларига мувофиқ буларга ёрдам ҳам қилишингиз керак”, дебди.
Кенжатой рози бўлибди, булар қозининг уста тажрибасига ҳайрон бўлиб, хурсанд бўлиб чиқиб кетибдилар.
Отлиқлар кеча-ю кундуз йўл юриб бир шаҳарга келишибди. Бир карвонсаройга тушиб, уч-тўрт кун дам олиб, карвонсарой яқинидан бир ҳовли сотиб олишибди, ҳовлини рўзғор асбоблари билан тузатиб, номаълум отлиқ Қўлдошга маҳалладан маҳалла оқсоқоли билан беш-олти кишини чақириб келишни буюрибди. Қўлдош уларни кечқурунга таклиф қилиб келгач, номаълум отлиқ:
— Меҳмонхонани тузатиб қўйдим, меҳмонларни яхши кутинг, овқатдан кейин айтинг, бизни никоҳ қилиб қўйишсин, бугундан бошлаб сиз шу ҳовлининг ва оиламизнинг бошлиғи, мен бўлсам сизнинг хотинингизман, — деб ўзининг хотин киши эканлигини Қўлдошга билдирибди.
Никоҳ зиёфати ўтгач, хотин Қўлдошга:
— Энди сиз бу шаҳардан ошно-оғайни орттиринг, шоҳнинг сарой кишилари билан танишинг, уларни ҳовлимизга чақиринг, улар чақирса, сиз ҳам боринг ва уларни восита қилиб шоҳнинг саройига ишга кириб олинг! — дебди. Қўлдош орадан бир-икки ой ўтгач, шоҳ саройига ишга кириб олибди. Шоҳ томонидан берилган топшириқларни ўз вақтида бажаргани учун обрў топибди ва Мусофирбек деб ном чиқарибди.
Шундай қилиб, Мусофирбекнинг иши кундан-кун ривожланиб, унинг дўстлари ҳам, душманлари ҳам кўпая борибди. Мусофирбекнинг катта обрў қозониши сарой амалдорларига ёқмабди. Улар:
— Бу мусофир яқинда келиб кўп мартаба шоҳнинг инъомини олди, биз бўлсак шоҳнинг инъомини кўрмаймиз, — деб душманлик қила бошлабдилар.
Бир куни Мусофирбекнинг хотини унга:
— Шоҳнинг кўп мартаба инъомларини олдингиз, шоҳни сарой амалдорлари билан зиёфатга чақирсангиз, — дебди. Мусофирбек бу фикрга қўшилиб, шоҳни сарой амалдорлари билан бирга зиёфатга таклиф қилибди, зиёфатга катта тайёргарлик кўра бошлабди.
Меҳмонга боришдан бир кун аввал подшоҳ амалдорларидан бирига:
— Сен бориб Мусофирбекнинг ҳовли-жойларини кўриб кел, жойлари тузукми, бориб шарманда бўлмайлик, — деб буюрибди. Амалдор келиб ичкари ҳовлига мўралаб қараган экан, кўзи Мусофирбекнинг хотинига тушибди. Хотин жуда чиройли ва келишган экан. Амалдор эса, Мусофирбекнинг душманларидан экан. У подшоҳ олдига бориб, Мусофирбекнинг хотинини мақтай бошлабди, бундай чиройли хотин сизга лойиқ, — деб ўз фикрини маъқуллайверибди.
Зиёфатдан кейин подшоҳ вазирларини йиғиб қандай қилиб Мусофирбекнинг хотинини олиш тўғрисида маслаҳат қилибди. Мусофирбекни оғир ишга буюриб, уни ҳалок қилишмоқчи, кейин эса унинг хотинини шоҳга олиб бермоқчи бўлишибди.
Эртасига подшоҳ қизининг касаллигини ва унга йўлбарснинг сути кераклигини Мусофирбекка айтиб, бу хизматни сиздан бошқа ҳеч ким бажара олмайди, шу хизматга бел боғланг ва тайёргарлик кўринг,— дебди. У эса хотинининг маслаҳати билан подшоҳдан қирқ кун муҳлат ва қирқта қўй сўрабди. Подшоҳ Мусофирбекнинг талабини қондирибди.
Мусофирбек ўттиз саккиз кун ўз ҳовлисида хотини билан яшабди. Ўттиз тўққизинчи куни хотини бир варақ қоғозга хат ёзиб берибди ва:
— Шаҳардан кун чиқар томонга қараб уч тош юрганингиздан кейин чап қўлга қараб бир ёлғиз оёқ йўл кетади, шу йўл билан ярим тош юрганингиздан кейин рўпарадан кенг бир майдон чиқади, шу майдон ўртасига бориб кун чиқар томонга қараб хатни очасиз, хатни очишингиз билан тўғрингиздан бир урғочи йўлбарс пайдо бўлади, хатни ушлаганингизча ўрнингизда бир айлансангиз атрофингизни урғочи йўлбарслар ўраб олади. Хатни бир қўлингизда ушлаганингизча отнинг бошини келган йўлингизга қараб бурасиз ва тўппа-тўғри подшоҳ саройига қараб юрасиз, подшоҳга:
— Подшоҳим, мана бу урғочи йўлбарслардан истаганингизча сут соғиб олишингиз мумкин, мен олиб келсам, балки етмаса иккинчи мартаба овора бўлмайин, — деб буларнинг ўзини бошлаб келдим, дейсиз, — деб ўргатибди.
Мусофирбек хотини айтган йўл билан юриб, айтилган жойга борибди ва йўлбарсларни подшоҳникига бошлаб келибди.
Подшоҳ бошлиқ бутун сарой аҳли бу воқеани кўриб қўрққанидан тол баргидек титрабдилар. Подшоҳ Мусофирбекка:
— Раҳмат, мен сизни имтиҳон қилиш мақсадида бу ишга буюрган эдим, булар фуқарога зарар келтирмасин, қайтаринг! — деб ялинибди.
Мусофирбек йўлбарсларни шаҳардан ташқарига олиб чиқибди ва қўлидаги хатни ёпибди. Йўлбарслар кўздан ғойиб бўлибди.
Шундан кейин подшоҳ вазирлари билан яна маслаҳатга ўтирибди. Узоқ музокарадан кейин шундай фикрга келибдилар: Эрталаб хазиначи подшоҳга келиб хазинадан тўрт дона олтин ғишт йўқолганини маълум қилади, подшоҳ эса Мусофирбекка:
— Сиз шу йўқолган нарсани топасиз, — деб буюради.
Эртасига эрталаб Мусофирбек хизматга отланар экан, хотини унга: “Мабодо подшоҳ яна кечагига ўхшаган хизмат буюриб қолса, қирқ кун муҳлат ва қирқта қўй сўранг!” деб тайинлабди.
Мусофирбек саройга келиб ўз ўрнига ўтиргач, кечаги маслаҳат бўйича хазиначи шоҳга олтин ғиштлар воқеасини айтибди. Подшоҳ Мусофирбекка:
— Сиз шу йўқолган нарсани топасиз! — деб буюрибди. Мусофирбек шоҳга таъзим қилиб, ундан қирқ кун муҳлат ва қирқта қўй сўрабди. Қўйлар учун ҳужжат олиб уйига кетибди ва яна ўттиз саккиз кун роҳатда яшабди. Ўттиз тўққизинчи куни хотини унга бир хат ёзиб берибди ва қай тарафга боришни ва кимга учрашни айтибди, Мусофирбек йўлга чиқиб тайинланган жойга етиб борибди.
Қараса, бир чаманзор, гуллар очилган, булбуллар сайраган, тир-тиниқ сувлар ариқлардан оқмоқда. Ҳамма ёқ кўм-кўк майсазор, лекин ҳеч ким йўқ. Гулзорни томоша қилиб юриб, узоқдан қизларнинг ашула айтган овозини эшитибди, овозлар яқинлаша бошлабди ва ниҳоят қизлар Мусофирбек турган жойга келишибди. Мусофирбек ўзини бир четга олиб, уларнинг ҳусн-у жамолига ҳайрон бўлиб турган экан, бошлиғининг кўзи Мусофирбекка тушиб уни ўз олдига чақирибди ва ундан ҳол-аҳвол ва қаердан, қандай мақсад билан келганини сўрабди. Мусофирбек қизнинг муомалаларидан хурсанд бўлиб, хатда тайинланган қиз шу бўлишига ишонч ҳосил қилибди ва ёнидаги хатни чиқариб таъзим билан унга узатибди. Қиз унинг қўлидан хатни олиб ўқибди ва тўсатдан: “Ие, сиз бизнинг поччамиз бўлар экансиз-ку”! — деб Мусофирбекни дарров меҳмонхонага таклиф қилибди ва шу куни кечгача уни зиёфат қилишибди.
Кечқурун хатнинг мазмунини муҳокама қилишиб, қиз ва икки каниз Мусофирбек билан йўлга чиқишибди. Йўл юриб, соғ-саломат Мусофирбекникига етиб келишибди. Опа-сингиллар бир-бири билан ҳол-аҳвол сўрашиб, ўша куни дам олиб ётишибди. Қирқинчи куни саҳар туриб опа-сингил ҳовли ўртасига тушиб, дуолар ўқиб, иккаласи баравар қадам ташлаб юрганда оёқларининг тагидан олтин ғиштлар пайдо бўлибди, бир зумда ҳовли юзи олтин ғиштлар билан тўлибди. Подшоҳга олиб бориш учун ўттизта олтин ғишт ясаб беришибди.
Мусофирбек тўртта ғиштни ўзи олиб, йигирма олтита ғиштни бир ҳаммолга кўтартириб подшоҳнинг ҳузурига жўнабди.
Ҳаммолни эшикда қолдириб, ўзи икки жуфт олтин ғиштни олиб подшоҳнинг олдига кирибди ва таъзим қилиб олтин ғиштни шоҳнинг олдига қўйибди. Олтин ғиштни кўрган подшоҳ:
— Яна икки жуфт йўқолган, ҳаммаси тўрт жуфт эди, — дебди.
Мусофирбек ҳаммаси бўлиб тўрт жуфтмиди ёки кўпроқмиди, — деб сўрабди. Подшоҳ:
— Ҳаммаси тўрт жуфт эди, — деб такрорлабди.
Мусофирбек ўтирган сарой амалдорларига ҳам шоҳнинг фикрини тасдиқлатиб олгач, ҳаммолни чақириб, мана бу ўн уч жуфт, аввалги икки жуфт билан ўн беш жуфт — ўттиз дона бўлди, подшоҳим, яна нима даъвоингиз бор! — деб сўрабди. Буни кўрган подшоҳ билан унинг вазирлари уялганларидан ерга қараганларича:
— Бошқа даъвомиз йўқ, раҳмат, — дебдилар.
Кечқурун подшоҳ яна маслаҳат мажлиси чақириб:
— Энди нима маслаҳат берасизлар, бир бало қилиб Мусофирбекни йўқ қилмасанглар, бу ишқ мени ўлдириши мумкин, — дебди.
Бир вазир шоҳдан рухсат сўраб ўз фикрини баён қилибди:
— Улуғ шоҳим, каминанинг миясига бир фикр келди, рухсат берилса, айтсам,— деб таъзим қилибди. Подшоҳ ижозат бергач, вазир айтибди:
— Эрталаб Мусофирбек саройга келганда сиз ҳам, бизлар ҳам жуда хафа бўлиб ўтирайлик. Мусофирбек бу хафаликнинг сабабини албатта сўрайди. Шунда сиз унга қараб: “Эй, Мусофирбек, бу дунёнинг ғам-у ғуссасидан сира қутулмадим, бирини бир ёғлиқ қилсам, иккинчиси чиқади, бу дунё шундай бир ғамхона экан. Бугун мен бир туш кўрдим, шу тушимдан жуда хафаман, тушимнинг таъбирини бу ўтирган вазирларга айтсам, бу махлуқлардан бир маъқул фикр чиқмади, ўйлайманки, бу мушкулимни ҳам сиз осон қиларсиз ва бу ғамдан мени қутқарарсиз. Тушимда отам, онам ва бувимни кўрдим, уларнинг ҳеч қайсиси менинг юзимга қарашмади, мендан юз ўгиришди, энди сиз у дунёга бориб мендан нима учун хафа бўлганларининг сабабини билиб келсангиз”, деб уни нариги дунёга боришга кўндирасиз ва шу хизматнинг бадалига катта мукофотлар ваъда қиласиз. Мана жанобларига бўлган садоқатим, албатта нариги дунёга борган одам қайтиб келмайди, шундан кейин жаноби олийлари у парининг васлига етишадилар, — деб сўзини тамом қилибди.
Бу гап ҳаммага маъқул тушибди.
Эрталаб Мусофирбек хизматга келаётганда хотини унга:
— Подшоҳ сизга яна бирор мушкул хизматни тайёрлаб қўйгандир, қандай хизмат буюрса ҳам, аввалгидек қирқ кун муҳлат билан қирқ бош қўйни олиб келаверинг, — деб тайинлабди.
Мусофирбек шоҳ саройига келганда подшоҳ нариги дунёга бориб, ота-онасининг хафа бўлиш сабабларини билиб келишни буюрибди. Мусофирбек шоҳга таъзим қилиб:
— Хизматингизни жоним билан адо этаман, қирқ бош бўрдоқи қўй, бир яхши от ва қирқ кун муҳлат беришингизни сўрайман, — дебди. Подшоҳ унинг талабини қондириб, жўнашга рухсат берибди.
Мусофирбек қўйларни олиб келиб ўттиз тўққиз кунгача уйда хотини ва қайни синглиси билан роҳат қилиб ётибди. Қирқинчи кунга ўтар кечаси хотини билан қайин синглиси шаҳардан чиқибдилар. Эски кийимлар кийиб кечаси бир кенг жойга кул йиғишибди. Мусофирбекка куйган чопон кийгизиб, юзларига қоракуялар суртиб, уни ярим белидан кулга кўмибдилар, подшоҳнинг ота-буваси, катта бувиси, авлод-аждоди номидан шоҳга лаънат хати ёзишибди, хатнинг четларидан тўрт-беш жойини куйдиришибди-да, бир учидан Мусофирбекка тутқизишибди, айтадиган гапларни ўргатиб кейин бир афсун ўқиб кулга суф-куф қилишибди.
Мусофирбекка:
— Қани, подшоҳ саройига қараб юринг! — деб оқ йўл ва муваффақият тилаб қолишибди. Мусофирбек:
— Дунё-дунё у дунё, ярамасдир бу дунё, дунё-дунё у дунё, фалокатдир бу дунё, дунё-дунё у дунё, касофатдир бу дунё… тилим лол-у дилим беҳолдур! — деб бақириб-чақириб саройга кириб борибди, шоҳга таъзим қилиб, хатни унинг қўлига берибди.
Мана, жанобларининг ота-боболари хафа бўлишининг сабабларини шу хатга ёзиб беришди, эй, тақсирим, дунё-дунё у дунё, ярамасдур бу дунё, — деб юқоридаги сўзларни такрорлабди.
— У дунёда роҳат-у бу дунё кулфат, у дунё фароғат-у бу дунё машаққат, у дунёда айш-ишрат-у бу дунёда азоб-уқубат, у дунёда сайр-саёҳат-у бу дунёда бало-ю офат, жаноби олий ҳазратим менга тезроқ рухсат беринг, ўша дунёга кетаман, бу дунёда туролмайман, — деб ўзини девоналикка солиб “дунё-дунё”сини айта берибди.
Хатни ўқигач, подшоҳнинг кўнгли бузилиб йиғлаб юборибди. Мусофирбекдан нариги дунё ҳақида сўрай бошлабди. Мусофирбек унга бир-икки оғиз гапириб, яна “дунё-дунё”ни айта берибди.
Подшоҳ Мусофирбекдан қандай қилиб у дунёга бориб келганини, йўлда қийналган-қийналмаганини айтиб беришини илтимос қилиб: “Биз ҳам бориб келсак бўладими?” деб сўрабди.
Мусофирбек подшоҳга:
— Сиз фалон майдонга юз саржин ўтин, уч юз пуд кунжара йиғдиринг, уларни яхшилаб тахласинлар. Агар ёмон тахлашса йўлда қулаб кетишингиз мумкин, чунки сизлар кўпчиликсиз, устига жой солиб чиқиб ўтирасизлар-да, пастдан биров ўт қўйиб юборади. Шунда менга ўхшаб қирқ кунда бориб келишингиз мумкин, — дебди. Яна “дунё-дунё” деб саройдан чиқиб кетибди.
Подшоҳ Мусофирбек айтган ўтин ва кунжараларни белгиланган жойга ташита бошлабди. Ўзи, хотинлари, вазирлари ва маслаҳатчилари ҳаммаси саксон киши бўлибди. Мусофирбек айтгандан уч мартаба кўпроқ ўтин билан кунжара ташилибди.
Кетадиган куни подшоҳ Мусофирбекни ўз ўрнига қолдирибди. Хотин-болалари, вазирлари ва маслаҳатчилари билан ўтин билан кунжаранинг устига чиқишибди. Пастдан туриб Мусофирбек ўтни ёқиб юборибди. Уларни борса келмас абадий дунёга жўнатибди.
Мусофирбек ўқимишли одамлар билан, иш кўрган донишмандлар билан, халқ ичидан чиққан билимдон кишилар билан, давлати бўлмаса ҳам ақли бор одамлар билан маслаҳат ўтказиб, узоқни кўрувчи халқ ва ватанга чин қалбдан хизмат қилувчи, давлат ва мамлакат ишини бошқарувчи кишилардан ўзига вазирлар, маслаҳатчилар тайинлабди ва мамлакатнинг ободончилиги, фаровонлиги йўлида ҳормай-толмай хизмат қилибди.
Кунлардан бир кун Мусофирбек бир ёшли ўғилчаси Шодмонни ўйнатиб ўтирган экан (хотини билан қайни синглиси ҳам ёнида ўтиришган эди), бирдан ёшлик вақтларида тортган азоб-у уқубатлари, онаси бировлар эшигида ўлиб кетгани, отасининг ўлими, подачилиги, дўсти Йўлдошнинг тушини сотиб олгани эсига тушиб кулиб қўйибди.
Хотини ундан кулишининг сабабини сўрабди, у аввал айтмабди, қистагач, илгари подачилик қилиб юрганини, Йўлдош деган ўртоғи унинг кўрган тушини сотиб олганини айтибди ва энди ўйлаб кўрсам, осмондан тушган икки ёруғ юлдуз сиз иккалангиз экан, кичкина юлдузча бўлса мана бу Шодмонбегингиз экан. Тушнинг таъбирини тўғри топдимми? —деб сўрабди. Улар “Ҳа, топдингиз” дейишибди. Мусофирбек Йўлдош ўртоғига ёрдам беришни ваъда қилганини айтиб:
— Йўлдош ўртоғимни топсам, бирон вазифага тайинласам ва шу синглингизни унга берсак нима дейсиз? — дебди.
— Биз опа-сингил бироз ўйлаб кўрайлик, уч кундан кейин жавоб берамиз, — дейишибди.
Орадан уч кун ўтгач, Мусофирбек уларнинг фикрини сўраган экан:
— Синглим ҳам, мен ҳам сизнинг фикрингизга қўшиламиз. Майли, дўстингизга одам юбориб, уни топтириб келинг!— дебди.
Мусофирбек сарой амалдорларидан бирини чақириб, унга дўсти Йўлдошнинг турар жойини, нима иш билан шуғулланишини, хусусиятларини ва хулқ-атворини тушунтириб берибди ва дўстини топиб келишни буюрибди. Амалдор подшоҳдан бу топшириқни олгач, сафар тайёргарлигини кўрибди ва белгиланган вақтда ўз ҳамроҳлари билан жўнабди, тайинланган қишлоқни топиб борибди. Бир-икки кун дам олиб, қишлоқдаги чоллардан суриштириб қидирган кишисини топибди.
Йўлдош бир бой деҳқонда чоракор бўлиб юрган экан.
Сарой амалдорлари Йўлдош билан гаплашиб, уни ўз ерида тенг шерик бўлиб ишлашга кўндирибди. (Мусофирбек воқеани ҳозирча маълум қилмасликни буюрган экан.)
Йўлдош икки-уч кун ичида ўз ишларини битирибди ва бой билан ҳисоблашиб, ундан жавоб олибди, ошно-оғайнилари билан хайрлашиб, сарой амалдори билан жўнабди.
Сарой амалдори Йўлдошни олиб келгач, подшоҳга маълум қилибди. Бир неча кундан сўнг Йўлдошни шоҳ ҳузурига олиб келибдилар.
— Хўш, йигит, келинг, — деб гап бошлабди Мусофирбек.
— Келдим, жаноби олийлари.
— Қаердан келдингиз ва нима мақсадда келдингиз?
— Мени шу ерга олиб келган киши, иккимиз бирга деҳқончилик қиламиз,— деган эди.
— Касбингиз деҳқончиликми?
— Шундай, тақсир!
— Бошқа ҳунарингиз ҳам борми?
— Йўқ, тақсир, деҳқончилик тамом бўлганда мардикорчилик қиламан.
— Неча йилдан бери шу ишларни қилиб келасиз?
— Эсимни таниганимдан бери.
— Ҳеч нарса орттирдингизми?
— Орттириш қаёқда, кўпинча, мардикорчилик қилиб қарз узаман, ер ҳайдашга ҳўкизим йўқ.
— Сизнинг Қўлдош деган бир дўстингиз бормиди?
— Ҳа бор эди, Қўлдош подачи, сиз уни қаердан биласиз?
— Уни кўрмаганингизга қанча бўлди?
— Икки-уч йил бўлиб қолди, яхши одам эди.
— У қаёққа кетган?
— Унинг кетишига мен сабабчи бўлдим.
— Қандай қилиб?
— Бир кун мен туш кўрдим, тушимда осмондан иккита катта ёруғ ва бир кичик юлдузча тушиб менинг қўйнимга кирибди.
— Хўш, — дебди Мусофирбек.
— Шу тушимни Қўлдошга айтган эдим, у эса менга:
— Шу тушингни сотмайсанми? — деди, мен:
— Ие, сен тентакмисан, тушни ҳам сотадими? — дедим, у эса:
— Жон ўртоқ, шу тушингни сот!— деб қўймади.
— Хўп, сотай, нима берасан? — дедим. У эса менга:
— Бир ғунажиним ва бир тойим бор, орттирганим шулар, — деб қўйнидан яримта қатирма чиқариб берди-да, қўлимни олиб “Борига барака”, дея берди. Мен ҳам ”Борига барака”, деб бериб юбордим. Шундан кейин ғунажин билан тойини менга берди, ўзи подаларини эгаларига топширди-да, бир томонга қараб кетди. Шу кунгача бедарак, деб бир хўрсиниб қўйибди.
— Сиз уни кўрсангиз танийсизми?
— Танийман, кўр бўлибманми, у билан неча йил бир кўрпада ётганман.
— Қаердан танийсиз, у балки жуда ўзгариб кетгандир.
— Танийман-танийман, уни сиз биласизми, у шу ердами?
— Хўш, унинг бирон нишони бормиди?
— Ҳа-ҳа бор эди, унинг ўнг қўл тирсагининг устида бир холи ва чап оёғи тиззасининг устида тиртиғи бор эди — ўша ерини сигир сузган эди.
Мусофирбек қўлидаги холини кўрсатган экан, Йўлдош ўрнидан ирғиб туриб дўстини қучоқлаб ўпа бошлабди.
Орадан бир ойча ўтгач, подшоҳ дўстига қайин синглисини тўй-томоша қилиб олиб берибди ва уни шаҳарнинг ҳокими қилиб тайинлабди.
Камбағалдан чиққан икки дўст мамлакат ободончилигига, меҳнаткашларни ёруғликка чиқаришга ҳаракат қилибдилар, бу ишда уларга хотинлари катта ёрдам берибдилар.