Қадим замонда бир чол билан кампир яшар экан.
Уларнинг ўғли ҳам, қизи ҳам йўқ экан. Фақат мушуклари бор экан.
Чол билан кампир мушукни кичкиналигидан — кўз очмасдан асраб олибдилар.
Мушук улғайибди, юнглари ўсиб хурпайибди. Лекин у дайди бўлиб ёввойилашибди, қўни-қўшнисини безор қилибди. Чол билан кампирнинг ҳам жонига тегибди.
Бир кун кечаси у билинтирмай ошхонага кириб, чол билан кампирнинг зўрға топган гўштини паққос еб қўйибди. Эртасига яна гўшт қидириб, бутун ошхонани кезибди: баланд бир токчага сакраб чиқмоқчи бўлибди. Идиш-товоқлар қирраси токчадан чиқиб турган экан. Мушук бир сакраб панжалари билан товоқнинг четига тирмашибди, товоқ устидаги ҳамма қақир-қуқирлари билан қулаб тушиб, чил-чил бўлибди.
Чол билан кампирнинг кайфи учиб кетиб, ошхонага югурибдилар. Ошхонага бориб қарасалар, товоқлар чил-чил синиб ётган эмиш.
— Вой ўлмасам! — дебди кампир тиззасига уриб.
— Ким қилди экан? — деб ҳайрон бўлибди чол.
Бир бурчакда жунжикиб турган мушукка кўзлари тушибди.
— Ҳу, афтинг қурғур.
— Уни йўқотмасак шўримизга шўрва тўкади, — дебди кампир.
Кампир сўзини тугатмасданоқ “миёв” деган овоз эшитилибди.
— Вой, кунинг биткур.
Мушук кириб келибди-да, ялинган ва соғинган бўлиб, кампир билан чолнинг қўарини ялай бошлабди, бошини оёқларига сурибди, эркаланибди.
У яна уйнинг арзандаси бўлиб қолибди. Мушук баттар дайдилашаверибди, ёввойилигини сира қўймабди. Чол билан кампирнинг яна тинкасини қуритибди.
Чол бу сафар мушукнинг қўл ва кўзларини боғлаб, узоқ бир чакалакзорга элтиб, чуқур жарликка ташлаб келибди. Шундан сўнг мушук йўлни тополмай, чакалакда қолиб кетибди. Чунки кўзлари боғлиқ бўлгани учун йўлни кўрмабди ва чамалаб уйни топиш иложини қилолмабди.
Чакалакда ҳар хил ҳайвонлар яшар экан. Мушук эрталабгача жарликда миёвлаб йиғлаб ётибди, охири тонг отибди. Мушукни бир тулки тутқунликдан қутқазибди.
Тулки:
— Салом, мушукжон! — дебди.
Мушук:
— Ваалайкум ассалом, тулкижон! — дебди.
Ўртоқ бўлибдилар. Тулки ўз бошидан оиказганларини сўзлаб берибди. У шу келишида товуқникидан қайтар экан. Товуқ уни яхшилаб меҳмон қилибди, лекин тулки овқатларни хўп еганига ва қорни мешдай шишиб кетганига қарамай яна ўз ишини қилибди: товуқнинг болаларини бўғиб, уйига ўт қўйибди.
Кейин-чи, тулки билан ёввойилашган мушук — иккови чакалакни айлангани кетишибди. Тулки мушукка чакалакзорни томоша қилдирибди.
Йўлда кутилмаганда қуён учраб қолибди. Бечора қуён ҳар қачон тулкидан панд еб юрар экан.
Тулки мушукка дебди:
— Қуённи алдаймиз. Уни сўйиб, гўштини кабоб қиламиз.
Мушук:
— Жуда соз! Кабобга жуда орзумандаман, — дебди.
Қулоқлари диккайган ва шитир этган овозни дарҳол эшитиб оладиган қуён буларнинг ёвуз ниятларини билиб олибди.
— Бизникига марҳамат этасиз, қуёнжон, — дебди тулки.
— Раҳмат, раҳмат, — дебди қуён. — Вақтим йўқ, уйда болаларим шўрва қилиб, кутиб ўтиришибди. Боролмайман, кечиринг.
Тулки уни зўрлабди:
— Борасиз-у, меҳмон билан пича ўтириб, дарров қайтиб келасиз. — У меҳмон деб мушукни кўрсатибди.
— Ҳа, дарров қайтасиз, — дебди мушук.
— Кўп раҳмат, — дебди қуён, — яхшиси, бизникига юринглар.
Тулки билан мушук жон деб, рози бўлибдилар-да, қуённикига қараб ёи олибдилар.
Тулки билан мушук йўл-йўлакай гапиришиб боришибди. “Қуённинг уйига бориб, шўрвасини ичамиз, кейин қуённинг ўзини ва болаларини сўйиб, гўштини кабоб қилиб еймиз”, дейишибди.
Қуённикига етиб борибдилар. Қуён болалари қўрқиб, турган жойларида қотиб қолибди. Меҳмонлар каравотда оёқ чўзиб, дам олиб ётибдилар.
Қуён тулкининг олдига бир коса шўрвага заҳар солиб, келтириб қўйибди.
— Қани, овқатга марҳамат, — дебди қуён, тулки билан мушукни овқатга таклиф қилиб.
Улар овқатга яқин келибдилар.
Очкўз тулки дарҳол косани бошига кўтарибди ва ярим қилиб, ерга қўйибди: ичи ёнса ҳам шеригига сир бой бермабди.
— Зап ширин шўрва бўлибди-да, — дебди тулки.
Мушук қолган ярим коса шўрвани дарров бошига кўтарибди. Мушук ярим косани ичиб болгунча, тулки деворга суяниб ҳолдан кетибди. Овқатни ичиб, тулкига қараган мушукнинг ҳам кўзи сузилиб, ерга йиқилибди, улар нима ичганларини ҳам билмасдан жон берибдилар.
Қуён болалари икки ёввойининг ўликлари устида сакраб-сакраб ўйнашибди.