Беш қиз

Бор экан, йўқ экан, оч экан, тўқ экан, қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан. Қадим замонда Шарқ мамлакатларининг бирида Калла бозор маҳалласида жуда ҳам келишган, ўн беш ёшлардаги Кароматхон исмли қиз опалари билан яшар экан. У қиз бир куни қўлига катта сават кўтариб чиқиб, бозорга бориб уйга керакли гўшт-ёғ, гуруч, сабзи-пиёз ва шунга ўхшаган майда-чуйда нарсаларни олибди. Олган нарсаларни кўтариб олиб бориш учун бозордан бир ҳаммол ёллаб, уйига қараб жўнабди. Ҳаммол қўлидаги нарсаларни кўтариб, қизнинг ҳовлисига келибди. Ҳаммол умрида бундай ҳовлини кўрмаган экан, ҳайрон бўлиб оғзи очилиб қолибди. Бу ҳовлининг ичи жуда ажойиб экан. Катта ҳовли, уйлари остин-устун, ҳовлида ҳар турли мева дарахтлар, меваларни оғзингга олсанг асалдан ҳам ширин. Ҳовлининг ўртасида катта ҳовуз. Ҳовузнинг тўрт тарафида чиройли тўртта супа бор. Супаларнинг устига анорранг қизил гиламлар ёзилиб, атлас, шоҳи кўрпачалар солинган эди. Супаларнинг атрофларида турли хуш исли гуллар очилиб турар эди. Унинг зинасида олтин занжирга бойланган икки от турар эди. Ҳаммол бу зийнатланган тоза ҳовлига кириб томоша қилиб турди. Кароматхон уйга кириб бир тилла олиб чиқиб ҳаммолга берди. Ҳаммол қўлига тиллани олиб, бир тиллага, бир Кароматхонга қаради. Шунда опаси Мўтабархон: “Кароматхон, ҳаммолга яна бир тилла олиб чиқиб бер, оз кўрмасин!”— деди. Каромат уйга кириб яна бир тилла олиб чиқиб ҳаммолга берди. Ҳаммол бу тиллани олиб янада ҳайрон бўлди. Мўтабархон ҳаммолга:
— Нимага ҳайронсиз, тилла озми? — деди, ҳаммол:
— Мен бу икки тиллани бир йилда топар эдим. Сизларнинг озгина нарсангизни кўтариб олиб келганимга икки тилла берганингизга ҳайронман. Менга ҳазиллашиб бердингизми ёки ростданми? — деб сўради.
Мўтабархон:
— Сиз билан нега ҳазиллашамиз, албатта ростдан бердик, — деди.
Ҳаммол севиниб, хурсанд бўлиб тиллаларни чўнтагига солди. Шу вақтда кўча дарвозасини биров тақиллатди. Кароматхон югуриб чиқди. Кўчада учта кўр йигит турган экан. Улар:
— Биз мусофир йигитлармиз. Агар мумкин бўлса, бугун сизларнинг ҳовлингизда қўнсак, эртага борадиган ерларимизга кетар эдик, — дедилар. Кароматхон:
— Мен опамдан сўрай, — деб уйга кириб бу сўзларни Мўтабархонга айтди. Мўтабархон мусофирлар бўлса, айт, кирсинлар! — деди.
Кароматхон чиқиб кўрларни бошлаб кирди. Кўрлар кириб Мўтабархонга салом берди. Мўтабархон буларнинг саломини қабул қилиб, безатилган супаларга ўтиришга таклиф қилди. Кўрлар чиқиб ўтирдилар. Мўтабархон меҳмонлар олдига дастурхон ёзиб, катта патнисга турли мевалар ва ширинликлар қўйди. Кароматхон самоварни келтирди. Мўтабархон аччиқ фамил чой дамлаб, пиёлага қуйиб меҳмонларга узатди. Мўтабархон синглиси Мукаррамхонга:
— Сизлар овқатга ҳаракат қилинг! — деди. Мукаррамхон гўшт, сабзи, пиёзни тўғраб, паловга ҳаракат қилди. Паловни дамлаб қўйди.
Мусофирлар чой ичиб бўлдилар. Мўтабархон дастурхонларни йиғиштириб олиб, Мукаррамхонга:
— Уйдаги чолғу асбобларини олиб чиқ, келган меҳмонларга бир соз чалиб берайлик! — деди.
Мукаррамхон уйга кириб, дутор, танбур, ғижжак олиб чиқди, Мўтабархон ғижжак, Мукаррамхон танбурни, Кароматхон дутор чалиб, опа-сингиллар ашула бошладилар.
Булар ўйин-томоша қилиб турсин. Эндиги сўзни бошқа ёқдан эшитинг.
Шу шаҳарнинг одил подшоҳи шу куни ўзининг доно вазири билан маслаҳатлашди. “Кечалари халқимиз нима ишлар билан машғул бўлар экан, бир синайлик”, деди.
Вазир бу сўзни маъқул кўрди. Иккаласи савдогар кийимини кийиб, иккита отни миниб шаҳарни айланиб юриб, Мўтабархонларнинг маҳалласига келиб қолди. Мўтабархонларнинг мусиқа билан ашулалари подшоҳнинг қулоғига эшитилди. Подшоҳ бу мунгли овозларни эшитиб, ажабланди. Бир оз эшитиб туриб, вазирига:
— Шу ҳовлига кириб кўрайлик, — деди. Вазир рози бўлди. Дарҳол отдан тушиб, кўча дарвозасини тақиллатдилар. Кароматхон бу овозни эшитиб, дуторини қўйиб, югуриб чиқди. Подшоҳ:
— Биз мусофир савдогарлар эдик, кечаси қай жойга боришимизни билмай, шул жойга келиб қолдик. Сизлар ҳали ётмаган экансизлар, шу бугун бир кеча бизга ҳовлингиздан жой берсангиз, ётиб эртага борадиган жойларимизни топиб кетсак, — деди. Кароматхон бу аҳволни Мўтабархонга айтди. Мўтабархон:
— Мусофирлар бўлса, кирсин! —деди.
Кароматхон чиқиб мусофирларни олиб кирди. Подшоҳ салом бериб ҳаммалари билан кўришди. Мўтабархон жой кўрсатгандан кейин улар ўтиришди. Мўтабархон бу меҳмонларга ҳам бошқатдан патнис ясаб, кўрлар қаторидан жой берди. Чой ичилиб бўлгандан кейин, Мўтабархон келган меҳмонлар олдига бир масала қўйди:
— Сизлар мусофирсизлар, энди бизлар нима ҳаракат қилсак, ажабланиб савол берманглар. Агарда ҳаракатимиз устида савол берсангиз қаттиқ жазо берамиз, — деди.
Келган мусофирлар бу гапга рози бўлдилар. Мўтабархон ўрнидан туриб бир олтин товоққа палов сузиб подшоҳ билан вазир олдига қўйди. Иккинчи товоқдагини учта кўрларга қўйди. Учинчи товоқдагини ҳаммолга, тўртинчи товоқдаги паловни ўзларига қўйди. Овқатдан кейин чой ичилди, чой ичиб бўлингандан кейин дастурхонлар йиғиштириб олинди. Яна ашула, соз, ўйин қилдилар. Ярим соат ўтгандан кейин, созларни уйга олиб кириб қўйиб ётдилар. Мўтабархон Мукаррамхонга:
— Иккита кучукни келтир! — деди.
Кароматхон қозондаги ошни иккита олтин товоққа сузиб келтирди. Мўтабархон қамчи билан иккита кучукни ўлгунча урди. Кучуклар худди одамдек йиғлар эдилар. Мўтабархон уриб-уриб чарчаб қўлидаги қамчинни ташлаб, кучукларнинг бошларини силаб, юзларидан ўпиб, олтин товоқдаги ошни берди. Кучуклар еб тўйгандан кейин уларни яна ўз жойига боғлашди. Бу аҳволни кўрган мусофирлар ҳайрон қолди. Айниқса, подшоҳ ажабланиб тоқат қилолмасдан, мажбур бўлиб сўради:
— Мўтабархон, нима учун кучукларни урдингиз ва нима учун бош-кўзларини силаб, ўпиб, олтин товоқда ош бердингиз?! — деди.
Мўтабархоннинг аччиғи келиб:
— Мен сизларга айтган эдим-ку! Нимага савол бердингиз! Энди мендан хафа бўлманг, ўз гуноҳларингиз ўз бўйнингизда, — деди-да, ўрнидан туриб уй ёнига бориб, бир тугмачани босди, шу онда уч полвон чиқиб:
— Нима хизмат, — дедилар. Мўтабархон: — Мана бу икки савдогар билан учта кўрнинг оёқ-қўлларини боғлангиз, — деб буйруқ берди. Полвонлар шу заҳоти буларнинг оёқ-қўлларини боғладилар.
Мўтабархон полвонларга:
— Энди сизга рухсат, жойларингизга киринг! —деди.
Полвонлар тугмача босилган уйга кириб кетдилар. Мўтабархон мусофирларга:
— Ҳой, ака-укалар, энди сизлар менга дунёда қандай яхшиликлар кўрдингиз ва қандай азоблар чекдингиз, шуларни бирма-бир айтиб берингиз. Мен шу сизларнинг тортган роҳат ва азобларингизга қараб жазо бераман, — деди.
Оёқ-қўллари бойланган бечоралар рози бўлдилар. Мўтабархон биринчи кўрни гапга солди.
Биринчи кўр бошидан ўтганларини ҳикоя қилди:
— Мен Доғистон мамлакати подшоҳининг ўғли Шоҳ Акбар шаҳзода бўламан. Ўн тўрт ёшимда отам доно вазири билан мени овга олиб чиқди. Мен отам билан ов овлаб, у ёқ-бу ёқни айланиб юрдим. Овни овлаб бўлганимиздан кейин отам билан вазир иккаласи дам олиб ўтирди. Мен ҳам ўтирдим. Бир вақт милтиқни қўлимга олиб қарасам, ўқ турадиган жойи кирланиб қолибди. Ичида ўқи борлигини билмасдан, отиладиган жойини босиб юборибман. Ўқ бориб тўғри вазирнинг бир кўзига тегиб, кўр қилди. Отам мени сўкди. Мен:
— Ота, милтиқ ичида ўқ йўқ деб босган эдим, қачон ўқ солганимни ўзим ҳам билмайман, — деб қўрқиб йиғладим.
Вазирнинг жуда аччиғи келди. Лекин отамдан қўрққанидан ҳеч нарса қилолмади. Шунинг билан овлаган нарсаларимизни олиб шаҳарга кетдик. Орадан уч-тўрт ой ўтгандан кейин отам менга:
— Ўғлим, энди сен амакинг олдига бориб, ўша ерда ўқигин. Вазирнинг кўзи кўр бўлгандан бери авзойи бошқача бўлиб қолди. Мен қўрқаман, яна мен йўқ вақтимда сени бир нарса қилиб қўймасин! — деди.
Мен отамнинг гапига кўндим. Отам мени бир неча аскарлар билан эртасига Бўстон шаҳрига кузатди. Биз кемага тушиб, бир неча кунлар юриб Бўстон шаҳрига келдик. Амаким Бўстон шаҳрининг подшоҳи эди. Отам менинг кетганимни амакимга хабар қилган экан. Амаким бир қанча аскарлар билан келиб, мени қарши олди. Уйларига бориб бир-икки ой меҳмон бўлганимдан кейин, амакимнинг ўғли билан қизи ўқийдиган мактабга кириб ўқиб юрдим. Амакимнинг ўғли мендан тўрт ёш катта эди. Орада икки йил ўқиганимиздан кейин амакимнинг ўғли Хўжа Турсун шаҳзода ўз синглиси Тўлганойга хуштор бўлиб қолди. Тўлганой ҳам акасига хуштор бўлди. Мен бу аҳволни кўриб ҳайрон қолдим, лекин амакимга бу аҳволни айтмадим. Кунларнинг бирида амаким бу масалани эшитиб қолибди. Аччиғи келиб қизи Тўлганойга алоҳида бир сарой солдирди, мактабдан чиқариб саройга қўйди. Қирқта канизак қизлари бўлса ҳам, подшоҳ ишонмасдан бир қанча ясовулларни қоровул қилиб қўйди.
— Агарда ўғлим шул жойга келадиган бўлса, тутиб олиб менинг ҳузуримга келтиринг, — деб буйруқ берди. Орадан бир йил ўтгандан кейин амакимнинг ўғли мени чақириб олиб:
— Укам, бизнинг аҳволимиз жуда оғир. Шул оғирликларни кўраман десанг, бугун мен сени бир жойга олиб бораман, — деди. Мен ажабланиб:
— Майли, борсам борай! — дедим. Амакимнинг ўғли “худди номозгарда кетамиз”, деди. “Хўп” дедим. Ўқишни ўқиб қайтиб уйга келдик, овқатларни еб чиқиб кетдик. Бозорларга бориб айланиб томоша қилиб, кунни кеч қилдик. Номозгарда айтган жойига мени олиб борди.
Ул вақтда қоронғу тушган эди. Мени кўчада қолдириб ўзи бир ҳовлига кириб кетди, бироздан кейин бир қопни елкасига қўйиб кўтариб чиқди.
— Юр! — деди. Мен ҳам юравердим. Шаҳарнинг четига чиқиб қопнинг оғзини очди. Қарасам, қопнинг ичидан синглиси Тўлганой чиқди. Мен жуда ҳайрон бўлдим. Амакимнинг ўғли ўн қадам олға бориб қумни тортди. Бир эшик бор экан, эшикни очиб синглисини киргизиб юборди-да, менга қўлини бериб, “хайр, укам, энди сен биздан рози бўл, қиёматда кўришармиз. Бизларнинг охирги аҳволимиз мана шул бўлди. Бу кўрган сирни ҳеч кимга айтмагин, кетар вақтингда шу эшикни ёпиб, қумларни боягидай қилиб кет! — деб хайрлашди-да, уйга кириб эшикни ёпди, мен айтганича қилиб, қумларни эшик ёнига тўплаб ёпиб кетдим. Уйга борсам амаким:
— Турсунни кўрдингми? — деб сўради. Мен: — Эрталабдан кечгача бирга эдик, бир жойга бораман деб кетгандан бери кўрмадим”, — дедим.
Эртасига уйқудан турсам, қиз-ўғил йўқ деб амакилар хафа бўлиб ўтирибдилар. Мен мактабга кетдим. Орадан икки ой ўтганда мен ўқишимни тамом қилдим ва ўз отам шаҳрига жўнамоқчи бўлдим. Қарасам, амаким ўғли билан қизини ахтариб чарчади ва жуда оғир аҳволда қолди. Буларнинг аҳволини кўриб раҳмим келиб, бўлган ишларнинг ҳаммасини амакимга айтдим. Амаким:
— Мени ўша жойга бошлаб боргин, — деди. Мен амакимни бошлаб бориб, ҳалиги эшикни очдим. Амаким иккаламиз кирсак, булар ер остига бир уй солдирган экан. Иккаласи биргалашиб қучоқлашиб ётган жойда жон бериб, қоп-қора кўмир бўлиб куйиб кетган эканлар. Амаким бу аҳволни кўриб: “Сенларнинг тортадиган азобларинг шу эди. Мен сенларга бу азобларни беришга худодан қўрққан эдим. Аммо сенларнинг қилган ярамас ишларингга худои таолонинг қаҳри келиб, менинг кўнглимдагидай азобни берибди”, — деб уйдан чиқди.
Мен ҳам бирга чиқиб эшикни ёпиб, боягидай қилиб қумни суриб қўйдим. Шунинг билан амаким иккаламиз уйга кетдик. Бу аҳволни кўргандан кейин амакимнинг қайғу ўтлари ўчди. Орадан бир ҳафта ўтгандан сўнг мен амакимдан шаҳримга кетишга ижозат сўрадим. Амаким:
— Сен кетмагин, менга ўғил бўлгин! — деди. Мен:
— Отам ёнига бориб, кўриб, ундан кейин келай! —дедим. Амаким рози бўлиб, бир қанча совғалар бериб, бир қанча аскарлар билан йўлга солиб юборди. Отамнинг номига “ўғлинг кетди”, деб хат бериб юборди. Биз кемага тушиб жўнадик. Бир неча кун йўл юриб, шаҳар четидаги соҳилга тушдик. Овқатланиб, янги кийимларимни кийиб турсам, бир тўп аскарлар кўринди.
Мен:
— Отамнинг аскарлари мени қарши олиш учун келаётибди, — деб қараб турсам, аскарлар менинг қўл-оёғимни боғлаб, ҳамма аскарларимни қириб, мени олиб кетди. Бир вақт зиндонга ташлади. Зиндонда икки кун оч ётдим. Учинчи куни подшоҳ олдига олиб чиқишди. Қарасам, отам ўлиб, отамнинг ўрнига кўр вазир подшоҳ бўлган экан. Мендан ўч олмоқ учун бу ишларни қилган экан. Подшоҳ бўлган вазир ғазаб билан ёнимга келиб:
— Эсингда борми, менинг кўзимни кўр қилгансан! —деб қўлини кўзимга тиқиб, шул замон бир кўзимни кўр қилди. Бу азобни оз кўриб, дарҳол жаллодни чақириб:
— Бу бадбахтни чоп! — деб буюрди.
Жаллодлар мени чопишга олиб кетдилар. Мен жаллодларга ялиндим, ёлвордим, ўзимни уларга танитдим. Булар отамнинг жаллодлари эди. Менга раҳмлари келиб: “Бу шаҳардан қочиб, бошқа шаҳарга кетгин. Агарда подшоҳ билса, сенинг ҳам, бизнинг ҳам калламизни олади”, деди. Шул шаҳардан кетишга қасам ичдим. Жаллодлар мени қўйиб юборди. Мен уларга минг-минг раҳматлар айтиб, қочдим. Жаллодлар кетдилар. Мен шул қочганимча ўн кун йўл юриб, шаҳрингиз чойхонасига кириб чой ичиб ўтирган эдим, бул икки ўртоқ ҳам шу ерга кирдилар. Булар билан танишиб, бир-биримизнинг ҳол-аҳволларимизни билишиб, учаламиз ўрнимиздан туриб сизнинг ҳузурингизга қадам босган эдик, — деб сўзини тўхтатди. Мўтабархон:
— Кароматхон, бу акангнинг оёқ-қўлларини ечиб юбор. Ўзининг тортган азоблари ҳам оз эмас экан, — деди.Кароматхон дарҳол унинг қўлларини ечиб юборди. Мўтабархон иккинчи кўрга:
— Қани, йигит, энди сизга навбат, — деди.
Иккинчи кўр ҳам бошидан ўтганларини ҳикоя қила бошлади:
— Мен Канъон шаҳри подшоҳининг ўғли Ғолиб шаҳзода бўламан.
Мени отам ўқитди, яхши илмдор бўлдим. Жуда чиройли хат ёзардим.
Менинг ёзган хатларимни кўрганлар жуда ҳавас қилар эдилар. Менинг чиройли хат ёзишимни Ҳирот шаҳрининг подшоҳи эшитиб; “Ўғлингни менга юборгин, мен ўзимга котиб қиламан” деб отамга нома ёзибди.
Отам бу сўзни менга айтди. Мен рози бўлмадим. Отам:
— Ўғлим, сени йўқлатган катта подшоҳ. Мен унга бўйсунаман, агар сени юбормасам, бўлмайди, — деди. Отамнинг бу сўзини эшитиб:
— Майли, борсам борай, — дедим. Эртасига отам мени беш юз аскари билан Ҳирот шаҳрига жўнатди. Биз кема билан бир неча кунлар йўл юриб, Ҳирот шаҳрининг бир четига бориб тушдик. У денгиз бўйидаги шаҳар бузилиб кетгандан кейин одамлар бошқа ёққа кўчиб кетган экан. Биз билмасдан шу ерга тушиб овқатланиб ётдик. Бир маҳал ҳаммамиз милтиқларни бир жойга тўплаб дам олиб ётган эдик. Орадан бироз вақт ўтгач, отларнинг оёқ товуши келди. Бизни кутиб олишга подшоҳ аскар юборибди-ю, деб турган эдим, ҳалиги отлиқ аскарлар бирданига бизларга ҳужум қилдилар. Менинг аскарларимни отганини отди, чопганини чопди, мен қўрққанимдан ўликлар орасига кириб ётиб олдим. Менинг битта ҳам аскарларим қолмади. Ҳаммасини ўлдириб, молларини, милтиқларини олиб қочдилар. Ўйласам, буларнинг ҳаммаси қароқчилар экан. Эртасига эрталаб у ёқ-бу ёққа қарасам жимжитлик. Секин ўликлар орасидан чиқиб, молбоқар боланинг кийимини топиб кийиб, шаҳарга қараб жўнадим. Бу аҳволим билан подшоҳ олдига боришга номус қилдим. Айланиб юриб бир тикувчи дўконига учрадим. Кириб салом бердим. Ул киши алик олиб, менга жой кўрсатди. Ўтирдим. Ул киши:
— Сиз ким бўласиз, қаердан келдингиз? — деб сўради. Мен бошимдан ўтган ишларни гапирдим, ҳам:
— Шу подшоҳингиз олдига кетаётиб, қароқчиларга учраб, бу фалокатларга қолдим. Подшоҳ олдига боришга номус қиламан, агарда имконият бўлса, сизнинг олдингизда бир неча вақт ишлаб, ўзимни тузатиб, кейин подшоҳ олдига борсам, — деб илтимос қилдим. Тикувчи:
— Болам, мен бу гаплардан хабардорман. Подшоҳ олдига бормай, менинг олдимга келиб яхши қилибсан. Бахтингга яраша кўрадиган умринг бор экан, — деди. Мен:
— Бу нима деганингиз, мен тушуна олмадим, — дедим.
Тикувчи сўзни бошлаб: “Бу подшоҳимиз сенинг отангга ўчакишган. Қандай бўлмасин сени бу ерга олиб келиб, отангни подшоҳлигидан бўшатмоқчи эди”, деди.
Мен:
— Сиз бу ишларни қайдан биласиз? — дедим. Тикувчи:
— Мен подшоҳнинг кийимларини тикадиган устаман. Бир вақт вазир билан подшоҳ сенинг тўғрингда маслаҳатлашиб турганида эшитдим. Мен подшоҳнинг бу бузуқ фикрини эшитиб хафа бўлдим. Уста яхши одам экан, “Хафа бўлма, ўғлим, эртага мен сени ўтинчиларга қўшиб қўяйин, бироз вақт ўтин сотиб юриб, кийимларингни тузатиб олиб, бу шаҳардан қайтиб кетарсан”, деди.
Мен бу гапга жуда севиндим. У куни устанинг уйида меҳмон бўлиб ётдим. Эртасига уста бир неча ўтинчилар билан таништириб, уларга қўшиб қўйди. Шул кундан бошлаб қўлимга арқон, теша олиб ўтинчиларга қўшилдим. Бир неча кунлар ўтин сотиб юрдим. Бир кун ўтинчилардан бир соат бурун туриб арқон, болтани олиб ўтинга кетдим. Тоғларни оралаб юрсам, бир жойда бир қуруқ дарахт турибди. Мен “Бу қуруқ дарахтни йиқитсам, бир қанча ўтин қилиб сотаман” деб ўйлаб, дарахтнинг тагини болта билан чопдим. Белидан арқон солиб тортган эдим, қарс-қурс қилиб илдизлари билан қўпорилиб йиқилди. Дарахтни майдалаб қопга солмоқчи бўлиб турсам, илдизи тагида бир ғор кўринди. Бу қандай ғор экан деб, ичига кирсам, йўл бор экан, нарироқда бир эшик кўринди. Эшикни очсам, бир қиз ўтирибди. Ой деса, оғзи бор, кун деса кўзи бор. Шундай келишган чиройли қиз оламда шудир, дедим. Қиз:
— Вой ўлай, одамзодмисиз? — деди. Мен:
— Албатта, — дедим. Қиз югуриб келиб:
— Одамзодни ҳам кўрар эканман, — деб кўришиб йиғлайверди. Менга атлас кўрпачалар солиб, ўтиришга таклиф қилди. Мен ўтирдим.
Ўрнидан туриб, енгларини шимариб, овқат қилиб, менинг олдимга қўйди. Мен овқат еб ўтириб:
— Сиз ким бўласиз, бу ерда нима қилиб юрибсиз! — дедим. Қиз сўз бошлаб:
— Мен Форс юрти подшоҳининг қизи Кумушхон бўламан, ўн беш ёшимда менга бир дев хуштор бўлиб, бир кечада ўғирлаб олиб қочиб келган. Мени шу ерда боқиб юради, — деди. Мен:
— Қачон олиб қочган? — дедим. Кумушхон:
— Икки йил бўлди, — деди.
— Бу ғорнинг ичида юргунча қочиб кетсангиз бўлмайдими? — дедим. Қиз:
— Ҳеч қочишнинг иложи йўқ, падари лаънатлардан қутулиш қийин, — деди. Мен:
— Дев қаерда ва қачон келади? — дедим. Кумушхон:
— Ҳозир Кўҳиқофда. Қирқ кунда бир келиб кетади, — деди.
— Агарда уйда бир нарсадан қўрқсангиз девни қандай чақирасиз? — деб сўрадим. Кумушхон:
— Менга керак бўлса, мана бу тугмачани боссам, шул замон дев келади, — деди. Қиз у ёқ-бу ёққа қараганда, мен ўйнаб ҳалиги тугмачани босиб қўйдим. Шул замон ҳаво булутланиб, қор-ёмғирлар ёғиб, бўрон бўлиб кетди. Кумушхон:
— Вой энди ўлмай қачон ўламан? Сиз девни чақириб қўйибсиз! Келаётибди, қочинг, — деб йиғлаб, менга бошқа йўл кўрсатди. Мен қочиб кетдим. Бир уйга бориб қўрққанимдан қимирламай ётавердим. Дев келиб қиздан:
— Нима гап, нима сўз? —деб сўради. Қиз:
— Ҳеч гап йўқ, яхши овқат пиширган эдим, биргалашиб ейлик деб чақирдим, — деди. Дев индамай овқатни еб, ғор оғзидаги арқон билан болтани олиб, одам суратига кириб, шаҳарга, тўғри тикувчи ёнига бориб:
— Бу болта билан арқон кимники? — дебди. Тикувчи:
— Билмайман, ўтинчилардан сўранг, ҳали битта ўтинчи қайтиб келган эди. Шуникимикин, — дебди. Дев менинг ёнимга одам суратида қайтиб келганидан хабарим йўқ. “Арқон билан болта сизникими?” деб сўради. Мен нима дейишимни билмай, тўғрисини айтиб “меники”, дедим. Дев: “Уста сизни чақиряпти, юринг, чиқамиз”, деди. Юрагим шув этиб, қўрқиб кетдим. Дев мени қўлтиғига қисиб, ҳавога кўтарилди, тўғри Кумушхон олдига олиб кириб, қўлимга бир қилич берди, қизни чоп! — деди. Мен:
— Бекордан-бекорга қизни нимага чопаман, — деб унамадим. Мендан қиличини тортиб олиб, Кумушга берди. Йигитни чопинг! —деди. Қиз ҳам:
— Мен бекорга нега чопаман, гуноҳи бўлмаса, — деди. Дев аччиғи билан қизнинг қўлидан қилични тортиб олиб, қизни бурда-бурда қилиб ташлади. Қизни чопиб бўлиб, “Энди сени қандай ўлдирай”, деди.
Мен “Ихтиёр ўзингда” дедим. Бир вақт бир нарсани ўқиб менга пуфлаган эди, мен шул замон маймун бўлиб қолдим. Дев мени осмонга кўтариб, учиб юриб бир қўрқинчли биёбонга ташлаб юборди. Мен маймун бўлиб дарахтма-дарахт сакраб беш-олти кун шул жойларда юрдим. Маймун суратида бўлганим билан ақлим бор, фақат тилим йўқ. Бир ҳафтадан кейин дарахтга чиқиб ўтирсам, бир кема келаётир.
Дарров дарё бўйлаб кеманинг орқасидан борсам, у соҳилда тўхтади. Мен четга қараб турдим. Одамлар тушдилар, яна чиқдилар. Кемада қўнғироқ чалинганда мен кемага сакраб чиқиб олдим. Ўтирган одамлар бу кема ҳайдовчининг маймуни бўлса керак деб йўл бўшатдилар.
Мен тўғри кема бошлиғи ёнига кириб, кўришгани қўлимни узатдим. Кема бошлиғи кулиб қўл берди. Унинг ёрдамчиси бор эди. У ҳайрон бўлиб қолди. Кема бошлиғи: “Бу бировларнинг боққан маймуни бўлса керак, адашиб бизга келибди” деб гапирганига аранг тушуниб ўтирдим. Орада бир неча кун йўл юргандан кейин, бир куни бошлиқ билан ёрдамчиси шахмат ўйнадилар. Мен буларнинг ўйнаганига қараб ўтирдим. Бошлиқ икки маротаба мот қолди. Шундан кейин ўйинни тўхтатдилар. Мен бошлиқ билан ўйнамоқчи бўлиб, унга ишорат қилдим. Бошлиқ менинг бу сўзимга тушунди, шахмат ўйнадик. Мен бошлиқни мот қилдим. Бошлиқ билан ёрдамчиси менга ҳайрон бўлдилар. Ўйинни тамом қилдик. У куни тонг отгандан кейин Қуддус шаҳрига келиб тўхтадик. Бир вақт қарасам, кема ичидаги одамлар ариза ёзиб ҳар бирлари уни алоҳида жилдга солдилар. Мен бошлиқдан ишорат билан қалам-қоғоз сўрадим. Бошлиқ сўзимга тушуниб менга қалам-қоғоз берди. Мен ўтириб ариза ёздим. Бошлиқ менинг хатимга қараб ажабланди. Ёзиб бўлиб, жилдга солиб, бошлиққа бердим. Бошлиқ ҳамма одамларнинг аризаларини йиғиб, шу шаҳарнинг подшосига олиб кетди. Ариза ёзишимизнинг сабаби, подшоҳга чиройли хат ёзадиган котиб керак бўлган экан. Бошлиқ аризаларни олиб, подшоҳга берибди. Подшоҳ хатларни очиб кўриб, менинг ёзган хатимни яхши кўриб:
— Шул одамни менга келтиринг! — дебди. Бошлиқ подшоҳга қараб кулиб:
— Подшоҳим, буни ёзган одамзод эмас, маймун, — дебди.
Подшоҳ ажабланиб, бундай хат ёзадиган қандай маймун, сизнинг маймунингизми? —деб сўрабди. Бошлиқ:
— Меники эмас, фалон соҳилда адашиб кемага тушди. Биз ҳам бирга олиб келавердик, — дебди. Подшоҳ:
— Майли, менга келтиринг! — дебди. Бошлиқ мени подшоҳ олдига келтирди. Подшоҳ мени кўриб, қўлимга қоғоз берди, хат ёз дегандай бўлиб турди. Мен бу сафар ошиқмасдан илгаригидан ҳам чиройли қилиб ариза ёздим. Подшоҳ:
— Маймуннинг хат ёзганини энди кўрдим, — деб кулди ва мени ўзига котибликка олиб қолди. Бошлиқ кетди. Эртасига подшоҳ мени хотини олдига олиб кириб ўтирди. Хотини менга овқатлар берди, едим.
Подшоҳнинг жуда кўп ўқиб, илмдор бўлган ўн саккиз ёшлардаги бир қизи бор экан. Подшоҳ у қизини келтириш учун хизматкорлардан бирини юборди. Хизматчиси бориб қизни олиб келди. Қиз эшикни очиб, кирмасдан орқасига қайтди. Подшоҳ:
— Кир, қизим, бу жойда мен, онанг, маймундан бошқа ҳеч ким йўқ! — деди. Қиз:
— Кирмайман, ул маймун эмас, одам, — деди. Подшоҳ:
— Мен сени кўрсин деб чақиртирган эдим, киравер, — деди. Қиз кирди, мени кўриб подшоҳга:
— Ота, бу маймун эмас, одамзод, — деди. Подшоҳ:
— Қайдан билдинг? — деди. Қиз: “Албатта, биламан. Бу одам жоду қилинган”, деди. Подшоҳ қиздан: “Ўз аслига келтириш мумкин бўладими?” деди. Қиз: “Бўлади, лекин жуда қийин”, деди. Подшоҳ:
— Қизим, агарда аслига келтириб, одам қилишнинг иложи бўлса, сен ўқиб қайтаргин, мен ўзимга котиб қилиб оламан, — деди.
Қиз отасининг сўзини қайтара олмай, хўп, деди. Шу куни кечаси билан ўқиб, тонг отганда мени одам суратига киргизди. Подшоҳ билан хотини мен билан қайтадан кўришди. Бироздан кейин подшоҳнинг боғига чиқиб ўтирган эдик, шу орада осмонда бир каптар пайдо бўлди. Қиз ўрнидан туриб: “Жоду қилган дев мен билан курашишга келди”, деди. Ўзи дуо ўқиб бир катта қора қуш бўлди, каптар билан олишди. Бир вақтда каптар ерга тушиб, юмалаб ит бўлди. Қиз юмалаб шер бўлди — яна олишди. Охирида турли нарсалар бўлиб, бир-бирларини енга олмади. Қизнинг аччиғи келиб, бир катта ўт бўлиб девни куйдирди. Шу вақтда ўт учқуни кўзимга сачраб, кўзим кўр бўлди. Қиз девни куйдириб, ўзи ҳам ўлди. Бу аҳволни кўриб турган онасининг юраги ёрилиб ўлди. Подшоҳнинг ғазаби келиб:
— Йўқол ҳароми, менинг шаҳримда турма, мен сенга яхшилик қиламан деб, хотин ва боламдан ажралдим, — деб мени ҳайдаб юборди.
Ўлдирмай ҳайдаб юборганига минг бор шукрлар қилиб, шу қочганимча, кўп азоблар чекиб, неча кунлар йўл юриб, шу шаҳарга келиб, чойхонага кириб, бу ўртоқлар билан танишиб, чой-хонадан чиқиб, сизнинг уйингизга келдик, — деб сўзини тамом қилди. Мўтабархон:
— Кароматхон, бу акангнинг ҳам оёқ-қўлларини ечиб юбор, ўзининг тортган азоблари ҳам етар экан, — деди. Кароматхон шу заҳоти унинг оёқ-қўлларини ечиб юборди. Мўтабархон учинчи кўрга:
— Қани, йигит, сизга навбат! — деди.
Учинчи кўр бошидан ўтганларини ҳикоя қила бошлади:
— Мен ҳам Миср подшоҳининг ўғли шаҳзода Баҳром бўламан. Мен ҳар йили бир маротаба ўртоқларим билан кемага тушиб Қуддус шаҳрига бориб, томоша қилиб қайтар эдим. Кунларнинг бирида Қуддус шаҳрига борадиган вақтим бўлди. Ўртоқларимни олиб кемага тушиб, Қуддус шаҳрига жўнадик. Биз ҳар доим Қуддус шаҳрига олти кунда етар эдик. Бу гал жуда қаттиқ бўрон бўлиб, тўлқиндан дарё тошиб кетди.
Олти-етти кун бўлди, ҳеч етолмадик. Бўронлар ҳам тўхтади. Мен кема бошлиғи олдига кириб: “Бугун етти кун бўлди, нима учун етолмаймиз”, деб сўрадим. Бошлиқ хафа бўлиб туриб:
— Шаҳзодам, бўрон-тўлқинларда йўлдан адашдик, энди ўзингизнинг жонингизни қутултиринг. Мана бу кўринган ёнар тоғ бизларни ўзига тортяпти, — деб йиғлаб юборди.
Мен қўрққанимдан шу замон ўзимни дарёга ташладим. Кема ёнар тоғга яқинлашиб, тоғга урилиб, ҳалок бўлди. Мен дарёда оқиб-оқиб икки кеча-кундузда бир оролга келиб қолдим, қарасам, тўрт тарафим сув, ичимда: “Энди ўларканман”, дедим. Ўйладим-ўйладим, бу фалокатдан қандай қутулишни билмадим. Сувда оқиб жуда ҳолсизланган эканман, шу ерда дам олиб таваккал қилиб ухладим. Бир маҳал туш кўрдим. Тушимда Хизр ота:
— Ўғлим, хафа бўлма, ўрнингдан туриб, ўн беш қадам олдинга қараб юргил, шул жойда бир эски уй бор, қўрқмасдан, эшикни очиб кир. Ўнг тарафдаги томда ҳазрат Алидан қолган бир ўқ-ёй осиғлиқ турибди, қўлингга олиб йигирма қадам ўнг қўлга қараб юрсанг, бир тепада мисдан ясалган от бор. Отнинг устида қалқон ушлаб ўтирган бир одам бор, кўзига кўринмасдан, яшириниб туриб, ҳалиги одамни кўзлаб камондан ўқ отсанг, ул одам дарёга юмалаб тушади-да, ёнингга бир кема келади, сен гапирмасдан, кемага тушгин, сени дарёдан бир четга чиқариб қўяди. У одам сув эгаси бўлади, — деди. Ўрнимдан сакраб турдим-да, тушимда кўрган нарсаларни қилиб кўрай деб, таваккал деб ўн беш қадам олдинга қараб юрдим. Бир эски уйга учрадим, эшикни очиб уйга кирсам, битта ўқ-ёй ўнг тарафдаги деворда осиғлиқ турибди. Олиб чиқиб йигирма қадам ўнг қўл тарафга юрдим. Қарасам, бир тепаликда мисдан ясалган от устида қалқон тутган одам ўтирибди, кўзига кўринмай, йироқдан отган эдим, ўқ ул одамга тегиб, дарёга юмалаб тушди. Шу онда кемада бир одам келиб менга қаради. Мен индамасдан кемага тушдим. Дарёнинг четига яқин қолганда юрагим ҳовлиқди. Қўрқув пайдо бўлди. Шул вақтда ҳалиги одам мени сувга ташлаб, кема билан ғойиб бўлди, қанча азоблар билан зўрға сувдан четга чиқдим. Бўриларнинг овозлари эшитилди. Қўрққанимдан шул жойдаги бир катта дарахтга чирмашиб чиқиб ўтирдим. Орадан бир кун ўтгандан кейин, дарахт устидан дарё томонга қарасам, бир кема келаётир. Индамай турдим. Ҳалиги кема тўхтаб, ундан уч киши тушди, юз қадам юриб тиканли ерга келиб, бир тиканни олиб ташлади-да, ер остига кириб кетди. Мен ҳайрон бўлиб қараб турдим. Бир вақт ер остига кириб кетган одамларнинг бири қолиб, иккитаси чиқиб кемага тушиб кетдилар. Улар кетгандан кейин дарахтдан тушиб ҳалиги жойга бордим. Қуриган тикан шохини олиб ташласам, бир эшик пайдо бўлди, эшикни очиб кирсам, ер остида узун кетган йўл бор экан. Ҳалиги йўл билан юрдим. Яна бир эшикни очдим, қарасам остин-устунли уй. Ажабланиб турсам, бир йигит уйдан чиқиб:
— Жон шаҳзодам Баҳром, мени ўлдирманг! — деб оёғимга йиқилиб йиғлади. Мен бу болани ҳеч танимайман, менинг исмимни ҳам, шаҳзода эканимни ҳам билганига ажабланиб:
— Сиз менинг исмимни қаердан билдингиз? — деб сўрадим. Йигит: — Мен Канъон шаҳридаги Жалол бойнинг ўғли Иброҳим бўламан. Отам бир куни бир катта мунажжимга менинг тақдиримни билиш учун фол очирган экан, ул киши: “ўғлингизнинг ўлими Баҳром шаҳзода қўлида, қирқ кунда Мисрдан келиб ўлдиради”, деган экан. Отам қўрқиб шул жойга иморат қилиб, мени сиздан қочириб сақлаб юрарди. Мана бугун қирқинчи кун эди, — деди.
— Мен сени нега бекордан-бекорга ўлдираман, менга ҳеч зарар қилган эмассан, сен билан танишдим. Ўз бошимга оғир кунлар тушиб, шул жойларга адашиб келиб қолдим. Энди сен менга ини бўл, мен ака бўлай,— дедим. Йигит жуда севиниб, ўрнидан туриб пастдаги уйга бошлаб кирди. Уйлари жуда ясатилган экан, ҳавасим келди. Йигитнинг ҳар турли пиширилган тайёр овқатлари бор экан, олдимга қўйди, мен неча кунлардан бери оч эдим, еб тўйдим. Бир вақт Иброҳим:
— Юқоридаги уйда тарвуз бор, олиб чиқай, — деди.
— Сиз ўтиринг, мен олиб чиқай, — дедим. Зинага чиқаётсам, Иброҳим: “Баҳром ака, пичоқ ҳам шул жойда, ола чиқинг!” деди. Хўп деб кирдим. Тарвуз жуда катта экан, пичоқни олиб тарвузга санчиб, зинадан тушиб келаётиб қоқилиб кетдим, тарвуз қўлимдан тушиб кетиб, пичоқ ҳалиги йигитнинг юрагига санчилиб ўлиб қолди. Жуда хафа бўлиб йиғладим. “Тарвузни емай ўлай”, дедим. Ўрнимдан туриб нима қиларимни билмай, қайтиб ҳалиги дарахт устига чиқиб, бир кечани ўтказдим, эртасига дарёда яна кема кўринди. Назар солсам, ҳалиги Иброҳимни олиб келган кема. Бу кемада беш киши кўринди. Кемани тўхтатиб, Иброҳим ётган жойга кириб кетдилар, бироз вақтдан кейин йиғлашиб Иброҳимни кўтариб чиқиб кемага солиб кетдилар. Улар кетгандан кейин дарахт устидан тушиб Иброҳим турган уйга бориб, қолган овқатни еб, бир неча кун турдим. Бир куни дарёга чиқсам, дарёнинг суви ўзидан-ўзи камайиб қуриб кетибди. Мен севиниб дарёнинг ул тарафига ўтдим. Ул тарафга ўтиб, чап томонга қараб юрдим. Бир кун юрганимдан кейин бир шаҳарга келдим. Шаҳарда бир масжид бор экан. Масжидда қаландарлар зикр қилиб йиғлаб ўтирибди.
— Ҳой ака, бу нима гап, нима учун йиғлайсизлар? — деб сўрадим.
Улар:
— Агарда бу сирни билмак истасанг, бозорга бориб, бир катта қўй олиб кел, сўйиб гўштини бизларга бер, ўзинг терисига кириб турсанг, шундан кейин биз сенга бу сирларни айтамиз, — деди.
Шундан кейин шу қаландарларнинг сирларини билай дедим-да, қўй олиб келиб сўйиб, гўштини уларга бериб, ўзим терисига кириб ётдим. Бир вақт бир катта семурғ қуш учиб тушиб, мени кўтариб кетди.
Бир чўл-биёбонга борганда мени емоқчи бўлган эди, мен тери ичидан чиқишим билан семурғ мендан қўрқиб учиб кетди. Мен яна чўл-биёбонда қолдим. Тўрт тарафимга қарасам, ҳеч яқин шаҳар кўринмайди. Таваккал деб бир неча кун юрганимдан кейин бир боғ кўринди. Шул боғ томонга борсам, жуда катта бир уй бор экан. Эшигини тақиллатдим. Бир қиз югуриб чиқди. Мен ул қизга ўзимнинг аҳволимни баён қилдим. “Бу жой парилар подшоҳи қизининг жойи, мен кириб сўрай, рухсат берса, чиқиб айтаман”, деб қиз кириб кетди. Бироздан кейин бир неча қизлар чиқиб, мени бошлаб парилар подшоҳининг қизи олдига олиб кириб қўйдилар-да, ўзлари чиқиб кетдилар. Мен бу жойда ўтириб бошимдан ўтган ишларни қизга айтиб бердим. Нима сабабдан ўз шаҳрида турмай, бу чўл-биёбонда ўтирганини қиздан сўрадим. Қиз айтди:
— Менинг отам париларнинг подшоҳи, менга девлар хуштор бўлиб юрганда, отам улардан қочириб шул чўл-биёбонга боғ-бўстон, иморатлар қилиб, олиб келиб қўйди. Ҳар уч ойда отамни кўриб келаман. Менинг отимни Моҳипари, дейдилар, — деб бошидан ўтганларини айтиб берди.
Шул жойда бир-биримизга муҳаббатимиз тушиб, Моҳипари менга тегишга рози бўлиб: “Мен уч кундан кейин ота-онам олдига бориб, уларни кўриб, сизга тегиш маслаҳатини қилиб, рухсат олиб келаман. Ундан кейин тўй-томоша қилиб, турмуш қурамиз”, деди.
Шундан кейин Моҳипарига икки кун меҳмон бўлдим, учинчи куни у менга бир неча калитларни бериб:
— Мен келгунча боғларни томоша қилинг, лекин қирқинчи боғга кирманг. Мен ўзим келганда сизни олиб кираман, — деди. Қиз қирқ канизаклари билан бир-бир юмалашиб қирқ бир каптар бўлишиб учиб кетдилар. Шул жойда ўзим ёлғиз қолдим. Бу боғлар бир-биридан ортиқ даражада зийнатланган. Энди Моҳипари “Очмагин” деган қирқинчи боғга келдим. “Нима бор экан”, — деб ҳавас қилиб, эшикни очиб кирдим. Боғга кирсам, бу боғ ўттиз тўққиз боғдан ҳам ортиқ зийнатланган. Турли гуллар очилган, турли мевалар пишган, булбуллар сайраган. Ҳеч чиққим келмай қолди. Боғнинг ўртасида олтин-кумушдан ясалган катта ҳовуз, тиниқликдан ҳовузнинг таги кўринар эди, Шул ҳовузнинг бўйида бутун асбоблари билан бир от суратдек қотиб турибди. Ҳавасим келиб отнинг устига миниб, бир қамчи урдим. От шул замон мени осмонга кўтариб учиб бир чўл биёбонга ташлаб, қуйруғи билан кўзимга бир урди, шул вақтда бир кўзим оқиб, кўр бўлиб қолдим.
От бўлса ғойиб бўлиб кетди, мен яна чўл-биёбонларда ёлғиз қолдим. Бир неча кун йўл юриб, сизнинг шаҳрингизга келиб, чойхонага кирдим. Бу икки ҳамроҳ билан суҳбатлашиб, улар билан бирга шул уйга қадам қўйган эдик, — деб учинчи кўр ҳикоясини тамом қилди. Мўтабархон Кароматхонга:
— Бу акангнинг ҳам оёқ-қўлларини ечиб юбор, ўзининг тортган азоби ҳам етарли экан, — деди. Кароматхон шул замон учинчи кўрнинг ҳам оёқ-қўлларини ечиб юборди. Мўтабархон:
— Энди сизга навбат, гапиринг, — деб иккита савдогарнинг биридан сўради. Савдогарларнинг биттаси:
— Мен шул шаҳар подшоҳининг вазири бўламан, мана бу менинг ёнимда турган подшоҳнинг ўзи бўлади, — деди.
Бу гапни эшитиб Мўтабархон дарров бориб уларнинг қўл-оёқларини еча берди. Подшоҳ билан вазир ўринларидан туриб, отларини миниб уйларига кетдилар. Қолган меҳмонлар ётиб қолдилар. Эртасига подшоҳ тахтга чиқиб ўтириб, бир ясовулни чақириб:
— Калла бозор маҳалласида турувчи уч қизни уйдаги меҳмонлари билан тез олиб кел! — деб буйруқ берди.
Ясовул шул ондаёқ Мўтабархонни иккита синглиси ва уйдаги меҳмонлари билан бирга подшоҳ олдига олиб келди. Подшоҳ буларга ўрин кўрсатди. Булар ўтирдилар. Подшоҳ Мўтабархонга:
— Кеча уйларингизда бўлган ишларни айтиб беринг. Нима учун итларни урдингиз ва нима учун қучоқлаб, ўпиб, уларга олтин товоқда ош бердингиз? — деди.
Мўтабархон ўзининг бошидан ўтганларни баён қилди:
— Бизлар шул ўзингиз кўрган маҳаллалик, Ғуломбой деган бойнинг қизлари бўламиз. Бизлар бир ота, бир онадан беш қиз эдик. Кунларнинг бирида ота-онамиз ўлди. Отамиздан кўп мол-дунё қолди. Биз беш опа-сингил маслаҳатлашиб, то ўлгунча эрга тегмасдан, ота-онамиздан қолган дунёни еб ётишга ҳаммамиз рози бўлдик. Ўз ҳовлимизда ўйин-томоша қилиб юрдик. Кунларнинг бирида мендан кичик иккита синглим — Адолатхон билан Саломатхон эрга тегмоқчи бўлиб, менга маслаҳат солдилар. Мен “Эрга тегманглар”, — деб уларга кўп насиҳатлар қилдим. Лекин улар менинг насиҳатларимни қулоққа олмадилар, шундан кейин мен отамдан қолган мол-дунёларни бешга бўлиб, икки бўлагини икки синглимга бердим. Улар эрга тегиб, уйдан чиқиб кетдилар. Биз ўзимизнинг ҳаётимизни бурунгидай давом эттириб юравердик.
Орадан беш-олти ой ўтгандан кейин бир кун бизнинг дарвозамизни биров келиб урди. Кароматхон югуриб чиқса, Адолатхон экан. Уйга киришди. Адолатхон кириши билан йиғлаб юборди. “Опажон, мен сизнинг сўзингизга кирмай бекор қилган эканман. Эрим дунёларимни еб, уйдан ҳайдаб чиқарди”, деди. Жигар бўлгани учун мен ҳеч нарса деб айтмадим. Бир қориндан тушгандан кейин раҳминг келар экан. Орадан яна беш-олти кун ўтгандан кейин дарвозани бириси урди. Кароматхон чиқса, Саломатхон экан. У ҳам кириб йиғлаб юборди. Саломатхон ҳам ёмон аҳволда қолибдир. Уни ҳам эри мол-мулкини еб, уриб ҳайдаб юборибди. Шундай қилиб, бу иккита синглимнинг гуноҳини кечиб, ўз орамизга қўшдик, томошамизни қилиб юравердик. Орадан яна бир-икки ой ўтгандан кейин Адолатхон билан Саломатхон иккаласи яна эрга тегмоқ бўлиб, менга маслаҳат солдилар. Мен унамадим. Булар менга бўйсунмадилар. Мен: “Агарда эрга тегадиган бўлсангиз яна қайтиб келманг. Энди бурунги аҳволда келадиган бўлсангиз, уйимга киргизмайман”, дедим. Сингилларим:
— Энди ундай ишларни қилмаймиз, — дедилар. Ҳеч нарса деёлмадим. Яна мол-дунёларимдан бўлиб бердим. Булар эрга тегиб кетдилар.
Яна уч қиз қолдик. Ўйин-кулгимизни қилиб юравердик. Кунларнинг бирида Адолат билан Саломатнинг эрлари дунёларини еб, яна ҳайдаб юборибди. Кўз ёшларини оқизиб зор-зор йиғлаб ўтирдилар. Яна раҳмим келиб орамизга қўшдим. Бир неча вақтларгача ўз ўйинларимизни ўйнаб, томоша қилиб юрдик. Қарасам, отамдан қолган дунё озайиб бораётир. Бир куни ўтириб:
— Сингилларим, энди биз бекор ётмайлик, икки-учтамиз шаҳарларга бориб савдо қилайлик, томошамизни ҳам қилармиз. Ким мен билан савдога боради? — дедим. Адолатхон билан Саломатхон “Бизлар борамиз”, дедилар. Хўп, дедим. Эртасига учаламиз эркакча кийимларни кийиб, ярим молимизни олиб, кемага ўтириб жўнадик. Бир неча кундан кейин эрталаб бир шаҳарга бориб тушдик. Қарасак, бу шаҳарнинг одамлари тош бўлиб қотиб қолибди. Молларни денгиз бўйига қўйиб, шаҳарни айландик. Қимирлаган одамзод йўқ. Бу аҳволга ажабланиб, кечгача шаҳарни айланиб юрдик. Кечқурун йироқда бир чироқ кўринди. Учаламиз шул чироқ бор уйга кирсак, бир ёш, келишган йигит олдига китоб қўйиб ўқиб ўтирибди. Бизлар киргандан кейин кўрпачалар солиб, ўтиришга таклиф қилди. Бизлар ўтирдик. Мен сўз бошлаб:
— Ака, шаҳар одамлари бу аҳволга тушиб қолганининг сабаби нима? — деб сўрадим. Ул йигит айтдики: “Бу шаҳарнинг одамлари, маишат ва ичкилик билан машғул бўлганлари учун шу аҳволга гирифтор бўлдилар, — деди.
Йигитнинг мулойимлиги ва юмшоқ сўзлигини кўриб ўзимга муносиб кўрдим. Ўзимнинг қиз эканимни йигитга тушунтирдим. Иккимиз рози бўлдик. “Бизнинг шаҳарга борасиз, тўй-томоша қилиб, никоҳлаб оласиз, дедим. Йигит рози бўлди. Эртасига биргалашиб олиб келган молларимизни ҳам сотмасдан шаҳримизга жўнадик. Шаҳримизга бир кунлик жой қолганда кечаси ҳаммамиз ётиб ухладик. Биз ухлагандан кейин Адолат билан Саломат ўринларидан туриб, секин маслаҳатлашиб йигитни дарёга ташламоқчи бўлибдилар-да, бир қоп келтириб, йигитни қопга солиб дарёга ташлаб юборишибди. Эртасига тонг отганда қарасам, ҳалиги йигит кўринмади. Сингилларимдан сўрасам, “Биз кўрганимиз йўқ”, дейишди. Югуриб кириб кема бошлиғидан сўрадим. У:
— Кечаси икки синглингиз йигитни қопга солиб, дарёга ташлаб юборди, — деди.
Шул жойда ўтириб кўп хафа бўлиб йиғладим. Сингилларимни қарғадим. Шаҳримизга келиб кемадан тушиб: “Сизларга қанча яхшиликлар қилдим, сизлар менга душманлик қилдингиз, энди мен сизлардан ҳам, мол-дунёдан ҳам кечдим”, деб уларни қолдириб, чўл-биёбонларга қараб йиғлаб кетдим. Икки кун йўл юрганимдан кейин бир ерда бораётсам, бир оқ илон йўлда келаётир. Мен йўлдан чиқиб ўзимни четга тортдим. Илон ўтиб кетди. Яна йўлга тушиб кетаётсам бир қора илон келаётир. Ўзимни четга тортиб, бир катта тошни олиб турдим. Илон яқин келганда тошни отиб илоннинг бошини янчиб ўлдирдим. Юриб-юриб чарчаб, бир ерда ётиб ухлаб қолибман. Бир вақт ўрнимдан турсам, жуда ҳам келиш-ган бир чиройли қиз ёнимда ўтирибди. Қиз мен билан кўришди ва ҳол-аҳвол сўради. Мен бошимдан ўтган ишларнинг ҳаммасини айтдим. Қиз:
— Қўйинг, опа, хафа бўлманг, уйингизга қайтинг! — деди. Мен “Бормайман”, дедим. “Иккита синглингизни кўнглингиздагидай қилиб келдим. Сиз мени ўлимдан қутқардингиз, мен ҳам сизга ёрдам қилдим”, деди.
Мен ҳайрон бўлиб: “Сизни шу бугун кўриб турибман”, дедим. Қиз сўз бошлаб:
— Мен парилар подшоҳининг қизи эдим. Бир дев хуштор бўлиб, мени олмоқчи бўлиб келганда мен қочиб, оқ илон бўлиб кетаётган эдим. Сиз йўлда келаётган экансиз, менга йўл бўшатиб бердингиз, ўтиб кетдим. Менинг орқамда қора илон бўлиб келаётган душманим — дев эди. Сиз уни ўлдирдингиз; агарда сиз ўлдирмасангиз, у мени ўлдирар эди. Сизнинг яхшилигингизга биноан, сизни ранжитган иккита синглингизни кучук қилиб ҳовлингизга боғлаб келдим. Энди сиз уйингизга бориб, ўйин-томошангизни қилиб юраверинг: ҳеч нарсадан қўрқманг, бошингизга оғир кун тушса, мана шу сочимни куйдирсангиз, мен келиб сизга ёрдам бераман, — деб сочидан уч дона юлиб бериб, ғойиб бўлди. Мен бу гапларни эшитиб, қайтиб уйимга келдим. Қарасам, ҳақиқатан иккита синглимни иккита кучук қилиб боғлаб кетибди. Биз уч опа-сингил ўйин-кулги қилиб юравердик. Кучукларга овқат берар олдида урганим, ҳалиги яхши кўрган йигитимни дарёга ташлаб юборишганига хафа бўлганим, эркалаб қучоқлаганим, ит бўлса ҳам жигарим, деб раҳмим келгани, — деди. Подшоҳ:
— Ҳалиги учта полвон қандай кишилар? — деди. Мўтабархон:
— Ул полвонларга мол-дунё бериб сақлаганман, бошимга оғир кун тушса ёрдамчи бўлади, — деб сўзини тамом қилди. Подшоҳ Мўтабархонга:
— Шул икки кучукни одам қилиш мумкинми? —деди. Мўтабархон:
— Билмадим, одам қилса, шул қизнинг ўзи қилар, — деди. Подшоҳ:
— Бўлмаса, шул қизнинг сочини куйдиринг, келсин, — деди.
Мўтабархон ҳовлига чиқиб қизнинг сочини куйдирди, қиз шул заҳоти “хизмат”, деб келди. Мўтабархон қизни подшоҳ олдига олиб кирди. Подшоҳ пари қизидан: “Икки кучукни ўз аслига келтириш мумкинми?” деб сўради. Пари қиз:
— Агарда Мўтабархон опам рози бўлсалар, мен аслига келтираман, —деди. Кучукларни келтирдилар. Пари қиз уларни аввалги ҳолига келтирди. Бу қизлар бир-биридан чиройли эди. Подшоҳ кўз мусофирларни кўрсатиб:
— Буларнинг кўзини тузатиш мумкинми? — деди. Пари қиз:
— Жодудан бўлса, тузатиш мумкин, биттасини тузатиб бўлмайди. Чунки бу жоду эмас, одамдан бўлган, — деди. Подшоҳ:
— Майли, бўлмаса иккаласининг кўзини тузатинг, — деди. Пари қиз икки кўрнинг кўзини аввалгидай қилди. Пари қиз: “Энди буюрсангиз кетсам”, деди. Подшоҳ рухсат берди. Пари қиз хайр-хўш деб, ғойиб бўлди. Подшоҳ ўзининг доно вазири билан маслаҳатлашиб ўтириб, Мўтабархонни ўзига муносиб кўрди, ҳаммадан кичик Кароматхонни ўғлига муносиб кўрди. Қолган учта қизни учта кўр номини олган шаҳзодаларга олиб бермоқчи бўлди. Бу маслаҳатни қизларга, йигитларга айтди. Булар ҳам рози бўлдилар. Подшоҳ икки шаҳзоданинг отасига нома ёзди. Болаларини йўқотган подшоҳлар совға-саломлар билан етиб келдилар. Қирқ кеча-кундуз тўй-томошалар қилиб, тўйдан кейин иккита подшоҳ ўғил ва келинларини олиб шаҳарларига жўнашиб кетдилар. Отаси ўлган Шоҳ Акбар шаҳзодани подшоҳ олиб қолиб, ўзига вазир қилди.
Тортган азоблар эсдан чиқиб, ҳаммалари бахтли турмуш, давр сурдилар.