Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан, бир вақтлар ўз соясидан ҳам чўчийдиган, чумчуқ “пир” этса, юраги “шув” этадиган Баҳодир исмли қўрқоқ бир киши ўтган экан. Баҳодир қўрқоқлиги устига ялқов ҳам экан. Унинг бу камчиликлари ҳаммага маълум бўлгани учун уни шу атрофда яшовчилар Баҳодир қўрқоқ дейишар экан.
Баҳодир қўрқоқнинг отасидан қолган боғи бўлиб, ҳатто шу боғдаги майда-чуйда ишларни ҳам қилгиси келмас экан.
Бир куни унинг хотини боғга кирса, пишган узумларни арилар талаётган эмиш. Хотинининг жаҳли чиқиб, эрининг ёнига келибди-да:
— Мен бу уйда турмайман энди, жонимга тегди. Бу нима деган гап, ахир. Эркак киши бўла туриб, лоақал пишиб ётган узумни арилардан қўриқлай олмасангиз. Мен қайси бирини қилай. Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим-ку! — дебди.
Бу сўзлар Баҳодирга таъсир қилиб, чор-ночор ўрнидан турибди-да, боғга кирибди. Қараса, ҳақиқатан ҳам етилиб пишган ҳар бир бош узумнинг атрофи ғуж-ғуж ари эмиш. У ариларни ҳайдаш учун қўлида рўмол кўтариб кирган экан. Бир бош узумга ёпишган ариларни ҳалиги рўмол билан урган экан, шу заҳотиёқ арилардан бир эмас бештаси жонсиз бўлиб ерга тушибди. Баҳодир суюнганидан қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборибди. Уларнинг ростдан ўлганига ишонмай, рўмол билан ушлаб бир ерга тўплабди-да, хотинини чақириб келиб кўрсатибди:
— Кўрдингми, хотин, бир уришда бештасини бежон қилдим-а!
— Ўҳў, — дебди хотини кесатиб, — жуда катта иш қилибсиз-ку. Яна биронта киши бу ишингизни билиб қолмасин, олиб кетиб қолади-я.
Шу заҳотиёқ унинг миясига бир фикр келибди-ю, тўғри қозининг ҳузурига югурибди.
— Кўрдингизми, қози, — дебди у ҳовлиқиб, — мени қўрқоқ дейишади. Бир уришда бештасини бежон қилдим.
— Хўш, нима демоқчисиз? — деб сўрабди қози ҳайрон бўлиб.
— Буларни бежон қилган — мен. Ишонмасангиз хотинимни чақириб келай.
— Хўп, ишондим, муддао нима?
— Ҳақиқатан ҳам бу ишни мен қилганлигимга ҳеч ким ишонмайди. Сиз муҳтарам зотларининг муҳрингиздан ортиқроқ далил йўқ. Шу воқеани тасдиқлаб, икки энли хат битиб берсангиз.
Қози бу киши ҳазиллашяпти-ку, кетидан биронта қизиқ воқеа чиқиб қолар, деган мақсадда қоғозга нималарнидир ёзиб, унинг қўлига берибди.
Баҳодир ёшлик вақтида ҳарфларни зўр-базўр таниб олган экан. Бундай ўқиб қараса, хатда: “Бир уришда беш жонлини бежон қилган Баҳодир — қаҳрамон”, деб ёзилган эмиш.
Баҳодир хатни ўқиб бўлгандан кейин ялқовлигини ҳам эсдан чиқариб, суюнганича қозихонадан чиқиб кетибди. Қози бўлса нима бўлаётганига тушунолмай ҳайрон бўлиб, унинг орқасидан қараганча қолаверибди.
— Мана бу ҳужжатни ўқи-чи, хотин, — дебди уйига боргач Баҳодир, — қани энди бирон киши мени қўрқоқ деб кўрсин-чи!
— Вой қаҳрамон-ей, — дебди хотини кесатиб, — кошки сизни ҳеч ким билмаса, қўрқоқлигингиз бутун қишлоғимизга маълум-ку.
Бу сўзлардан хафа бўлган Баҳодир жаҳл билан уйдан чиқиб, бошқа бир шаҳар томонга йўл олибди. Шаҳарга етиб боргунча кеч кириб қолибди. Баҳодир ваҳимага тушиб, қаёққа боришини билмай кетаётса, йўлда кишилар тўп-тўп бўлиб, бир уйга кириб кетишаётган эмиш.
Баҳодир ҳам кўчада қолишдан қўрқиб, бир гуруҳ одамларга қўшилибди-да, шу хонадонга кирибди.
Бу уй шаҳардаги бадавлат кишилардан бирининг уйи бўлиб, у меҳмон чақирган экан. Меҳмонларни кутиб олаётганлар қадди-қомати келишган, тўладан келган, кийимлари ҳам дурустгина бу нотаниш кишини кўриб, “Айтилган меҳмон бўлса керак”, деб ўйлашибди-да, ичкарига таклиф қилишибди. Баҳодир уйга кириб меҳмонлар билан бироз суҳбатлашгач, аввалига роса мақтанибди, кейин эса уларга қозидан олган муҳрли ҳужжатини кўрсатибди.
Худди шу кунларда шаҳаншоҳнинг сайргоҳ боғида бир даҳшатли шер пайдо бўлиб, биронта ҳам киши боғга кира олмаётган экан.
Меҳмонлар бу қаҳрамон ҳақида дарҳол шоҳга хабар беришган экан, шоҳ уни саройга олиб келишни буюрибди.
Шоҳ Баҳодирга шер ҳақида гапириб берибди, фалокатдан қутқарсанг, катта совғалар бераман, деб ваъда қилибди. Баҳодир қаршилик қилмоқчи экан, шоҳ унинг сўзларига қулоқ солмай, хизматчиларга қаҳрамонни боғга киргазиб юборишни буюрибди. Хизматчилар боғ дарвозасини секингина очишибди-ю, уни ичкарига киргазиб юборишибди. Баҳодир: “Мени бу ерга ажал ҳайдаб келган экан-да”, деган хаёл билан эшикдан кирибди-ю, қўрққанидан ўтакаси ёрилгудай бўлиб, бир дарахтнинг тепасига чиқиб кетибди. “Энди нима қиламан, хайр, хотин, хайр, биродарларим”, дебди ўзича.
Бироз ўтиргандан кейин атрофга аланглаб, бундай пастга қараса, Баҳодир ўтирган дарахтнинг тагида ҳалиги шер ётган эмиш. У бирданига “оҳ” деб юзини қўллари билан беркитган экан, дарахтдан тўғри шернинг устига йиқилиб тушибди. Бепарво ётган шер бирданига ваҳимага тушиб, ўрнидан тура солиб қочмоқчи бўлибди. Баҳодир нима қиларини билмай, шернинг ёлларига ёпишиб, маҳкам ушлаб олибди ва унинг устида боғни айланаверибди.
Дарвоза тирқишидан кузатиб турган хизматкорлар шоҳга дарҳол бу ҳодисани хабар қилишибди. Шоҳ Баҳодирнинг мардлигига ҳайрон қолибди: “Наҳотки шердан ҳам бақувват лашкарларим бардош бера олмаган иш шу кишининг қўлидан келса?!”
Шер боғни айлана-айлана охири сув чиқадиган қувурга ўзини уриб, ташқарига чиқиб кетибди.
Хизматкорлар кириб қарашса, “қаҳрамон” икки қўлида шернинг ёлини ушлаганча, пешанаси қон, ерда ҳушсиз бўлиб ётган эмиш. Уни дарҳол саройга олиб боришибди. Баҳодир саройга боргач, ўзига келиб, шоҳга ўдағайлабди.
— Қувурни беркитиб қўйсанглар бўлмасмиди. Шерни эндигина чарчатиб, пичоқ урай деганимда қочиб қолди. Ўзи ҳам жуда катта ва зўравон экан-да, — деб гердайиб қўшиб қўйибди Баҳодир.
Шоҳ унга қанчадан қанча инъомлар бергандан кейин, саройда лашкарбоши бўлиб хизмат қилишни таклиф этибди.
Баҳодир беш-олти кун айш-ишрат қилиб дам олиш, ундан кейин бойлик орттириб, уйга кетишни ўйлабди-да, розилик билдирибди.
Баҳодир саройда атиги бир ҳафтагина яшаб, жуда кўп ҳодисаларнинг гувоҳи бўлибди: бегуноҳ кишиларнинг каллаларини олиш, бойлик орттириш дейсизми, айш-ишрат, бузуқчиликлар дейсизми, дангасалик дейсизми — ҳаммаси шу ерда эмиш. “Дангаса деб мени эмас, буларни айтса бўлар экан”, деб ўйлабди Баҳодир. Ахир улар қўлларини совуқ сувга урмас, ҳатто кийимларигача хизматкорлар кийгизиб қўйишар экан-да.
Шундан кейин Баҳодир ўзининг қилмишларига пушаймон бўлиб, меҳнатсевар хотинининг аҳволига ачинибди. Тезроқ саройдан қочиб, ўз уйига боришга, қўрқоқликни ташлаб, чаққонликда хотини-ю қолган ҳамма таниш-билишларини қойил қолдиришга қарор қилибди.
Шу пайт бирдан шоҳнинг саройида яна шов-шув кўтарилибди. Қўшни юртнинг подшоси шоҳнинг қизини сўратибди ва уни хотинликка бермаса, уруш қилиш ниятида эканлигини айтибди. Шоҳ бўлса қизини бошқа ўлканинг шаҳзодасига унаштириб қўйган экан.
— Яна бир мушкулимизни осон қил, — дебди шоҳ “қаҳрамон”ни чақиртириб, — шу балодан ҳам бизни қутқар.
Баҳодир бўлса: “Ўз обрўйим билам кетсам бўлмас эканми, жанг у ёқда турсин, от минишнинг уддасидан чиқа олмасам-у, энди бу ғалвани қаранг”, деб ўйлабди.
Баҳодир ноилож “Хўп” дейишга мажбур бўлибди. Кейин у нима қиларини билмай, шоҳга:
— Менга бир пуд елим керак, — дебди.
— Елим нимага керак? — деб қизиқиб сўрабди шоҳ.
— Мақсадим душманни батамом қириб ташлаб, бу диёрларга қайтиш ёки бир томчи қоним қолгунча ёв билан олишишдир. Кўп жанг қилиб, анчагина тажриба орттирдим. Эгарни отга, ўзимни эгарга маҳкам ёпиштириб қўймоғим керак. Нега десангиз, қилич билан душманни гоҳ тепасидан, гоҳ ёнидан, гоҳо тагидан уришга тўғри келади. Ундан кейин, шундай шошилинч вақтларда оёқ ҳам жим турмай, дуч келганини йиқитиб турсин. Қизғин жанг пайтида отдан сирғалиб тушиб қолмаслик учун ўзимни маҳкамлаб қўйсам зарар қилмайди. Аммо буни бирор кимса билмаслиги лозим.
— Пухта ўйланган, — дебди шоҳ бу гапни эшитиб. Кейин хизматкорларига бир пуд елим олиб келишни буюрибди.
Елимни ҳам, отни ҳам келтиришибди. Баҳодир ўзи айтгандек қилиб отга ёпишибди. Бироздан сўнг ташқарига чиққанларида Баҳодирнинг миясига: “Энди фурсатни қўлдан бермай, қочиш керак. Бўлмаса жанг майдонидан жасадимни топиб келишади”, деган фикр келибди.
Бахтга қарши унга берган отлари фақат жанг учун миниладиган бўлиб, бошқа ҳеч қандай ишга ишлатилмас экан. Ундан ташқари, кўпдан бери жанг бўлмагани учун, от ҳам минилмай, анча асовланиб қолган экан. Шунинг учун ҳам от сарой дарвозасидан чиқиши билан Баҳодирни тўғри жанг майдонига бошлаб қолибди. “Қаҳрамон” орқага қайтаришга роса уринибди-ю, лекин ҳеч қандай натижа бўлмабди.
Йўлда кетаётганида шохи эгилиб ётган бир қайрағочни кўриб қолибди. Жон талвасасида қайрағочга осилиб қолиб, отнинг ўзини жўнатиб юборишни мўлжаллабди-да, ўша дарахтга жон-жаҳди билан ёпишибди. У ўзини отга елим билан маҳкам ёпиштириб олган эмасми, қайрағоч ҳам синиб кетган экан, от зўрлик қилиб Баҳодирни олиб кетибди. Қайрағочнинг каттакон шохи ҳам улар билан судралиб кета берибди.
Узоқдан бу воқеани кузатиб турган душманлар: “Ие, бу қаҳрамон қайрағочники ердан суғуриб олди, бизнинг ҳолимизга вой”, деб орқаларига қарамай, қочиб қолишибди. Кейинда қолиб кетган бир нечта душман эса, ерга судралиб келаётган чинор шохининг тагида қолиб кетибди.
Бу сафар ҳам Баҳодир — “Қаҳрамон” жангдан шуҳрат қозониб қайтибди. Шоҳ бўлса Баҳодирни ўзига вазир қилиб тайинламоқчи бўлибди.
— Йўқ, — деб эътироз билдирибди Баҳодир. — Мен дангасалик қилиб ётган пайтларимда подшо ёки вазир бўлиб олиб роҳатда яшасам, дердим. Мен нотўғри ўйлаган эканман.
Баҳодир ўз бошидан кечирганларини очиқ-ойдин гапириб берганида, саройдаги кишиларнинг оғзилари очилиб қолибди.
— Мен, — дебди Баҳодир, — сизга қилган хизматларим эвазига бир нарсани илтимос қиламан. У ҳам бўлса, ижозат берсангиз, уйимга кетсам.
Шоҳ қаҳрамонга олтинлар бериб, ҳурмат билан кузатишни буюрибди. Баҳодир олтинларни олиб, уйига соғ ва саломат қайтиб борибди.
Шундан кейин Баҳодир чиндан ҳам қаҳрамон номини олибди, қўрқоқлик ва дангасаликни ташлаб, хотин, бола-чақаси билан меҳнат қилиб, бахтли ҳаёт кечирибди.