Баҳром ва Шерзод

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир подшо бор экан. Унинг Баҳром деган битта-ю битта ўғли бор экан. Баҳром ақлли, ҳушёр бола экан. Бу бола ёшлигидан ҳунар ўрганишга қизиқиб, темирчилик, дурадгорлик, тикувчилик, сартарошлик каби олтмиш тўққиз ҳунарни ўрганибди. Гилам тўқишда ўзининг Шерзод деган устасидан ҳам ўтиб кетибди.
Баҳром шундай гилам тўқир эканки, бир катта подшонинг хазинасини, бож-хирожини жамласа ҳам, Баҳром тўқиган гиламнинг нархига етмас, товланишда товусни танг қолдирар, қуёшнинг рашкини келтирар экан.
Подшо эса ўғлининг ҳунарини назарга илмас, уни давлат ишини ўрганишга ундар экан. Лекин Баҳром отасининг сўзига қулоқ солмас, сарой ишига қизиқмас экан. Подшо эса ўғлининг бу ишидан қаттиқ хафа экан.
Кунлардан бир кун подшо ўғлидан яна “йўқ” деган жавобни эшитиб, ғазабланибди ва “Менинг, сендай ўғлим йўқ! Шаҳримдан чиқиб кет, бўлмаса каллангни оламан!” дебди.
Баҳром отасининг ниятини илгаридан билиб, узоқ сафар анжомларини тайёрлаб қўйган экан, бу гапни эшитган замон онаси ва ёр-дўстлари билан хайрлашиб, шаҳардан чиқиб кетибди.
Йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди, неча-неча қир-у чўлларни босиб ўтибди. Қуш отиб овқат қилибди, ер қазиб сув ичибди. Кунлардан бир куни Баҳром ой ёруғида катта довондан ошиб бир сойликка тушганда ҳайрон қолибди: кетаётганида кунчиқар томонда ой ҳар кунгидек битта экан, ҳозир бўлса кунботар томонда ҳам бир ой пайдо бўлиб қолибди. Баҳром шу кунботар томондаги ойга қараб юраверибди. Кундузи ётиб дам олибди, кеч бўлиб ой чиққанда йўлга тушибди… Роса еттинчи куни кечаси келаётганда кунботар томондаги ой осмонда эмас, осмонга туташган баланд минора тепасида кўринибди. Минора Чиндил деган шаҳарнинг ўртасида экан. Баҳром бозорда айланиб юриб, бир ҳашаматли дўкон олдида тўхтабди. Бу дўкон кабобпазнинг дўкони экан. Дўкон олдида одам тирбанд эмиш. Ичкарида кабобпаз йигит: “Ҳа, кеп қолинг, пишди кабоб, еганлар дармонда, емаганлар армонда!”, деб хўрандаларни қизиқтириб, кабоб пишириб турган эмиш. Баҳром: “Бу ҳунарни ҳам ўрганиш керак экан”, деб кўнглидан ўтказибди ва кабобпазнинг ишидан кўз узмай, зеҳн қўйиб тураверибди. Бир вақт дўконнинг олди бўшаб кабобпазнинг Баҳромга кўзи тушибди:
— Хўш, йигит, мунча тикилиб қолдинг… Ҳунар ўрганасанми? — деб сўрабди.
Баҳром қувониб кетиб:
— Кабоб пиширишни ўргатинг, — дебди.
— Биласанми мен кимман? —дебди кабобпаз.
— Йўқ, билмайман, — дебди Баҳром.
— Мен оддий кабобпаз эмасман, Чиндил подшосининг ўғли — Корсон бўламан, — дебди кабобпаз.
Баҳром Шаҳзоданинг кабоб пиширишини кўриб ҳайрон бўлибди. Баҳром кабобпазликни ўргатишни Корсондан яна илтимос қилибди.
Кабобпаз Баҳромни шогирд қилиб олмоқчи бўлиб, уни орқадаги бир уйга бошлаб кирибди. Уйда алланечук сассиқ бир ҳид бурқсиб турар экан. Баҳром қайтмоқчи бўлган экан, кабобпаз қўймабди. Баҳром қараса, қўлларига ойболталар ушлаган тўрт жаллод бараварига: “Қон, қон!.. Уф… чўлладик, қон!” деб турган эмиш. Кабобпаз Баҳромни етаклаб, яна бир эшикни очибди. Ичкарида бир қанча одам бирининг оғзидан бири илиб, ҳа деса “Мен семиз эмас, бу семиз… Мен семиз эмас, у семиз”, дер эмиш. Баҳром эсанкираб қолибди. Кабобпаз уни ичкарига итариб юбориб, эшикни ташқаридан қулфлаб қўйибди.
Кабобпаз бу ердаги семиз одамлардан ҳар куни иккитасини танлаб олиб, жаллодлар қўлига ташлар, уларнинг гўштидан кабоб пиширар экан. Шунинг учун эшик “тиқ” этди дегунча бечоралар жон талвасасига тушар эканлар.
Орадан бир неча вақт ўтибди. Кабобпаз кунига иккитадан одам олиб чиқаверибди. Навбат Баҳромга етибди. Баҳром ўлишини билиб, кабобпазнинг оёғига бош қўйиб зорланибди:
— Бир арзим бор, биродар, не-не орзу билан етмиш хил ҳунар ўргандим… Менга керакли нарсаларни келтириб бер, сенга бир гилам тўқиб берай, уни сотсанг, пули бутун умрингга етади. Шу гиламни тўқиб бўлганимдан сўнг мени ўлдирсанг розиман, — дебди.
Кабобпаз ўйлаб туриб рози бўлибди ва шу куниёқ Баҳромнинг айтган ҳамма нарсасини келтириб, гиламни тайёр қилишга қирқ кун муҳлат берибди.
Баҳром гиламни ўттиз саккиз кун деганда тайёр қилибди. Кабобпаз гиламни кўриб ҳайрон қолибди. Баҳромни гилам битган куни кабоб қилишга олиб чиқмоқчи экан, севинганидан яна икки кун асраб, гиламни битиришга белгилаган муҳлатни тўлғизмоқчи бўлибди. У саҳарни эрта олиб гиламни дўкон олдига осибди.
Шаҳар халқи бундай гиламни бир умр кўрмаган экан. Бозор ва шаҳар ичидаги бутун халқ кабобпаз дўкони олдига йиғилибди. Гилам савдога қўйилибди. Биров ўн минг тилла деса, биров юз минг тилла дер эмиш. Гиламнинг нархи борган сари кўтарилаверибди. Шаҳардаги “манман” деган савдогарлар, амалдорлар ҳам гиламни сотиб олишга пул етказолмай, чиппакка чиқиб қолишаверибди. Хуллас, ҳеч ким гиламнинг нархига етолмабди. Кабобпаз бўлса: “Менинг ҳунаримга қойил қолинг”, дегандек гердайиб, савдони ҳам халқнинг ўзига қўйиб, қараб тураверибди.
Энди гапни Баҳромнинг онасидан эшитинг:
Баҳромнинг онаси ўғлининг дардида йиғлайвериб иккала кўзидан ажрабди. Лекин эрига ҳеч нима демас экан. Подшо ўз хотинини Баҳром туфайли севар экан. Баҳромни бўлса йўқотиб, қўл остидаги ҳамма шаҳарларга жарчи қўйибди. Баҳромдан асло дарак бўлмабди. Подшо ваҳимага тушибди. Сўнгра бошқа подшоларга ҳам элчилар юбориб, Баҳромни қидиртирибди.
Ахири шу Чиндил шаҳрига ҳам Баҳромни қидириб уч элчи келибди. Элчиларнинг бошлиғи Баҳромнинг устози Шерзод паҳлавон экан. Элчилар юрт подшосидан Баҳромни сўраб турганларида эшик очилиб, бир киши ичкари кириб, подшога таъзим ила хушомад қила бошлабди. Бу одам Чиндил шаҳрининг катта бойларидан экан.
— Ҳурматли шоҳим! Сизни буюк бир мартаба билан табрикламоқчи бўлиб келдим. Бир қошиқ қонимдан кечсангиз, гапирсам, — деган экан, подшо унга:
— Кечдим, гапир! — дебди. Шунда у қуллуқ қилиб сўз бошлабди:
— Шу бугун эрта билан фарзандингиз дўконлари олдида бир гилам пайдо бўлиб қолди. Ҳаммамиз ёқа ушлаб: “Офарин”, дедик. Бунақа гиламни шу вақтгача кўрмаган эдик. Қўл остингиздаги “манман” деганлар ҳам, қўли қисқалик қилиб, гиламнинг баҳосига етолмади. Гилам шундайин бебаҳо. Подшоҳи олам, сизнинг сояйи давлатингизда кабобпаз ўғлингиздан ҳунармандроқ киши бўлмас. Камина қулингиз бу ишни ҳам ўғлингиз Корсоннинг иши деб ўйлаб, сизни муборакбод қилгани келган эдим.
Подшо бунга қувониб, бойга тўн кийгизибди. Бой чиқиб кетгандан кейин подшо ўғли Корсоннинг ҳунарини томоша қилмоқчи бўлибди. Элчилар, айниқса, Шерзод буни кутиб турган экан.
Подшо дабдаба билан бозорга борибди. Элчилар ҳам у билан бирга боришибди. Ҳамма эгилиб, таъзим қилибди. Подшо ўғлининг пешонасидан ўпибди.
Шерзод гиламни кўриши билан беҳад севинибди. Гиламда Баҳромнинг туғилганидан тортиб то Корсон кабобпазнинг зиндонида ётганигача бўлган саргузашти гул билан ёзилган экан. Шерзод чидаёлмай, бир оҳ тортибди ва қиличини суғуриб, қалқонни тутиб дўконга кирибди. Унинг кетидан қолган икки элчи ҳам кирибди. Шерзод гиламда кўрсатилган йўл билан кетаверибди. У “Қон!” деб бақириб турган жаллодга дуч келиб, тўрттасини ҳам қиличдан ўтказибди. “Мен семиз эмас, у семиз!” деб бир-бирларини кўрсатиб турган одамлар олдига кириб Баҳромни топибди. Баҳром озиб кетган экан. Шерзодни кўриши билан ўрнидан туриб, иккаласи қучоқлашиб кўришибди. Сўнгра Корсоннинг ҳамма асирларини ҳам зиндондон озод қилибди.
Ташқарида Чиндил подшоси бутун аскарларини тўплаб, урушга ҳозирланиб турган экан.
Баҳром ташқарига чиқа солиб, Корсоннинг калласини узибди. Тўрт паҳлавон бараварига кураш майдонига отланибди.
Қирқ кеча-ю қирқ кундуз уруш бўлибди. Баҳром билан Шерзодга подшо қўшини бас келолмабди. Чиндил подшосининг бутун лашкари ва паҳлавонлари қирилибди. Подшо таслим бўлибди. Шерзоднинг ҳам икки шериги ўлибди.
Шу тобда Баҳромнинг эсига минорада кўринган ой тушиб қолибди. Шерзоддан рухсат олиб, ҳалиги минора тепасига чиқибди. Минорада қирқ қиз ўртасида подшонинг қизи тўлин ой каби ўтирар экан. Баҳром подшонинг қизи шу эканлигига ишонибди.
Малика Баҳромни кўриб ўрнидан турибди.
— Марҳамат, азиз паҳлавоним Баҳром, — дебди.
Баҳром:
— Салом, эй, ойжамол қиз, — дебди ва гўзал малика билан танишибди.
Шундай қилиб, Шерзод золим подшони зиндонга солибди. Баҳром эса гўзал маликани олиб, ўз юртига қайтибди, мурод-мақсадларига етибди.