Бадалқорачи

Бор эканда йўқ экан, бир замонда бир чол бобо бор экан. Унинг уч ўғли бор экан. Энг кичкина ўғлининг исми Бадалқорачи экан. Бобонинг Лаъли номли оти бор экан. Бу бия ҳар йили туғган пайтида, унинг боласини бир нарса келиб олиб кетар экан. Бир йили бобо бияни тепасида туриб ўзи туғдириб олиш учун пойлаб ётибди. Аммо отнинг туғадиган кечаси ухлаб қолибди, тойни ололмабди. Иккинчи йили, катта ўғли отасидан: “Отни мен пойлайман ва тойини оламан”, деб рухсат олиб қоровулчилик қилибди. Аммо отнинг туғадиган куни бу ҳам ухлаб қолибди, олтин тойдан қуруқ қолибди. Учинчи йили ўртанча ўғли отасидан: “Отнинг туғадиган кунини пойлаб, тойини ўзим оламан”, деб рухсат олибди. Ўртанча ўғли кечалаб, отнинг туғишини пойлаб ётибди. Лекин кўзи уйқуга кетиб қолибди. Туриб қараса, той йўқ эмиш.
Кейинги йили кичкина ўғли Бадалқорачи отасига айтибди: ”Ота, мен шу сирни биламан. Бу йил бия туғиш вақтида уни пойлаб ётаман. Отим бу сафар менга Лаъли той туғиб беради”, дебди ва отхонада отни пойлаб ётаверибди. Кўзи уйқуга кетаётганда, от кишнабди, уйғониб қараса, туйнукдан бир нарса чиқиб кетаётибди. Дарров ханжари билан бир урибди. Бир нарса тап этиб ерга тушибди, олиб қараса, бир кишининг қўли экан. Бадалқорачи тонг қоронғусида отасидан жавоб олиб, қоннинг изи билан той ўғрисини қидириб кетаверибди.
Йўл юриб, мўл юриб, бир уйга етибди. У уйга кирса, йигирма ёшлар чамаси бир қиз ўтирибди. Жуда чиройли. У қиз Бадалқорачига айтибди:
— Эй одамзод, одам юрса оёғи куяр, қуш учса қаноти куяр бу ерда сен нима қилиб юрибсан? Тез кет, агар дев келиб қолса, сени ўлдиради.
Бадалқорачи айтибди:
— Сен нега дев билан бу ерда турибсан?
— Мени дев олиб қочиб келган, — дебди қиз. Дев учун пишириб қўйган овқатни берибди. Бадалқорачи айтибди:
— Мен дев билан курашиб, сени унинг қўлидан қутқараман.
— Сен мени қутқараман деб ҳалок бўлма. У жуда кучли, зўр дев, — дебди.
— Дев қаерда ва қачон, қайси йўл билан келади? — деб сўрабди:
— Дев бир элатга кетган эди, ана шу кўприкнинг устидан ўтади, — дебди қиз.
Бадалқорачи қизга:
— Сен пешин вақтида кўприкнинг устига бориб менга овқат тут, — дебди ва ўзи кўприкнинг остига кириб ўтирибди.
Бирдан отнинг туёқ товуши эшитилибди. От келиб кўприкнинг устида тўхтабди. От устида келаётган олтин тойни ўғирлаган дев экан, тагидаги от эса, олтин той экан. Девнинг қаҳри келиб:
— Бу ерда Бадалқорачи борми? — деб сўкинибди. Шу вақтда Бадалқорачи кўприк остидан чиқиб, девга қараб:
— Бадалқорачи сенинг ейдиган овқатингмиди? — деб дўқ урибди.
Дев айтибди:
— Отишасанми, тутишасанми, чопишасанми?
— Отишиш, чопишиш ўзингга сийлов, сен билан тутишаман, — дебди.
Дев билан Бадалқорачи тутиша кетибди. Булар шу тутишишда бир-бирини ҳеч йиқитолмай, пешингача курашибдилар. Пешинда қиз Бадалқорачига тухум келтириб берибди. Бадалқорачи уни еб олиб, кучланиб, девни йиқитибди. Девнинг калласини кесибди. Олтин тойни олиб, қиз билан девнинг жойига бориб, қизга: “Сен отни боқиб тур, мен келгунча ҳеч қаёққа кетма”, деб ўзи йўлга равона бўлибди. Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, Бадалқорачи яна бир жойга борибди. Ўша жойдаги қўрғонга кирса, ўн саккиз ёшлар чамаси бир гўзал қиз ўтирган эмиш. У шу қадар гўзал эмишки, ҳатто унга ойнинг ҳам рашки келар экан.
Қиз йигитни кўриб:
— Эй одамзод, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяр бу ерда нима қилиб юрибсан? Тез кет, дев келса, сени ҳалок қилади, — дебди.
Бадалқорачи қиздан унинг дев уйида нима қилиб юрганини сўрабди. Қиз:
— Мени дев олиб қочиб келган, — дебди ва девга пишириб олиб қўйган овқатини Бадалқорачига берибди.
Бадалқорачи айтибди:
— Мен сени шу девнинг қўлидан қутқараман.
— Сен мени қутқараман деб ҳалок бўлма, бу дев жуда ёмон дев, — дебди қиз.
— Дев қаерда ва қачон келади, қайси йўлдан келади, — деб Бадалқорачи қиздан сўрабди.
— Келадиган вақти бўлаётир, ана шу кўприкдан ўтади, — дебди қиз.
— Сен менга овқат пишириб кўприк устига олиб бор, — деб Бадалқорачи кўприк томон кетибди. У кўприк остига кириб ётибди. Бирдан от туёғининг товуши эшитилибди. От келиб, кўприк устида тўхтабди. От устида келаётган кумуш тойни олиб қочган дев экан.
Дев отга дўқ қилиб: “Бу ерда Бадалқорачи борми?” деб сўкинибди.
— Бадалқорачи сенинг ейдиган овқатингми? — деб ёш йигит кўприк тагидан чиқибди. Дев Бадалқорачига айтибди:
— Отишасанми, чопишасанми, тутишасанми?
— Отишиш, чопишиш ўзингга сийлов, тутишаман, — дебди.
Шундан кейин булар иккиси кураш бошлабдилар, азондан эртанги пешинга қадар тортишибдилар. Шу вақтда қиз овқат олиб келиб Бадалқорачининг қўлига тутибди. Кейин кучланиб Бадалқорачи девни йиқитибди ва калласини кесибди. Бадалқорачи кумуш тойни олиб, қиз билан девнинг жойига бориб, қизга:
— Сен бу отни мен келгунча боқиб ўтир, — деб йўлга равона бўлибди.
Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, яна бир жойга борибди. Унда ўн олти ёшлар чамаси бир қиз ўтирган экан, кун деса кўзи бор, ой деса юзи бор, шундай чиройли бир қиз экан.
Қиз айтибди:
— Эй одамзод, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяр бу ерда нима қилиб юрибсан? Бу ердан ҳозир кет. Дев келса, сени ўлдиради, — дебди.
Бадалқорачи бу қизни ҳам дев олиб келганини сўраб билгандан кейин:
— Мен сени қутқазаман, — дебди.
— Сен мени қутқазаман деб овора бўлма, дев жуда кучли, — дебди қиз ва девга пишириб қўйган овқатини йигитга берибди.
Бадалқорачи сўрабди:
— Дев қаерда, қачон, қайси йўлдан келади?
Қиз девнинг бир жойга кетганини, келиш вақти бўлиб қолганини айтиб: “Ана шу кўприкдан ўтиб келади”, дебди.
Бадалқорачи бориб кўприк остига кириб турибди. Бироздан кейин отнинг туёқ товуши эшитилибди. От келиб кўприк устида тўхтабди. Дев отга қараб: “Бу ерда Бадалқорачи борми?” — деб турган экан.
Бадалқорачи кўприк остидан чиқиб:
— Бадалқорачи сенинг ейдиган овқатингмиди?— дебди.
Дев Бадалқорачига қараб:
— Отишасанми, тутишасанми, чопишасанми? — дебди.
— Отишиш, чопишиш ўзингга сийлов, тутишаман, — дебди.
Иккиси тутиша кетибди. Кун бўйи олишибди. Бу олишиш икки кун давом этибди. Учинчи кун Бадалқорачи ғайратга кириб, қаҳри билан девни кўтариб ерга урибди ва дарров калласини кесибди.
Энди Бадалқорачи уч девни ўлдириб, уларнинг молларини олиб, уч қизни ҳам уч отни: Олтинтой, Кумуштой, Лаълитойни олиб қайтибди. Йўлда ўз-ўзича ўйлабди: “Катта қизни катта акамга, ўртанчасини ўртанча акамга бераман, кичигини ўзим оламан”.
Бадалқорачи йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, шаҳарга яқин келиб дам олибди. Бадалқорачининг акалари унинг келаётганини эшитиб, кутиб олиш учун пешвоз чиқибдилар.
Бадалқорачи акаларига:
— Оғаларим, мен жуда ҳоридим, шу уйда бироз ухлаб олай, сизлар молларга қараб туринглар, мабодо бирорта душман келгудай бўлса, менга хабар беринглар, — деб ухлаб қолибди.
Акалари маслаҳат қилишибди: “Агар у шунча мол билан отамизнинг олдига борса, отамиз уни яхши кўриб, бизни уялтиради. Ундан кўра, Бадалқорачининг бир иложини қилайлик”. Шунда Бадалқорачи ётган уйнинг эшигига ханжарни қўйиб, Бадалқорачига: — Ўғри келди, — деб қичқи-рибдилар. Бадалқорачи югуриб, чиқаман деганда ханжар икки оёғининг тиззасидан кесиб кетибди. Сўнг икки ака бутун нарсаларни олиб қизларга: “Ҳеч кимга буни айтманглар!” — деб қўрқитиб йўлга тушибдилар. Бадалқорачи оёқсиз шу ерда қолаверибди.
Акалари бобонинг олдига бориб: “Бу нарсаларни: той ва қизларни биз олиб келдик”, дебдилар.
Бадалқорачи эмаклаб йўлга чиқибди. Йўлда бир кўр билан топишиб олибди. Булар далада юрганларида, бир бой камбағалнинг қизини хоҳламаганига қўймай, зўрлаб олаётган экан, тўй устидан чиқиб қолибдилар. Тўйда чопишма бўлибди.
Бадалқорачи чопишмада ютибди. Хотинлар нарса берсалар олмабди.
— Нега олмайсан? — десалар, Бадалқорачи:
— Менга келиннинг ўзи узатса оламан, — дебди. Келин унга нарса узатаётганида, унинг ўзини олиб қочиб кетибди. Уни қувибдилар, лекин қаерга қараб кетганини билмабдилар, кўздан йўқолибди.
Кўр билан Бадалқорачи қизни ўз жойларига олиб келиб, сингил қилиб олибдилар. Фақат ундан овқат пишириб бериб туришни сўрабдилар. Буларга яна бир кар ҳам қўшилибди. Булар учаласи овга чиқиб кетар эканлар; қиз эса овқат тайёрлар экан.
Кунлардан бир куни учаласи овга кетганида, қиз овқат пиширмоқчи бўлибди. Ўт ўчиб қолган экан, эшикка чиқиб у ёқ-бу ёққа қараса, бир ердан тутун чиқиб турган эмиш. Ўша ерга борса, бир момо ўтирган эмиш. Қиз момога салом берибди.
— Гар саломинг бўлмаса, икки ямлаб бир ютардим, — дебди момо. Қиз ўт сўрабди. Момо қизнинг қаерда туришини сўраб олиб, кейин ўт берибди.
Эртаси кун булар яна овга кетганда, момо қизнинг ёнига келиб бошини боқтириб, унинг қонини сўриб кетибди.
Эртаси ҳам, учинчи кун ҳам худди шундай ҳодиса рўй берибди. Бир куни Бадалқорачи қизга диққат билан қараб, ундан сўрабди:
— Биз сенга озор бермасак, хафа қилмасак, нега рангинг сарғайиб кетаётибди, ота-онангни соғиндингми ё сенга биров озор бераётибдими?
— Йўқ, ҳеч нарса бўлгани йўқ, — дебди қиз.
— Сен биздан яшираётибсан, тўғрисини айт, — деб мажбур қилибди.
— Мен бир куни ўт ўчиб қолганида бир момодан ўт олиб келувдим. Шу момо ҳар куни сизлар овга кетганда келиб, менинг қонимни сўриб кетади, — дебди қиз.
Эртаси кетиш олдида Бадалқорачи карни пойлоқчи қилиб қолдириб кетибди. Кундуз куни момо келиб, бир тола сочи билан карни боғлаб қўйибди ва қизнинг қонини яна сўриб кетибди.
Бадалқорачи келиб, карнинг боғлиқ ётганини кўрибди. Кар айтибди:
— Момо келиб мени боғлаб қўйди ва қизнинг қонини сўриб кетди.
Иккинчи куни Бадалқорачининг ўзи қолибди.
Момо кунда келадиган вақтида келибди. Бадалқорачи момони тутиб олиб, ўлдирмоқчи бўлган экан, момо Бадалқорачига айтибди:
— Мени ўлдирмагин, мен қизни аввалгисидан ҳам хушрўй қиламан, карнинг қулоғини очаман, кўрни тузатаман, сенинг оёғингни бутун қиламан, — дебди.
Момо аввал қизни бир ютиб, сўнг қайта чиқарибди. Қиз аввалгисидан ҳам чиройли бўлибди. Иккинчисида карни ютиб чиқарибди. У бурунгисидай эшитадиган бўлибди. Учинчисида кўрни ютиб чиқарибди. Унинг кўзи кўрадиган бўлибди. Энди Бадалқорачига навбат етганда, у шерикларига қараб:
— Агарда мени ютиб, чиқармаса, уни чопиб ўкчасини ёки жимжилоғини қаранглар, — дебди.
Момо Бадалқорачини ютиб чиқармабди. Булар “чиқар!” деса, момо:
— Энди сизларни ҳам ейман, Бадалқорачидан қўрқиб турувдим, — дебди.
Булар ҳам ғайратланиб, дарров момони чопқилаб, жимжилоғидан Бадалқорачини топиб олибдилар. Бадалқорачи ҳам оёқли бўлиб чиқибди. Булар қизни уйига юборибдилар. Ҳар қайсилари ўз жойларига қараб йўлга тушибдилар.
Бадалқорачи отаси ёнига бориб, бутун бўлган воқеаларни айтиб бериб, акаларининг хиёнат қилганини сўзлабди.
Девдан озод қилинган қизлар гувоҳликка ўтибдилар.
Бобонинг қаҳри келиб, хиёнатчи икки ўғлини қаттиқ жазолабди.
Бадалқорачи девдан қутқариб олган кичкина қизга уйланиб, мурод-мақсадига етибди.